Боткен вилоятида қурилиши режалаштирилган мактаблар қачон битади?

Давлат бюджетидаги танқислик сабаб, Қирғизистон мактаблар қурилишда чет давлатлар ёрдамига муҳтож.

Масалан, республика пойтахтидан минг чақирим нарида жойлашган, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош Боткен вилоятидаги икки мактабни қўшни Ўзбекистон қуриб берадиган бўляпти. Куни-кеча мамлакат парламенти матбуот хизмати маълумот тарқатгач, оммавий ахборот воситалари бу ҳақда яна бир бор ёзиб чиқишди. Аслида биринчи марта, шу йилнинг ёзида берилган маълумотга мувофиқ, иккала мактаб жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши керак эди.

Аввал тарқатилган расмий маълумотларга кўра, 330 ва 400 ўринга мўлжалланган икки мактаб Боткен вилоятининг Самарқандек ва Марғун қишлоқларида қурилади. Қурилиш ишлари ва мактабларни жиҳозлаш билан боғлиқ ҳаражатларнинг барчасини Ўзбекистон ҳукумати ҳисобидан қопланади. Битган мактаб бинолари тўла Қирғизистонга ўтказилиб берилади.

Бунинг учун тегишли ер участкалари бўлиниб берилган. Қурилиш ишлари тўлақонли бошланиши учун икки давлат ўртасидаги шартноманинг имзоланишини тезлатиш зарур. Бугунги кунда битим лойиҳасини Қирғизистон Жўғўрқу Кенешининг тегишли қўмитаси кўриб чиқди, холос. Бу иш нега шу кунгача чўзилиб келгани ноъмалум. Битим парламент даражасида тасдиқланиб, давлат бошлиқлари томонидан имзоланиши керак. Қирғизистон парламент депутатларини сайлов 28 ноябрда ўтиши, уларнинг мандат олишлари учун сайловдан кейин яна бир ой зарурлигини ҳисобга олса, иш келаси йилга ўтиб кетиши аниқ бўлиб турибди.

2021 йилнинг баҳорида Боткен вилоятининг чегара ҳудудида қўшни Тожикистон билан бўлган қуролли жанжалдан кейин олис вилоятдаги мавжуд муаммолар яна бир бор юзага чиқди. Улардан бири мактабларнинг етишмаслиги бўлиб, Марғун қишлоғидаги мактаб 1951 йили қурилгани ва ишлатишга умуман яроқсиз ҳолатда экани ошкор бўлди. Қирғизистон томондан 36 кишининг умрини ҳазон қилган жанжал чоғида 10 мингга яқин боткенлик аҳоли айнан мана шу Марғун қишлоғида вақтинчалик паноҳ топган эди. Уларнинг ҳолидан хабар олгани келган бош вазир Улуғбек Марипов тез орада бу ерда 225 ўринга мўлжалланган янги мактаб қурилиб, янги ўқув йилида фойдаланишга топширилишини ваъда қилган эди. Яқинда Марипов ишидан кетди, боткенликлар эса ўз муаммолари билан қолаверишди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йили Ўзбекистон Ўш шаҳрида 630 ўринга мўлжалланган замонавий мактаб биносини қуриб берган эди. Янги мактабнинг спорт зали, тиббий пункти, ошхонаси ва ёзги спорт мажмуаси мавжуд. Билим даргоҳи 2010 йилги миллий низо пайтида яроқсиз ҳолга келган мактаб ўрнига бино қилинган бўлиб, у ерда ўқиш ўзбек тилида юритилади. Мактабнинг очилишида Қирғизистон Жўғўрқу Кенешининг ўша пайтдаги раиси Дастан Жумабеков ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг раиси Неъматилло Юлдашевлар иштирок этишган.

Мактаблардан ташқари жорий йилда Ўзбекистон ёрдамида Боткен вилоятининг Қадамжой шаҳрида 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси биноси қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Расмий маълумотларга кўра Қирғизистонда бугун 30га яқин мактаблар қурилиши кетмоқда. Улардан 15таси яроқсиз ҳолга келган эски мактабларнинг ўрнига қурилса, қолгани янги мактаблардир. Мактаб бинолари Иссиқкўл, Жалолобод, Норин ва Боткен  вилоятларида учтадан, Толас (2та), Ўш (5 мактаб), Чуй вилоятларида (4) ва Бишкек шаҳрида (3 мактаб) қурилиши режалаштирилган.

Бу янги лойиҳа амалга ошгач, 7500дан ортиқ ўқувчи ўрни ташкил этилади. Қурилиш ҳаражатлари Саудия Арабистони ҳукумати ҳисобига қопланади ва бинолар битгач, давлат ихтиёрига ўтказиб берилади. Бу ҳақдаги мамлакатлараро битим икки давлат ўртасида 2017 йилнинг май ойида Жидда шаҳрида имзоланган.

Бугунги кунда Қирғизистонда 2260дан ортиқ мактаблар бор. 2018 йилда расмийлар 200 мактаб биносининг яроқсиз аҳволда эканини тан олган эдилар. Ўша мактабларни ҳам ҳисобга олганда республикага яна 600 мактаб биноси етишмайди.

Оқбура, Бишкек

Расмлар интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг