АСКИЯ БЕПАРДА БЎЛМАСИН
Ҳазил-мутойибада, қувноқлик ва дилкашликда менман деган халқ билан беллашишга қодир ўзбекларда, шунингдек қирғизлар ва қозоқларда аския тарихи қадим мозийга бориб тақалади.
Аския ўзи нима? Аския мазмун-моҳияти жиҳатдан синоним, омоним ва метафоралардан иборат сўз ўйини, атрофлича билим, зукколик, тафаккур, ҳозиржавоблик, сўзамоллик ифодасидир.
Масалан, Ҳошимжон Раззоқовнинг «Нодира» драмасида хон саройидаги қизиқчилар томошаси акс эттирилган. Қизиқчи Зокиргов хонни, унинг ишратбозлигини ҳажв қилганида хон ғазаб билан «Эшшак, сени дорга остираман», дейди. Зокиргов эса ҳозиржавоблик билан «Хон жаноблари, мени дорга остирсангиз, эшшаксиз (эшшак – сиз ) бўлиб қоласиз » дея гулдурос қаҳқаҳага сабаб бўлади.
Биз болаликдан ЮсуфЖон қизиқ, Охунжон қизиқ, Сулаймон қори, Расул қори, Амин бува, Муҳиддин дарвеш, АбулҲай Махсум, Жўрахон Султонов, Ғанижон Тошматовларнинг, ўшлик Маннобжон Нурматов, Зиёмиддин, Қозихон, Мўминжон, Акбарали акаларининг «Шофёрлик», «Тикувчилик», “Ошпазлик», «Косиблик» каби турфа пайровлар билан тўй ва сайилларни гуллатганига гувоҳмиз.
Бир неча йиллар аввал Марғилон истироҳат боғида ўтказилган «Аския сайли»да олтиариқлик Абдулла Акбаровнинг теран маъноли, пардали чиқишлари барчани мамнун этди.
Афсуски, «менман» деб – танилган кап-катта аскиячи «устоз»ларнинг беҳаё, белдан пастга тушган, пардасиз “аския”лари, таъбир жоиз бўлса, гомосексуализмга бориб тақалиши маънавиятли кишиларни кулдириш ўрнига ранжитди. Ўша катта даврада 20-30 фоиз аёллар ўтирганидан «устоз» аскиячиларимиз ҳаё қилишмади.
Шу ўринда Абдулла Қаҳҳорнинг аския ҳақидаги фикрини эсга оламиз. «Аския – бу гўнгда унган гул. Баъзи саводсизларнинг аскиясида эса ўша гул ҳам йўқ», – деган эди устоз. Аскиянинг моҳиятини бузиб, гомосексуализм ботқоғига ботираётган қўлбола, уятсиз аскиячилар бундан хулоса чиқарсалар, ажаб эмас.
Мумтоз жаҳон маданиятидан маълумки, ҳар қандай бадиий ижод намунасида маълум бир тарбиявий, ибратомуз ғоявий юк бўлиши зарур. Зеро аския ҳам бир қулоқдан кириб, иккинчисидан зувиллаб чиқиб кетаркан, ўртадаги мия жониворда жилла бўлса ҳам ижобий из қолдирмоғи лозим.
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Андижонда Яҳёхон ҳожи исмли имом хатибни ҳамма «ҳазрат» деб ҳурмат қиларди. Раҳматлик гапга чечан, аскияда нозиктаъб, зукко улфат эди. Кунларнинг бирида Одил полвон шахсий машинасига ҳазратни таклиф этади ва Ўзганга йўл олади. Икковлари эски ҳазилкаш бўлганлиги учун ҳазрат ҳадди сиғиб, «Волга»нинг бардачогини очади ва қоғозга ўроғлиқ шоколадни олади.
– Бу нима? – деб атайлаб сўрайди ҳазрат.
– Совун, – дейди Одил полвон сир бермай.
Ҳазрат бамайлихотир қоғозни очиб шоколадни ҳузур қилиб ея бошлайди.
– Ие, ҳа, ҳазрат? – деб мийиғида кулади Одил полвон. Ҳазрат эса бепарво жавоб беради: – Яхши совун экан, ичим кир бўлиб турувди…
Ўзганга етгунча аския совун пайровида давом этди:
Одил полвон: – Ҳазрат, совунни еб гапирманг.
Яҳёхон ҳазрат: – Совунингиз сифатсиз, нақ кўпик экан.
Одил полвон: – Сиз уни еманг, мочалкага суртинг.
Яҳёхон ҳазрат: – Оббо, бир кесим совунни деб бир тоғора гап қилдингиз.
Одил полвон: – Биласиз-ку, менинг ёмонлигим йўқ, бировларга мағзава тўкмайман.
Яҳёхон ҳазрат: – Майли мен бир гапдан қолай, суҳбатимизнинг ишқори чиқмасин.
Одил полвон: – Бўпти, энди фикримни ғижимламай тахлаб, дазмоллаб гапираман.
Яҳёхон ҳазрат: Менда бир таклиф бор – баъзи фосиқ одамлар қалбини тозалайдиган «Химчистка» ихтиро қилсак.
Одил полвон: – Яхши фикр, қанийди ўшанда жамият ҳам кир-моғордан тозаланар эди…
Юсуфхон қизиқ, Охунжон қизиқларнинг аския пайровларига бир неча бор гувоҳ бўлганмиз. Бировнинг иззат-нафсига тегиш, ҳақоратлаш, ерга уриш ҳолатларини билган эмасмиз. Уларнинг айтишувларида асосан сўз ўйини, омоним жилвалари устивор бўларди. Мана, уларнинг пазандалик пайровидан бир шингил:
Юсуфжон қизиқ: – Анаву суҳбатдошларингга латифа айтаяпсанми, ё қулоғига лағмон илаяпсанми?
Охунжон қизиқ: – Сиз пиширган қатламалар қозондан чиқмаёқ қийма-қийма бўлганини айтаётувдим.
Юсуфжон қизиқ: – Кеча сен дамлаган ошдан бир ҳовуч тош чиққанини айтмадингми?
Охунжон қизиқ: – Ошимни еб, тошини кўрмак (курмак) бўлибсиз-да.
Юсуфжон қизиқ: – Бўлди, гапни чўзма, мақсадга ўт.
Охунжон қизиқ: – Кеча ҳам мени гапиртирмадингиз, бўлди бас, димлама деб.
Юсуфжон қизиқ: – Охунжон нега кўп валақлайди дейишганди, мен тарафингни олдим, Охунжон маставба (мастава) қилаяпти дедим.
Охунжон қизиқ: – Яхшиям сиз борсиз, уста. Роса кайф эканман, сал қопти, шўримга шўрва тўкиларкан.
Юсуфжон қизиқ: – Сенга қиз узатмаганим яхши бўлган экан, аксинча юрардим, афсус, қайнатаман деб.
Охунжон қизиқ: – Уста, юзимдаги қизилни кўряпсизми? Ширакайфлигимда беш бармоқ ургандингиз.
Юсуфжон қизиқ: – Яна ичсанг, билиб қўй, сени ваъдасида турадиган йигит эмас, бу хоним дейман.
Охунжон қизиқ: – Бу гапингиз шамоллаганда ичадиган аччиқ қоқирим бўлди, уста!
Яқинда бир хорижлик фольклоршунос билан учрашиб қолдим. Аскиянинг таҳлилини суриштирди. Минг андиша билан чала-чулпа жавоб бердим. Смартфондаги аскияни кўрсатиб, сўзма-сўз таржимани илтимос қилди. Рад этдим. Чунки у ўша беҳаё аскиянинг мағзини чақса, фикр бориб гўнгга тақалса, ким деган одам бўламиз? Қуръони каримда лаънатланган, бало-қазога гирифтор бўлган баччабоз Лут қавмига ўхшатиб юбормайдими бизни ўша хорижликлар?!
Аскиячи биродарлар! Келинглар, покиза, ҳалол пайровлар билан, ўзбек тилининг анъанавий гўзал, жозибали тили ва иборалари билан репертуарингизни янгиланг, бойитинг, азбаройи шифо!
Абдуғани Абдуғафуров,
Қирғизистон халқ ёзувчиси.
