КЎЗ ОЧИБ КЎРГАН ЁР
(ҳикоя)
Гавжум маҳалла гузарига келар эканман, нарироқда “Жаҳон бозорига бир одам!” деб чақираётган киракаш ҳайдовчининг овози янгради. Шошиб “Тико”нинг олд ўриндиғига жойлашдим. “Сафаримиз бехатар бўлсин”, дея дуо қилгач, орқа ўриндиқдаги уч аёлга назар ташлаб саломлашдим. Бирининг қучоғида тик турган 6-7 ёшли бола атрофга суқланиб боқарди.
– Набирангизми? – дедим жимликни бузиб, шаҳарни бир томоша қиларкан-да бу полвон.
– Бу йил мактабга боради, уни бир ясантириб қўяйин, – деди аёл болани эркалатиб.
Йўлимиз анча олис, шу боис аёлни гапга солиш учун “Болалардан нечта?”, “Қайнона-қайнотангиз қандай одамлар? “каби сўроқлар бериб бордим.
– Тоға, ўтмишимга қизиқяпсизми, майли, бошимдан не савдолар ўтганини айтиб берайин, – деди у рўмолини ўнглаган ҳолда.
***
– Қора оқшомгача юргунча бир йўла касалхонада ётиб қолмабсан-да, – эшикдан кириб сўрида чой ичаётган қайнонамга “Ассалому алайкум!” деб берган саломимга жавоби шу бўлди. Унинг зарда билан айтган гапига жаҳлим чиқди-ю, бўғзимга келган ёмон сўзни ичимга ютиб, иложи борича мулойимлик билан:
– Буви, кечирасиз, ишдан қайтар пайтим аварияга учраган одамни келтиришди. Операция узоққа чўзилди. Ҳамшира уйга кетиб қолган экан, врач ёрдам беришимни илтимос қилди, – дедим.
– Ўлиб қолмабди-да ўша одам, ҳаммани овора қилмай, – дея бировга ачиниш ўрнига уни қарғай бошлади. Мен хонамга кириб кийимимни алмаштиргач, овқатга уннамоқчи бўлиб ошхонага бораётсам, қайнонам яна ўшқирди;
– Ҳов, келин, ётар пайтидаги овқатни ким ейди, қозонни қара, шўрва бор, балойи нафсингга ичиб ол!
Унинг гоҳо кеч келсам пишириб қўйган овқатини миннат қилиши, “балойи нафсингга” дейиши ҳамиятимга тегса ҳам ўзимни тийдим. Чунки гап қайтарсам, балога қоламан. Ичимда шўрвангни бошингга торт дедим-у, хонамга кириб ўзимни диванга ташладим. Бўғзимга келган ўкирикни тутолмай, йиғлаб юбордим. Ҳаммаси тамом, ўғли келса бирни ўн, ўнни минг қилиб чақади. Бу ер уй эмас, ғурбатхона. Олти ойки, аҳвол шу, қайнонам қайнагани қайнаган. Шу боис икки келини турмаган экан-да. Келин унинг учун одам эмас, оқсочдан ҳам баттар. Ҳар бир ҳаракатимни, оғзимдан чиққан ҳар бир сўзимни тергайди, оғзимга тош солиб юрсам ҳам ўтирсам ўпоқ, юрсам сўпоқман.
Кун бўйи касалхонада юрганимданми, айниқса, операция хонасида тик туриб чарчаган эканманми, уйқу элитди. Туш кўрибман. Қақраб-қақшаган кенг сайхонликда танҳо юрган эмишман, биронта гиёҳ кўринмасмиш. Бу ерга қандай келиб қолдим, дея қўрқиб сўқмоқ бўйлаб чопиб кетаётсам, рўпарамда баҳайбат дарахт пайдо бўлибди. Олмага ҳам, нокка ҳам ўхшамаган дарахт, шохлари ерга теккудай эгилиб, мевалари узиб ол дегандай тебранармиш. Яқинроқ келсам, дарахт остида Баҳриддин акам ўтирибди. Устида оппоқ кўйлак, бошида ҳам оппоқ дўппи.
– Баҳриддин ака, нима қилаяпсиз бу ерда? – сўрадим унинг ўлгани ҳаёлимда йўқ. У бошини аста кўтариб;
– Болалар қани, кимникидан келаяпсан? – деди саволларимга жавоб бериш ўрнига.
