ҚАДРИЯТ 

АЛИҚУЛ ЎСМОНОВ

    Ҳар бир даврда миллий адабиёт вакилларининг қай бирови ўз истеъдодининг йўналиши, асарларининг руҳи ва ҳатто ижодий тақдирига кўра бошқа бир халқнинг шоири ё ёзувчисига монанд бўлиб қолади. Бундай “эгизак” адиблар ҳақида гап кетганда, “словен адабиётининг Пушкини”, “испан сўз санъатининг Шекспири” деган таърифлар қўлланади.

Ижодий йўналиши ва тақдири бизнинг маъсум шоиримиз билан бир хил бўлган Алиқул Ўсмоновни қирғиз адабиётининг Усмон Носири деб аташ мумкин. Булардан бири атиги ўттиз икки йил (1912-1944) яшаган, ундан уч ёш кичик бўлган иккинчиси ўттиз беш йил умр кўрган.

Ажабки, ҳар иккови ҳам оғир турмуш шароити туфайли сил касаллигига дучор бўлган. Бири Магадан турмасида, иккинчиси эса Бишкекда, шеър ёзаётган чоғида столга бош қўйган ҳолда ҳаёт билан видолашган. Иккови ҳам миллий сўз санъатига ўта жўшқин ва ҳассос руҳ олиб кира олган. Шунинг баробарида, Усмон Носир Пушкиннинг “Боғчасарой фонтани”, Лермонтовнинг “Демон” поэмаларини, Алиқул Ўсмонов эса Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонини, В.Шекспир, И.Крилов, А.Пушкин асарларини ўгириб, таржима турини юксак даража кўтара олган.

Биз кўпинча, узоқ-узоқ эллар адабиётига мафтун бўламиз, шундоқ ёнимиздаги халқлар шеъриятини ҳам насрини ҳам “ўртамиёна” деб биламиз. Кимнидир эътироф этар бўлсак, ўшанда ҳам узоқдагилар тасанно айтганидан сўнг қабул қиламиз. Мисол излаб ўтиришнинг ҳожати йўқ – Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов…

Шоир Алиқул Ўсмонов ҳозирги Қирғизистоннинг Панфилов туманидаги Қапталариқ қишлоғида камбағал бир оилада туғилган. Ота-онасидан эрта етим қолиб, Тўқмоқ ва Пишпек (ҳозирги Бишкек) шаҳарларида болалар уйида тарбияланган. 1929 йилда Пишпекдаги педагогика техникумига ўқишга кирди.

1930-йили «Сабаттуу бол» (Саводли бўл) газетасининг сентябрь ойидаги сонларидан бирида унинг дастлабки “Қизил юк” деган шеъри босилади. Шоирнинг ижодий йўли ана шу тархда, ўттизинчи йиллар бошидан бошланган. Тинимсиз равишда газета ва журналларда шеърлари тез-тез чоп этиладиган бўлди. Бу йиллар – иқтисодий қийинчилик авжига чиққан, аммо бутун мамлакатни романтик бир руҳ эгаллаб олган, фожиий ҳолатлар билан бирга, қизғин курашчанлик, ватанпарварлик, эртанги кунга комил ишонч сезилиб турган, шунинг учун ҳам қийинчиликлар сабот билан енгиб ўтилаётган давр эди. Бу замонда ижод қилаётган катта ёшли қирғиз шоирлари янги ҳаёт тантанаси учун нафақат қалам, балки жамоат ишларида фаолликлари билан ҳам ҳисса қўшишга интилардилар. Айни шу даврда Аали Тўқамбоев (1904-198), Муқай Элебоев (1905-1944), Жўўмарт Бўкўнбоев (1910-1944), Жусуп Турусбеков (1910-1943) каби ХХ аср аввалидаги қирғиз шоирларининг бадиий камолоти авжига чиқаётган эди.

Бу орада бўлажак адиб педтехникумни тамомлаб, 1932 йилда газета ва журнал таҳририятларида ишлаган. Илк шеъри 1930 йилда матбуотда босилиб чиқди. Дастлабки шеърий тўплами – “Тонг шеърлари” 1935 йилда чоп этилган. Тез орада “Юлдузли ёшлик” (1937) ва “Чўлпонистон” (1937) деб номланган яна икки шеърий тўпламини ҳам нашр этилди. Бу тўпламларда гарчи ҳали шоирнинг ижодий тажрибаси камлиги яққол сезилиб турса-да, “Тунги товуш”, “Қизил учувчилар”, “Олға, дўстлар!” каби бир талай шеърлари қирғиз адабиётида фавқулодда истеъдодли бир шоир пайдо бўлганини кўрсатар эди. Унинг “Чапаев” (1934) деган шеърида ҳар бир киши – оддий мактаб ўқувчисидан тортиб, жанговар командиргача – янги ҳаёт учун машҳур дивизия командири каби жангга тайёр эканлиги ҳассос авишда тараннум этилган. Бироқ бундай эсда қоларли шеърлар кам бўлиб, шоирнинг ўзи ҳам буни ҳис этар эди. Алиқул ўқиш, изланиш лозимлигини сезиб, дунё адабиётининг энг улуғ асарларини мутолаа қилишга, тажриба оширишга киришди.

Алиқул 1938-йилнинг баҳорида Иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Бунинг ўзи уни янги ижодий юксакликларга ундади.

Ўша йил охирида Алиқул грузин классиги Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” деган машҳур достонини  қирғизчага ўгиришга киришди. Бу асар ҳақидаги бирталай илмий асарларни ўқиш, унинг турли тиллардаги таржималарини ўзаро қиёслаш ёш шоир учун катта мактаб бўлди. Достон таржимаси 1939 йилда тамомланди ва 1940 йилда нашр этилди. У – қирғиз адабиётидаги илк йирик таржима эди. Достон меҳр-муҳаббат, катта маҳорат билан ўгирилганидан, тезда бутун қирғиз жамоатчилигини ўзига жалб этди, Алиқулнинг номи кенг жамоатчилик ўртасида шуҳрат топди. Ҳозиргача саккиз бора нашр этилган “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони қирғиз шеърий таржимачилигининг чўққиси деб тан олинган.

Бироқ унинг шеърларида қалбини қийнаган туйғулар ҳам акс этар эди. Унинг ўзи таржимаи ҳолида “1939-1940 йилларда мен кам ёзиб, кўп ўқидим. Шу пайтда тайёрлаган “Лирика” деган тўпламимда эзгин шеърлар кўп эди. 1941 йилга келиб, тўплам қўлёзмасини ёқиб юбордим”, деб ёзган. Қўлёзманинг ёқиб юборилиши шеърият муҳиблари учун катта фожиа, албатта. Лекин унинг заминида аллақайси нашриёт муҳаррирининг бир тўртликдан асоссиз сиёсий айб топиб, шеърлар битилган қоғозларни шоирнинг юзига қарата отишидай чинакам дағдаға ҳам бор эди.

II Жаҳон уруши йилларида оғир хаста шоир тинмай ижод қилди. Уруш ҳақида шеърлар битди, Низомий Ганжавийнинг “Хусрав ва Ширин” достонини, Шекспирнинг “Ўн иккинчи тун” пьесасини қирғиз тилига ўгирди, уруш қаҳрамонлари ҳақида “Чўлпонбой”, “Муҳаббат”, “Ким бу?” деган пьесалар ёзди.

1944 йилда ҳаёт Алиқулга навбатдаги зарбаларини берди: ёлғизгина қизалоғи чақалоқлигида вафот этди, хотини ташлаб кетди, ўпка сили касали эса янада зўрайди. Аммо шоир ўзини ҳаёт гирдоби ихтиёрига ташлаб қўймади, бутун куч-қувватини ижодга бағишлади.

