Никоҳ ҳам ёш танламайди. Бир эркакка нечта аёл тўғри келади?
Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярмида бир юз эллик нафардан ортиқ ёши олтмишдан ошган аёл турмушга чиққан.
Халқ орасида “Муҳаббат ёш танламайди”, деган гап бор. Бу иборанинг расмий никоҳга ҳам таалллуқли эканини Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотлари кўрсатди. Қўмита сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, 2021 йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатда 152 нафар аёл 60 ва ундан катта ёшда никоҳ қурганлар. Албатта, бу ерда гап давлат идорасига бориб, расмий никоҳдан ўтганлар ҳақида бормоқда. Фақат шаръий никоҳ орқали турмуш қурганлар ҳам оз бўлмаса керак.
Кўрсатилган даврда жами қарийб 119 минг никоҳ қайд этилган. Оила қурган аёлларнинг 32 минг нафари 20 ёшгача бўлган бўлса, 20-39 ёшда турмушга чиққанлар 84 минг нафардан кўпроқ, 40-59 ёшда никоҳдан ўтганлар 2800 нафардан ортиқроқ бўлган.
Мамлакатда ажралишлар сони камайиб бораётгани ҳам қайд этилган. Масалан, 2019 йилда ҳар мингта оила қурганларга ўртача 31,4 ажралиш тўғри келган бўлса, 2020 йилда ҳар мингта оиладан ўртача 28,2 нафари ажралишган.
Қизиғи, Давлат статистика қўмитаси тарқатган яна бир маълумотга кўра, Ўзбекистонда эркаклар сони аёлларга нисбатан кўпроқ экан. Статистика маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси таркибида эркаклар улушининг кўпайиши ўтган йилдан буён кузатилмоқда.
Статқўм маълумотларида кўрсатилишича, жорий йил бошида Ўзбекистон аҳолиси салкам 34,6 миллион кишини ташкил этган. Эркаклар сони 17,4 миллион (50,3 фоиз) кишини тузган бўлса, аёллар сони 17,2 миллион (49,7 фоиз) киши бўлгани қайд этилган.
Демак, “Бир эркакка икки аёл тўғри келади”, деган эски ва бемаъни гап ўз долзарблигини йўқотибди.
Оқбура, Бишкек