– Улар уйда, сизни соғинишган, нега бу ердасиз, юринг кетамиз.
– Ваъдангни буздинг, Раҳима, сен бевафосан, кет, кўзимга кўринма, – дея кўзларида ёш қалқиди унинг.
Шу пайт дарахтнинг осилган қип-қизил мевасидан бир донаси шабадада узилиб, қақраган ерга тап этиб тушди-ю, ер бир силкингандай бўлди. Мева тенг иккига бўлиниб, ичидан икки бошли илонсифат маҳлуқ чиқиб, менга ташланиб қолса бўладими.
– Илон, қаранг, – дейишим билан Баҳриддин акам даст ўрнидан туриб эпчиллик билан менга ташланаётган илонни думидан ушлаб, қақраган ерга қайта-қайта урди ва менга қараб: “Қоч тезроқ, Раҳима, болаларга бор. Қоч! “– дея бақирди. Нафасим халқумимга тиқилиб, ҳансираганча уйғониб кетдим. Шу маҳал дарвоза тарақлади. Яна қайнонамнинг овози ҳовлини тутди.;
– Хотини ётар пайт, эри эса ярим тунда келади. Мен икковига хизматкорман, ҳеч келинга ёлчимадим-да.
Ҳар гал қайнонам мендан шикоят қилганда, оз бўлса-да, эрим менинг тарафимни олиб: “Ая, ҳали ёшсиз, қувватингиз бор. Раҳима билмаса ўргатинг, келин янгилашдан нима фойда” қабилидаги гапларни айтса, бу гал озроқ кайфи бор шекилли, тўғри хонамга кириб: “Аям нега шикоят қиляпти?” – деди кўзлари чақчайиб. Доим сизлаб гапирадиган одам сенсирашга ўтди.
Мен операция бўлиб бугун ишдан кечроқ қайтганимни, овқатни қайнонам пишириб қўйганини айтдим. Шу хонадонга келгандан буён уни бунчалик маст аҳволда кўрмовдим. У эшикка суяниб, гандираклаб ёнимга келди:
– Менга хотинни онам олиб беряпти, демак униям, мениям рози қилишинг керак, аямдан кечолмайман, қани, юр бу ёққа, тўғрилигини исботла, ким билан юрдинг? – дея сочимдан чангаллаб, айвонга судради.
– Қўйворинг, чиқаман ўша онангизнинг олдига, ишонмасангиз врачга қўнғироқ қилинг, қачон уйга келганимни сўранг, – дедим қўлимни силтаб.
– Кўрдингми, гап қайтарадиган бўлди, айбини тан олмайди-я, – деди қайнонам.
– Бақани босса ҳам “вақ “дейди, буви, айбим нима? Ишламай ўтирсам текинхўр дедингиз, ишласам ҳам, ойлигимни бир сўмигача берсам ҳам ёқмаяпман, ахир мен ҳам одамман-ку.
– Ана, тили чиқиб қолди, шу тиллилиги учун эрини ўлдирган бу манжалақи.
– Ўлган одамнинг арвоҳига тил теккизманг.
-Ўша ўлган эрингни кўмсаяпсанми, сен бўлмасанг яна биттаси, йўқол кўзимдан, – деди эрим юзимга шапалоқ тортиб.
Шу пайтгача қайнонамнинг хўрлашу камситишларига бардош бериб, оғзимга талқон солиб, сабр қилдим. Аммо эримнинг сочимдан тортиб судраши, қайнонамнинг ноҳақ айблаши, ўлиб кетган бегуноҳ эримни ҳақоратлашлари нафсониятимга теккан эди. Яхшиям болаларимни олиб келмаганим, уларга умуман кун кўрсатмас эканлар. Ўша тундаёқ отамникига кетиб қолдим. Ўғлим Мирсаид ва қизим Оминани ёнимга олиб ухлар эканман, юзимни ёстиққа қадаб, болаларимга сездирмай унсиз йиғладим. Биринчи рўзғорим – турмуш ўртоғим Баҳриддин акам билан ўтказган ўн йиллик ҳаётим кўз ўнгимдан бирма-бир ўта бошлади.
