СОВЧИ ҚЎЙГАН АЁЛ
(воқеий ҳикоя)
Баҳорда бирон сиҳатгоҳга бориб асабларга ором бериш, вужуднинг ҳаста жойларини ғуборлардан тозалаш одатга айланган. Май ойи баҳорнинг чўққиси, деса бўлади. Қўчқорота шаҳри юқорисида, адирлар бағрида жойлашган сиҳатгоҳ шу ойда жуда гаштли бўлади. Қияликка экилган дарахтлар сояси йилт этган қуёш нурини ўтказмайди. Майин шабада турфа гуллар ифорини димоққа олиб келади. Қалин дарахтзор қўйнидаги қушлар хониши завқу шавқни оширса, гоҳ-гоҳ савалаб ўтадиган ёмғир дил ғуборини ювиб кетгандек бўлади, хуллас, мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оласан.
Кунлик муолажаларни тамомлаб, пешиндан сўнг оромбахш боғ қўйнига йўл олдим. Катта қайрағоч остини мўлжаллаб борсам, у ерда икки йил аввал шу сиҳатгоҳда оз фурсат бўлса-да бир хонада дам олиб, даволанган ва жуда қадрдонлашиб кетган бургандилик танишим Туробиддин ўтирарди.
– Омонмисиз, қадрдон дўстим, – дея уни бағримга босдим. Юзларидан нур ёғилиб турган, қомати тик, бўй-басти келишган, соч-соқоли ўзига ярашган, ёши олтмишлардан ўтса-да тишлари текис, қошлари қоп-қора, кўзлари кулимсираб тургандек кўркам эди у. Суҳбати ширин, сўзлари ёқимли бу инсоннинг ибратли ҳаёт йўли менга ёқиб қолганди. Уни кўргач икки йил аввалги хотиралар ёдга тушди. Туробиддин илгари колхозда агроном бўлиб ишлаб, хўжалик фаолларидан бўлган, пахта ва бошқа экинлар ҳосилдорлигини оширишда билим ва тажрибасини аямаган, мустақиллик йиллари эса “Умид” деган деҳқон хўжалигини ташкил қилган экан. У билан бир хонада туриб, бирга боғ кезиб, ишимиз ва ўқишимиз, оиламиз ҳақида узоқ суҳбатлар қурганмиз.
Бир кун у менга шундай ҳикоя қилган эди: “Домла, бу ўткинчи ҳаётда тақдирга нималар битилганини Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмас экан. Мактабда, институтда бирон касб-кор эгаси бўлай, ҳаётдан ўз ўрнимни топай, дея интилиб ўқидик, ишладик, оила қурдик. Менинг ҳам ҳамма қатори ҳовли-жойим бор. Уч ўғил, икки қизли бўлдик. Уларни ўзлари истаган касб ва ҳунарга ўқитдим. Ўғилларни уйлаб, алоҳида участкага уй қуриб бердим, севган касбларида ишламоқда. Бир ўғлим ёнимда, деҳқон хўжалигини бошқаряпти. Қизларим оилали. Ҳаётимда афсусланарли жойим шундаки, барини ўрни ўрнига қўйиб, набиралар дунёга кела бошлаганда умр йўлдошим Қаноатхон оламдан ўтди. Ёлғизлик қийин экан. Фарзандларимдан жуда миннатдорман, умрлари зиёда бўлсин. Кўнглимни топиш учун доим атрофимда парвона бўлишади. Ҳажга ҳам юборишди. “Уйланинг, дада, биз асло қарши эмасмиз, иккинчи онани ҳам ўз онамиздек кўрамиз, сизлар бахтимизга соғ-саломат юрсангизлар, бошимиз осмонда бўлади,” дейишди. “Олтимишдан ўтган эркакни қайси аёл хушлайди”, деб кўнмай юрдим. Уч йил аввал шаҳарлик катта қизим фарзандлари Россияга кетиб, ёлғиз яшаётган бир аёлнинг розилигини олди. Никоҳланган кунимизнинг эртасигаёқ ҳалиги аёл билан дастурхон устида овқатланиб ўтирар эканмиз, мулойимлик билан гап бошлади:
– Туробиддин ака, мен сизни деб шу хонадонга келдим. Бундан буёнги умрга кафолат йўқ. Шу хонадоннинг муқим аъзоси бўлиб яшашим учун менга ҳам биронта арзигулик мерос қолдирсангиз, деган ўтинчим бор. Ҳовли катта экан, анави чеккадаги уйда иккаламиз яшасак ва уни менинг номимга расмийлаштирсангиз”, – деди кўнглимни ўзи томон ағдариш пайига тушиб. Бир кунлик “келинчак”нинг бу гапи жахлимни чиқарди.
– Кеча келиб, бугун шу гапни айтишга уялмайсизми? Ахир мени, фарзандларимни ҳали яхши билмайсиз-ку. Ким аввал бу дунёни тарк этишини худо билади. Сиз бу уйга фақат мол-дунё орттириш учун келдингизми? – дедим унинг дилидаги мақсади аён бўлиб қолганини сезиб.
Ўша куниёқ олиб келган нарсалари билан ўзини ҳам машинага солиб, жўнатвордим. Қизларим яна аёл топиш ҳаракатига тушишганда, уларга: “Энди овора бўлманглар, бугунги кўпчилик беваларнинг нияти бир эркак билан тақдирини боғлаб яшаш эмас, аксинча, унинг мол-дунёсига эга бўлиш экан”, деб уйланишга кўнмадим. Ҳечким кўз очиб кўрганидан қолмасин экан, домла”, – Туробиддин намланган кўзларини артди. Мени ўзига яқин билиб юрак тубидаги дардини тўкиб солган одамни юпатиш, кўнглига таскин бериш учун дурустроқ сўз айта олмагандим ўшанда.
***
– Бормисиз, яна кўришар кун бор экан-ку, – дедим унинг ёнига ўтирарканман. – Сиҳатгоҳдан кетгач, олти ой ўтиб, Қурбон хайити билан табриклай, деб сизга қўнғироқ чалдим. Аммо телефон ўчиқ, деган жавоб олдим. Бургандининг қайси қишлоғидан эканингизни билмас эканман.
– Телефоним эҳтиётсизлигим туфайли анҳорга тушиб кетди. Сизнинг номерингиз ҳам ўша телефонда эди, – деди у.
Бир-биримиздан ишларимиз, оиламиз, саломатчилигимизни сўрадик, бошқа мавзуларда узоқ суҳбатлашдик. Туробиддин учун ҳаётидаги ўтган икки йил қувончли ўзгаришларга бой бўлибди. Улардан энг муҳими – ўзига муносиб аёл топилиб, ҳозир шу ерда бирга дам олишаётган экан. Ундан умр йўлдоши ҳақида сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдим, ўзи гап бошлаб қолди:
– Домла, икки йил аввал худди ҳозиргидек баҳорда шу боғда суҳбат қурганимиз ёдингизда бўлса керак. Ўшанда биз эътибор бермаган эканмиз, шу ерда дам олаётган икки аёл орқадаги скмейкада ўтириб, суҳбатимизга гувоҳ бўлибди. Сизнинг дам олиш муддатингиз битиб, олдинроқ кетиб қолдингиз. Икки кун ўтгач, хонада китоб ўқиб дам олаётсам, ўрта яшар бир аёл изн сўраб кириб саломлашди ва ўзини таништириб, исми Ҳидоятхон эканини айтди. Унга хуш келибсиз, ўтиринг дегунимча тортиниброқ гап бошлаб қолди:
– Ҳожи ака, ёнингизга рухсатсиз кирганим учун узр. Мен бир аёл номидан вакилман, тўғрироғи совчиман.
Унинг бу гапи мени сергаклантирди. Кимга совчиликка келдийкин? Мени, оиламни танирмикин? Қизларим узатилган, набираларим ҳали бўй етмаган бўлса. Шу ўй хаёлимдан ўтиб, бироз сукутда қолдим.
– Узр, ҳожи ака, – деб сўзини давом эттирди аёл. – Бу гап сизни ўйлантириб қўйди чоғи. Гапни чўзиб ўтирмайман. Мен билан дам олаётган Манзура дугонамга жуда ёқиб қолибсиз. У эллик ёшларда. Агар маъқул келса, сиз билан бош қўшмоқчи. Хабарингиз бор, суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам Ҳадича онамизга ёқиб қолиб, хизматчиси Майсарани совчи қилиб юборганлар.
Бу гаплар мени ўйлантириб қўйди. Қизиқ, аёл зоти ҳам эркакка совчи қўядими? Менинг нимамни хуш кўрди экан? Қандай фазилатим ёқиб қолди? Менга тегиб, бирон манфаатни кўзламасмикин? Мана шу каби ўйлар миямда чарх ура бошлади.
– Кечирасиз, Ҳидоятхон синглим, бугунги бева аёлларга ишониш қийин. Беш-олти кун хотин бўлгач, жуфтакни ростлаб қоладиганлари кўпайиб кетди. Дугонангизнинг нияти нима, бу менга қоронғу.