Энди у асосан Иссиқкўл бўйига тез-тез сафар қилар, севган кўли унга тасалли бериб, ижодий куч бағишлаётгандай бўларди. 1944 йил ноябрида катта бир туркумни ташкил этган шеърлар ижод қилди, улар 1945-йилда нашр этилган  «Муҳаббат» деб номланган тўпламининг негизини ташкил этди. Бу тўплам нафақат Алиқул Ўсмоновнинг ижодида, балки бутун қирғиз сўз санъатида фавқулодда ҳодиса бўлиб қолди. Иссиқкўл бўйида ёзилган “Юлдузим”, “Нимадан уяламан”, “Шота Руставели”, “Турналар”, “Ўттиз ёшлилар”, “Қора капалак”, “Табиат ва мусиқа”, “Букентой”, “Оққушларнинг парвозин кўрдим” каби шеърлари қирғиз китобхонлари қалбини забт этди.  

 

Мен турмушда юҳо, очкўз эмасман,
Таъна қилиб: “Оз бердинг-ку”, демасман.
Бойлик, соғлиқ берма, берсанг энг аввал
Икки банд шеър бергил, бўлсин мукаммал..

Бу – Алиқулнинг умрлик эътиқоди, қалб тилаги эди.

Иссиқкўл соҳилларида Алиқул Ўсмоновнинг урушдан кейинги йилларда довруқ қозонган “Муҳаббат” (1945), «Янги шеърлар» (1946), «Менинг ерим – шеърнинг ери» (1947), «Болаларга детей» (1947), «Янги қўшиқлар» (1949) тўпламлари битилди. Бундан ташқари, айни шу йилларда Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достонини, Шекспирнинг «Отелло» трагедиясини, Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини она тилига ўгирди, кўплаб пьесалар ёзди.

Алиқул ўта ҳассос шоир. У қирқинчи йилларда – миллий адабиётларимизни “бахт таронаси” руҳи буткул қоплаб олган бир замонда энг инсоний, эзгин туйғулар инжа бир шаклларда ифода этилган юзлаб энг сара шеърларини ёзди ва адабиёт энг аввало, инсон қалбининг таржимони эканини, ҳеч қандай сиёсат уни ўзи танлаган шу бош йўлидан чалғита олмаслигини далиллади. Шу фазилати билан Алиқул Ўсмонов, гарчи атиги ўн беш йил ижод қилган бўлса-да, қирғиз адабиётининг улкан вакилларидан бирига айланди, унинг асарлари қирғиз шеъриятининг мумтоз намуналари ҳисобланади. Алиқулдан шеърлар, кўплаб достонлар, драматик асарлар мерос бўлиб қолди.

Шоирнинг бадиий кредоси ва эстетик принциплари “Янги шеърлар”, “Менинг ерим – шеър ери”, “Ота юрт” деган тўпламларида яққол сезилади. Бу тўпламларда қирғиз шеъриятини аввал учрамаган реалистик янги топилдиқлар, теран фалсафий мазмун билан бойитди.

Алиқул Ўсмонов 1935-1950 йиллар орасида ўндан ортиқ шеърий тўпламлар муаллифи бўлди, уларнинг айримлари рус тилига ўгирилиб, Москвада ҳам нашр этилди, улар орасидан рус тилида чоп этилган «Мой дом» деган шеърлар тўплами айниқса юкса баҳоланиб, адабиёт бўйича давлат мукофотига тақдим этилган.

Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси 1986 йилда Алиқул Ўсмонов номидаги мукофот таъсис этган. Ҳозирда Қирғизистон миллий университетида Алиқулшунослик маркази ишлаб турибди.