У билан қандай бахтли эдим. Баҳриддин акам мендан икки йил аввал тиббиёт билим юртининг стоматология бўлимида, мен кейинроқ бориб ҳамширалик бўлимида таҳсил олганмиз. У жуда мулойим, ҳаммага ҳам суйкаланаверадиган йигит эмасди. “Ҳамқишлоқ, юринг, музқаймоқ еймиз”, – дея илтифот кўрсатарди. Бир йилдан сўнг ўқишни битириб, қишлоққа кетди. Шаҳарга келса, албатта, мендан хабар оларди. Уч йил шу тахлитда ўтди. У ўзининг мулойимлиги, қизиқ ҳангомалар айтиб кулдириши, сахийлиги билан мени ўзига оҳанграбодек тортарди. Аммо бирон марта севаман деб айтмади. Мен эса ётоқхона эшиги тиқ этса, Баҳриддин акам эмасмикин, дея юрагим гурсиллаб кутардим. Ўқишни тамомлаб, мен касалхонада ҳамшира, у эса стоматология бўлимида тиш доктори бўлиб ишлай бошладик.
Бир куни ишдан қайтаётсам йўлимни тўсиб: “Раҳима, бирон кимсани севиб қолмадингми? “– деди томдан тараша тушгандай. Илгаридан синашта бўлмаганимда дабдурурстдан бундай саволга мен ҳам қўполлик билан “Севсам, сендан рухсат оламанми? “– деб жавоб берган бўлардим.
Аммо уни кўрсам юрагим гупиллаб, айтадиган сўзимни тополмай қолардим. Ўзимни босиб, жилмайган ҳолда: “Сиздан бўлак йигит менга қарамайди, Баҳриддин ака! “деб юбордим. “Унда тўйга тайёргарлик кўр, совчилар боради”, – деди у.
Баҳриддин акам ота-онасининг учинчи ўғли экан. Акалари уйли-жойли бўлиб чиқиб кетишибди. Қайнотам мулойим одам, қайнонам нафақада, уй бекаси. Мен келин бўлиб боргач, уч қайнсингилни ҳам узатдик.
Баҳриддин акам тиришқоқ эди. Ишлаб юриб, тўй ва юбилейларни суратга олиш учун видеокамера сотиб олди. Уйимиздаги каттаю кичик маросимларни эсдалик, дея тасмага туширарди. Гоҳо тўй-томошалардан бироз кайфроқ қайтса, ота-онасига сездирмасликка уринарди-ю, аммо гаплари кайфи борлигини ошкор қилиб қўярди. Қайнотам: “Ўғлим, нега ичдинг, ароқ яхшиликка олиб келмайди. Келинни ҳафа қилсанг, мен сени ҳафа қиламан”, – дея танбеҳ берарди. Баҳриддин акам билан ўн йил бир ёстиққа бош қўйиб, қайнота ва қайнонамдан бир марта ҳам дакки эшитмадим. Овсинларим билан худди опа-сингиллардай эдик. Бироқ Баҳриддин акам рашкчироқ эди. Касалхонада ишлатмай қўйди, кейин тижорат ишларига аралашдим. Ҳаётимизнинг ўнинчи йили Баҳриддин акам хасталаниб қолди. Дарди кун сайин оғирлашиб бораверди. Ота-оналари, қайноға ва қайнсингилларим, бошқа қариндошлари атрофида парвона бўлиб, дори-дармонлардан, дўхтирлардан пулни аяшмади. Олти ойгача касалхонада ҳам, уйда ҳам ёнида бўлдим. “Раҳима, мен ўнгланмайман шекилли, ота-онамга дурустроқ хизмат қилолмадим, бирор кор-ҳол бўлса, ота-онамни ташлаб кетма”, – дея кўзларидан ёш қуйилиб келаверди. “Худо шифо берсин, айтганингиздай қайнота ва қайнонамни ташламаймиз, армонларингиз ушалсин”, дердим-у, ёшланган кўзларимни олиб қочардим. Зўр шифокору табибларга кўрсатдик. Афсуски, жигар хасталиги эрим жонига хавф солиб, куз кунларининг бирида жон таслим қилди. Атиги ўттиз беш ёшда эди.
