ҚАДРИЯТ ЮРТДОШЛАРИМИЗ ЮТУҚЛАРИ 

ФАНГА БАХШИДА УМР

(профессор Ғани Комиловни эслаб)

      Kўҳна Ўшимиз азалдан машҳур олиму фузалоларни етиштирган муқаддас замин. Унинг тупроғида вояга етиб илм излаб, фан чўққиларини забт этган, кашфиётлар қилиб танилган юртдошларимизни тилга оладиган бўлсак, уларнинг адоғини топа олмаймиз. Номларини эслаб, ғурурланамиз, кечган умрлари, қилган ишларидан ифтихорга тўламиз. Дунёга таниқли олимгина эмас, балки инсонийликнинг жамики ажойиб фазилатларини ўзида мужассам этган Ғани ака Комилов ҳам Ўшимизнинг ана шундай забардаст фарзандларидан эди.

Роса эллик йил муқаддам, талабалик пайтимда Ғани ака билан илк бор Тошкентда, у кишининг Профессорлар шаҳарчасидаги хонадонида танишиш, мулоқотда бўлиш бахтига муяссар бўлган эдим. Ўшанда дадам ёшликда бирга ўсган дўстиникига бошлаб борган, дастлабки суҳбатданоқ Ғани ака отамдай меҳрибон, яқин бир кишига айланиб қолганди. Турмуш ўртоғи таниқли олима Савия опа билан бу хонадонга қачон бормай, мени ўз фарзандларидай қучоқ очиб кутиб олишарди. Ғани ака биология фанлари доктори, профессор, Тошкент Давлат биология-тупроқшунослик факултетининг декани, Савия опа ҳам фан доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Микробиология илмий тадқиқот институтида лаборатория мудири бўлиб ишларди. Иш билан кўп банд бўлгани учун Ғани ака Ўшга кам келар, лекин киндик қони тўкилган юрт унинг ҳар доим қалб тўрида эди. Қачон учрашмайлик, мендан Ўш ва ўшликлар ҳақида ҳол-аҳвол сўрарди, ёшлик йиллари, кечган ва кечаётган умри ҳақида мароқли ҳикоя қилиб берарди…

Ғани ака Комилов 1929 йил Тўлайкан туманидаги Шӯро қишлоғида (ҳозирги Бешкапа мавзеси) камбағал деҳқон оиласида туғилди. Тўлиқсиз ўрта мактабни битиргандан сўнг 1943-45 йилларда “Шўро” колхозида, кейинчалик «Сила экономии» артелининг этикдўзлик цехида уста ва бичувчи ёрдамчиси бўлиб меҳнат қилиб, ишдан ажралмаган холда ўрта мактабни битирди ва Ўш қишлоқ хўжалик техникумига ўқишга кирди. Илмга бўлган чанқоқлик уни 1948 йили Тошкентга, Ўрта Осиё давлат университетига етаклади, биология-тупрокшунослик факультети талабаси бўлди, ўқиб юрган кезларидаёқ умуртқали ҳайвонлар зоологияси кафедрасида илмий ходим сифатида ишлаб, фан чўққиси пойига илк қадамларини қўйган эди. Университетни битиргандан сўнг Хоразм Давлат педагогика институтида ўқитувчи, Хоразм вилоят комсомол комитетининг котиби, Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Комитетининг инструктори бўлиб ишлади.

1958 йили илмий ишларини давом эттириш мақсадида СССР Фанлар академиясининг Ленинграддаги зоология институтига аспирантурага ўқишга кириб, ихтиология соҳасига ихтисослашгандан сўнг Ўзбекистон Фанлар академиясининг Зоология ва паразитология институтининг ихтиология ва гидробиология лабораториясида катта илмий ходимлик сифатида иш бошлади, ҳадемай ана шу лаборатория раҳбари даражасига етди.

1960 йили «Зарафшон дарёси ҳавзаси сув омбори балиқлари» мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлади. 1961 йили Ўзбекистон Министрлар Совети қошидаги балиқ заҳираларини муҳофаза қилиш бўйича Давлат инспекциясининг бошлиғи этиб тайинланди. Бу ерда икки йил ишлагач, ўзи таҳсил олган университетга қайтиб, Гидробиология ва ихтиология кафедраси доценти сифатида изланишларини давом эттирди ва 1970 йили «Ўзбекистон сув омборлари балиқлари ва уларда балиқчилик хўжалигини жорий этишнинг биологик асослари» мавзуида докторлик диссертацияси ёқлади. Орадан тўрт йил ўтгач, унга профессор унвони берилди.

Ғани ака меҳнат фаолиятининг кўп қисми Тошкент давлат университетининг Биология-тупроқшунослик факультети билан боғлиқ бўлди. Икки бор унинг декани, қолаверса устоз сифатида факультетнинггина эмас, балки университетнинг равнақ топиши, олимлар сафи кенгайиши, малакали мутахассислар тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшди. Унинг ташаббуси билан 1974 йили Ўзбекистон Давлат балиқчилик комитети қошида Балиқчилик хўжалиги илмий-тадқиқот институти ташкил этилди ва унга директор этиб тайинланди. Мунтазам илмий изланишлари давомида балиқчиликни ривожлантириш бўйича кўплаб илмий-амалий қўлланма ва тавсияномалар ишлаб чиқилди. Бундай тадқиқотлар натижасида етти монография ва 180 га яқин илмий мақола чоп эттирди, шу билан бирга кўплаб муаллифлик гувоҳномаларига эга бўлди.

Шунингдек, у ихтиология ва балиқчилик масалалари бўйича ўзбек энциклопедиясини тузишда фаол иштирок этди. Таниқли олим М.Очилов билан 7-синф ўқувчилари учун зоология фани бўйича янги дарслик ёзди. Жонкуяр ва талабчан илмий раҳбар сифатида 25 нафар фан номзоди ва фан докторини тайёрлади. Улар ичида ҳамюртларимиз ҳам йўқ эмас.

Кўп йиллик самарали меҳнатлари учун Ғани ака Комилов Ўзбекистон Олий Совети Президиумининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланди. 1990 йили унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» деган юксак фахрий унвон берилди.

Илмий изланишда, ёшларга устозлик қилишда тиниб-тинчимаган Ғани ака фарзандлар орзу-ҳавасини кўрай деганда бевақт ўлим уни орамиздан олиб кетди. Лекин унинг номи, меҳнати фанни ривожлантиришдаги яқинлари, ҳамкасблари, қалбида абадий қолди. Ҳозир унинг ишини шогирдларигина эмас, ўғиллари Бахтиёр ва Шуҳратлар давом эттирмокда. Улар ҳам танилган олимлардир.

Ғани ака, суҳбатлашиб қолганда у қариган чоғида албатта ўзининг қадрдон Ўшига қайтажаги, қарилик тоат-ибодатини шу заминда ўтказажаги, юрти бағрига бориб, унинг нафасига тўяжаги ҳақида қайта-қайта гапирар эди. Минг афсуски, бу орзу у кишининг ушалмаган армони бўлиб қолди…

 

Азизулло ЎРИНБОЕВ.

 

 

боғлиқ хабарлар