ҚАДРИЯТ 

ҲАСАНБОЙНИНГ ШЕЪРЛАРИ” туркумидан

АЁЛЛАР 

Сизга таъзим, минг бор ташаккур,

Орзуларга тўлган ҳаёллар.

Пойингизга боримни сочгум,

Ёр қадрини билган аёллар.

 

Уйим, жойим, рўзғорим дейсиз,

Камларимга шу корим дейсиз.

Юрагимнинг баҳори дейсиз,

Ёр қадрини билган аёллар.

 

Фарзанд билан сийлайди Аллоҳ,

Сўнг беради турли хил синов.

Ёрингизни қиласиз дуо,

Ёр қадрини билган аёллар.

 

Ҳеч ёмон гап чиқмас тиллардан,

Дуч келса гар тиконзорларга.

Истагим шу қувлашиб етинг,

Сон-саноқсиз хуш баҳорларга.

 

Бевафо ёр

Бевафо ёр сенинг ҳажрингда,

Олов бўлган юрагимга боқ.

Қанча ойлар, йиллар ўтса ҳам,

Ҳамон мени қийнайди фироқ.

 

Кўзларингнинг қароларида,

Адашган бир ошиғингдурман.

Камон қошинг жилоларига,

Жоним фидо, жон фидо дерман.

 

Эй, санамжон, юзингни нури,

Адо қилган не-не мардларни.

Ажабмаски севгим ёмғири,

Ювса кўнглингдаги гардларни.

 

Қайтариб бер, қайтиб бер менга,

Оқшомдаги оромларимни.

Қоғоз ила қалам ўлдурур,

Дилга тўлган армонларимни.

 

Нозик қўлинг ўзга бўйнини,

Кучганида аламдан ёндим.

Ўша лаҳза, ўша онларда,

Ишон икки дунёдан тондим.

 

Армон қори

Хаёллар олиб кетди шодликка бизни,

Лайлак парвоз учун қанотин ёзди.

Сиймосин ўйламай ҳар тонг мен учун,

Оппоқ қор устида куйлаган қизни.

 

Дилим такрорлайди мендан беамр,

Севдим, севдим деган оловли сўзни.

Важ йўқ оқланмоққа, билгил, эй гўзал,

Алам уйқусида мудраган кўзни.

 

Юзларинг нурлидир офтоб мисоли,

Жилванг ишвасидан ёришар дунё.

Не бор ошиқ учун бахтдан юқори,

Ҳамроҳим бўлмасин қуруқ бир саҳро.

 

Айбим севганимми сўйла эй гўзал,

Бахтингнинг тулпори чопиб толмасин.

Мен куйган шоирдан ягона тилак,

Бошингдан армоннинг қори ёғмасин.

 

Озор берганлар

Мол дунёга тўймас кўзлари,

Оламликдир айтган сўзлари.

Ҳақ олдида қаро юзлари,

Ҳожасига озор берганлар,

Рўзғорини бозор билганлар.

 

Етти ўлчаб бир бор кесмайди,

Садоқатнинг сеҳрин сезмайди.

Оиланинг қадрин билмайди,

Хожасига озор берганлар,

Рўзғорини бозор билганлар.

 

Етимларнинг сонин оширар,

Тиконзордан чаман қидирар.

Тақдирини айбдор қилар,

Хожасига озор берганлар,

Рўзғорини бозор билганлар.

 

Аёл зоти палахмон тоши,

Ҳеч сўнмасин меҳр қуёши.

Оқизмасин фарзанд кўз ёшин,

Хожасига озор берганлар,

Рўзғорини бозор билганлар.

Ҳасанбой Эргашбой ўғли,

Бозорқўрғон шаҳри.

 

боғлиқ хабарлар