– Ҳожи ака, дугонам сиз ўйлаган аёллар тоифасидан эмас, педагогика институтини тамомлаган, намозхон аёл. Уни ўзидан ҳам яхши биламан. Ҳаёт машаққатларини кўп тортган. Ота-онаси суймаган йигитга узатган. Эри рашкчи, ичувчи бўлиб, кўп азоб берган. Бир қизли бўлгач, ажрашди. Қизи улғайди, у ҳам ўқитувчи. Бир фарзанди бўлса ҳам дугонамга уйланаман деган эркаклар кўп бўлди. “Юрагимни ишғол этган эркакни ҳали учратмаяпман, қалбим амр этган эркакка ўзим совчи бўлиб бўлса ҳам тегаман”, деб йилларни ўтказди. Қизи Нилуфар курсдошига турмушга чиқиб, қишлоғидаги мактабда ишлайди. Қизи доим, “Ая, турмушга чиқинг, мен қарши эмасман”, деб кўп бора айтди. Аммо дугонам ўзига ёққан эркакни эллик ёшларга етганда шу ерда, сиҳатгоҳда учратди. У ҳам бўлса – сиз, ҳожи ака.
Бу янгилик бир жиҳатдан мени қувонтирса, иккинчидан, ўйлантириб қўйди. Фарзандларим уйланишимга қарши эмас, аммо ўзи харидор бўлган аёлга қандай қарашаркин?
– Ҳидоятхон, аввало, яхши хабар келтирганингиз учун рахмат. У ҳам, мен ҳам турмуш қурганмиз, кўп нарсани тушунамиз. Яхшиси дугонангиз билан учрашсак, кейин бир қарорга келармиз.
Эртаси куни ўша боғда Манзурахон билан учрашдик. Аёлнинг бироз тўлишганини ҳисобга олмаса рухсорида кемтик йўқ, ажинсиз, мафтункор қуюқ қора кошлари ва кўзлари, садафдек тишлари бутун гўзаллигини кўз-кўзларди. Кийган кўйлаги, ўраган рўмоли ўзига жуда ярашган. Нақ хаёлимдаги аёл. Бироз ҳаяжонландим, ичимда севишга-севилишга лойиқ аёл экан, деган ўй ўтди. У мен билан ийманиб саломлашди.
– Манзурахон, дугонангиз айтган гаплар тўғрими? Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деган гап бор. Айрим бева аёллар бирон манфаатни ўйлаб эрга тегишади. Ҳаётдаги бу каби ҳолатларни сиз яхши биласиз. Ишқилиб, беш кунлик келин бўлиб мени ташлаб кетмайсизми? – деб гапнинг лўндасини айтдим.
– Ҳожи ака, аввало, Оллоҳ ҳаммасига гувоҳ, – дея рўмолининг бир учини ушлаб сўз бошлади у. – Умримда ёлғон гапириб бировни алдаган аёл эмасман. Дугонам барини тушунтирибди. Шу ёшга етиб, бирон эркакни ёқтирмаган эдим. Ёшимга нисбатан ножоиз бўлса ҳам шуни очиқ айтаманки, сизнинг кўринишингиз, кийинишингиз, намозхонлигингиз менга ёқиб қолди. Ўзим ёқтириб, харидор бўлаётган эканман, ишонинг, сизни алдаб ёки ташлаб кетмайман. Худо яна қанча умр берган бўлса, ёнингизда садоқатли ҳамроҳингиз бўламан. Ҳамма гапдан фарзандларингизни хабардор қилинг. Натижасини менга айтарсиз.
– Шундай қилиб, домла, дам олишдан боргач, ўғил-қизлар билан маслаҳат қилдик, улар Манзурахон билан гаплашишди. Унинг шартлари, бизнинг шартлар ўртага ташланди, ўзаро бир фикрга келдик. Никоҳимизни элга ошкор қилдик. Мана икки йил бўлди, ундан жуда розиман, ўғил-қизларим, набираларимни ўзиникидан зиёда кўради. Жуда пазанда, ёқамни кир қилдирмайди. Қаноатхондан кейин иккинчи бахтимни топдим деб ўйлайман. Энди хонамизга юринг, Манзурахоннинг қўлидан бир пиёла чой ичинг, – деди Туробиддин.
***
Икки кишилик саришта хонада Манзурахон чой дамлаб турган экан.
– Келинг ҳожи ака, яхши дам олаяпсизми, дўстлар яна топишиб олибсизлар-да, – деди кулиб.
Туробиддин таъриф бергандай Манзурахон кўркам, келишган аёл экан. Анча гаплашиб ўтиргач, дуога қўл очиб:
– Қўша қаринглар, яхши кунларда учрашайлик, – дея тилак билдирдим.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,
Жалолобод вилояти,
журналист.
