”ОЧУН”НИНГ ОЧИЛИШИ

    Ҳар бир яхши китобнинг чоп этилишини миллат маданиятининг олға юксалиши йўлида босилган бир қадам, деб баҳоласа бўлади. Кеча, 19 февраль куни Тошкентда,  Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг катта залида ватандошимиз, таниқли ўзбек шоири Авлиёхон Эшоннинг “Очун” деб номланган тўплами тақдимоти зўр шукуҳ билан ўтказилди. Зеро китоб бугунги ўзбек поэзиясининг сара асарларидан бири сифатида эътироф этилаётир.

Шеъриятда ўз йўлига, ўз услубига эга бўлган Авлиёхоннинг китоби тақдимотини Миллий кутубхона директори Умидахон Тешабоева очиб, ўзбек адабиётидаги энг яхши асарлари тақдимоти, муҳокамаларини ўтказишга кутубхона ҳамиша алоҳида аҳамият бериб келаётганини айтиб ўтди. “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси бошловчилигида ўтган ушбу тақдимотда Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, “Ватандошлар” жамоат фонди раҳбари Одилжон Сатторов, профессор Улуғбек Ҳамдам, таниқли адиблар Фахриёр, Эшқобил Шукур, Азиз Саид, Абдулла Вахш, Китоб ношири Абдуғофир Искандар ва бошқалар сўзга чиқдилар, шоирнинг шеърларидан намуналар ўқилди.

Авлиёхон Эшон ижодининг моҳиятини очишга энди-энди дастлабки қадамлар қўйилиб келаётибди. Қуйида таниқли ёзувчи, филология фанлари доктори, профессор Улуғбек Ҳамдамнинг Авлиёхон Эшон қаламидан чиққан айрим шеърлар таҳлилига бағишланган мақоласини тақдим этамиз.

Зуҳриддин Исомиддинов

 

ЖАМИЯТ КАТТА ШОИРЛАРИНИ БИЛМОҒИ КЕРАК

(Авлиёхон Эшон шеъриятига айрим чизгилар)

Гапнинг дангали – шоир Авлиёхон Эшонни “Ижтимоий тармоқлар”да эълон қилинган шеърларидан танидим. Аслида, у ўтган асрнинг 90-йиллар аввалидаги талотўплар бошланмасидан буруноқ профессионал шоир бўлиб танилган-у, жамиятдаги оламшумул эврилишлар шовқинида етарли даражада кўзга ташланмай қолган экан. Ҳар ҳолда, мен учун шундай бўлган, чамаси. Бу ёғи, у чет элда – қўшни Қирғизистон Ўш вилоятининг Боткентида яшаса, шоирни “таниш” вақти анчагача чўзилганини тушуниш мумкиндек. Ниҳоят, унинг уч-тўрт шеърини ўқидиму қаршимда профессионал шоир турганини англадим. Мана, қўлимизда шоирнинг “Муҳаррир” нашриётида чоп этилган “ОЧУН” тўплами.

Ҳозир эринмаган одамки бор, ёзувчи, шоир, блогер, таҳлилчию танқидчига айланган. Бироқ уларнинг аксари ҳаваскорлик мақомида. Назаримда, бундан буён “профессионал” ва “ҳаваскор” деган атамаларни фаолроқ, жиддийроқ ишлатишимиз керакка ўхшайди. Токи, А. Эшондек ўз ишининг профессионаллари ҳаваскорлардан фарқлансин.

“Очун” китоби “Муҳаббат” шеъри билан очилган: 

Кўксимга сездирмай кирган оққушлар

Кўзлар косасида элтадилар сув.

Оппоқ булутларни кийган юрагим,

Соғинч дарёсида юзларингни юв,

Муҳаббат келмоқда,

муҳаббат – сулув.

 

Шеърда кечинма образли ифода қилинган. Умуман, образлилик А. Эшон шеъриятига ўта хос хусусият. Образлилик санъатнинг барча турларию жанрларига хос хусусият, албатта. Образлилик, интенсив тасаввур ва тафаккур – адабиётнинг жон томири. Бироқ Авлиёхон Эшон шеърияти тўғрисида гап кетганда, “қуюқ образлилик” иборасини ишлатиш мақсадга мувофиқдир, эҳтимол. Чунончи, юқоридаги шеърда ташбеҳлар устма-уст келади, уларни “мағзини чақиб”, “ҳазм қилиб”, эстетик завқ олиш учун ўқувчининг ҳар бир бандда енгил тин олишига тўғри келади. Ахир, ўз вақтида 70-йиллар авлодининг авангард шоирларидан Ш. Раҳмон “рубобий шеър”, яъни “кўнгил шеъри”, “соф лирика” ёзсам дея орзую армон қилган эди. Ёзганди, албатта. Бироқ ўзи истаган даражада эмас, балки оз миқдорда. Чунки у вақтлар жамият ҳаёти қайнаб турган симобга айлана бошлаган, бас, шоир унинг муаммоларини ҳал қилишга бел боғлаб, “қиличдек кесгир” сўз айтишга ўзида мажбурият ҳис қилгану ижтимоий-сиёсий шеърлар битганди. А. Эшон шеърлари эса, кўпроқ Ш. Раҳмон орзу ва армон қилганидек, кўнгил шеърларидан иборат. Эҳтимол, А. Эшон бошқа республикада яшаётгани боис ҳам қони силқиб турган муаммоларга тўғридан тўғри аралашишга истиҳола қилгандир, эҳтимол, унинг худо берган табиати шундайдир. Нима бўлганда ҳам, кузатишлар шоирнинг кўпроқ “рубобий шеър” билан машғул бўлганини кўрсатмоқда. Албатта, бу бир мулоҳаза, холос.

Шундай қилиб, шеър муҳаббат ҳақида. “Муҳаббат” дейилганда дастлаб йигит ва қиз ўртасидаги ишқ хаёлимизга келади. Ҳолбуки, у турфадир. Икки жинс ўртасидаги севгу туйғуси катта муҳаббатнинг бир парчасигина холос. Шеърдан ҳам шуни англаймиз: муҳаббат – сулув. Кейин унинг бошқа парчалари ҳақида сўз боради: муҳаббат – дармон, муҳаббат – бардош. муҳаббат – Ватан! Шеър 1987 йилда ёзилган. У вақтда шоир анча ёш бўлган. Бироқ унинг кичик ёши катта муҳаббатни англаб ҳис қилишига монелик қилмаган. Ўзи чин шоирлар, ҳақиқий мутафаккир ижодкорлар олам ва одамни анча эрта англаб етади. Истеъдод ўзини ана шундай намоён қилади.

Китобнинг номига олиб чиқилган “Очун” деган шеърида аёл гўзаллиги ва шу гўзалликка банди ошиқ ҳоли тасвирланган. Шундай тасвирланганки, ундаги пайдар-пай ташбеҳлардан, жонлантиришлардан юрагинг ҳаприқиблар кетади. Зеро, шеърдаги аёл шунчалар гўзалки, кўкламда қалдирғочлар ҳам ўз тилида чуғурлашиб ана шу гўзалликни шарҳлаб қолишади:

 

Бирам нозик бармоқлар билан

Эшилган тун – қора сочлари.

Чиройини лафзида шарҳлаб

Учар кўклам қалдирғочлари.

 

Лекин бундай гўзалга кўз тикканки бор, жонини ҳам қўшиб тикиб қўйишни асло унутмасин. Зеро, катта муҳаббатлар ўзи билан бирга чўнг бир фожиани ҳам етаклаб юради. Чунки бани инсон яшаётган дунё, у бино қилган борлиқ жамиятлар ишққа қарши. Уларнинг шарт-шароитлари севгини инкор қилади. Бу илгари ҳам шундай эди, бугун ҳам деярли ўзгаргани йўқ. Ана, Навоий ҳазратларининг Лайлиси Мажнунига дейди:

 

Сен бўлсангу мен бўлсам мавжуд,

Бўлса яна коинот нобуд.

 

Иккимиз мавжуд бўлиб, коинот нобуд бўлгандагина муродимиз ҳосил бўлади, демоқда қиз. Аслида, Лайли тилидан улуғ мутафаккир Навоийнинг ўзи сўзламоқда. Зеро, улуғ ижодкорлар қодирган меросларда бу дунёда ком – муроднинг ҳосил бўлиши мумкин эмас, деб қаралади.

Авлиёхон Эшон мумтоз Шарқ адабиётининг яшовчан анъналарини ўз шеъриятига пайванд эта олган замонавий шоир сифатида Навоийга эргашади:

 

Бўлса агар харидор

Толим-толим сочига,

Дил қонин суртиб қўйсин

Аввал дор оғочига…

Бор бўлса талаб аҳли,

Кирмасин олов-ўтга –

Жисмин кафанга ўраб,

Солиб келсин тобутга.

 

Севги – бахт. Севги – кулфат. Мана шундай маънолар тазоди бор шеърда. Яъни дил қонини дор оғочига суртиб қўймагунингча, яъни муҳаббат йўлидаги ҳар қандай кўргуликларка рози бўлмагунингча ишқ кўчасига кирма, дейилмоқда.

“Маҳкум” шеърида ҳам ёрнинг улуғланиши давом этади:

 

Ўзимдан воз кечиб,

ёлғиз сени деб,

яшаётган бахтли одамман.

 

Ўздан, ўзликдан воз кечиш – бахтсизлик, аслида. Лекин олдинда мақсад бўлса-чи? Мақсадки, ёрга элтгич! У бахтга айланадими?.. Шоирнинг лирик қаҳрамони учун – ҳа! Чунки у – ошиқ. Чин ошиқ учун ишқдан ўзга ҳамма нарса ҳаром. Бас, бу ердаги тутқунлик – ҳурликдир.

Ҳозирги куннинг жайдари фалсафаси-чи, у қандай? “Сен бўлмасанг, бошқаси”ми? Айрим қаламкашлар, юқорида таъкидланганидек, ҳаваскор қаламкашлар тақдим қилаётган назмий шаклларда бор шундай ўлимчил вирус. Лекин А.Эшон ёрни худди мумтоз шоирлар каби улуғлашда давом этади. Дунё қанчалар ўзгарган бўлса ўзгарсин, унинг Мажнунининг Лайлосига бўлган ишқи ўзгармайди, билъакс, “Сен… осмоний гулсан” деганча ўзини севгилисига, севгисига “маҳкум” ҳис қилиб йўл босаверади. Зеро, у қариб ўладиган жисм – шаклга эмас, балки мана шу муваққат шаклда меҳмон – ўлмас моҳиятга ошиқ.

Тўпламда “Хиргойи” деган яна бир шеър бор. Унда чизилган қаҳрамон суврати худди рангтасвирдаги каби ўқувчи кўз ўнгида ёрқин гавдаланади:

 

Йиғладим – кўз ёшларимга

Ботдим оғир тош бўлиб.

Бу оламда ўзим каби

Ожизларга бош бўлиб.

 

Биз тасвирдаги лирик қаҳрамонни шоирнинг ўзи деб олдик. Зеро лирик қаҳрамон баъзан шоирга тенг келиб қолади. Мумтоз шоирларнинг ўз битикларида яратган образлари ҳам тахминан шунга яқин: ҳокисор, кўнгли қадди каби дол – букик. Гарчи жисмининг ёши 34 да бўлса-да:

 

Оҳ, қўрқаман эгилмоққа,

Суякларим мўрт бугун.

Елкамдаги ғам-қайғунинг

Ёши ўттиз тўрт бугун.

 

Ўттиз тўрт – инсон жисми учун навқирон ёш, бироқ елкадаги 34 йиллик ғам тасаввур қилинганда эса кўз ўнггингга тириклик ва тирикчилик юкидан эгилиб қолган мўйсафид чол суврати келади. Ҳа, инсонни йиллар эмас, кўпроқ ғамлар қаритади. Шоирнинг ёши ҳам чекилган ғамлари билан ўлчанади, йиллари билан эмас. Бироқ бу ғам шундай неъматки, шоир уни руҳ озиғи, деб билади. Ғамсиз шоир йўқ, шеър ҳам. “Қувонч” деган материалдан “кундаликка кийиб юриладиган” шеърий “либос” тикиб бўлмайди. Ундан фақат тўйу тантаналаргагина ярайдиган “ялтироқ кўйлак”лар тикиб олиш мумкин. Зеро, қувончни кўпчилик билан, кўпчиликнинг кўз ўнгида бўлишса бўлади, ғамни эмас. Ғамни санъатга айлантирмагунингча юракни тарк этмайди. Ғам санъатга айланмагунча ўзга юракларни ҳам забт этолмайди.

Ҳа, ҳасрат шоир руҳининг озиғи – неъмат. Бас, у бу неъматни қўшиқ янглиғ хиргойи қилиб юради. Кундалик ҳаётга шундай хиргойилар керак. Йўқса, дунёга, унинг азобу найрангларига чидаш мушкул Дарвоқе, шеър ҳам “Хиргойи” деб аталади. Бу дунёда ҳамма ўз хиргойиси айтиб умргузаронлик қилади. Агар бўлса…

Шоир ўша ғамни санъатга айлантириш учун ҳатто тиланчилик қилишга-да тайёр:

 

Юрагимни йўлакка ёзиб

ўлтираман,

қайғум етарли.

Бирор киши меҳр кўргазиб,

Рўпарамдан маъюс ўтарми?

 

Қаранг, шоир юрагини йўлакка ёзиб олганча тиланчилик қилмоқда. У ҳам “тиринг” этиб ташланадиган “танга”га зор. “Танга”дан мурод – йўловчиларнинг меҳри. Меҳр уларнинг маъюслигида акс этади. Маъюслик эса, ўз навбатида, шоирнинг забун ҳолига эшлик, ҳамдардлик билан туғилади.

 

Аммо…лекин…бироқ… дейилганидек:

Кун ботади,

шомдай тугайман.

Кўрганим ўнг, эҳтимол, тушдир –

Юрагимни тугиб жўнайман,

Кечагидай бугун ҳам бўшдир.

 

Шеър 1993 йилда қоғозга тушган. У “Тиланчи” деб аталади. Шеърни тўлиқроқ тушуниш учун ўша даврга хаёлан, фикран саёҳат қиламиз. Яъни уни давр контекстида ўрганамиз. Унда бир катта империя бор эдики, қулади. Сўнг 15 та мустақил бўлган республика ўз аравасини ўзи тортишга уриниб қолди. Мамлакат инфратузилмаси издан чиқиб, янгиси ҳали шаклланмаган, мавжуд қадриятлар оёқ ости бўлиб, туркча айтганда, “от изи ит изига қўшилиб” кетган бир палла. Бундай пайтда, худди қиёматда бўлади дейилганидек, ҳамма ўзи билан, ўз дарди билан овора. Шоирга эса бу қаттиқ ботади. Ахир, у меҳр, илиқ, инсоний муносабатлар ошиғи бўлиб дунёга келади, шундай яшаб ўтишни истайди ҳам. Бундай муносабатларга эса қирон етган. Бас, юрагини ёзиб, кун узоғи меҳр тиланиб ўтирса ҳам шомга бориб ёзган дастурхони бўм-бўш ҳолда уйга қайтади. Кеча ва бугун шундайми, демак, буюк эҳтимол билан эртага ҳам шундай бўлади. Воҳки, меҳрсизлик, инсоннинг инсонга бегоналашуви кишилик жамиятлари учун турғун ҳолга айланиб улгурибди. Шоир ана шундай бонг урмоқда.

Шеърни кечаги воқелик туғиб берди, лекин у бугун ва эрта учун ҳам долзарб. Меҳр кўпайиб, инсоний муносабатлар яшай бошлагач эса, бундай шеърлар ўз аҳамиятини, ҳеч йўқ, долзарблигини йўқотади. Биз мана шуни истаймиз. Бунинг учун эса шоирни тингламоқ, у ураётган бонглар маъносини тушунмоқ лозим бўлади. Бироқ “Қани уни тинглагувчи бир интиқ қулоқ?”…

Жамиятлар ўзининг чин, катта шоирларини эшитмоғи, уқмоғи керак.

“Очун” – А. Эшоннинг катта шоирлигига далил китоб.

У “Очун”да «очилди» – Ўзбекистонлик, ўзбектилли ўқувчиларга ўзини янгидан таништирди.

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг