БИРИНЧИ ЎЗБЕК КОСМОНАВТИ ҲАҚИДА КИТОБ
Биринчи ўзбек космонавти Солижон Шариповнинг оламшумул жасорати ҳақида турли тилларда кўплаб мақолалар ёзилганини, китоблар нашр этилган. Таниқли журналист ва ёзувчи Ўктамбек Каримов юртдошимиз ва замондошимиз, Қирғизистон қаҳрамони, Россия Федерацияси қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, фазогир Солижон Шарипов ҳақида очерк ёзган эди. Куни кеча ушбу асар Бишкекда ҳуқуқшунослик фанлари доктори, истеъфодаги милиция генерал майори Алишер Собиров лойиҳаси ва ҳомийлигида 1200 нусхада босилиб чиқди. Китоб муҳаррири – камина.
“Биринчи ўзбек космонавти” деб номланган ушбу китоб 12 апрель – Космонавтлар куни арафасида фазогиримизга ва миллатдошларимизга, барча эзгу ниятли инсонларга муносиб совға бўлди.
Мазкур китобда биринчи ўзбек космонавти, Ўзганлик Солижон Шариповнинг учувчи-космонавт бўлиб етишиши тарихи, оиласи, яқинлари, у улғайган муҳит, космосга парвозлари, кўрсатган жасорати, билимдонлиги, ахлоқ-одоби, одамийлиги содда ва қизиқарли услубда ҳикоя қилинган.
Космонавтнинг ҳаёт йўли, таржимаи ҳолини ёритишда муаллиф, ўзи кўрган, гувоҳ бўлган воқеаларга, қаҳрамон билан қилган суҳбатларига, замондошларининг у ҳақдаги фикрларига ва бошқа кўплаб манбаларга асосланади.
Очеркда космонавтикага, космик ракеталарга, Халқаро космик станцияга оид қизиқарли маълумотлар берилган. Ундан мактаб ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, кенг китобхонлар оммаси космонавтика соҳаси бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топа олади.
Китоб барча ўқиганларга манзур бўлади, деб ўйлайман.
Фазогиримиз ҳақидаги қизиқарли китоб нашри билан журналист-ёзувчи дўстимиз Ўктамбек Каримовни самимий муборакбод қиламиз ва Яратгандан ижодда янги-янги илҳом, куч-қувват ато қилишини сўраймиз.
Саидакбар Махсумхонов
