Юракларни ўртар изтироб… (Озодбек Караматовни хотирлаб)

Дунё тарози, деган гапни жуда кўп эшитганмиз. Лекин ёшликда бу гапнинг маъносига кўпам эътибор бермас эканмиз.

Ёшимиз 60 га яқинлашганда, бошимизга тушган турли синовлардан бу дунёда яшаш роҳатлари билан бирга етарлича азоблари ҳам бор эканлигига ақлимиз етиб қоларкан.

Дунёнинг лаззатларидан, хурсандчиликларидан баҳра олиб, дўстлар, қариндош-уруғлар, маҳалла-кўй, жамоа билан бирга тинч-омон ишлаб юрганда тўсатдан келган ташвишлар жуда кўпчиликнинг ҳаётини издан чиқариб юбориши ҳеч гап эмас экан. Ана шундай пайтда дунёнинг ишлари чинданам тарози эканлигига ишонар экан одам. Ҳақиқатан ҳам, тун бор – кун бор, оқнинг қораси, чиройлининг ҳунуги, иссиқнинг совуғи бор эканлигига ҳаммамизнинг ақлимиз етади-да! Ижтимоий муносабатларда ҳам бу қоида тўлиқ ишлар экан. Бир кун дўмдасан – бир кун чуқурда.

Сўзни олисдан бошлаганимизнинг сабаби, куни кеча забардаст олим, ҳамфикр инсон, уддабурон етакчи, замонамизнинг етук кишиларидан бири, иқтисод фанлар доктори, профессор Озодбек Ўринбоевич Караматов орамиздан кетди. Унинг Туркияда вафот этганини уқиб, қалбларимизда қолган анча-мунча хурсандчиликлар ҳам ғамга ўрнини тўла бўшатиб бергандай бўлди.

Озодбек Караматов

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Сузоқ туманида туғилиб вояга етган Озодбек Караматов ер кадастри бўйича Марказий Осиё миқёсидаги етук олим, принципиал раҳбар, мушоҳадали ҳамсуҳбат бўлиши билан бирга жуда яхши инсон ҳам эди. У ҳаётда доимо яхшиликка интилиб яшади. Яхшиларга эргашди, ўқиди, ўрганди.

…Сузоқлик оддий қишлоқ йигити мактабни битиргандан кейин Тошкентдаги ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислиги институтига ўқишга киради. Институтда фаол талаба қатори кўпчиликнинг назарига тушади. Институтни аъло баҳоларга тамомлаган Озодбекни институтнинг геодезия муҳандислиги кафедрасига ассистентликка олиб қоладилар.

Илмий ишга астойдил қизиққан Озодбек 1990-1992 йилларда Қозоғистоннинг Ақмола (ҳозирги Остона) шаҳридаги қишлоқ хўжалиги институти аспирантурасида ўқиб, номзодлик диссертациясини ёқлаган. Сўнгра 1993-1994 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислиги институтида ишлади. 1994-1996 йилларда янги ташкиллаштирилган Ўзбекистон Республикаси Статистика ва олдиндан айтиб бериш Давлат қўмитасида (кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Макроэкономика ва статистика вазирлигига айлантирилган), 1996-1997 йилларда “Банксуғурта” суғурта компаниясида, 1997-1998 йиллари “Марс-МН” корхонасида ишлаган.

Озодбекнинг ташкилотчилиги, ундаги илмга интилиш хусусиятларидан Қирғизистондаги илм аҳли яхши хабардор эди. Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университети қурилиб, иш бошлаганда университет ташкилотчилари Озодбекни янги олий ўқув юртининг ректорлигига таклиф қилдилар. Эл-юртга хизмат қилайин, деган юксак мақсад эгаси Озодбек бу таклифга ҳеч иккиланмай рози бўлади. Чунки уни ота юртида, Қирғизистон жанубидаги ёшларнинг олий ўқув юртларида камроқ ўқиётганлиги ва бу муаммонинг тегишли ташкилотлар томонидан эътиборга олинмаётганлиги қийнаб келаётган эди. Шунинг учун у пойтахт Тошкентдаги иссиқ иш жойини, йўлга қўйилган илмий фаолиятини ташлаб, эришган мавқеидан, келажак сари очилаётган кенг имкониятларидан воз кечиб, уларни ота юрти Жалолободда кутиб турган, машаққатли бўлсада, қалби буюрган ишга алмаштирди. Бутун билим ва тажрибасини, ёшликдаги куч-қувватини ёшлар келажаги учун сарфлашга қарор қилди.

Жуда замонавий бўлсада, ўқув корпуси ва моддий базасидан бошқа ҳеч қандай нарсаси бўлмаган университетни оёққа турғизиш айтишга осон, бу катта ва машаққатли меҳнатни талаб қиларди. Озодбек Караматов шу вазифанинг уддасидан чиқди. Университетнинг профессор-ўқитувчилар жамоасини шакллантирди, раҳбариятни тузди, факультетларни ташкил қилиб, талабаларни қабул қилишни уюштирди. Шундай қилиб, янги университет 1999-2000 ўқув йилида биринчи талабаларни қабул қилди. Мана шу масъулиятли жараён Озодбекнинг ҳақиқий етук ва ташкилотчи кадр эканлигини кўрсатади.

О. Караматов 2005-2007 йилларда докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ёқлаш билан шуғулланар экан, университетнинг иқтисодиёт, бошқарув ва бизнес кафедрасига раҳбарлик қилди. 2005 йилнинг май ойида Қирғиз-Россия славян университетида “Ҳозирги даврда ер бозорини давлат томонидан тартибга солиниши (Қирғизистон Республикаси материаллари асосида)” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади ва иқтисод фанлари доктори мақомига эга бўлди. Озодбек 2009 йилгача Халқлар дўстлиги университетида проректор лавозимида ишлаб, 2009 йилда яна ректорликка тайинланди.

Университетга тааллуқли ҳар қандай ишни астойдил бажарди. Озодбекнинг ўзига берилган ишга масъулият билан ёндошишини шундан ҳам билса бўладики, университетда ишлаётган барча профессор ва ўқитувчилар жамоасининг кун тартибида ўқув-тарбия ишини юқори босқичга кўтариш, талабаларнинг билимини ошириш, тажриба ишларини мунтазамлигини назорат қилиш, университетни битирган кадрларнинг халқ хўжалигидан ўрин топиши (яъни ишлаши) масалалари турарди. Бу Озодбек раҳбарлигидаги асосий нуқталардан бири ҳисобланарди. Натижа эса ёмон бўлмаган. Бугунги кунда Озодбек раҳбарлик қилган университет битирувчилари шу ерда олган билими ва мутахассислиги бўйича дунёнинг турли мамлакатларида муваффақиятли ишламоқдалар.

Озодбек исломий тарбия кўрган инсон сифатида ҳамма билан тенг муомала қилишга ҳаракат қиларди. Рақибларига ҳам ёмон фикри йўқ эди. Тўғри гапни ўз вақтида, очиқ айтар, ғийбатни жуда ёмон кўрарди. Озодбекни таниганлар унинг хушмуомала, очиқ юз, суҳбатдошига фикрини айтишга имкон берадиган, бошқаларнинг фикрига қулоқ соладиган, хулосалари аниқ инсон, камтар раҳбар сифатида эслайдилар.

Иқтисод фанлари доктори Озодбек Караматов кейинги йилларда Туркиянинг Қастамонли шаҳридаги университетда ишлаётган эди. Ер кадастри бўйича Марказий Осиёдаги энг етук олимлардан бири сифатида бу масала бўйича илмий ишларга раҳбарлик қилди, оппонент бўлди: шу тегарадаги мамлакатларда ёшлар илмий салоҳиятининг ўсишига ўз ҳиссасини қўшди.

Қастамонли университети раҳбарияти дафн маросимига бош-қош бўлдилар

Меҳрибон оила эгаси сифатида фарзандларига, турмуш ўртоғига ғамхўрликни аямасди. Бугун шундай ажойиб инсон орамизда йўқ…

У замона зайли билан турли таҳдид ва тазйиқлар сабаб бўлиб, мамлакатдан сиртда яшашга мажбур бўлган эди. …Дунё ўзи шундай экан. Айтадилар-ку, “Яхшига кун, ёмонга ўлим йўқ”, деб.

Озодбек жуда қисқа, 57 йил умр кўрди. Лекин умри баракали, намуна олса арзийдиган даражада ёрқин кунларга бой бўлди. Афсус, тақдирида умрининг сўнгги йиллари мусофирликда ўтиши ёзилган экан. Қадрдон дўстимиз Озодбек қардош Туркия мамлакатининг Қастамонли шаҳрига қўйилди.

Юракларни ўртар изтироб,

Аччиқ алам айлайди сўроқ,

Озодбекдай ўғлини, наҳот,

Ўз бағрига ололмас Сузоқ?

Турли сабаблар билан ота юртига сиғмаган олим ва ватанпарвар инсон ўзга юртда ҳам қадр топди. Озодбекни ўзи ишлаган университет жамоаси жуда ҳурмат қиларди, ўшалар уни катта ҳурмат билан охирги манзилига узатишди. Тобутини Қастамонли университети ректори ва проректорининг ўзлари кўтариб боришди.

Нима деймиз? Келишнинг кетиши борлиги аниқ. Барчамизнинг борар жойимиз бир. Лекин айрилиқ барибир одамни ёмон қийнар экан! Алвидо дўстимиз!

Аллоҳ Озодбекнинг иймонини саломат қилсин, қилган савоб ишларини ўзига шеригу соябон қилиб, жаннатидан жой берсин, унинг оила аъзоларига, қариндош-уруғларига ва яқинларига сабри жамил берсин, деб дуолар қиламиз.

Бир гуруҳ дўстлари.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг