ЎШ ТЎЙЛАРИ: КЕЧА ВА БУГУН
Ўзбек халқининг тарихий-маънавий мероси ичида тўй маросимлари алоҳида ўрин тутади. Уларда халқнинг дунёқараши, руҳияти, қадриятлари, ижтимоий тараққиёти ва урф-одатлари мужассам. Асрлар давомида тўй анъаналари нафақат сақланиб, балки янги давр эҳтиёжларига мос тарзда янгиланиб келди. Зеро, тўй – фақат икки ёшнинг бирлашуви эмас, балки бутун жамоанинг бирдамлик ва ҳамжиҳатлиги ифодасидир.
Оилавий маросимлар узоқ даврлар мобайнида тараққий этган қадимги маданият негизида халқ донишмандлиги ва анъаналаридан бири сифатида шаклланган. Тарихдан таркиб топган анъана, урф-одат, расм-русм, таомил, маросимларнинг вужудга келиши муайян бир миллат билан боғлиқ бўлади.
Никоҳ билан боғлиқ тўй маросимлари, никоҳ тўйи келинни танлаш ва унинг уйига совчиликка боришдан бошланади. Ўшда қариндошлари ва қўшнилари билан этник ва табақавий эндогам никоҳ иттифоқини ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Келинни танлашда унинг хулқи, ёши, ташқи кўриниши, яқин қариндош-уруғлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу жараёнлар «қиз кўриш», «уй кўриш» маросимлари орқали амалга оширилади. Келин танланганидан кейин «нон синдириш» маросими ўтказилиб, унда келиннинг уйига кекса, ҳурматли аёллардан икки-учтаси борган ва келишув белгиси сифатида нон синдирган. Ўшда бу маросим ҳозирда фотиҳа тўйи билан бирга ўтказиладиган бўлиб, унга яқин қариндошлар, қўшнилар таклиф қилинади.
Барча тарихий босқичларда тўйнинг негизи – никоҳ ўқитиш бўлган. Шўро ҳукуматининг тақиқларига қарамасдан, бу маросим доим ими-жимида ўтказиб келинган. 20-йиллардан сўнг (қўшимча равишда) ЗАГСда қайд эттириш, кейинчалик никоҳ уйларида ЗАГСдан ўтиш жорий қилинган.
Ўзбек тўй маросимлари исломгача ва исломий удумлар билан қоришиб кетган. Исломиятдан аввал улар магик характерга эга бўлган. Жумладан, ёшларни ёмон кўздан ва бало-қазолардан асраш учун гулхан атрофида айлантиришган, бошлари узра катта ёпинғич тутишган. Махсус удумлар гўёки икки ёшнинг фаровон турмуш кечиришларини (ёшларга ширинлик ва тангалар сочилган), серфарзанд, ували-жували бўлишларини (болаларни тиззага ўтқазишган, пишган тухум билан меҳмон қилишган) таъминлаши лозим бўлган. «Кўрпа қавиш», «маслаҳат оши», «сабзи тўғрар», «чипрон» ва бошқа удумларни худди илгаригидек қариндошлар, қўшнилар даврасида ўтказиш анъанаси сақланиб қолган. Шу билан бирга бу удумларга бир қанча янгиликлар кириб келган, хусусан тўй танталарида аёллар ва эркаклар бирга қатнашадиган, тўйга профессионал артистлар таклиф этиладиган бўлди.
Ўшда 20-асрнинг 90-йиллар охиридан бошлаб тўйлар ресторан ва кафеларда ўтказила бошланди. Келин-куёв либослари ҳам ўзгариб, келинларнинг қалин рўмоли ўрнини замонавий мода асосида фата эгаллади, бироқ куёв кийимида миллий чопон ва дўппи сақланиб қолди. Тўйга таклиф қилинадиганлар таркиби ҳам ўзгариб, унда қариндошлар, маҳалла, қўни-қўшни қаторида, ҳамкасб ва бирга ўқийдиганлар иштирок этадиган бўлди. Урушдан кейинги йилларда кўпгина архаик характердаги одат ва удумлар, маросим иштирокчилари ташаббуси билан янгиларига ўзгартирилди. 70-80-йилларда шаҳарнинг ёдгорлик ўрнатилган жойларига гул қўйиш, суратга тушиш (кейинчалик видеотасмага), келин-куёвнинг бир-бирига узук тақиш анъаналари кириб келди. Шунингдек, шу йилларда Ўшда келинга қилинадиган сеп таркиби ҳам анъанавий буюмлар қаторида, сервизлар, мебел гарнитурлари ва музлаткичлар ва бошқа билан бойитилди. Никоҳ тўйининг сўнгги босқичи келиннинг янги оилага кириб келиши, қариндошлар билан танишиши, «келин салом», «юзочти» (Ўшда ушбу маросим “ёғсолди” деб аталади) «отакўрди», «чақириқ» билан якунланади. 2000 йиллардан кейин тўй маросимларининг кўп чиқимлилиги сабаб, Ўшда отакўрди ва чақириқ оз киши иштирокида ўтказиладиган бўлди.
Ўшда никоҳ тўйи ва хатна тўйи (ўғил тўй) муносабати билан наҳорда шўрва бериш узоқ даврдан бери одатга айланган. Тўйдан аввал махсус ер ковланиб, ош ёки шўрва тайёрлаш учун алоҳида ўчоқ қазилар эди. Никоҳ тўйида ўғил томонда эрта тонгда шўрва пиширилади, бу анъана фақат ўшликларга хос. Бу эса Ўш тўй маданиятидаги энг муҳим рамзлардан бири. Бу одатга ҳозир ҳам муайян ўзгаришлар билан амал қилиб келинади.
Илгариги Ўш тўйларида, айниқса никоҳ тўйлари эрта тонгдан бошланар, карнай-сурнай наволари маҳалла аҳлисини уйғотиб, янги ҳаётга қадам қўяётган оила учун умумий даъват вазифасини ўтарди. Тонг қоронғуси пайтида бутун маҳалла, ҳатто 3-4 маҳалла нарисига ўтиб, машинада айланиб, “Полончи аканикига тўйга” деб жар солар эди. Шу орқали узоқдаги маҳаллаларга ҳам тўй бошлангани ҳақида хабар берилар, бу анъана жамоавий ҳаётнинг тириклиги ва қувончнинг барчага тенг тақсимланишини кўрсатувчи муҳим ижтимоий механизм бўлган.
Қиз узатиш тўйларида эса маросим нисбатан бошқача тартибда – аср вақти атрофида ош тарқатиш билан ўтарди. Бу вақт танлови ҳам анъанавий маданиятда ўз мантиғига эга: қизни узатиш тинч, баркамол ва нурли пайтга тўғри келтирилган. Бу орқали маросимнинг ижтимоий мазмуни ва символик қиммати юксак даражада сақланган.
Ўшлик ўзбекларнинг оилавий маросимлари ичида энг катта тўй маросими хатна (суннат) тўйи ҳисобланган. Совет тузумида ушбу маросимни йўқотишга ҳаракат қилинган. Аммо у барча оилаларда яширин равишда ёхуд қандайдир маросимларга (бобосининг юбилейи, туғилган кун ва бошқаларга) қўшилган ҳолда ўтказиб келинган. Хатна тўйида кўплаб урф-одат ва маросимлар бажарилган. Айрим жойларда ўғил тўйи 4-5 кун давом этган. 70-80-йилларда барча турдаги тўй маросимларини ўтказиш Ўш аҳолисининг маълум қатлами томонидан ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўйилиши билан ажралиб турган. Бадавлат оилалар тўй маросимларини ўтказишда ўз моддий имкониятини бошқаларга кўз-кўз қилиш, жамиятдаги обрў-эътиборларини мустаҳкамлаш йўлида фойдаланганлар. Буларнинг барчаси аҳолининг қолган қатламида норозилик келтириб чиқарган. Давлат ва жамоатчилик, маҳалла аҳли томонидан ушбу ҳол қораланиб, анъанавий маросим мазмун-моҳиятига зид бўлган исрофгарчилик ва дабдабабозликка чек қўйиш бўйича чора-тадбирлар кўрилган.
Хатна тўйидаги энг диққатга сазовор нуқтаси — болаларнинг тўйда махсус амалга оширадиган қизиқ бир удумни бажаришган. Улар хўрозни сўйиб, қонини оқизиб, меҳмонлар оёғига боғлар, «ўўўўў» деб бақиришар эди. Бу орқали улар меҳмонлардан пул тўплашар, тўпланган пулга «тўйболага» олиб бериладиган ўйинчоқ ва бошқа зарур буюмлар харид қилинар эди. Афсуски, хатна тўйи ва унга боғлиқ удумлар замон оқимида йўқолиб кетди. Ҳозирда бу тўйдан бирон ном-нишон, ёки хотира қолмаган.
Хатна тўйининг ўзига хослиги шунда эдики, эрталаб нонуштага шўрва берилар, тушдан кейин эса ош тарқатилар эди. Ҳозир маҳаллий маданиятнинг муҳим бир қисми йўқолди, миллий анъаналар сусайди. 2000-йиллардан бошлаб Ўшда хатна тўй билан бешик тўйи бирлаштирилиб, ақиқа тўйи қилишга ўтилди.
Илгари тўйлар фақат дабдаба эмас, балки жамоавийлик, қўшничилик ва маданий бирликни таъминловчи омил эди. Болаларни тўйга етаклаб келиш эса авлодлар алоқасининг табиий мактаби эди. Бола тўйда кўриб-эшитиб, ўз халқи маданиятини ҳис қилар, бу унинг миллий тарбиясида муҳим тарбиявий омил бўлган. Ҳозирда болаларнинг тўйдаги иштироки деярли барҳам топди. Уларга “шовқин кўп”, “зиёфат узун” деган баҳоналар билан маросимдан четлашиш кўрсатмалари берилади. Аммо бу орқали маданий узлуксизликка жиддий зарба берилаётганини кўплар англамайди. Боласиз тўй – келажакка узатилмаган анъана, узилиб қолган хотира дегани.
Бугунги кунда Ўш тўйларидаги кўп удумлар аста йўқолиб, тўйнинг ижтимоий-психологик ва маданий мазмуни тижоратлашув остида қолаётгани кузатилади. Тўйлар ресторанга кўчди, хизмат пулга айланди, қўшни эмас, пул ҳал қилувчи омилга айланди. Тўйхоналар кўпайди, маросимларнинг сунъий ёритиладиган бўлди, телефон ва камераларнинг ҳукмронлиги, диджей мусиқаларининг юқори шовқини — барчаси тўйнинг маънавий қиёфасига таъсир қилмоқда. Илгарги тўйларимиздаги эрта тонгда карнай-сурнай навоси ўрнига ҳозирда тўйлар шовқин-суронсиз ва жимжитлик билан бошланади, бу эса миллий тўй руҳининг сўнишига сабаб бўлаяпти.
Жарчилар жар солиб маҳаллалараро айланишнинг йўқолиши қўшничилик муносабатларини ҳам заифлаштирди. Илгарилар тўй овозини эшитиб, маҳалла ва атроф уйлар “бизга ҳам қувонч етибди”, деб ўз-ўзидан маросимга қўшиларди. Бугун эса тўйлар кўпинча ёпиқ даврада, фақат таклифнома асосида ўтади, маҳаллани бирлаштирувчи руҳ камайиб бормоқда.
Ўш тўйлари эндиликда қайта жонланиши, қайта мазмун билан тўлдирилиши лозим. Тўй – халқнинг ижтимоий хотираси, руҳий бирлиги ва қадриятларининг тирик мероси. Уни асраш келажак авлоднинг маданий ўзлигини асраш билан баробар. Қадимий одат, аънана ва удумларимиз замонавий ҳаётга зид эмас. Аксинча, улар ҳаётни мазмунли ва маънавиятли қилади. Демак, тўйни ўз моҳиятига қайтариш фақат анъанани сақлаш эмас, балки ўзига хос маданий уйғонишни бошлаш демакдир.
Одилжон Дадажонов
