ҚАДРИЯТ 

БОЗОРҚЎРҒОН  ҚИЗЛАРИ

Хотин-қизларнинг бугунгидек хур, озод ва эркин юриши, эркаклар билан тенгҳуқуқли бўлиб, турмуш ташвишларини баробар елкасига олиши, жамиятнинг етакчи кучларидан бирига айланиши, муқаддас зот бўлиб эъзозланиши осон кечмаган. Не-не момою бувиларимиз бу йўлда қурбон бўлишган. Уларнинг аянчли ўтмиши кишини изтиробга солади, авлодларнинг истиқбол сари интилиши қувонтиради ва шу билан бирга янада фаровонликка эришиш йўлидаги бугунги муаммолар ўйлантиради.

…Ўтган асрнинг йигирманчи йиллари. Малика қишлоқнинг Толқатор маҳалласида яшарди. Оиласи камбағал, отаси ювош-мўмин одам бўлиб, бой билан қўшни эди. Ўн беш ёшли соҳибжамол  Малика кўзга ташланиб қолди. Уйларига сув бой қўшнисининг ариғидан ўтарди.

Бой Маликани ўғли Мамажонга олиб бериш учун совчи қўяди. Қиз кўнмайди. Шунда Мамажоннинг отаси “Қизингни ўғлимга бермасанг, ҳовлингга бир томчи ҳам сув ўтказмайман, боғ-роғ, экинларинг қурийди”, – деб дўқ уради. Маликанинг отаси ноилож рози бўлади. Бой эса қалинига Маликаларнинг ариғидан сув оқизишга ваъда беради. Қиз қанчалик қаршилик кўрсатмасин, уни бойнинг ўғли Мамажонга олиб беришади. Бироқ бой ваъдасида турмади. Ер-сув ислоҳотидан кейингина Маликалар ҳовлисига сув оқадиган бўлди. Колхозлар тузилиб, комсомол ячейкалари ташкил топди.

Ишчан, серғайрат, шижоатли Малика маҳалладаги фаол ёшларга қўшилиб, комсомолга ёзилди. Саводсизликни тугатиш курсида ўқиди. Комсомолнинг фаол аъзосига айланди. Қўлида ёш боласи бўлишига қарамай, далада меҳнат қилди. Ёш теримчиларнинг биринчи район слётида делегат бўлиб қатнашди. Бора-бора колхозда ҳурмати, обрўси ортди. Замон ўзгариб, хотин-қизларнинг эркин фаолиятига кенг йўл очилганини сезса ҳам, эри Мамажон хотини ишларига қаршилик қилиб, ёруғ йўлини тўсишга уринарди.

Малика илғор комсомол аъзоси сифатида комсомол йиғилишларида қатнашиб турар, гоҳо уйга кеч келиб қоларди. Унинг бу ишлари Мамажонга ёқмас, юзини очиб юриши рашкини келтирарди. Шу боис Мамажон тез-тез уйда жанжал кўтарар, мажлисларга бормайсан, деб дўқ қиларди.

Бир кун Малика комсомол мажлисига бориб, кечроқ қайтди. Кўзи қонга тўлган эри уни остонада дўқ-пўписа билан кутиб олди:

– Қаерларда юрибсан, манжалақи?!

– Комсомол мажлисига борувдим.

– Юзингни очдинг, комсомолга ўтдинг, ўзингни кўз-кўз қиляпсанми? Одамлар ўртасида мени иснодга кўйяпсан.

– Ахир замон шуни талаб қиляпти. Нега тушунмайсиз?

– Ўргилдим ўша замонингдан, бугундан ҳеч қаёққа бормайсан.

– Сиз айтган замон ўтиб кетди, – деди Малика ҳам бўш келмай.

Малика ётиш учун жой тайёрлаётган пайтда Мамажон қинидан пичоғини суғуриб ортидан келди-да:

– Ҳали шунақами? Мана сенга тенгҳуқуқ, айтганимни қилмадинг, энди ўлдираман, –  деб Маликанинг тўрт-беш жойига ваҳшийларча пичоқ санчди.

– Буви, бувижон, –  деб йиғларди уч ёшга тўлиб қолган ўғли қонга ботган онасининг устига ўзини ташлаб.

Эрталаб Маликани кўрпа устида қонга беланган ўлик ҳолида кўрдилар.

Бир асрга яқин умр кўрган Ҳанифа буви Жабборованинг бизга ҳикоя қилишича, қотил Мамажон эл олдида очиқ суд қилинди. Комсомоллардан Неъматилла Нишонов, Мўйдинжон Юсупов, Абдуҳалил Тожибоев, Тўхтасин Парпиевлар қонхўр Мамажонга қаттиқ жазо беришни талаб қилдилар.

Маликанинг ўлими кишиларда янги замон душманларига қарши қаҳр-ғазабни баттар кучайтирди. Кўплаб ёшлар Маликани унутмасликка қасамёд қилиб, комсомолга кирдилар. Бозорқўрғон марказида паранжи ташлаш маросими бўлиб ўтди. Чиндабу Азимова, Сожидабу Отахонова, Умринса Норалиева, Ҳанифахон Жабборова, Мунисхон Хамзаева сингари қиз-жувонлар паранжиларини гуриллаб ёнаётган оловга ташлашди.

Ҳанифа момони суҳбатга тортганимизда, қуйидагиларни айтганди:

– Колхоз ташкил топган кундан теримчи бўлиб ишладим. Алғов-далғов замон эди у пайтлар. Сиёсатни ҳали кўпчилик англаб етмаганди. Қолаверса, ҳамма нарса мўл-кўл бўлган деб айта олмайман, аммо ишлаганки одам оч қолмасди. Кунига 500 килогача етказиб пахта терганман. Бир мавсумда терган пахтам 16-20 тоннага етарди. Энг кўп пахта терганларга сигир совға қилишган. Кўп пахта терганим учун болали сигир менга ҳам насиб этганда роса қувонганман. Меҳнатим билан қадр топдим. Уч марта Москвадаги Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасида қатнашдим. Орден-медаллар олдим. 1939 йили район Советига депутат бўлиб сайландим. Озми-кўпми, эл хизматини қилдим. Айтаверсам, ҳикоям тугамайди. Уруш йиллари фронтга ҳисса деб бир бош сигир берганман ҳукуматга. Кейин ўн беш йил пиллачилик бригадасини бошқардим. Иззат-икром кўрдим, яна мукофотлар беришди. Йилдан-йил ҳаётимиз фаровонлашиб борди. Худога шукур, саккиз фарзанд кўриб, барини тарбиялаб, ўқитиб элга қўшдим. Юздан зиёд невара, чевара ва эваралар ардоғидаман. Ҳозир кимки интилса, яхши яшайдиган замон. Фақат ўксиган жойим – одамлар ўртасида меҳр-оқибат тобора сусайиб бормоқда…

Ҳанифа момо таъкидлаганидай, жамоа хўжаликлари йилдан-йилга мустаҳкамланиб борди. Одамлар фаровон ҳаёт учун фидойилик билан меҳнат қилдилар. Пахта, пилла, чорва маҳсулотлари етиштириш йилдан-йилга кўпайиб борди. Албатта, бу ютуқларда хотин-қизларнинг ҳиссаси катта эди.  Мастонхон Сотволдиева, Ҳанифахон Жабборова узоқ йиллар қурт тутиб, мўл пилла етиштирдилар. Меҳнатлари эвазига Ленин ордени билан тақдирландилар. Энахон Азимова пахта теришда Ҳанифахон Жабборова каби стахановчилар сафида бўлди. Москвада М.И.Калинин қўлидан орден олди.

