ҒАЗАЛХОНЛИК ҚАДРИЯТ 

БИРИНЧИ ҒАЗАЛ БАДИИЯТИ

Оразин ёпқоч, кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Ўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.

 

Қут бир бодому ерим гўшаи меҳроб эди,

Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиғ кўзу қош.

 

Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини,

Субҳнинг бот-бот дами андоқки айлар меҳр фош.

 

“Бўсае қилмас мурувват, асру қаттиқдур лабинг”

Десам, оғзи ичра айтур: “Лаъл ҳам бор навъи тош”.

 

Новакинг кўнглумга киргач жон талашмоқ бу экин,

Ким қилур пайконини кўнглум била жоним талош.

 

Умри жовид истасанг фард ўлки, бўстон Хизридур –

Сарвким, даъб айлади озодалиғ бирла маош.

 

Қоши оллинда Навоий берса жон, айб этмангиз,

Гар будур меҳроб, бир-бир қўйғусидур барча бош.

 

Ушбу ғазал Алишер Навоийнинг “Ғаройибус сиғар” девонига кирган. Уни шоир 10-12 ёшларида ёзгани ва Ҳирот адабий муҳитининг маликул каломи, шоир мавлоно Лутфийга ўқиб бергани Хондамирнинг “Макоримул ахлоқ” номли асарида келтирилган. Ёш Алишернинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Ўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш

матлаъли бу ғазалини тинглаб, ўсмир шоирни алқагани, “агар мумкин бўлсайди, мен туркий ва форсийда ёзган 10-12 минг байтли ашъоримни шу ғазалга алмаштирган бўлар эдим ва буни ўзим учун ютуқ деб қабул қилган  бўлардим, деб айтгани баён қилинган. Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида танила бошлаган.

Демак, бу шеърни Навоийнинг бизга маълум бўлган биринчи ғазали, деб айтмоқ мумкин.

Даҳо ижодкорларнинг бошқа, оддий истеъдодли одамлардан муҳим бир фарқи шунда кўринадики, уларнинг асарлари, ўн беш ёшида ёзилганми, ёки эллик беш ёшида, деярли фарқ қилмайди – бирдай юксак савияда бўлади. Ўсмир Алишернинг шу ғазалидаги бадиият Навоий кейин битган бошқа ғазаллар бадиияти билан тенг – ўша юксак мақомни маъво тутган.

Энди шу ғазални таҳлил қилиб, талқин этишга уринамиз:

Оразин ёпқоч, кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Ўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.

(Ёр) юзини беркитгач, ҳар лаҳзада кўз ёшларим тўкилади,

Гўё, қуёш ботганидан кейин юлдузлар пайдо бўлганидай.

 

Маъшуқа юзини ёпиши – жазодир, бу ёрнинг ошиққа илтифот қилмаслиги, уни бегоналатиши белгиси. Табиийки, маҳзун бўлган ошиқ кўз ёши тўкади, бошқа чораси йўқ. У ёр чеҳрасини қуёшга менгзайди, ахир қуёш ботгач, борлиққа қоронғулашиб (ошиқ кўнглини зулмат қоплаши), юлдузлар бодраб чиқади. Ошиқнинг кўз ёшлари юлдузлардай кўп.

 

Қут бир бодому ерим гўшаи меҳроб эди,

Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиғ кўзу қош.

 

Биргина бодом тановул қилар, жойим эса меҳробда эди,

(Аммо) бир кўзу қоши балолиғ (ёр) динимни ғорат айлади.

                          

Ошиқнинг егани фақат бодоми бор, жойи эса меҳробда, аммо шу ҳам унга насиб бўлавермайди, чунки бир балолиғ кўз ва қош унинг динига путур етказишга қасд қилган.

Алишер Навоийнинг ғазаллари ва умуман поэтикасидаги энг асосий бадиий санъат – таносубдир, яъни мантиқий мувофиқлик. Бу ўринда ёрнинг “балолиғ” кўзи ва қоши ҳақида гап кетар экан, шоир бодомни бежиз оғизга олмайди: бодомқовоқлик Шарқ бадииятида – гўзаллик унсурларидан бири. Шу билан бирга, меҳробнинг икки ёнга ёйилиб тушиши ҳам ёрнинг эгма қошига ишорадир. Фақиру ҳақир ошиқнинг меҳробдан бошқа жойи ҳам йўқ. Меҳроб – ибодатгоҳ бўладиган бўлса, ошиқ ёрнинг ёй-камонсимон қошига сажда қилади.

Маълумки, меҳробда турган киши хаёлга берилмай, фақат ибодатга машғул бўлиши керак, аммо ёрнинг қошу кўзи сурати ошиқнинг кўз олдидан кетмай, унинг динини ғорат қилгани-қилган.

Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини,

Субҳнинг бот-бот дами андоқки айлар меҳр фош.

Дам-бадам оҳ чекаверишим ул ойга бўлган ишқимни фош қилиб қўйяпти,

Тонгнинг бот-бот нафаси гўёки қуёшни намоён қилгани каби.

 

Бу байтда қўлланган сўз ва ифодалар кўпмаънолилиги ҳамда бадиий санъат таркибида қўллангани билан эътиборли: “ифшо” ва “фош” – бир ўзакли сўзлар бўлса, “дамодам” ва “боб-бот” калималари синонимдир, улар боя айтилган таносуботни юзага чиқарган. “Меҳр” – қуёш эканлигидан ташқари, муҳаббат ҳам. “Дам” эса – нафас, фурсат эканлиги билан бирга, тиғ ҳамдир (“қиличнинг дами” каби).

 

“Бўсае қилмас мурувват, асру қаттиқдур лабинг”

Десам, оғзи ичра айтур: “Лаъл ҳам бор навъи тош”.

                                            

“Лабинг жуда қаттиқ, бир мурувватли бўса инъом қилмайди”, десам,

Оғзи ичида (овоз чиқармай), “Лаъл ҳам тошнинг бир хили-ку”, деб айтади.

Ўтмиш шеъриятда ёрнинг ўзини-ўзи таърифлаши усули ҳам бўлган:

 

Гуфтам: “Малаки, ё башари?” Гуфт: “Ҳар ду!”,

“Кони намаки, ё шаккари?” Гуфт: “Ҳар ду!”. (Камол Хўжанддий)

 

(Дедимки, “Малакмисан, башар?” Деди: “У, ҳам бу!”,

“Тузнинг коними, ёки шакар?” Деди: У, ҳам бу!”) каби.

Навоийда бу санъат мана шу байтда кўринади. Ошиқ, “Лабинг жуда қаттиқ, бир мурувватли бўса бермайди”, деб ўпкаласа, ёр унга қараб: “Ахир лаъл (ёқут) ҳам бир тош-ку”, деб айтади, яъни лаб лаъл тошига ўхшатилади. Бунда лаълнинг қаттиқлиги эмас, ёқутдай қип-қизил эканлигига ишора асосий нуктадир.

Новакинг кўнглумга киргач жон талашмоқ бу экин,

Ким қилур пайконини кўнглум била жоним талош.

Сен отган камон ўқи кўнглимга киргач шундай жон талашиши бўлдики,

Бу пайконни кўнглим билан жоним талош-талош қилишар эди.

Навоий шеърларида кўнгил ва жон гўё икки нарса каби тасвир этилган мисралар кўп учрайди ва аксар ҳолларда кўнгил жондан ҳам азиз ва пок бир хилқат қилиб талқин этилади. Ушбу байтда ёр камондан отган ўқ ошиқнинг бағрига қадалгач, табиийки, жон талашиш бўлади. Шоир бу сўзни яна бир маънода қўллаб, кўнглим билан жоним бу ўқни бир-биридан талашишади, деб муболаға қилади. Зеро бу ўқ аслида камондай эгилган қош остидаги киприклар ўқидир.

 

 Умри жовид истасанг фард ўлки, бўстон Хизридур –

 Сарвким, даъб айлади озодалиғ бирла маош.

Абадий умр истасанг, ёлғиз бўл, чунки боғ-бўстоннинг Хизри – Сарв ҳам бошқаларга қўшилмай яшашга қаноат қилгани учун шу хислатга эришди.

Бу байтни ушбу ғазалдаги лирик чекиниш деб аташ мумкин. Қай бир ҳолатдан озурдадил бўлган шоир реал ҳаётдаги кимдандир узоқлашишни маъқул кўради ва ўзгаларга қўшилмаслик узоқроқ умр кўришга восита бўлади, деб ҳисоблайди. Албатта, биз бунинг замирида ётган кайфиятни билишимиз мушкул, у адибнинг дил қатида яширин қолади.

Қоши оллинда Навоий берса жон, айб этмангиз,

Гар будур меҳроб, бир-бир қўйғусидур барча бош.

 

(Ёрнинг) қоши олдида Навоий жон берса, айбламангиз,

(Зеро) бундай меҳробга ҳамма бир-бир бош қўйиши аниқ. 

Шоир бу байтда яна ғазал кайфиятига қайтгандек бўлади: ёрнинг қоши таърифига ўтади. Аммо камондан ўқ узиб, жонини талошга қўйган ёрнинг қоши шундай бир меҳробки, унинг олдида ҳамма бир-бир бош қўйиши муқаррар – ҳеч ким бундан бошқача тақдирни изламайди. Жумладан, Навоий ҳам, гарчи сарвдек ёлғиз қад кўтаришни, умри жовидонда яшашни маъқул билган бўлса-да, кўнгли ақлини рад этади, ундан кўра бу қош олдида жон бериш беҳроқ, бу айб этиладиган ҳолат эмас, зеро бу шундай меҳробки, барча бирма-бир унга бош қўйиши муқаррар.

Ана бу ўринда лирик қаҳрамон айтаётган меҳробни қабр лаҳадининг оғзи деб ҳам тушуниш мумкин, ундан бош товлайдиган, умри жовидонда мангу қоладиган кимса бўлмайди…

*     *     *

Ушбу мақола бошида доҳий адиблар ўз фаолиятининг бошидаёқ юксак бир даражага чиқиб олишлари ва умри давомида ўша юксак мартабадан асло қуйи инмай ижод қилишларини қайд қилиб ўтган эдик. Ҳозиргина ўқилган ва талқин этилган шу ғазал бунга бир далил. “Туфулият айёми” – болалик чоғидан “шабоб” – йигитлик остонасига эндигина қадам қўйган ёш Алишер Навоийнинг хаёлот олами шу қадар теранки, умр китобининг сўнгги варақларини ўқиб битираётган мўйсафид файласуфнинг хулосаларидан фарқ қилмайди – унда ишқ ҳам, изтироб ҳам, турмуш ташвишлари ҳам, мамот мотамлари ҳам бор.

Ва буларнинг барчаси юксак бадиий тажассум топган, шеърий санъатлар билан музайян этилган.

Навоийнинг мўъжизакорлиги ҳам шунда.

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

 

боғлиқ хабарлар