Баҳриддин акамнинг йил оши ўтгач, қайнота-қайнонам ота-онамни ва мени ёнларига ўтқазиб, шундай дедилар;
– Қудалар, Раҳимахонни биз келин эмас, қизимиз деб келдик. Биздан ёмонлик кўрган бўлса, айтсин. Ундан мингдан-минг розимиз. Ўғлимиз олти ой бетоб бўлди. Раҳимахон ҳам ҳамшира, ҳам ёстиқдош сифатида туну кун ёнида бўлди. Қўлимиздан келган ҳамма чорани қилдик. Аммо ўғлимизнинг ризқ-насибаси ёруғ дунёдан узилган экан. Жудолик юрак-бағримизни кемтик қилди. Ҳайхотдай ҳовли ҳувиллаб қолди. Энди ўғлимиз йўқ. Яхшиям юпанчимиз бўлган икки неварамиз бор. Келинимиз ёш. Буёғини тушунгандирсиз, энди уни мажбурлаб ушлаб туролмаймиз. Мабодо уйда умрбод яшайман, қайнота ва қайнонамнинг хизматида бўламан, икки фарзандимнинг тўйларини шу уйда ўтказиб, узатиб, уйлантираман деса, биз рози. Акси бўлса, уни ушлаб туришга энди ҳаққимиз йўқ.
Қайнотам шу гапларни айтиб, кўзларидан қуйилаётган ёшни рўмолчаси билан тўсиб ташқарига чиқиб кетди. Хонага сукут чўкди. Ниҳоят дадам: “Қизим, қайнотанг тўғри гапни айтди, ихтиёр ўзингда, нима дейсан?” – деди.
Мен ичимдан тўлиб-тошиб, кўз ёшларимни яшириб ҳовлига отилдим.
Яна ярим йилча қайнота-қайнонамнинг менга, фарзандларимга бўлган муносабати ўзгармади, аввалгидек улар хизматини қилавердим. Савдо-сотиққа кетсам, болаларимни қайнонамга қолдириб, бехавотир бўламан. Шундай кунларнинг бирида онам келиб: “Қачонгача бу уйда қўлинг косов, сочинг супурги бўлиб ўтади? Ҳали ёшсан, айрим жойлардан совчилар келяпти, балки яна турмушга чиқарсан? “– деб қолди. Бора-бора юрак яраларим битиб қолди. Қолаверса, айрим дугоналарим:нди ўттизга чиқдинг, дунёда ўлмаган ким бор, эрга тег, давру даврон суриб қолмайсанми?”, – дея ҳар кўрганда гап қилаверишди. Эримнинг уйидан кетишга бирон баҳона топиш илинжида юрган кунларим энди мактабга кирган ўғлим Мирсаид катта қайноғамнинг ўғли билан уришиб қолибди. Бу одатдаги тортишув бўлса-да, мен буни катта баҳонага айлантириб: “Етим деб хўрлайсиз, кун кўрсатасизларми ёки шу уйни бўшатиб берайликми? “– дея зарда қилдим. Қайнонам «Болалар уришиб-ярашиб кетаверади, майли, кетсангиз зоримиз бор, зўримиз йўқ”, – деди.
***
Ота-онамникида яшай бошладим. Сўраб келувчилар кўпайди, аммо уларни Баҳриддин акамга ўхшата олмасдим. Гоҳ хотини ўлган олтмиш ёшли одамдан, гоҳ уч-тўрт болали ўрта ёш эркакдан, гоҳ фарзанди йўқ биронтасидан совчи келарди. Ота-онамга улар ёқавермади. Бир куни Қаҳҳоржоннинг онаси уйимизга келиб, мўлтонилик қилиб кўз ёши тўкди:
– Ўғлимни икки марта уйлантирдим, аммо келинга ёлчимадим. Қуда, болаларини набирамдан зиёда кўраман. Хоҳласа ишлайди, йўқса уйда ҳам иш кўп. Ўғлим ҳайдовчи, эрта кетиб, кеч келади. Чолим беш йил аввал ўтиб кетди, қизларим уйли-жойли, мен биргина кенжам Қаҳҳоржон билан яшайман. Йўқ деманг, Раҳимахонни қизимдан зиёда кўраман.
Ота-онам унинг гапига лаққа тушишди. Тўй олдидан аввалги келинлари билан ҳам гаплаша олмадим. Чунки уларнинг бири Маданият қишлоғида, бири Жалолобод шаҳрида эди. “Эрсиз бошим – тузсиз ошим “ деб яшагандан кўра бирон эркакнинг этагини ушлаганим маъқул деб, Қаҳҳоржонга тегишга розилик бердим.
