БИЛОЛ ҚОРИ
Билол қори Миробиддин ўғли 1936 йил 29 октябрда Ўшнинг Тошлоқ маҳалласида таваллуд топган. Бу маҳалла ўша даврда диний муҳит, зиёли аҳолиси ва анъанавий маданияти билан танилган ҳудудлардан бири эди.
Отаси Миробиддин атторлик билан шуғулланган ва масжидда муаззин сифатида хизмат қилган. Шу сабабдан маҳалла аҳли уни “Миробсўпи” деб атаган. Шу муҳитда улғайган Билол ака болалигидан Қуръон ва илм руҳида тарбия топди. Бу муҳит унинг диний ва маънавий йўлини белгилаб берди.
1951-1957 йилларда Билол қори Қорабой қори домла қўлида дастлабки диний таълимни олди. Қорабой қори Ўшдаги энг нуфузли уламолардан бири бўлиб, улуғ шогирдлар етиштирган.
Шундан сўнг Билол қори Бухородаги Мир Араб мадрасасида, кейинроқ Андижон ва Тошкент мадрасаларида ҳам ўқиб, диний билимини оширди. Бу йиллар у учун нафақат илм, эътиқод ва сабр мактаби бўлди.
1960 йиллардан Билол қори Ўш шаҳридаги “Дўнгкўча” масжидида имом сифатида диний фаолиятини бошлади. Бу давр – динни очиқ тарзда тарғиб этиш учун энг қийин, мафкуравий назорат кучли бўлган йиллар эди.
Совет даврида “атеистик тарбия” сиёсати олиб борилиб, ҳар бир ташкилотда динни “жамият учун зиён ” сифатида талқин қилувчи маърузалар ўқиларди. Шу вазиятда Билол қорининг диний фаолияти фақат маъруза ёки имомлик билан чекланмаган, балки халқ онгини уйғотиш, исломий қадриятларни сўнмас ҳолда сақлаб қолиш вазифасини бажарган.
Унинг нутқлари, маърузаларида диний маънолар билан бирга миллий руҳ, ахлоқ, инсонпарварлик ғоялари ҳам асосий ўрин тутарди. У қийин шароитда ҳам “динни осонлаштириб етказиш”, халққа маънавий таскин бериш тамойилини ўз фаолиятининг марказига қўйган. Бу жиҳатдан у Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар” деган ҳадисини ҳаётий дастур сифатида қабул қилган.
1980-йиллардан бошлаб Билол қори Ўш шаҳридаги “Работи Абдуллахон”, “Ёнғоқлиқ” (Имом Бухорий), “Сирожиддин”, “Имом Аъзам” жоме масжидларида бош имом-хатиб сифатида хизмат қилди. Унинг маърузалари жамоат олдидаги таъсири билан ажралиб турарди.
Тингловчилар гувоҳлигича, у кишининг нутқлари жонли, ҳаётий мисоллар билан бойитилган бўлиб, эҳсон ва ҳалоллик, поклик, аҳиллик каби мавзуларни инсон қалбига яқин услубда етказарди. У баъзан ҳафсалабозлик ёки расмиятчиликдан узоқда, юмор ва самимият орқали эътиқодни инсон руҳига сингдириш йўлини тутган.
Билол қорининг нутқи халқона, шу билан бирга илмий асосга эга экани унинг маърузаларини бошқа уламолардан ажратиб турарди. Шу сабабли уни нафақат жамоат, балки илм аҳли ҳам катта ҳурмат билан қабул қиларди.
Шайх Раҳматулло домла Қосимов Билол қори ҳақида шундай дейди:
“Билол қори Миробиддин ўғлини биз нафақат ўқимишли ва зукко уламо сифатида, балки қалби нурга тўла, сўзи таъсирли, ҳаёти ибратли бир инсон сифатида биламиз. У киши ҳар бир сўзини аввало қалбдан чиқарар, шунинг учун ҳам тингловчиларнинг қалбига етиб борар эди. Билол қори домланинг нутқлари шунчалик самимий бўлардики, бир масжидга тўпланган минглаб одамлар бир вақтнинг ўзида кулиб ҳам, йиғлаб ҳам юборишар эди. Бу унинг каломидаги самимият, виждон ва маънавий кучнинг исботи эди.
У киши илмни нафақат ўқиб, балки амал билан ҳам исботлаган уламо бўлган. Ҳар бир масалада шариатни устувор қўйган, аммо уни халқ онгига енгил ва таъсирли услубда етказа олган. Билол қори домла камтар, хазилвон, бироқ жуда қаттиқ эътиқодли инсон эди. У киши Шўро даврининг қийин йилларида ҳам Ислом маърифатини тарғиб қилишдан қайтмади, турли тўсиқ ва таъқибларга қарамасдан, қалбларда имон чироғини ёқишни давом эттирди.
Биз унинг ҳар бир суҳбатидан, ҳар бир воизлигидан сабоқ олдик. Илмга ва инсонларга бўлган меҳри билан у уламолар сафида ўзидан ўчмас из қолдирди. Бугун орқага назар солсак, Билол қори Миробиддин ўғли каби инсонлар Ислом маърифатининг ҳақиқий посбонлари бўлганини англаймиз. Улар халққа динни даъво билан эмас, меҳр билан етказган эди…”
Билол қорининг фаолиятини таҳлил қилганда, уни фақат диний шахс сифатида эмас, балки маънавий барқарорликни таъминлаган жамоат арбоби сифатида баҳолаш мумкин. Унинг нутқлари жамиятда маънавий иммунитетни кучайтирган, эътиқод билан бирга миллий ўзликни сақлаб қолишга хизмат қилган.
Совет мафкурасига қарши очиқ курашмасдан, аммо маънавий жиҳатдан халқ онгини ҳимоя қилиш – бу ўзига хос “маънавий муҳораба” шакли эди. Шу маънода Билол қори Миробиддин ўғли диний арбобгина эмас, балки маънавият ва маърифатни асраб қолган фидойи шахс сифатида ҳам баҳоланади.
Билол қори Миробиддин ўғли 2013 йилда вафот этди. Унинг жанозасини Шайх Аловуддин Мансур ўқиган. Ўшдаги “Қайирма” қабристонига дафн этилган.
Тарихий нуқтаи назардан, Билол қори шахси Совет даври ислом тарихининг муҳим бир қисми ҳисобланади. Унинг фаолияти диний таълим ва маърифий ишларнинг узвийлигини сақлаб қолиш, халқ орасида исломий қадриятларни жонли ҳолда сақлаш, шу орқали миллий ўзликни мустаҳкамлашга хизмат қилган.
Билол қори Миробиддин ўғлининг ҳаёти ва фаолияти шундан далолат берадики, дин фақат ибодат эмас – балки маърифат ва маънавий жасоратнинг кўринишидир. У киши бутун умрини ана шу жасоратга бағишлади.
Одилжон Дадажонов