ҚАНОТИ ОЛА БЎЛУР…
Ҳар бир дов-дарахт, жон-жонивор ўзига хос, бетакрор. Ўз фазилати бор. Мукаммал яратилишда. Лекин Чилида садақайрағоч ё шотут бўлмаса керак, бизда эса лиана ўсмайди. Бундай “маҳаллийлик” илмда эндемик турлар дейилади. Четдан олиб келингани эса шароитга қараб ё ўзгаришга учрайди, ё бошқача натижа беради. Мана, Америка картошкасини экдик – Колорадо қўнғизи келди. Мол канасини териб ейди деб Ҳиндистондан уч юзта олақанот майна опкелиб қўйиб юбордик, бугун ҳаммаёқни майна босди.
Ўшдан Моди тарафга кетаверишда, 6-километр деб аталган жойдаги қовунпоямизда мен олақанот майнани илк бор кўрган эдим. 1967 йил апрель охирлари. У шудгор қилинган ерда сакраб-сакраб юрар, одамдан ҳайиқиб қочмас, илгари биз эшитмаган тарзда сайраб турар эди. Кўриб, янги қуш пайдо бўпти, деб суюнганмиз. Унинг касофати эса кейинроқ билинди…
Олақанотнинг бунчалик тез тарқалишига сабаб – янги жойга тез мослашар, озуқа танламас ва йилига 2-3 марта бола очар экан. Бироқ кана ейиш билан чекланмай, маҳаллий қушларни қириб ташлашга ўтди. Ҳар киши ўттиз ё эллик йил аввалги ҳаётни эсласа, илгари ҳар турли парранда, ҳайвон, ҳашарот ва бошқа жониворлар анча кўп бўлганини тан олади. Саъва, читтак, сассиқпопишак, тўрғай, бедана, булбул, қораялоқ, зарғалдоқ, карқуноқ, жарқалдирғоч, ғуррак, кўкқарға, какку, куркулдак, қизилиштон, чуғурчуқ, жарқалдирғоч каби қушлар бисёр эди, ҳозир уларнинг отигина қолди, ҳатто мусича, чумчуқ ва қалдирғочлар ҳам сийрак. Уларнинг камайиб, йўқолишига эса техника, химикатларгина эмас, аввало олақанот сабабчи, кушанда бўлди.
Олақанот боғларга ҳам зарар етказиб, узум, гилос ва бошқа меваларни чўқиб ташлайди. Бир ўзи ғорат этмайди, чуғурлаб овоз чиқариб, бутун галасини чақириб, “меҳмон қилади”. Зарар катта бўлади. Орнитологлар уни бошқа ҳудудларга кўчириш ўзи экологик хато бўлган, дейишади. Олақанотга қарши курашиш эса тузук-қуруқ натижа берганини эшитганимиз йўқ.
“Бизда олақанот майнанинг популяцияси давом этяпти ва кўпайяпти, – деб хабар беради ижтимоий тармоқлар. – Майна жуда ақлли, сурбет қуш. Одам яшайдиган муҳитга мукаммал мослашган. Шаҳарларда озуқа (чиқинди, мева)нинг кўплиги уларнинг бетўхтов кўпайишига ёрдам бермоқда.
Майна агрессив ва кучли қуш бўлгани учун маҳаллий қушларни уя қуриш жойлари ва озуқа манбаларидан сиқиб чиқармоқда.
Ўзбекистон қонунларида майна зарар етказувчи қуш сифатида қайд этилган, унинг сонини камайтиришга рухсат берилган…”
Олақанот майна минтақамиздан йўқотилса нима бўлади?
Марказий Осиё минтақасида у экотизимга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирди. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) майнани дунёдаги энг хавфли 100 та инвазив (босқинчи) турлар рўйхатига киритган. Тўғри, майна ҳашаротларни еб фойда келтиради, аммо салбий оқибатлари бу фойдадан бир неча баробар кўп. Шу сабабли, орнитолог ва экологлар майнани экотизим мувозанатини бузувчи хавфли қуш деб ҳисоблашади.
Майна маҳаллий қушларни сиқиб чиқаради (ўта тажовузкор ва ҳудуд талашувчи қуш. Маҳаллий экотизимнинг муҳим аъзолари бўлган чумчуқ, шўрчумчуқ, кўкқарға, саъва ва бошқа фойдали қушларнинг уяларини тортиб олади, тухумлари ва полапонларини нобуд қилади); қишлоқ хўжалигига зарар келтиради (ёз ва куз мавсумида тўда-тўда бўлиб боғларга ҳужум қилади. Узум, анжир, гилос, ўрик каби меваларни чўқиб, сифатини бузади ва катта иқтисодий зарар етказади); касаллик тарқатади (турли каналар, паразит ва парранда инфекциялари – сальмонеллёз ва парранда безгагини ташийди). Шаҳар муҳитига жуда тез мослашади, уларнинг катта тўдалари дарахтларда тўпланиб, кучли шовқин солади, атрофни ахлат билан ифлослантиради.
Бундай “натижа”лар кўп. Австралияга борган инглизлар ов қилиш учун қуён йўқ экан, зерикяпмиз, деб Англиядан қуён опкелиб яйловларга қўйворган. Ҳадемай, қуён мўр-малахдай кўпайиб кетган, бунча қуённи отиб тугатиш эса амри маҳол. Нима қилиш керак? Қуённинг кушандаси тулки, дея тулки олиб келишди. Тулкилар эса қуённи эмас, умрида тулки кўрмагани учун чўчимай, ажабланиб қараб турган бу ердаги жониворларни тутиб еган. Кейинроқ… туя опкелиб кўпайтиришган. Ҳозир 2-2,5 миллион туяни қандай йўқотишни билмай, бошлари қотган. Ҳеч ким табиат ишига аралашиб, барака топган эмас. Четдан ҳатто экин-тикин, дов-дарахтларни ҳам олиб келиш ҳам хато. Бугун бўлмаса, эрта-бириси кун салбий натижаси сезилади.
Гап олақанот ҳақида эди. Юртимиз табиатини асраш тарафдори бўлган бир одам сифатида, гарчи хомхаёл бўлса-да, “Қанийди, олақанот тутиб еб кун кўрадиган лочин ё қийғир каби бир овчи қуш бўлса”, дердим ичимда. Аммо гўшти ундан ширин қушлар кўп, қолаверса, Марказий Осиё ҳудудида неча миллионлаб олақанот бор-ку, бунга қанча лочин керак бўлади?
Айтганимиздай, олақанот майна тез кўпайиб боряпти, энг кўпсонли қуш ҳозир у. Бу популяция шу тарзда давом этса, чорак аср ўтиб-ўтмай, олақанот, қарға ва ҳакка – шу уч паррандагина қолиб, минтақа ҳувиллаган бир “массив”га айланади. Ўзимиз пиширган ош, айланиб-ўргилиб ичамиз.
* * *
Абдулла Ориповнинг мана бу икки мисра шеъри ёдингиздадир:
Билмасдан шапалоқ тортиб юбордик,
Шўрпахта қўямиз энди ўзимиз…
Одамзот йўл қўйган хатосини ўзи тузатиши, аҳволни ўнглашга интилиши керак. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидаги бу хатони бартараф этишимиз шарт. Мен фақат қушлар кўрган зиённи айтдим. Табиат мувозанатини ушлаб туришда ҳашаротларнинг ўрни қушларникидан ортиқроқ, аслида. Уларни ҳам олақанот қириб битирди, йўқотиб юборди…
* * *
“Сони” деган фотоаппарат сотиб олдим. Унча-мунча ишлатишни ҳам ўргандим. Бир куни “ўзимни расмга олай-чи”, деб мурватини босиб, қаршисига чўкдим. Мен унга қараб турибман, у эса менга. Миқ этмайди. Ноилож, бир фотограф укахонимга қўнғироқ қилдим.
- Домла, объективга қараб ўтирган чоғингизда кулинг!
Сал жилмайгандим, “ширқ” эткизиб расмга олди. Кулганингизни ҳам билар экан, қурғур! Техника дегани шунча ўсиб кетибди! Бу ҳали биздақа жўн одамлар учун. Қоп-қора тунда, зулматда рангли расм оладиган фатоаппаратлар ҳам чиққан, дейдилар.
Бу гапни, эшитиб қўйинг деб эмас, эшитиб туринг, деб айтяпман.
Ҳозир танк ё пулемёт урушлари оёқдан қолди, янгича қурол – дронлар жанги етакчи планга чиқди. Барча давлатларда дрон ясашга киришилган. Бизда ҳам мутахасислар бор. Аммо биз уларни тинчлик ишига йўналтирсак, айни муддао бўларди. Масалан, дронлар табиатни муҳофаза қилишда жуда ҳам қўл келиши аниқ.
Шуни ўйлаб, сунъий ақлдан, “Дунёда эко дрон борми?” деб сўрадим.
“Ҳа, экодрон бор, – деб жавоб қилди СА. – У бирон алоҳида техника тури эмас, балки экологик вазифаларни ҳал этиш, табиатни муҳофаза қилиш учун ясалган учувчисиз учиш аппарати. Газ анализатори ва тепловизори бор дронлар заводлар атрофидаги ҳаво таркибини текширади, сув ҳавзаларининг ифлосланиш даражасини ўлчайди, ноқонуний чиқиндихоналарни аниқлайди, ёнғин ёки дарахт кесилишидан зарар кўрган жойларга дарахт уруғлари ва ўғитларни йўналтирилган ҳолда «отади», ёввойи ҳайвонлар популяциясини ҳисоблайди. Тепловизорлар ёрдамида тунда қўриқхоналарни патруль қилиб, браконьерликка қарши курашади. Ўрмон ёнғинлари ҳақида хабар беради, бу эса уни тезда ўчириш имконини беради…”
Албатта, бундай экодронлар автойўл “радар”ларидан чандон аниқ “фотоаппарат”лар билан жиҳозланади, улар қимирлаган жонки бор, ҳар лаҳзада кузатиб, гавдаси шакли ва тезлигини ўта аниқ ўлчаб ҳам туради.
Биз ана шундай экодронлардан табиатни муҳофаза қилишда, ҳатто унинг биологик хилма-хиллигини яна тиклашда ҳам фойдалансак-чи?
Кўз атрофидаги очиқ ернинг сариқ ранги ва учиш пайтида кўринадиган ола қаноти майнани бошқа қушлардан яққол ажратиб турадиган фарқидир. Бизда кенг тарқалган бошқа ҳеч қайси қушда бу икки белги мавжуд эмас.
Демак, вазиятга қараб, бирон 400 дона жанговар экодрон (ҳар вилоятга ўнтадан) сотиб олинса ва олақанотнинг бу икки белгиси экодронларнинг нишони бўлиши дастурланиб, ускуна нейротармоғига жойланса бир-икки йил ичида олақанот майнанинг 90 фоизини қириб тугатса бўлади. Албатта, бу иш энг камида бутун Марказий Осиёда давом эттирилсагина, натижаси кутилгандай бўлади; йўқса бу сурбет қуш бир неча йил ичида яна кўпаяди.
Эҳтимол, кимдир бу ташаббусни 1958 йилда Хитойда бошланган, аммо муваффақиятсиз якун топган чумчуқ қириш кампаниясига менгзар. Ундай эмас. Чумчуқ Хитой экотизимида ўз муқим ўрнига эга маҳаллий парранда эди. Бу қирғин хато иш экани аён бўлгач, бошқа мамлакатлардан неча юз минг чумчуқ Хитойга ташиб келтирилган ҳам.
Олақанот майна эса – келгинди. Нафақат экотизимда ўз ўрнига эга, балки аксинча миллион йиллар давомида шаклланган экотизимни бузаётган экоофат. Ундан қутулсак, табиий мувозанат аслига қайта бошлайди. Бунинг одамлар янглишиб, табиат ишига ўзбошимчалик билан аралашгани туфайли пайдо бўлгани ҳам фикримизни қувватлайди.
Албатта, мутахассис бўлмаган одам дрон олақанот майнани қай тарзда отиши, бунда хато бўлиш-бўлмаслиги, башарти бўлса унинг зиёни (масалан, ўқ ножўя кетиб, кимдир зиён кўриши мумкинми?) ҳақида фикр билдиришдан ожизман. Бироқ робот адашмаслиги, киритилган дастур бўйича аниқ ишлаши бор гап. Шундай экан, бу ишни тажриба тариқасида биронта вилоят, лоақал бирон туманда амалга ошириб кўриш, ижобий самара бераётгани аниқ далилланса, бошқа ҳудудларга ҳам жорий этиш, шу аснода иш натижадорлигини оширадиган ютуқларни қўллай бориш керак.