Шоирнинг асарлари кўп тилларга, жумладан ўзбекчага ҳам таржима қилиниб, тўпламларда босилиб чиққан. Шоир таваллудининг юз йиллиги муносабати билан 2015 йилда унинг унинг етмишга яқин шеъри ва бир достони Арслонбоблик шоир Қурбон Саттор томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, “Кўл тўлқини” номи билан Бишкекда китоб қилиб чоп этилди. Алиқулнинг ўзбек адабиёти билан яна бир алоқадор томони бор. Шоир вафотидан сўнг унинг хотини Зайнаб Совронбоева Тошкентда яшаган ва ўтган асрнинг эллигинча-олтмишинчи йилларида Зайнаб тахаллуси билан қирғиз ёзувчиларининг бир қанча асарларини  ўзбек тилига таржима қилган.  

Қуйида Алиқул Ўсмонов шеърларидан намуналарни диққатингизга ҳавола этамиз:                                     

Зўр шеър ёзай,

Пойларидан ўпиб, жўнатай.

Ёзолмасам… кўзёшимни кўллатай.

Шеър битилган шамчироқнинг қошида

Мен бахтлиман,

Бахтли ҳатто кўланкам.

 *   *   *

Ота юрт

Иссиқ кийин, йўлинг зулмат, қорариб,

Қиш аёвсиз, бўрон увлар, қор уриб…

Бағримга кир, илиқ ўтсин танингга,

Бир хўрсиниб, ором олгин, ота юрт!

 

Илк баҳорда совуқ елдан аввайлай,

Ўтар, кетар манов турган сур булут.

Ҳар на дардинг бўлса, олай ўзимга,

Сен оғрима, мен оғрийин, ота юрт!

 

Қора тунда қора ишлар бўлмасин,

Шайтанатнинг салтанати дор қуриб,

Азобларинг ўз бўйнимга олайин,

Мен йўл қарай, сен йиғлама, ота юрт!

 

Илк баҳорда совуқ елдан аввайлай,

Ўтар, кетар манов турган сур булут.

Ҳар на дардинг бўлса олай ўзимга,

Сен оғрима, мен оғрийин, ота юрт!

*  *  *

Одамга

Одамни одам меҳмон

Қилиб сийларкан.

Яқин йўлдош-жўрани

Чорлаб бийларкан.

 

Эзгу тилак, ниятни

Қўя олмаскан.

Бу дунёнинг шавқига

Тўя олмаскан.

 

Иззат қилиб дўстини,

Е, мановни, ичгин, деб

Қийнаб, тиғларкан.

Шундай умр ўтказиб,

Кейин биғларкан.

 

Қора ернинг остига

Бирини бири кўмиб,

Аста йиғларкан.

 

Уруш-талаш, ўқли, ўтли кунлар битса,

Ширин тунлар, тотли тонглар охир етса,

Бошни қийнаб, ўйлантириб адо қилган

Ғам-аламлар, гина-кудрат тамом кетса.

 

Пўлатларни ипак каби эшса бўлар

Беҳишт каби гўзал даврон бизни кутса.

Бу ер юзи – бир отанинг боласидай,

Ундаб-чорлаб, бир-бирини меҳмон этса…

*     *     *

Шу кунларда Қирғизистонда, яна бир қатор туркий давлатларда улуғ шоир Алиқул Ўсмоновнинг 110 йиллиги нишонланяпти. Жумладан, бугун, 22 ноябрь куни Тошкент вилояти Бўка туманининг Човлисой қишлоғидаги қирғиз тилли ўрта мактабда Қирғизистондан келган ардоқли меҳмонлар – Алиқул Ўсмонов номидаги халқаро фонд директори Бек Ўсмонов, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби Мундуз Тентимишев, атоқли шоир Нурлан Қалибеков, шунингдек ўзбек адиблари Аҳмаджон Мелибоев, Зуҳриддин Исомиддинов, файласуф олим Тўланбой Қурбонов ва бошқалар иштирокида қишлоқ фаоллари ҳамда икки мактаб ўқувчилари иштирокида шоир таваллуди тантанали нишонланди.

Адиблар мактаб кутубхонасига Алиқул Ўсмонов шеърларининг ўзлари олиб келган янги нашрларини туҳфа қилишди.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

боғлиқ хабарлар