Мени алдаб-авраб олиб келган қайнонам тезда қилиқлар чиқара бошлади. Улардан бири ҳақида юқорида айтдим.
Ота-онамникида яшаётганимда кўп ўтмай иккинчи рўзғордаги қайнонам ҳеч нарса бўлмагандек “Ассалому алайкум, қудалар”, – дея уйимизга кириб келди.
– Вой, қудажон, бир борайин ҳам демайсиз, сизни соғиниб келиним келувди. Икки ҳафтаки, бормайди. Яна ўзим келдим, қуда.
Бўлган воқеани онамга айтувдим. Қайнонамнинг маккорлигини қаранг, уни кўча хандони, уй зиндони деса бўлади. Чамаси ўғли ўзига келгач, онасидан ҳафа бўлган. Тўғри, эрим аясининг феълини билиб кўп ҳолларда мен томонда бўларди. Ўша кунги воқеа жон-жонимдан ўтиб кетгани боис онамга қайнонам муғомбир, кириб келиши мумкин, сизни, мени мақтаб олиб кетгиси келади, аммо мен энди эр қилмайман, бошқа у хонадонга бормайман, икки боламни эплаб вояга етказиб, қизимни узатиб, ўғлимни уйлайман. Худо хоҳласа ўша биринчи қайнонамдек қайнона бўламан, деб арзиҳол қилгандим.
Онам чой қуйиб узатар экан, қудасига ётиғи билан:
– Энди овора бўлманглар, дарахтни силкитсангиз қиз, жувон тўкиларкан, ўғлингизни бошқасига уйлаб қўйинг, – деб гапни узил-кесил қилди.
– Қудажон, айб менда бўлса кечиринг, ўғлимни ҳам уришдим, бу ёғига тиниб-тинчиб яшасин, йўқ деманг, келинимни олиб кетсам, – деган гапларига онам кескин ҳолатда “йўқ” деб жавоб берди. Қайнонамнинг авзойи ўзгарди-да, “Данғиллама ҳовли-жойнинг эгаси бўлсин девдим, эссиз, бу феълида менинг ўғлимниям ўлдирарди, қизинг бошингдан ордона қолсин”, – дея йиғиштириниб йўлга тушди.
Одатдагидек ота-онамникида яшай бошладим. Бозорда савдо қиламан, ўғил-қизим дастёр бўлиб қолишди. Гоҳо дадамникига борамиз, бувижонимни кўриб келамиз деб қолишса, рухсат бераман. Биринчи қайнота-қайнонам набираларини жондан ортиқ кўришади. Боришса, янги кийим-кечак олиб беришади, қўлларига ширинликлар тутқазишади. Баъзан бормай қолишса, одам юбориб олиб кетишади. Ёмон гап ҳам, яхши гап ҳам ётмас экан. Оиламиздаги барча гап-сўзлар қайнонам ва қайнотамга етиб борибди. Бир куни 12 ёшли қизим Омина: “Ая, бувижоним агар аянг яна эрга тегмаса, бизникида яшайеринглар, шу уй сизларники, биз кексайдик, деди”, – деб гап топиб келди. Ота-онам билан маслаҳатлашдим. “Асли эрга тегмасанг бўларкан, майли, уйингга бор, шояд эрингнинг руҳи шод бўлса, – дедилар.
Шу воқеага ҳам йигирма йилдан ўтди. Болаларим ота уйида – ўша биринчи рўзғорим Баҳриддин аканикида вояга етди. Қайнота-қайнонам қизимни узатиб, ўғлимни уйлагач, ёруғ дунёни тарк этишди. Мана бу неварам ўғлим Мирсаиджон нинг ўғли. Унга бобоси Баҳриддиннинг номини берганмиз. Ўзиям худди бобосига ўхшайди.
Ҳеч бир эркагу аёл биринчи рўзғоридан айрилмасин, аёл мабодо фарзанди бўлмаса, иккинчи марта рўзғор қилгани маъқул экан. Мен ёшлигимда бир адашдим. Хайриятки, болаларим бор экан, эримнинг хувиллаган уйини яна тўлдирдик. Бугунги ҳаётимдан жуда мамнунман. Қизимдан икки, ўғлимдан бир неварам бор. Баҳриддин акамнинг акалари, сингиллари худди акамдек, синглимдек, сен-менга бормаяпмиз. Шу кунларни насиб этганига шукур!
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ
