БЕДОРЛИККА ЧОРЛОВ

Шавкат Раҳмон таваллудининг 75 йиллиги олдидан

    Биз – уч нафар талаба яшайдиган ижара уй Пайшанба бозори яқинида бўлгани учун йўлимиздаги китоб дўконига тез-тез кириб турардик. Харидорлар гавжум ӯзбек тилидаги адабиётлар бӯлимидан ҳам исталган китобни топиш мумкин эди. Бир куни дарсдан кейин дўконга кирсак, «Авторнинг илк китоби» рукни остида нашр этилган янги китоблар келтирилган экан. Шундай тўпламлардан бир нечтасини сотиб олиб, йўлдаёқ уларни варақлаб кўра бошладик. Хӯжанднинг қадимий тангкӯчаларидан юриб борар эканмиз, ҳамсабоқ дӯстларимиздан бири Шавкат Раҳмоннинг «Рангин лаҳзалар» номли китобининг илк саҳифасидан ўрин олган «Ватан» номли шеърни овоз чиқариб ўқиди:

Жойлашгансан шунчалар чуқур…

Ўз тубига яширган юрак.

Сенга етиб бормаклик учун

Узун умрим етмаса керак.

Шу пайтгача Ватан ҳақида ҳамма кўникиб қолган, мазмунан бир-бирига яқин баландпарвоз шеърларни ўқиб юрганимиз учунми, атиги тўрт сатрдан иборат содда ва самимий, айни чоғда, мулоҳаза ва мушоҳадага ундайдиган бу шеър бизга жуда маъқул келди. Орамиздан кимдир уни «Ватан ҳақида энг гўзал шеър», деб атади. Дӯстимизнинг фикрини қувватладик.

Ижара уйга келиб, китобни тўлиқ ўқиб чиққанимиздан кейин ўзимиз учун Шавкат Раҳмон деган шоирни кашф этдик. Муболаға эмас: туйғулар табиий, теран ифодаланган шоир шеърларидаги тасвирлар, юракка тиғдай тегадиган фикрлар бизни янги руҳий оламга олиб кирди. Ўша китоб мутолаасидан сўнг баҳслашиб, бир-биримизнинг фикримизга гоҳ қўшилиб, гоҳ эътироз билдириб, алламаҳалгача ухламай ўтирганимиз ёдимда.

Китобчани дам олиш куни қишлоққа олиб кетдим. Мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берадиган отам Шукруллохон Авлиёзода (шоир ҳам эдилар) Шавкат Раҳмоннинг китобини ўқиб, мутаассир бўлган эдилар.

Отамни бундан аввал бир марта шундай руҳиятда кўрган эдим. Бир йил муқаддам Рауф Парфининг «Кўзлар» тўпламини мутолаа қилиб, негадир икки-уч кун маъюс ва ўйчан бўлиб юрганди. Бу гал эса Шавкат Раҳмоннинг мўъжаз китобчаси отамнинг завқ-шавқи, эътирофига сазовор бўлганди.

Кейинроқ шоирнинг бошқа китобларини ҳам отам билан бирга ўқиганмиз. «Шавкат Раҳмоннинг шеърларини фақат ўқиш эмас, балки мусаввирнинг сувратидек томоша қилиш мумкин. Унинг китобларини ўқисам, ота юртим Андархамнинг одамлари, қир-адирлари, сой ва қадим кўчалари кўз ўнгимда намоён бўлади. Қишлоққа бориб келгандек бўламан», деганларини яхши эслайман.

Мен шоирнинг кейинги йилларда ёзилган шеърларини мақтай бошласам, отам «Менга Шавкат Раҳмоннинг ёшлигида ёзган шеърлари кўпроқ ёқади, у ўша пайтдаёқ зўр шоир эди», деб эътироз билдирар эдилар.

Ўтган асрнинг 70-йилларида адабиётга кириб келган Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Солиҳ, Усмон Азим, Хуршид Даврон каби шоирлар замонавий ўзбек шеъриятини бир поғона юқори кўтариб қўйишди. Таъбир жоиз бўлса, шеъриятда тозариш, янгиланиш юз берди, муҳими, руҳият ва моҳият сари қадам ташланди.

Биз машқларимизни юқорида номи тилга олинган устозлар назаридан ўтказишни орзу қилардик, лекин Тошкентга боргач, рўпара бўлишга ҳаддимиз сиғмай, қўлёзмаларимизни қўлтиқлаб қайтган пайтларимиз кўп бўлган. Ӯз шеърлари ҳақида илиқ гаплар эшитиб, хурсанд бӯлиб юрган тенгқурларимизга ҳавас қилардик.

Бир гал ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбатлашиб ўтириб, илк шеърий тӯпламим «Ёш гвардия» нашриётининг йиллик режасига киритилганини айтдим. (Ӯрни келгани учун айтиб ӯтмоқчиман, бу китоб нашр этилмади, нашриёт раҳбарларидан бири мен ишлайдиган вилоят газетасига телефон қилиб, менинг китобим ӯрнига бошқа бир ёш шоирнинг тӯпламини киритмоқчи эканлигини айтди. Ҳайрон бӯлганимни сезиб, «Ӯрнингизни алмаштириб турамиз, сизникини бир йилдан кейин, албатта, чиқарамиз!» деди. Лекин бу ваъдани унутишди.)

– Fафур Fулом номли нашриётга ҳам қўлёзмангизни топшириб қўйинг. – деди Хуршид ака маслаҳат бериб. – Бу гал кейинги китобингизни тайёрлаб келинг.

– Шавкат Раҳмондек шоирга шеърларимни қандай кўрсатаман? – дедим бирданига шошилиб. – У киши жуда катта шоир-ку!

Ўша пайтларда Шавкат Раҳмон Fафур Fулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида бўлим мудири эди. Нашриёт ёш шоирларнинг китобини чоп этаётганини билсам-да, тўпламимни кўтариб боришга юрагим дов бермасди.

– Бундай тортиниб юрсангиз бўлмайди, – деди Хуршид ака далда бериб, – Шавкат Раҳмон ёшларни қўллаб-қувватлаяпти. «Мен ҳаммадан зӯрман!» деб, дадил кириб бораверинг.

Иккиланиб турганимни кўриб яна қўшиб қўйди:

– Журъатсиз кишидан шоир чиқмайди…

Хуршид аканинг гапи билан бир китобчанинг қӯлёзмасини тайёрладим. Тошкентга борганимдан кейин шеърларим солинган папка ўзимга ёқмай, дўконларнинг биридан яшил тусдаги қалин, боғичлари чиройли жилд сотиб олдим.

Шеърият бўлимида Шавкат ака самарқандлик шоир Жамол Сирожиддин билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Кутиб турдим.

Бир оздан кейин Ленинободдан келганимни айтиб, қўлёзмани узатдим.

– Тўпламингизнинг папкаси жуда чиройли экан, – деди Шавкат ака жилднинг боғичини ечар экан, – кўрайлик-чи, ичидаги шеърлар қандай экан?

Манглайимдан муздек тер чиқиб кетди. Индамай ўтиравердим.

Шавкат Раҳмон қӯлёзмани варақлаб, шеърларимга кӯз югуртира бошлади. Мен эса аввал ӯзимга яхши кӯриниб, ҳозир жӯн ва ғариб туюлган машқларимни кӯтариб келганим учун уялиб, баттар хижолат бӯлдим.

Анчадан кейин Шавкат ака:

– Тўплам тайёр бўлиб қолибди. Ҳозир нашриёт икки муаллифнинг китобини бир муқова ичида чиқаряпти. Сизнинг китобингизни ҳам шундай чоп қилсак бўлар экан, — деди менга саволомуз тикилиб.

Аввалроқ шундай китобчаларни кӯрган эдим, лекин кутилмаган бу таклифдан нима дейишимни билмай, дераза ёнида ўтирган йигитга қарадим, у негадир «рози бўлманг», дегандек бошини қимирлатиб қӯйди. (Бу йигит бӯлим муҳаррири Абдували Қутбиддин экан, кейинроқ дўстлашиб кетдик. Китобимга тақриз ҳам ёзди).

– Китобим алоҳида чиқмаса нима кераги бор, – деб юборибман бир томондан Хуршид аканинг гапи ёдимга тушиб, бошқа томондан рўпарамдаги йигитнинг ишорасидан руҳланиб. Шавкат ака юзимга бир тикилиб қаради-да, ҳеч нима демай, кулимсираб қўйди.

Бу воқеани батафсил келтиришимнинг сабаби, Шавкат Раҳмон чиндан ҳам самимий, оддий инсон эди. Бундай иддаоларни кўп эшитганиданми, қаттиқ гапиришни истамадими, ҳар ҳолда, мендай бир ҳаваскор шоирнинг сўзларидан ранжимади. Аксинча, аввалига баланддан келиб, сўнгра хижолат чекиб пешонамдаги терни тез-тез артиб, лом-мим демай ўтирганимни кўриб, мени гапга тутди. Тўплам ичидан айрим шеърларни ажратиб, уларни газета-журналларга олиб боришимни маслаҳат берди.

Бир шеъримда «Мадор бӯлади у тиззаларингга» деган мисра бор эди, журнал ходимининг эътиборини тортиш учун бӯлса керак, унинг остига чизиб қӯйди. Қайтаётганимда нашриёт чоп этган янги китоблардан совға қилди. Гарчи бу китобим орадан 4-5 йил ӯтиб нашр этилган бӯлса ҳам, ундаги айрим шеърларни Шавкат Раҳмоннинг назаридан ӯтказиб олганим учун энди фахрланиб юраман. Анча йиллардан сӯнг Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмасига тавсиянома ёзиб берган устоз Хуршид Даврон қуйидаги фикрларни ҳам қайд этган эди: «…Таниқли шоиримиз, раҳматли Шавкат Раҳмон ёш шоир ижодининг дастлабки палласиданоқ, унинг ижодини кузатиб келгани ва унинг қаламига тегишли шеърлар хусусида ижобий фикрлар айтганидан ҳам яхши хабардорман».

Шу боис ҳар гал қўлимга қалам олсам, шоирнинг ўткир нигоҳлари мени кузатиб тургандай бўлаверади. Ўзимда масъуллик сеза бошлайман…

1986 йилнинг 16 май куни атоқли олим ва шоирлар Озод Шарафиддинов, Рауф Парфи, Иброҳим Ҳаққул, Муҳаммад Солиҳ, Усмон Азим Ленинободга ташриф буюришди. Шеърият мухлислари учун чинакам байрамга айланган бу учрашувга Шавкат Раҳмон сабабчи бӯлганини ҳамма ҳам билмаса керак.

…Бир гал Тошкентга борганимда шоир дўстларим Асқар Маҳкам ва Одил Икромга Шавкат акани зиёрат қилсак, деган мазмунда гап қилдим.

– Шавкат ака Испанияга бориб келибди. Устоз билан суҳбатлашиб келамиз, – деб таклифимни маъқуллади Асқар.

Шу куни учовимиз Шавкат Раҳмон хонадонида бўлдик. Асқар Шавкат ака билан анча қадрдон экан, ўзини эркин тутиб, устоз билан бемалол гаплашиб ўтирди. Мен ва Одил Икром ҳар замонда бош ирғаб, суҳбатга қўшилгандек бўлиб турдик. Жиддий, босиқ ва ўйчан шоир ҳузурида нималарнидир гапириб ўтиришга ҳаддим сиғмади.

Сафар таассуротлари, улуғ испан шоирлари Хуан Рамон Хименес, Федерико Гарсия Лорка ҳаёти ва ижоди, Андалусия ҳақида сўзлаётган Шавкат Раҳмонга ҳавас қилиб ўтирдим. Фақат қайтаётганимизда устозни Ленинободга таклиф этишга журъат этдим.

– Ленинобод орқали Ўшга кўп ўтганмиз, лекин шаҳарда тўхтамаганмиз, – деди Шавкат ака, – насиб бўлса, борамиз…

Шоирнинг розилигини ўзим хизмат қилаётган «Ҳақиқати Ленинобод» вилоят газетасининг ўзбек бўлимидаги ҳамкасбларимга етказдим.

Навоийшунос олим Эргашали Шодиев билан иккимиз Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими масъул котиби, таниқли ёзувчи Раҳим Жалил ҳузурига бориб ниятимизни айтдик. Ҳамкасбимиз, шоир Аҳмаджон Раҳматзод Шавкат аканинг «Гуллаётган тош» китобидаги шеърларидан бир туркумини тожик тилига таржима қилиб, газетамизда чоп эттирди.

Бу орада телефон орқали Шавкат Раҳмон билан маслаҳатлашиб турдим. Суҳбатларимизнинг бирида меҳмонлар рўйхатида Озод Шарафиддиновнинг ҳам борлиги маълум бўлди. Буни эшитгач, Ленинобод давлат педагогика институтининг тарих-филология факультети ўзбек тили ва адабиёти бўлими олимлари ҳам тараддудланиб қолишди.

Шавкат ака бирор ижодий ташкилот номидан Ёзувчилар уюшмаси раиси Ўлмас Умарбеков номига мактуб юборишимизни сўради. 13 май куни вилоят Китобсеварлар жамиятининг раиси Исмоил Абдураҳмоновга учрашдим. У киши бу янгиликдан хурсанд бўлиб, жамият номидан телеграмма жўнатди. Учрашув дастурини, таклифнома тайёрладик. Адабий тадбирга тожик шоир ва ёзувчиларини ҳам таклиф этишни режалаштирдик.

Шавкат Раҳмон ташаббуси билан шаҳримизда бир неча кун меҳмон бўлган таниқли олим ва шоирлар иштирокида Ленинобод давлат педагогика институти, Пролетар туманидаги 17-ўрта мактаб ва Қўрғонча қишлоғида бўлиб ўтган учрашувлар шеърият мухлислари учун эсдан чиқмайдиган воқеа бўлди. Ҳозир ҳам Озод Шарафиддиновнинг Абдулла Орипов, Рауф Парфининг Чўлпон ижоди ҳақидаги фикрлари, Иброҳим Ҳаққулнинг ёшлар шеърияти борасидаги мулоҳазалари, Муҳаммад Солиҳ ва Усмон Азимнинг самимий суҳбатларини эслаб, бир-биримизга гапириб юрамиз.

Афсуски, Шавкат Раҳмон нашриёт ишлари билан банд бўлгани учун учрашувларда иштирок эта олмади. Шундай бўлса-да, у ленинободлик олимлар, ижодкорлар, мухлислар учун жуда катта хизмат қилди, зеро устознинг саъй-ҳаракати бўлмаганида, бу учрашув амалга ошмаган бўларди.

Орадан бир неча ой ўтиб Тошкентда бӯлганимда Шавкат ака ижодкор дўстларидан сафар тафсилотларини эшитганини айтиб, Ленинободга бора олмагани ҳақида афсусланиб гапирган эди.

1992 йил Душанбе шаҳрида бӯлиб ӯтган жумҳурият ўзбеклари маданий марказининг биринчи қурултойи кунларида Шавкат Раҳмон билан яна учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Ўшанда у «Эл» халқаро уюшмаси раиси котиби сифатида қурултой меҳмони бўлган эди.

Анжуманда устоз ўқиган шеър ҳали ҳам қулоғим остида жаранглаб турибди. Шоир шеър ўқияпти-ю, муҳташам сарой залида «тиқ» этган товуш эшитилмайди. Назаримда, фақат шоир юраги зарблари бу сукунатни бузиб тургандай…

Танаффус чоғида Шавкат Раҳмон билан ҳол-аҳвол сӯрашмоққа улгурдим, холос. Унинг атрофини тожик ва ўзбек адиблари қуршаб олишди, бафуржа сўзлашмоқнинг иложи бўлмади.

Кейинроқ Ўш ва Тошкент шаҳарларида устознинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб, тенгдошларим қатори бу улуғ инсондан ҳаётий сабоқлар олдим, десам хато бўлмас.

1990 йилда Турсунбой Адашбоев ӯғли Муроджоннинг никоҳ тўйига ленинободлик қаламкашларни ҳам таклиф этди. Кечқурун у кишининг хонадонида ёзилган дастурхон атрофида Шавкат ака билан ёнма-ён ўтириб қолдим. Тоҳир Малик, Анвар Обиджон, Йўлдош Сулаймон каби устозлар ҳазил-мутойиба қилиб, давра аҳлини роса кулдиришди.

Шавкат ака бошқаларнинг гапини тинглаб, умумий кулгига қўшилиб ўтирди. Унинг юзида андиша, камсуқумлик, ўзгаларга ҳурмат ифодаси зоҳир эди. Ҳолбуки, у замонавий ўзбек шеъриятида ўзига хос мактаб яратган улкан шоир эди.

Тўй тугагандан кейин Шавкат аканинг иниси Маҳмуджон бизни уйига таклиф қилди. Эрталаб шоирнинг онаси ёздирган дастурхон атрофида ҳам устознинг суҳбатидан баҳраманд бӯлдик. Холи қолган пайтимизда Шавкат ака нашриётга топширган китобим ҳақида сўраб-суриштирди. Ӯзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бӯлишим учун тавсиянома ёзиб бермоқчилигини айтди. «Усмонга (Азим) ҳам айтаман, у ҳам ёзиб беради», деганди Шавкат Раҳмон. Ўшанда шоирнинг сўзларидан бошим кўкка етгудай бўлганди.

Юқорида айтганимдек, Шавкат Раҳмон камтарин инсон эди. Бир марта бўлса ҳам, унинг мана бундай шеър ёздим, фалон шоирни таржима қилдим, қабилидаги гапларини эшитмадик.

1986 йили бўлса керак, Шавкат ака Испанияга бориб, буюк испан ёзувчиси Вале Инклан ижодига бағишланган конгрессда қатнашиб қайтгач, «Сафар таассуротларини шеър қилиб ёзасизми?» деб сўраганимизда ҳам, «Баъзи фикрларни ўйлаб юрибман», деб камтарона жавоб қайтарган эди.

Йиллар ўтгани сайин тобора дилга яқин бўлиб, тафаккуримизни ёритаётган Шавкат Раҳмон ижодининг мангуликка дахлдор эканлигини барча адабиётшунослар ва шеърият мухлислари эътироф этилган. Унинг шеърлари бизни бедорликка чорлаб, ҳаётга пок, тийран нигоҳ билан қарашга ўргатади.

…Мен Шавкат Раҳмон ҳақидаги баъзи хотираларни қаламга олдим. Аслида шоирнинг қандай инсон эканлигини унинг шеърларигина аниқ айтиб бера олади.

Шоир умри узайгани муборак бўлсин.

Авлиёхон Эшон

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг