Америкада полиция ходимлари қирғизистонлик ҳайдовчи йигитни отиб ташлашди

Дастлабки хабарларга кўра, Пенсильвания штатидаги транспорт компанияси йигитни ишдан ҳайдаб, ойлик маошини бермай қўйган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, 1993 йили туғилган Қирғизистон фуқароси М.Н. 5 октябрь куни Пенсильвания штати полицияси ходимлари томонидан отилган қатор ўқлардан олинган жароҳатлар натижасида ҳалок бўлган.

Интернетда эълон қилинган маълумотларга кўра, марҳум Америкадаги транспорт фирмаларининг бирида олисга қатновчи юк машинасида ҳайдовчи бўлиб ишлаб келган. Ҳозирча ноъмалум сабабларга кўра, компания йигитни ишдан бўшатиб, унга тегишли бўлган 3000 доллар иш ҳақини бермай қўйган. Йигит алам аччиғида компанияга тегишли юк машинасини ҳайдаб қочган.

Компания полицияга арз қилган. Полиция ходимлари юк машинасини штат кўчаларидан бирида тўхтаб турган жойида топишган. Ҳайдовчи йигит машинадан тушишдан бош тортган. Кейин юк машинасини полиция машиналарига қараб ҳайдагани айтилмоқда.

Бир неча полиция ходими унга қараб ўқ узган ва йигит бир неча ўқдан ҳалок бўлган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ давлат Департаментига юз берган ҳолат бўйича аниқ ва батафсил расмий тушунтириш беришни талаб қилиб нома юборган.

Ҳозирча АҚШда марҳумнинг бир туғишган акаси борлиги маълум бўлди. Қирғизистоннинг Америкадаги элчихонаси у билан боғланишда экани ва тегишли расмиятчиликлар тамом бўлгач, жасадни ватанига жўнатиш масаласи муҳокама қилинаётгани ҳақида хабар берган.

Эслатиб ўтамиз, Америкада полиция ходимларига жуда кенг ҳуқуқлар берилган. Жумладан, полиция ходими ўз ҳаётига хавф туғилди деб ҳисоблаган пайтда истаган одамига қуролдан ўқ узиши мумкин. Турли маълумотларга кўра, йилига ўртача ҳисобда 500 нафарга яқин одам Америка полицияси ходимлари ўқидан ҳалок бўлади. Улар орасида хавфли жиноятчилардан ташқари аёллар ва ақли норасо одамлар ҳам бўлгани, уларнинг айримларида ўйинчоқ қурол бўлган бўлса, кўпчилиги умуман қуролсиз бўлгани айтилади.

Ҳалок бўлган орасида қора танлилар кўпчиликни ташкил қилади. Сўнгги йилларда полиция ходимлари бир нечта америкалик қора танлини отиб қўйгани учун мамлакатда жуда катта норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Бу ҳолатлар қора танли аҳолининг Америкада ўз ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида масалани кенгроқ кўламда кўтариб чиқишларига сабаб бўлмоқда.

Расм интернетдан олиниб, иллюстрация сифатида берилди.

Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг