ҚАДРИЯТ 

ДИЙДОРЛАШУВ САОДАТИ

Умр – оқар дарё экан. Буни қаранг: биз тенги ўтган асрнинг 40-йиллар авлодининг Бозорқўрғондаги 1-ўрта мактабда билим олиб, шууримиз зиёга тўлганига, мустақил ҳаётга илк бор қадам ташлаганимизга 67 йил тўлибди. Бу ростмана бир инсон умрига тенг давр. Бу йилга келиб сафимиз жуда сийраклашиб қолди. Сўнгги учрашувга қирғиз ва ўзбек синфларидан 4 эркак ва вафот этган синфдошларнинг аёллари қатнашди. Бугунги биз тенги авлод 85-86 ёш қирида турар экан, ўтган йилларга яна бир бор назар ташлаймиз. Беғубор болалик йиллари хотирага кўчади. Феълимиз, хулқимиз қандай бўлишидан қатъи назар, бирга ўқиб, бирга ўйнаб, бирга ўсдик. У пайтлар юракларда бугунгидек ғам-ташвиш қаёқда дейсиз. Ҳаёт фақат ўйнаб-кулиш ва яйрашдан иборат, деб фараз қилар эдик. Ўша йилларни эслаб қуйидаги сатрлар ёдга келди:

Қўмсайман нонимиз оқизиб оққан,

Тип-тиниқ анҳорим қайтиб келса деб.

Қалбида садоқат, оқибат жўшган,

Меҳрибон дўст-ёрим қайтиб келса деб.

 

Қани у шўх-шодон ёшлик йилларим,

Қўмсайман бир бора қайтиб келса деб.

Кечалар васлида ёндирган дилим,

Қўмсайман дилдора қайтиб келса деб.

 

Бизлар ҳаётдан ўз ўрнимизни топгунимизча қанча оғир йўлларни босиб ўтдик, тўсиқларга дуч келдик, сабот билан олға интилдик, мустаҳкам ирода билан машаққатларни енгдик ва кўпчилигимиз яхши ниятларимизга етдик.

Биз билим олган Бозорқўрғон марказидаги 1-мактаб 1928 йили ташкил топиб, дастлаб бошланғич, етти йиллик ва ниҳоят 1946 йилдан ўрта мактаб мақомини олган. Биз шу билим даргоҳининг 11-битирувчиси бўлдик. 1979 йили қирғиз ва ўзбек синфлари битирувчилари шу мўътабар билим даргоҳидан учирма бўлганимизнинг 20 йиллигини, 1999 йили 40 йиллигини, 2009 йили 50 йиллигини белгилаб, ўшанда албатта барчамиз соғ-саломат бўлиб 60 йиллик, 65 йиллик ва ундан кейинги маросимларни ҳам кенг нишонлаймиз, дея ният ва аҳд қилган эдик. Албатта юртимиздаги тинчлик, фаровонлик бизларни яхши ниятларимизга етказди. Аммо, афсуски сўнгги учрашувга аввалги синфдошларимизнинг кўпчилиги бу ёруғ дунёни тарк этишганига барчамиз қайғурдик.

Дийдорлашувни кенг нишонлаш учун синфдошлар Аман Абдуллаев, Шамши Қўчқоров, Ботирхўжа Меҳмонхўжаев ва камина ҳамда бу кунларга етолмаган синфдошларнинг умр йўлдошлари, фарзандлари Қизилунгур ўрмон хўжалигининг Кенгқўл яйловидаги соя-салқин оромгоҳга жойлашдик. Кўм-кўк ўтлоқлар, шарқираган тоғ дарёси, қалин ўрмонлар қўйнида дийдорлашув онларини ўтказдик. Аман Абдуллаев биринчи сўз олиб:

– Бугунги шодиёна кунда дийдорлашар эканмиз, баъзилар олисда яшагани, айримлари бетоблиги ва бошқа сабабларга кўра дийдорлашувга келиша олмади, – деди. – Ўтган йиллар мобайнида орамиздан кетган синфдошларни хотирламасак бўлмайди. Уларга бағишлаб қуръон тиловат қилдик, хонадонларига бориб хотирладик. Қирғиз ва ўзбек синфларда ўқиган Қанназар Ақматов, Тўрабой Тожибоев, Тинибек Маматов, Эркин Юсупов, Рисбек Маманов, Чирмаш Аҳмедов, Абдуғани Ибрагимов, Абдуқаҳҳор Йўлдошев, Умман Сиддиқов, Иброҳим Тожибоев, Тўхтарали Тўрагелдиев, Абдуманноб Мамазокиров, Гулсара Эгамбердиева, Турғунбой Холмирзаев, Солижон Исоқжонов ва бошқа бирга ўқиган ва бугунгидек саодатли кунларга етолмаган синфдошлар ҳамон ёдимизда. Уларнинг охирати обод, жойлари жаннатда бўлсин. Менимча, улар орамизда яшаётгандек. Уларнинг ўғил-қизлари, невара-чеваралари бор экан, демак, улар барҳаёт.

Синфдошларимизнинг ҳар бири ўзига ҳос, ҳар бирининг ҳавас қилгулик фазилати бор. Аман Абдуллаев мактаб йилларидаёқ ҳисобчи бўламан, деб ният қилиб Фрунзеда дорилфунунни битирди ва 45 йил турли нуфузли ташкилотларда бош ҳисобчи ва раҳбар лавозимларда ишлади. Қатор Фахрий ёрлиқ ва мукофотларга сазовор бўлди. Уч ўғил, икки қизни тарбиялаб, олий маълумотли қилиб, элга қўшди. 16 невара, уч чеваранинг бобоси 85 ёшли Аман Абдуллаев айни кунларда ўзи яшаган Қўлот қишлоғидаги ободонлик ишларига бош-қош бўлаётир. Ўнлаб китоблар муаллифи, Қирғизистон халқ шоири Турғунбой Суярқулов ҳам биз билан ўқиган.

Маориф соҳасини танлаган синфдошимиз Шамши Қўчқоров 40 йилдан зиёд Жалолобод педагогика билим юртида, дорилфунунда ўқитувчи, мактабда директор бўлди. У ўтган йилларни хотирлаб шундай деганди:

– Инсон тақдирини ўз қўллари билан яратади деганларидек, бирга ўқиган кўп синфдошларимиз олдига қўйган мақсадга етишмоқ, орзулари ушалиши учун ҳаёт йўлида учраган синовларга дош беришди, тўсиқ ва ғовларни енгишди ва ҳаётдан ўз ўрнини топишиб, эл-юртимиз фаровонлигига ҳисса қўшдилар. Ҳаёт бўлган синфдошлар ва бугунги кунга етиб келолмаган синфдошларнинг умр йўлдошлари, фарзандларининг бу ерга йиғилишдан мақсади – ўқувчилик йилларимизни яна бир бор эслаш, ўша йиллардаги ажойиб воқеаларни бир-биримиз билан баҳам кўришдир. Ўтганларни хотирлаб, руҳларини шод этдик ва меҳр кўзда деганларидек, бор синфдошлар ва ўтиб кетган дўстларимизнинг умр йўлдошлари билан ой сайин учрашиб, бир-биримизни қўллаб турадиган бўлдик.

Институтни тамомлаб, пенсияга чиққунга қадар республиканинг назорат-текширув бошқармаси (КРУ)да ишлаган дўстимиз Ботирхўжа Меҳмонхўжаев шундай дедеи:

– Биз урушдан кейинги тикланиш йилларида таълим олдик. У пайтлар бугунгидек ҳаётимиз тўкин-сочин бўлмаган. Лекин ўқишга, билим олишга интилиш кучли эди. Таълимда талаб ва интизом қаттиқ эди. Дарслик етишмасди, пероли ёғоч ручка, сиёҳдон ишлатар эдик. Муаллимлар ўқишга талабни шу қадар қаттиқ қўярдики, хатто синфдан-синфга ўтиш имтиҳонларини топшира олмаганлар қайта ўша синфда ўқир эдилар. Ўтган асрнинг 50- йиллари мактабимизда Москва мактаблари қўллаётган илғор тажриба – кабинет системасини ва жуфт сабоқлар ўқитиш усулини республикада биринчи қўллаган эди. Мактаб фан кабинетлари ҳозиргидан ўн чандон яхши жиҳозланган эди. Мактаб том маънода интернационал билим маскани бўлган. Қирғиз, рус ва ўзбек синфлари ўқувчилари мусобақалашиб ўқир эдик, бу эса чуқур билим олишимизга пухта замин яратар эди. Ўтган йиллар ҳар биримизнинг тақдиримизда ўчмас из қолдирди. Бугун орамизда ўнлаб неварали, хатто чеварали синфдошлар борки, уларни фарзандлари ардоқлаб “бобо” ва “буви” дейишмоқда. Йиллар давомидаги ҳалол ва сидқидил меҳнат ҳар биримизга чексиз бахт ва саодат келтирди…

Марҳум синфдош дўстимиз Қанназар Ақматовнинг умр йўлдоши Анарқан шундай деди:

– Тез-тез учрашиб туришган бу гуруҳдаги синфдошларнинг 7 нафари орамизда йўқ, аммо уларнинг фарзандлари, умр йўлдошлари уларнинг йўқлигини билдирмай, ой сайин сизлар билан биргаликда уларни ёд оламиз руҳлари шод бўлсин деб. Умр йўлдошларимиз ўтқазган дўстлик дарахтининг томирлари мустаҳкам.

Умр йўлдошларимиз синфдошлари билан ҳар галги учрашувдан сўнг ўзимизни қушдек енгил сезамиз, ёшаргандек бўламиз. Биз қандай бахтли одамлармизки, бу ҳис-ҳаяжонларни, ўзаро самимий муносабатларни қалбимизда ардоқлаб келяпмиз.

Болалигимиз уруш ва урушдан кейинги йилларга тўғри келган бўлса-да, келажакка умидимиз сўнмади. Оллоҳга шукрки, орзуларимиз ушалди. Бир мактабда ўқиган қирғиз ва ўзбек синфлари ўғил-қизлари йиллар ўтса ҳам бир-бирлари билан ака-укадай бўлиб, дўстлик деворини мустаҳкам қурганлар. Шу боис ҳам ёшларга қарата “Дўст қидир, дўст топ жаҳонда, дунёда ҳеч бир шодлик дўстлар суҳбатию дийдоридан ортиқ бўлолмас”, дея ҳайқиргим келади. Шуни яхши билайликки, дўстлик, биродарлик ниҳоятда улуғ ва мўътабар туйғу.

Шу Ватан, шу эл учун хизмат қилиб, ўғил-қизлар, невараю чеваралар ўстириб, сермазмун кексалик гаштини сураётган эканмиз, бундан буён ҳам оиламиз тинч ва фаровон бўлсин, ёмонликдан олис бўлайлик, яхшиларга ёндашайлик, бундан кейинги орзу ҳаваслар ҳам рўёбга чиқсин, бундан буён ҳар бир кунимиз фақат рўшнолик билан ўтсин.

 

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

Журналист, Бозорқўрғон қишлоғидаги

1-ўрта мактабнинг 1959 йилги битирувчиси.

боғлиқ хабарлар