ҚИРҒИЗ-ЎЗБЕК ТАРЖИМАЧИЛИГИДА ЯНГИ ҚАДАМ
Ўтган ойнинг сўнгги кунларида ўзбек ва қирғиз адабий ҳамкорлигини янада тараққий эттириш йўлида янги бир қадам ташланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қирғизистонда яшаб ижод қиладиган бир гуруҳ ўзбек адиблари ҳамда Ўзбекистонлик қирғиз қаламкашларининг ўзаро учрашувини ташкил этди. Бу мулоқот Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги “Заркент ижод уйи”да 25-26 июнь кунлари ўтказилди.
Масалани кенгроқ ва тўлиқ тафсилоти билан баён қиладиган бўлсак, бу учрашув III Халқаро таржимонлар форуми доирасига мансуб эди. Унинг ишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари бўлган Қирғизистонлик адиблар (Қосимжон Раҳмиев, Авлиёхон Эшон, Абдул Ҳақ, Хосият Бекмирзаева, Барно Исҳоқова), шунингдек қирғиз адибалари Шаҳзода Ўринбоева ҳамда Бурулой Душановалар иштирок этдилар. Секция ишини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бадиий таржима кенгаши раиси, «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раҳбари Зуҳриддин Исомиддинов олиб борди. Умумий йиғилиш ва ўзаро мулоқотлар якунида, 25 июнь кунининг иккинчи ярмида “Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг миллатдош адиблари ижодини биргаликда танитиш масалалари” мавзуида 3-секция йиғилишида асосан икки масала: шоир Авлиёхон Эшон ташаббуси билан қирғиз адибларининг ҳикоялари тўпламини таржима қилиб, нашрга тайёрлаш ҳамда Х.Бекмирзаева амалга оширган “Бобурнома” асари таржимаси хусусиятлари ҳақида сўз юритилди.
Ҳар бир иштирокчи икки-уч қирғиз адибининг биттадан ҳикоясини 1 августга қадар ўгириб, тўплам тузувчиларига топширишни зиммасига олди. Шоир Авлиёхон Эшонга тўпламга киритиладиган ҳикоялар мундарижасини тузиш юклатилди.
Ушбу йиғилишнинг “Бобурнома”нинг қирғиз тилига таржимаси ҳақидаги қисмида иштирокчилар мутаржим Хосият Бекмирзаевани бу катта муваффақият билан қутлаб, келгусида у катта тиражда нашр этиладиган бўлса, яна нималарга эътибор қаратиши лозимлигини айтдилар.
Секция ишида ўзбек-қирғиз таржимачилигига оид бошқа мулоҳазалар, таклиф ва истаклар ҳам билдирилди. Айни секция иштирокчиларидан иборат ижодий гуруҳ тузилгани унинг иши самарали бўлишига умид бағишлайди.
Зуҳриддин Исомиддинов
