Қирғизистон Россиядан ҳарбий вертолёт ва бошқа техника олади

Ҳозирча Қирғизистон армияси Марказий Осиё минтақасида энг кучсизи ҳисобланади.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати билдирган маълумотга кўра, Россия Қирғизистонга бир қатор ҳарбий техника, жумладан Ми-17В-5 русумли ҳарбий-транспорт вертолёти ва “Орлан-10Е” русумли кўп вазифа бажарувчи, учувчисиз парвоз қилувчи аппаратлар етказиб берадиган бўлди.

Бу ҳақда ўтган ҳафтада Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев билан Россиянинг “Рособоронэкспорт” давлат корхонаси раҳбари Александр Михеевнинг Бишкекда ўтган учрашувлари чоғида келишиб олинди.

Икки томонлама ҳарбий-техник ҳамкрлик ҳақидаги келишув шартларига кўра, Россия тараф шунингдек Қирғизистоннинг Ми-8 МТВ вертолётларини таъмирлаб-тиклаш ва эҳтиёт қисмларини етказиб беришни ўз бўйнига олган. Табиийки, ҳарбий сирлиги сабаб шартноманинг пул кўринишидаги умумий кўлами ва бошқа шартлари ошкор қилинмаган.

Орлан-10Е

Бунгача республика чегара хизмати қувватини ошириш мақсадида 40 дона зирҳланган ҳарбий техника сотиб олиш учун бюджетдан 300 млн. сўм ($3,5 млн. атрофида) ажратилгани расман айтилган эди.

Бугунги кунда Қирғизистон ҳарбий мақсадлар учун йилига бўлгани 20 млн. АҚШ доллари сарф қилади. Солиштириш учун айтадиган бўлсак, Россиянинг машҳур МиГ-29 қирувчи самолёти 2013 йилги нархларда 22 млн. доллар туради. Армия сафларида зобитларни қўшганда 11 минг одам хизмат қилади. Мавжуд 5 вертолётдан фақат иккитаси жанговар. Булардан ташқари 150 танк, 385 дона зирҳланган техникаси билан Қирғизистон армияси жаҳон армиялари рейтингида 98-ўринда туради ва Марказий Осиё давлатлари армиялари ичида энг камтари ҳисобланади. Жаҳон армиялари рейтинги (Global Firepower Index)да 138 давлатнинг армиялари ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинади.

Аталган халқаро рейтинг берган маълумотга кўра, бугунги кунда минтақада армияга энг кўп маблағ ажратадиган давлат Қозоғистон ҳисобланади. Бу давлатнинг йиллик ҳарбий ҳаражатлари Ўзбекистонникидан 4 баробар кўп экани айтилади. Лекин армия қудратига келганда минтақада энг кучлиси Ўзбекистонники ҳисобланади.

Рейтинг маълумотларига кўра Ўзбекистон жаҳон армиялари ичида 52 ўринда туради. Йилига бюджетдан 975 млн. доллар ажратилиб, 50 минг ҳарбий хизмат қилади. Таркибида  (1 юк-транспорт ва бошқаларини ҳисобга олмаганда) 86 жанговар самолёти бор, 79 дона турли мақсадларда қўлланувчи ва 25 жанговар вертолёти, 420 танк, 1215 зирҳланган ҳарбий техникаси ва бошқалари бор.

Қозоғистон жаҳон армиялари рейтингида 68 ўринни эгаллайди ва ҳарбий мақсадлар учун йилига 4 млрд. доллар маблағ сарфланади. Армиянинг 132 минг ходими, 76 жанговар самолёти ва 18 ҳарбий вертолёти бор. 650 танк ва ҳатто 16 ҳарбий кемаси ҳам бор. Кемалардан иккитаси жанговар минали кемалар бўлса, қолгани патруль вазифасини бажаришади.

Туркманистон минтақада ўзининг сув ости кемасига (4 та) эга бўлган ягона давлат рейтинда 77-ўринни эгаллаган армияга йилига 200 млн. доллар сарфланади. Сафларида 22 минг одам хизмат қилади. 25 жанговар самолёт, 24 вертолёт, 712 танклари мавжуд. Патруль вазифасини бажарувчи 20 кемага эга.

Бўлгани 9 минг одамдан иборат армиясига Тожикистон 1,6 млрд. доллар сарф қилади. Унинг 6 жанговар вертолёти, 253 танки ва бошқа турли техникалари бор. Тожикистон – қўшни давлатга нисбатан ҳарбий техника қўллаган ягона давлат ҳисобланади. Жорий йилнинг баҳорида Тожикистон армияси ўзаро можаро пайтида ҳарбий техникадан ўт очиши оқибатида Қирғизистон жуда катта талофат кўриб, жумладан 36 одам қурбон бўлган.

Марказий Осиё давлатлари бўйича экспертларнинг жумладан россиялик Андрей Рогозиннинг айтишича, уруш қилиш учун минтақа давлатлари армиялари бугунги талабларга жавоб бериши мушкул. Шу сабабли минтақа давлатлари кучларини бирлаштириб, ўзаро уруш эмас, тинч-тотув яшашга йўналтирилган дўстлик ва ҳамкорликка қаратилган сиёсат юритишлари афзалдир.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

Расмлар интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг