ИККИ ЧОЛ
Болажон бобо
Бу воқеага талай йиллар бўлди. Ҳафтада бир-икки бор газета етказиб бергани Оқтайлоқота бирлашмаси томон ўтаман. Қишлоқ кўчалари бўйлаб пиёда кезишга тўғри келади. Ҳар гал Тўйчи Тожибоев номига қўйилган кўчадан ўтиб борар эканман, эзгу бир ҳолат эътиборимни тортади. Кўзойнакли оқсоқол ортидан болаларнинг “Опоқдада, менга ҳам беринг”, дея чувалашиб келаётганини кузатаман. Совға олган болакайлар сакраб-сакраб бораркан: “Раҳмат Ҳожибува” дейишади бурро, ширин тиллари билан. Бобо эса “Оббо-оббо, опоқдадаларим” дея ҳар бирига қурутми, қандми ё шоколад бериб, ҳеч бирини совғасиз қолдирмайди. Бу ҳолатга ўрганган болалар оқсоқол то уйига етгунча йўлини тўсиб чиқиб совға оладилар.
Ҳожимуҳаммад Тожибоев деган бу оқсоқолни танисам ҳам, ҳаёт кечинмаларидан бехабар эдим. Бир гал йўлидан чиқиб, анча саволга тутдим.
– Ўғлим! Бу ёруғ дунёда армонсиз инсон бўлмаса керак, – деди у саволимга жавобан. – Ёшим 76 да, худога шукур, фарзандларим бор. Аммо неваралар оз. Битта неварам бор, у энди мактабга қатнайди. Уни қанчалик севганимни тасвирлашим қийин. Болаларни жондан яхши кўраман. Кечки пайт, чойхонада дам олгач, уйга қайтаётиб чўнтагимни ширинликларга тўлдириб оламан. Уларнинг “опоқдада” дейишлари мен учун жуда ёқимли. Кўпини танимайман, аммо кимнинг фарзанди бўлса ҳам, вояга етгач кўчамиздан Ҳожибува деган бобо ўтарди, деб хотирлаб юришса бас. Илоҳим, бошлари омон бўлсин.
Ҳожимуҳаммад Тожибоев ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган отахонлардан. Кўп йил новвойлик қилиб, эл дуосини олган. Ҳозир кексалик гаштини сурмоқда. Ундаги менга ёққан фазилат – ўта болажонлиги. Ширин сўзлар билан кичкинтойларни эркалаб совға улашишини кузатар эканман, қани энди Ҳожибободек сахий инсонлар кўпайса, отахонларгина эмас, ёшлар ҳам болаларни ўз фарзандидек ардоқласа, деган ўйлар кечди.
Маҳси ямайдиган борми?
Ҳозирда кексаларимиз (хатто кўпчилик ёшлар ҳам) кияётган маҳси қадим-қадимдан оёқ кийими сифатида фойдаланиб келингани пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам баён этилган. Урва ибн ал-Муғиранинг оталари бундай деган эканлар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эрдим. Маҳсиларини ечмоққа қўл чўздим, шунда: “Қўявер, мен маҳсини таҳоратли оёққа кийгандирман”, дедилар, сўнг маҳсиларига масх тортдилар”.
Маҳси аввло ибодат қилувчилар учун қулай бўлса, иккинчидан совуқ кунлари у иликларни иссиқ сақлаб, оёқни турли дардлардан ҳимоя қилади.. Аммо у ҳам узлуксиз кийилаверса, бир кун чокидан сўкилиши ёки бирон жойи таъмирталаб бўлиши табиий ҳол. Маҳси кийишни ҳавас қилиб раҳматли Қодирали маҳсидўздан қўйтери маҳсини сотиб олдим. Ўзиям пишиқ экан, уч қиш оёғим роҳатда бўлди. Ниҳоят, чокидан сўкилди, айрим жойлари ямоқ талаб қилди. Озгина ямалса яп-янги бўлиб, анча кийишим мумкин. Шу боис ташлаб юборгани кўзим қиймади. Қолаверса, бундай қўйтери маҳсилар ҳозир бозорда фалон пул-да.
