УНУТИЛМАС СИЙМОЛАР
Инсон қандай соҳада меҳнат қилмасин, яхши одамларнинг меҳр-муруввати ва ёрдамидан баҳраманд бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб олади. Улар бизга билим берибгина қолмай, ҳаётнинг паст-баланд йўлларида учрайдиган машаққатларни сабр-бардош билан енгишимиз, етук инсон бўлишимиз йўлида жон куйдирадилар. Ҳаётда ҳар бир одам кимнингдир йўл-йўриғи, маслаҳати, қўллаб-қувватлаши билан ўз келажагини таъминлай олади.
Менинг ҳаёт деган катта уммондан ўз ўрним, ўз йўлимни топиб олишимда яхши инсонлар, аниқроғи меҳрибон устозларнинг беминнат ёрдами катта бўлди. Уларнинг баъзилари ҳаёт. Аммо бугун ёруғ оламни тарк этган, неча йиллар ўтса-да самимий нигоҳлари, панду насиҳатлари кўз ўнгимда гавдаланадиган азиз устозларимни яна бир-бир хотирлаб, уларнинг инсоний фазилатлари хусусида сўз юритсам, деган эдим.
1967 йили Ўш пединститутининг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинганимдан кейин Бозорқўрғондаги Ҳамза номли мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлай бошладим. Тўлиқсиз бу ўрта мактабдаги аҳил ва жипс жамоада меҳнат фаолиятим бошланди. Педагогика сирларидан яхши хабардор бўлмаганим боис, дастлабки йиллари болаларга сабоқ ўтишда қийналган пайтларим бўлган. Ўша йиллари Тўрахўжа Сайдуллаев илмий бўлим мудири эди. Домланинг ёшларни тарбиялашдаги фидойилиги хусусида кўп гапириш мумкин. “Асло тортинчоқ бўлмагин, методикадан қийналсанг ёки бирон муаммо пайдо бўлса, уялмасдан хузуримга кел. Муаллим аввало инсонни шакллантиради. Шу боис яхши ўқитувчи бўлишинг учун нимани ўқитсанг – ўшанга, кимни ўқитсанг – ўшаларга меҳр қўймоғинг зарур”, – деб уқтирганлари ҳамон хотирамда.
Уруш йиллари ва ундан кейин ҳам колхозда партиявий ишларда меҳнат қилган Акбарали ака Салимбоев ҳам шу мактабда ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ берарди. Ёш бўлганимиз боис гоҳо ўқувчиларга қаттиққўлроқ бўлсак унинг “Ўргатмоқ учун сўкиш, ёрдам бермоқ учун ҳақорат қилиш шарт эмас. Сен олижаноб одатларинг билан намуна бўлсанг, шогирдларинг умрбод сени эъзозлайдилар”, деган сўзларини асло унутмайман.
Ўз умрини ёш авлодга бахшида этган устозлардан бири Солихўжа Эшонхўжаев эди. Бу инсонда мужассамлашган яхши фазилатларни санаб саноғига етиш қийин. У ўзини ўзгалардан юқори қўймаган, каттаю кичик билан бир хил муомалада бўлган, шогирдларини ардоқлаган, қўлидан келган ёрдами ва маслаҳатини аямаган билимдон ва маданиятли инсон эди. Домла ўзини алоҳида қўймай, ҳамма одамлар қаторида бўлишни юксак бахт деб тушунган. Мактабда бирга ишлаганимиз сабабли кўп ҳолда издиҳом ёки тантаналарда бирга бўлсак, каттаю кичик домлани ниҳоятда эъзозлар, ҳурматини жойига қўйишарди. Бундай ардоқ ва ҳурматга ҳамма ҳам эришавермайди. Солихўжа ака ҳам кўп йиллар илмий бўлим мудири бўлиб ишлаб, бу соҳанинг ҳадисини олган устоз, зуллисонайн инсон эди десак, хато қилмаймиз. Бошланғич синфлар илмий мудири сифатида у билан ёнма-ён ишлаганим ва ундан кўп нарса ўрганганим шарофати билан кейинчалик туман халқ таълими бўлимида методист бўлиб ишлаган йилларим асло қийналмадим.
Ёшликдаги журналист бўлишдек орзуим ушалмаса ҳам муаллимлик касбида эканимдан фахрланардим. Аммо орзу мени тарк этмас, ўз билганимча газета-журналларга ёзган мақолаларим пайдарпай чоп этилаётганидан бу касбга интилишим кучайиб борар эди. Аммо орзу ўз-ўзидан ушалмас экан, сени кимдир қўллаши, кўмак кўрсатиши керак экан. Ниҳоят, бу орзуим ўша пайтдаги “Ленин йўли” (ҳозирги “Ўш садоси”) газетаси муҳаррири Одилжон ҳожи Обидов, қолаверса муҳаррир ўринбосарлари Омонбой Сотволдиев, Насибжон Раҳматуллаев ва бошқа журналистларнинг қўллаб-қувватлаши билан рўёбга чиққанини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Бугун қаторимизда йўқ бу азиз устозлардан умрбод миннатдорман, Оллоҳ раҳматига олсин.
Журналистлик кўп қиррали, ҳаётнинг бутун икир-чикирларини чуқур билишни талаб этган касб. Қишлоқда яшаб, фақат бир томонлама ёзишга ўрганган мендек муаллимга бу соҳа сирларини дарҳол ўзлаштириб олиш осон кечмаган. Газетага ишга қабул қилинибоқ, қишлоқ хўжалик бўлимида адабий ходим бўлдим. Ўшанда раҳматли шоир Талъат Солиев бўлим мудири эди. Бу истеъдодли журналист билан бирга кўп ишлаш насиб этмади. Тошкентга янги ишга ўтиб кетди. Талъат ака самимий, аммо жуда талабчан устоз эканлиги билан хотирада қолди.
Кейин бу бўлимга Абдуқаҳҳор ака Маннонов мудирлик қила бошлади. Қўли ҳам, кўнгли ҳам очиқ бу инсоннинг дунёдан кўз юмиб кетганига ҳали ҳамон ишонмайман. Мухбир сифатида у билан редакциядан кетгунча бирга ишладик. Бўлимга оид мақоламни кўздан кечириб, айрим ғализ жойларини силлиқларкан, “ Дуруст ёзилибди, газета услубини анча ўзлаштирибсиз, ҳали биздан ҳам яхши ёзадиган бўлиб кетасиз”, деб кўнглимни кўтарган сўзларини унутиб бўладими? Абдуқаҳҳор акадан ҳеч қачон “Бу мақолангиз ярамайди ёки бошқа ёзиб келинг”, деган дағал сўзни эшитмадим. У устозгина эмас, ўзидан анча ёш бўлсак-да, бизга “дўстим” деб мурожаат қиларди. Гоҳо бирон юмуш билан андармон бўлиб Ўшда қолишимга тўғри келса, “Мен ҳам бугун Аравонга бормайман, шаҳардаги уйимизда бир гаплашайлик” дея, кўнмаганимга қўймай таклиф қилар эди. Абдуқаҳҳор ака меҳрибон устозгина эмас, мард ва жасур одам эди. Редакцияда ўтадиган йиғилишларда камчиликларни ошкора айтар, айрим масалаларга ўз таклифларини киритарди. У бор даврада ҳеч ким зерикмасди. Қизиқарли ҳангомалардан сўзлаш билан ўзининг ижоди, янги саҳна асарлари, қаҳрамонлари, уларнинг характерлари хусусида сўзлаб, суҳбатдошининг фикр ва муносабатини эътибор билан эшитарди. Бошқа мухбирларни билмасдиму мен редакцияга 20-30 кунда бир марта борган пайтларим аввало Абдуқаҳҳор акани сўроқлаб, у билан кўришишга ошиқардим. Унинг очиқлиги, самимийлиги, одамшавандалиги, кимни бўлмасин, ўзига жалб этарди. Жамоада ҳурмати катталигидан бошқа ходимлар ҳам уни ардоқлаб “шеф” деб мурожаат қилишар эди.
Оддий ўқитувчиликдан мактаб директорилигига, сўнг “Қирғизистон ҳақиқати” республика газетасида, вилоят “Ленин йўли” газетасида бўлим мудири лавозимида кўп йиллар ишлаш билан қатор драматик асарлар, публицистик мақолалар муаллифи бўлган Абдуқаҳҳор Маннонов мен каби ўнлаб ёшларга журналистика сирларини эринмай ўргатган, ўзи ҳам тинмай ўрганган, ижоддан тинмаган дилкаш инсон, суюкли дўст ва ардоқли устоз эди. Ёш авлодни тарбиялашга, маънавиятимизни бойитишга, матбуотимиз ривожига улкан ҳисса қўшган барча устозларнинг ёрқин хотираси қалбимизда абадий сақланиб қолади.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,
Бозорқўрғон шаҳри.
