ЭЗГУ ИШЛАРГА БАХШИДА УМР
Публицист, таржимон, ношир, жамоат арбоби Улуғбек Абдусаломов ҳақида ўйлаганимда, халқимиз орасидаги “исм инсоннинг тақдирини белгилайди”, деганга ўхшашроқ гаплар ҳаёлимда айланаверади. Чунки, Улуғбек аканинг қадди-бастида ҳам, ўй-хаёлларида ҳам, гап-сўзларида ҳам улуғлик, улуғворлик зоҳир бўлиб турар эди. Том маънодаги зиёли, очиқ чеҳрали, ўзбекона хушмуомала инсон эди. Ўзи туғилиб ўсган юртга меҳри юксак, туркий халқлар тарихи ва тиллари ҳақида кўп ўқиган, изланган, билимдон мутахассис эди.
Очиғи, мен уни дастлаб ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари орқали таниганман. Кейин адабий давраларда кўришиб, яхши публицист, таржимон эканлигини, асли арслонбоблик бўлиб, бир неча йилдан буён Андижонда яшаётганлигини, бошидан анча-мунча иссиқ-совуқ ўтганини билдим.
Мулоқотлар жараёнида қарашларимиз, фикрларимиз яқин келдими, қисқа фурсат ичида анча қадрдон бўлиб кетдик, қўнғироқлашиб турадиган, янги китобларимизни бир-биримизга илинадиган бўлдик. Бунга, балки унинг ҳазил-мутойибани яхши тушуниши, менинг асарларимдаги нозик ишоралар ва коса тагидаги нимкосаларни яхши илғаб, суҳбатларда айтиб кулдириб юрганлари ҳам сабаб бўлгандир.
Шундай кунларнинг бирида у ўзи таржима қилган Тугалбой Сидикбековнинг “Кўк ялов” тарихий романини дастхат билан совға қилди. Сал олдинроқ “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририятида бўлганимда, бош муҳаррир, таниқли адиб Аҳмаджон Мелибоев менга журналда босилган бу таржима асар ҳақида гапириб, ундаги изоҳларни кўриб ҳайратланганини, таржимоннинг маҳоратига, икки тилни ҳам мукаммал билишига тан берганини айтганди. Улуғбек акага шуни эслатганимда “Ҳа, энди…”, деб кулиб қўяқолди.

Туркий халқлар тарихи ҳақидаги бу йирик асар катта истеъдод эгаси бўлган таржимоннинг кўп йиллик заҳматли меҳнатининг маҳсули эди. Замонамизнинг буюк адиби Чингиз Айтматовнинг публицистик асарлари ҳам Улуғбек Абдусаломов таржимасида алоҳида китоб ҳолида чоп этилиб ўзбек ўқувчиларининг маънавий мулкига айланди. Улуғбек аканинг таржималари “Туркий адабиёт дурдоналари” юз жилдлигидан ҳам ўрин олган эди.
Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини қирғиз тилига таржима қилиб нашр эттиргани Улуғбек Абдусаломовнинг илдизлари бир икки халқ қардошлик ва адабий алоқаларининг ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. Таржима қилиш ва нашр эттириш ҳаракатида юрган кунларидаги жонсаракликларини эслаб, бир томондан ака ўзини анча уринтириб қўйдими, деб ўйлайман. Иккинчи томондан умр аввалдан белгилаб берилганлиги боис ички сезгилари улгуриб қолиш учун уни жадаллатганмикан, деган ўйга ҳам бораман. Нима бўлганда ҳам, Улуғбек ака умрининг сўнгги даврида жуда қаттиқ ва самарали ишлади. Биз таъкидлаб ўтганлардан ташқари кўплаб таниқли ва ёш ижодкорларнинг китобларини нашрга тайёрлади, Ўзбекистонда ва Қирғизистонда чоп этилишига ҳисса қўшди.
Уч йилча илгари “Нымкесе” номли китобим қирғиз тилида чоп этилган, Ўш давлат университетида тақдимоти ўтказилган ва бу мўъжаз тўпламимни қирғиз ўқирманлари илиқ кутиб олган дамларда Улуғбек ака мени табриклаш баробарида айрим мулоҳазаларини ҳам билдирган эди. Кейинроқ унинг ўзи анчагина ҳажвия ва ҳангомаларимни қирғиз тилига ўгирди, Тўрабой Жўроев, Айтмирза Абилқосимов таржималарини ҳам қўшиб янги китобимизни шакллантирди. Қирғиз тилидаги иккинчи китобим бўлган ўша “Америкалиқ қўшниларим”ни нашрга тайёрлаш ва Бишкекда чоп этилишига бош-қош бўлиш ҳам Улуғбек акага насиб этди. Нашрга тайёрлаш жараёнидаги мулоқотларимиз, фикрларимни эринмай тинглаганлари, ҳисобга олганлари, қайта-қайта таҳрир ва тузатишлардан эринмаганлиги, Қирғизистондан масъул муҳаррирни, нашриётни ўзи топгани ва китоб чоп этилгунча тиниб-тинчимаганлари энди хотира бўлиб қолди.
“Китобингиз чиқди, табриклайман!” деганида, китобни қачон кўрарканмиз, қандай олиб келамиз, деганимда ҳам жонимга оро кириб, Бишкекдаги ўғлим Қурбон ҳайитига келмоқчи, айтаман олиб келади, деб хурсанд қилганди.
Кунлар ўтиб Улуғбек акадан яна қўнғироқ бўлди. “Китобингиз келди”, деди у қисқа салом-аликдан кейин. “Раҳмат, ака, уйингизга бориб оламан”. “Йўқ, мен ҳозир бир жойга чиқиб кетяпман, уйда бўлиб туринг, ўзим қўнғироқ қиламан”, деди-ю, алоқа узилди.
Кейин бошқа ишлар билан андармон бўлиб турганимда, яна қўнғироқ бўлди-да “қишлоғингизга кириб келяпмиз, уйингиз манзилини яна бир тушунтириб юборинг”, деб турибди. Тушунтирдим, телеграмдан жойлашувни юбордим. Беш-ўн дақиқа фурсат ўтмай Бишкекдан келган ўғлининг автомашинаси дарвозамиз олдида тўхтади. Ўша салобатли, виқорли Улуғбек ака мени янги китоб билан яна бир бор табриклади. Мен миннатдорчилик билдириш асносида уларни астойдил уйга таклиф қилдим.
“Бошқа сафар, тўйларда келамиз”, – деди ака.
Бироқ… насиб қилмаган экан. Бу учрашув охирга дийдорлашувимиз эканлиги хаёлимизга ҳам келмаганди.
Кейин ҳам бир-икки қўнғироқлашдик, ҳол-аҳвол сўрашдик. Қардошлик алоқалари ҳақидаги “Дўсту қардошдир азалдан…” номли мақоламни «Оқбура» сайтида чоп эттириб, нусхасини телеграмимга ташлаб берди. Миннатдорчилик билдириб хабар йўлладим… Бироқ у бу хабарни ўқидими-йўқми, билолмай қолдим… Орадан кўп ўтмай, вафоти ҳақида хабар топдик.
Тоғнинг салобати ундан узоқлашганда яхшироқ билинади деганларидай, адиб ва таржимон Улуғбек Абдусаломовнинг салоҳияти, иқтидори ва чин маънодаги зиёлилигини кўпчилигимиз унинг вафотидан кейин дурустроқ англаб етяпмиз, назаримда.
Улуғбек ака юрт тарихининг, ўзбек ва қирғиз халқлари тили ва адабиётининг билимдони эди. Табаррук ёшда ҳам ёшлардек ғайрат ва шижоат билан ишлар, саломатлиги панд бераётганига қарамасдан тинимсиз ёзар, таржима қилар, ноширлик билан шуғулланарди.
Кўп йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган бўлса ҳам кибрдан холи, дали-ғули, самимий инсон эди. Ўзи китобхон бўлиш билан бирга атрофидагиларни, ёшларни ҳам китобга ошно қилишга интиладиган ижодкор эди. Кўплаб ёшларнинг китобларини нашр этилишида маслаҳатлар бергани ва амалий ёрдам кўрсатганига гувоҳ бўлганмиз.
Ана шундай билимдон, танти ва саховатли инсон энди орамизда йўқ. Қўлимиздан келадигани Унинг эзгу ишларини ёд этиш, руҳи покига дуода бўлиш холос.

Улуғбек аканинг охирати обод, руҳи шод бўлсин.
Ҳабиб СИДДИҚ,
Ўзбекистон ва Қирғизистон
Ёзувчилар уюшмалари аъзоси