– Қишлоқ аёллари ичида биринчи бўлиб Минаввархон Тўхтабоева трактор ҳайдади, – деб айтган эди Мўнисхон опа Ҳамзаева.  – Унинг изидан бориб, биз, 38 нафар хотин-қиз тракторчиликка ўқидик. МТСда Ўринбек Хўжашов деган одам техника бошқаришни ўргатди. Эрим урушдан қайтмади. Уч йил тракторда ер ҳайдадим, мола босдим, экдим, нимаики иш бўлса бажардик. Ҳатто бошқа колхозларга бориб ҳам ишлаб келганмиз. Дугоналарим Қумри Орипова, Адолат Юсупова, Ойимча Темирова, Кумушхон Орифжоновалар ҳам тракторчилик қилишган. Урушдан кейин яна пахта тердим, қурт тутдим. Худога шукур, бугун фарзандлар даврасидаман…

Бозорқўрғон қизларининг жасорати, фидойилиги ҳақида ҳар қанча ҳикоя қилсак кам. Мустақиллик йилларида қишлоқдаги ижобий ўзгаришларда хотин-қизлар аввало она сифатида фарзандларини тарбиялаб, уй-рўзғор ишларини саранжомлабгина қолмай, эркаклар билан теппа-тенг меҳнат қилиб ўзлигини намоён этмоқдалар. Бозорқўрғон шаҳар мэриясининг ижтимоий масалалар бўйича мутахассиси Венера Бобекованинг айтишича, бугунги кунда Бозорқўрғон шаҳрида  60 мингдан зиёд аҳоли яшаса, уларнинг 52 фоизини  хотин-қизлар ташкил этади. Улар халқ хўжалигининг турли тармоқларида меҳнат қилмоқдалар. Шаҳардаги 15та мактабда 722  ўқитувчи, 60 яқин шифокор ва ҳамширалар ишлайди. 230 нафар қаҳрамон оналар ўн ва ундан кўп фарзандни тарбиялаб эл қаторига қўшганлар. Ҳар бир соҳанинг ўз илғорлари, эл ардоқлаган зиёлилари бор. Колхозлар даврида қизлар бригадаларини бошқарган Розияхон Ҳолиева, Ҳалима Мустафоқулова, Тожихон Турсуналиева, Энахон Мадумаровалар ҳамон эл ардоғида. Турсуной Мамажонова, Гулнора Эргашова, Канигул Алдосова, Батма Абдурахмонова, Гулифа Сагинбоева, Ўғилхон Акбарқулова, Баринса Сарманқулова каби раҳбарлик лавозимларида ишлаган аёллар – шу туманнинг фахри. Собира Жумалиева, Ойтожи Шерғозиева ва бошқалар  шифокорлик касбини ардоқлаб, обрў топганлар. Шаҳардаги 15 та мактабнинг 9 тасида аёллар директор ва мактабларда ишлаган муаллимларнинг 80 фоиздан зиёди хотин-қизлардир.

Шаҳар ҳокимлиги бугунги ижтимоий аҳволни ҳисобга олган ҳолда, хотин-қизларга имкон қадар ёрдам бериш чораларини белгилаб, амалга оширмоқда. 695 оила фарзандларига нафақа олади. Ёлғиз оналарга шаҳар ҳокимияти тез-тез ёрдам кўрсатиб турибди. Қариялар кунида, байрамларда хотин-қизларга алоҳида эҳтиром кўрсатиляпти. Буларнинг бари яхши. Аммо ижтимоий ҳаётимизда барча иш силлиқ кетяпти, деб айтиш қийин. Айниқса, хотин-қизлар орасида ишсизларнинг кўпайганлиги ташвишланарли.

Иккинчидан, ёш болалар боқчага тўла жалб қилинмаган. Боқча ёшидаги болалар сони 5884 нафар бўлса, уларнинг 2877 нафари 21 та болалар боқчасига қатнайди. Янги болалар боқчаларини қуриш режалаштирилган.

Рўзғор – ғор,   деганлари ҳақ экан.  Бугун беш ёшли қизчадан тортиб пенсиядаги онахон ҳам улуш ерида ишлаб, қўл бўшади дегунча ёнғоқ чақиш, мағиз саралаш, бирон буюмни олиб сотиш билан машғул бўлишмоқда.

Бозорқўрғонда аҳоли зич. Бу ерда хотин-қизлар ишлайдиган йирик саноат корхонасини қуриш керак. Аёлларимиз иш билан таъминланган тақдирдагина кўплаб муаммолар барҳам топиши мумкин. Шаҳар олдидаги муаммолар йилдан-йилга ўз ечимини топишига ишонамиз.

 

Мўйдинжон  АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон.

боғлиқ хабарлар