Ўзим гувоҳ бўлган бир неча йил аввалги воқеани айтиб берай. Бозорқўрғон марказидаги пойабзал таъмирловчи дўконларга бош суқиб, “Маҳсимни ямаб берасизларми?” деб мурожаат қилдим. Уларнинг қай бирига бормайин, “Йўқ, қўлимдан келмайди”, деган жавобни эшитдим. Мен бу усталарни ёмонотлиққа чиқармоқчи эмасман. Пул ишлагиси йўқ бўлгач, ёлворишнинг ҳожати борми? Уларнинг кўпини яхши танийман. Оталари маҳсидўзлик қилишган. Табиийки, тикишни билишади. Аммо битта маҳсини ямаб тиккунга қадар беш-олтита туфлига мих қоқиб, мўмай пул ишлашади-да. Юракни сиқиб маҳси тикиб ўтирадими?
Ниҳоят болалигимда дадам маҳсисини яматиб юрган маҳсидўз Мирзаолим ака ёдимга тушди. Аммо дарров ҳафсалам пир бўлди. Негаки у киши оламдан ўтиб кетган. Диққат бўлиб юрган кунларимда таниш укахоним Нўъмонжон: “Домла, ўша сиз билган Мирзаолим аканинг невараси Одилбек бобоси касбини олиб, уйида устахона очган, олиб боринг, яп-янги қилиб тикиб беради”, деб қолди. Хурсанд бўлиб кетдим.
Одилбек болалигидан бобоси ёнида кўзи пишиб, касбини мукаммал эгаллаган ўн саккиз ёшли йигит экан. Маҳсимни кўрсатиб:” Иш ҳақи қанча?” деб сўрасам арзимаган пулни айтди. “Ука, маҳси ямоқчи излаб кўп сарсон бўлдим, қўлингдан келар экан, икки ҳисса пул тўлайман, яхшилаб ямагин”, дедим қувониб кетганимдан.
Бозорқўрғон бозорига кирсангиз, гўдаклардан тортиб кекса ёшдагилар учун турли мавсумга мос маҳсиларни топасиз. Аммо сотувчилар орасида қиз-жувон кўп. Ўзи маҳси тикиб, ўзи бозорда сотадиган маҳсидўз қолмаган.
Ўтган қишда яна чокидан чиққан маҳсимни тиктириш учун ўша Одилбек устани изладим. У уйланиб, пул топишга Россияга кетиб қолибди. Маҳсини кўтариб, бозордан бирон косибга тикиб беришни ўтинаман, деб кетаётсам қаршимдан Ҳасанбой деган сартарош укам чиқиб қолди. “Қаёққа йўл олдингиз?, дея ҳол-аҳвол сўради. Мақсадимни айтдим.
– Домла, отасидан касб ўрганган ёшлар бор, маҳсидўзлик қўлидан келади. Аммо бунинг пулига қаноат қилмай Россияга кетиб қолишяпти. Раҳматли Абдурашидхон акани яхши биласиз, унинг катта ўғли Набижон отасининг касбини олган, бозорда дўкон очган, яхши уста. Шунга учранг…
Ҳа, бозор муносабатларига ўтдик. Шаҳарларда тайёр турли оёқ кийимлари сотилмоқда. Маҳсидўзлар ҳам уйда маҳси тикишни бас қилиб, шаҳардан турли оёқ кийимларни опелиб сотишга ўтиб олишган. Аммо давр ўткинчи. Ота-боболаримиздан қолган табаррук оёқ кийими – маҳси минг йиллар авлоддан авлодга ўтиб хизмат қилади, деган ниятдамиз.
Мўйдинжон Абдумажидов,
Бозорқўрғон шаҳри.
