ҚАДРИЯТ 

ТЎРТ ТИЛДАГИ ТАРОНА

Дунё адабиётида турфа ҳодисалар бор. Чунончи, тажриба учун бир асарнинг бир тилга бир неча таржимаси амалга оширилади. Чунончи, машҳур гуржи шоири Ни­ко­лоз Бараташвилининг 150 йиллиги арафасида машҳур “Мерани” шеърининг энг яхши таржимаси бўйича танловда икки юзга яқин шоир қатнашган. Ё бўлмаса, бир адиб асарлари бир вақтнинг ўзида кўп тиллларга ўгирилади. 2014 йилда қирғиз оқини Тўқтағулнинг шеър-қўшиқлари Эскишеҳир (Туркия) волийси ҳомийлигида (бештаси – таржима) қирғизча аслиятда ва турк, озар, ўзбек, қозоқ, туркман тилларидаги таржималари нашр этилган эди.

Таржима – олижаноб иш. Асар қандай чоп этилгани, сифат-савиясидан қатъи назар. Таржимон эса, эзгулик элчиси. У ҳамиша эҳтиромга лойиқ. Ёдингизда бўлса, “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” деган кинода сохта шоҳ қабулига швед элчиси келиб, ўз тилида чуғурлайди. “Шоҳ ёрдамчиси” бўлган аъён канцелярия бошлиғидан, “Нима деяпти, тилмоч қани?” деб сўраса, “Биз уни қайноқ сувли қозонга солиб ўлдирганмиз”, дейди. Шунда аъён “Таржимонни бундай қилиш ярамайди!” деб эътироз билдиради. Дарҳақиқат, мутаржим – элчидир, элчига эса ўлим йўқ.

Бугун, 25 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ёш қирғиз шоири Мэлис Маматжоновнинг “Дарексиз дуйно” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу китобнинг қизиқ жиҳати – унда шоирнинг 27 та сара шеъри қирғиз тилидаги аслиятида, шунингдек қозоқ, ўзбек ва турк тилларидаги таржималари билан қўшиб нашр этилган. Яъни, тўрт тилдаги тарона!

Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида қирғиз шоири Мелис Маматжоновнинг ўзбек тилига таржима қилинган «Иззез Дооне» («Манзилсиз дунё») шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти аъзоси, ТУРКСОЙ мукофоти совриндори, шоир Шуҳрат Ориф ушбу тақдимотни икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва маданий алоқаларнинг янги босқичидаги муҳим воқеа сифатида қайд этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори, «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамиятининг фаол аъзоси Умида Тешабоева, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси атташеси Албина Суиналиева ва бошқалар Маматжоновнинг шеъриятида Ватан, ҳаёт, муҳаббат, болалик ва табиат мавзулари чуқур сингиб кетганлигини таъкидладилар. Ушбу шеърий китоб таржимони Фахритдин Ҳайит ўз сўзида Мэлс маатжонов шеърларининг энг характерли жиҳатлари ҳақида батафсил тўхталди ва таржималарни аслиятга қиёслаб ўқиб берди.

Китоб тақдимотини шукуҳли ўтказишда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бир гуруҳ талабаларининг ҳиссаси катта бўлди. Улар Мэлс Маматжонов шеърларини қирғиз ва ўзбек тилларида ёд ўқидилар, куйга монанд равишда қирғизча рақслар ижро этдилар.

«Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти  раиси, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов тўпламнинг ўзбек китобхонларига тақдим этилишини сўнгги йилларда қирғиз-ўзбек ҳамкорлиги барқарор ривожланаётганини тасдиқловчи маданий кўприк сифатида баҳолади.

Давра якунида сўзга чиққан китоб муаллифи Мэлс Маматжонов бу каби учрашувлар нафақат адабиётларимиз, балки халқларимиз орасидаги алоқаларни янада кучайтиришга муносиб ҳисса қўшади, деб умид билдирди.

Тўплам 2025 йилда Бишкекдаги “Таалим” нашриёти томонидан минг нусхада қирғиз, қозоқ, ўзбек ва турк тилларида, бир муқова остида нашр этилган бўлиб, шу жиҳатига кўра туркий тиллараро шеърий таржима масалаларини ўрганувчилар учун муҳим манба бўлиши турган гап..

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар