Олимпиада қувончлари ва ташвишлари. Аламга йўғрилган ғалабалар

Қирғизистон президенти Садир Жапаров олимпиада иштирокчиларига давлат мукофотларини топширди.

Бугун, 23 август куни Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат резиденциясида олимпиада ғолиблари ва иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда президент Садир Жапаров иштирок этди.

Кураш бўйича олимпиаданинг кумуш медалини қўлга киритган Ақжол Махмудов ва Айсулуу Тинибековаларга иккинчи даражали “Манас” ордени ва 10 миллион сўмдан ($17 000 атрофида) пул мукофоти топширилди. Олимпиада мусобақалари олдидан кумуш медаль соҳибларига 7 миллион сўм мукофот ваъда қилинган эди. Бундан ташқари уларга Toyota RAV-4 русумли автомобиллар ҳам топширилди.

Яна бир курашчи, бронза медали соҳибаси Мээрим Жуманазаровага учинчи даражали “Манас” ордени ва аввал ваъда қилинган 5 миллион ўрнига 7 миллион сўм пул мукофоти берилди.

“Сизлар олимпиада ўйинлари иштирокчиларигина эмас, ғолиблари ҳам бўлишингиз мумкинлигини исботладинглар. Бизнинг умумий мақсадимиз – 2024 йили Парижда олтин медалларни қўлга киритиш…”, – деди давлат раҳбари.

Садир Жапаров бундан буён катта спорт ва оммавий спортни ривожлантириш давлатнинг асосий вазифаларидан бўлиб қолади, деб ишонтирди. У олимпиадада спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам фаол иштирок этиш лозимлигини таъкидлади.

Ғолибларнинг бош мураббийларига спортчилар олган мукофотнинг 30 фоизи кўламида, катта ва шахсий мураббийларга 25 фоиз, биринчи мураббийга 10 фоиз миқдорида мукофот тўлаб берилди. Тиббиёт ходимлари эса умумий мукофот фондининг 10 фоизи кўламида мукофотга эга бўлдилар.

Йиллар давомида ечилмаган муаммолар

Маросим чоғида спортчилар ва уларнинг мураббийлари спорт соҳасидаги муаммолар хусусида айтиб олишди. Жумладан, давлат томонидан етарли даражада маблағ берилмаслиги сабабли Кураш бўйича спорт федерацияси спортчиларнинг кўплаб ҳаражатларини ўзлари топишга мажбур. Масалан, федерация раҳбари Шаршенбек Абдикеримов спорт ғолибларига квартира, машина ва бошқа мукофот пулларини тўлаб келади.

Камига йил сайин буджетдан бериладиган маблағ қисқариб бормоқда. Масалан, авваллари 5-7 ўринни эгаллаган спортчиларга ҳам мукофотлар бериларди. Энди бу нарса йўқ. Натижада 16 кучли спортчи орасидан 5 ўринни олган курашчи Айпери Медет қизи мукофотсиз қолди. Спорт анжомлари ва машғулотлар ўтказиладиган залларнинг аҳволи жуда ночор.

Федерация Қирғизистонда жаҳон миқёсида мусобақалар ўтказгиси келади, лекин ҳукумат буни қўлламайди. Ёки ана шундай мусобақалар ўтказишда ҳукумат бир четга чиқиб олади. Оқибатда 2018 йилда Бишкекда ўтказилган Осиё чемпионатида тузилган шароитлар бўйича Халқаро Федерация томонидан кўплаб эътирозлар билдирилиб, Миллий кураш федерацияси 20 минг швейцария франки ($38 000) миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлган.

Хуллас, Қирғизистон спортчилари халқаро андозаларга умуман мос келмайдиган шароитларда машқ қилиб, ана шундай юқори натижаларга эришмоқдалар. Бунинг учун уларга ҳар қанча раҳмат айтсак арзийди.

Айсулуу олтин медаль олиш ниятидан қайтгани йўқ

Маросимда эълон қилинган энг муҳим янгиликлардан бири кумуш медаль соҳибаси Айсулуу Тинибекованинг 2024 йилги олимпиадада ҳам иштирок этиш ниятида эканини айтгани бўлди. Токиода олтин медаль олиш мақсадига эриша олмаган Айсулуу келаси олимпиадада иштирок этиш ҳақида қарор қабул қилмаганини маълум қилган эди. Айсулуу Париж олимпиадасида олтин медални қўлга киритиш учун барча куч-ғайратини сафарбар қилишга ваъда берди.

Эслатиб ўтамиз, унинг финалдаги рақибаси, япониялик спортчи, Юкако Каваи 23 ёшда, Айсулуу эса ундан 5 ёш катта. Бу спортчилар халқаро майдонда 4 марта учрашиб, охирги икки олишувда япониялик спортчи ғолиб келган. Токиодан Бишкекка қайтгач, Тинибекова олтин медаль олиш ҳақидаги ваъдасини бажара олмагани учун мухлисларидан кечирим сўраган эди.

XXXIII ёзги Олимпиада ўйинлари 2024 йилда Франция пойтахти Парижда ўтади.

Танқид остига олинган тақдирлашлар

Мукофотланганлар орасида собиқ парламент раиси, оғир атлетика бўйича Федерация президенти Ахматбек Келдибеков ва собиқ ички ишлар вазири Мелис Турғанбаевлар ҳам бўлиб, улар давлат раҳбаридан Фахрий ёрлиқлар олишди. Спорт мухлислари Турғанбаевнинг расмий делегация сафида олимпиада ўйинларига боргани учун норози бўлишган эди. Оғир атлетикачилар эса олимпиада ўйинларида ўзларини кўрсата олишмаган эди.

Собиқ парламент депутати Дамирбек Асилбек уулуга эса президентнинг Миннатдорчилик хати топширилди. У Қозоғистонда халқаро жиноий ташкилот тузишда айбланиб, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва 2019 йили Бишкека олиб келинган эди. Собиқ депутат ва унинг икки шериги 10 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинишган.

Мелис Турғанбаев ва Дамирбек Асилбек уулу иккаласи Кураш бўйича Осиё федерациясининг вице-президентлари. 2020 йили Турғанбаев эркин кураш бўйича фахрийлар орасида жаҳон чемпиони бўлган.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Расм Султан Досалиевники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг