Абдулла Қодирийнинг қандай қилиб қирғизча «гапиргани» ҳақида

Буюк адибнинг «Ўткан кунлар» асари қирғиз тилида чоп этилгач, қирғиз китобхонларини адиб ва унинг асари билан таништириш давом этяпти.

Жорий йилнинг май ойида буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг машҳур «Ўткан кунлар» романи қирғиз тилига ўгирилиб, Бишкекда чоп этилди. Янги нашрнинг  тақдимоти Бишкек ва Тошкент шаҳарларида ўтказилиб, уларда икки давлатнинг таниқли адиблари ва жамоат арбоблари иштирок этишди. Қирғизистонда бу китоб илиқ кутиб олинди ва ҳамон у ҳақда ижобий фикрлар билдирилмоқда. Қуйида Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилояти “Ақийқат” газетасида чоп этилган мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Аввали Абдулла Қодирий ким бўлган, қайси хизмати билан у бутун турк дунёси классикларидан бирига айланган, деган масалага ойдинлик киритиб олайлик. Абдулла Қодирий – ўзбек драматурги, шоир, ёзувчи ва адабий таржимон. У ўзбек ёзувчиларининг йигирманчи асрдаги энг ёрқин намоёндаларидан бири. Ўзининг тарихий романлари билан ўзбек адабиётига реализмни киритиб, Марказий Осиёдаги бошқа кўплаб ёзувчиларга таъсир кўрсатган. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун буюк қозоқ адиби Мухтор Авезовнинг: «Биз Абдулла Қодирийдан образларни яратиш, уларнинг ҳар бирига нозик сайқал бериш борасида кўп нарса ўрганганмиз», деган сўзларини эслаш кифоя қилади.

Абдулла Қодирий 1894 йилнинг 10 апрелида Тошкент шаҳрида туғилган. Отаси Қодир савдо ишлари билан шуғулланган ва Абдулланинг хотирлашича, кучли боғбон ҳам бўлган. Шу сабабли Абдулла Қодирий ўзини «Боғбоннинг ўғли» деб ҳисоблаган. Ёш Абдулла турли хил қора юмушларни бажариб юриб, 1910 йилларда ёзувчиликка қизиқа бошлаган. Кейин бир савдогар уни китоб кўчирувчи қилиб ишга олган.

Абдулла Қодирий 1904-1906 йилларда мусулмон мактабида таълим олган. Сўнг 1908-1912 йилларда рус-тузем мактабида ўқиб, уни аъло баҳоларга битирган. 1915 йилдан тортиб унинг дастлабки асарлари чоп этила бошлаган ва инқилобгача бўлган асарларида унинг жадидчилик ҳаракати таъсирида бўлгани сезилади. Совет даврида Абдулла Қодирий 1924-1925 йилларда Москвадаги В.Брюсов номидаги адабий курсда таҳсил олган. 1925-1926 йилларда Тошкент шаҳрида чоп этилувчи «Муштум» журналида ишлаган.

1926 йили Абдулла «Муштум» журналида чоп этилган «Қулоққа чалинган гаплар» мақоласи учун қисқа муддатга қамалиб чиққан. Кейинроқ у Ўзбекистон коммунистик партияси раҳбари Акмал Икромовнинг ҳимояси ва қўлловида яшаган, бироқ 1937 йили Икромов қамалиб кетгач, Қодирий қўлловсиз қолган. У 1937 йили «халқ душмани» сифатида яна қамоққа олиниб, 1938 йили Тошкентда отиб ташланган. Ҳеч қандай айби бўлмагани боис 1957 йили тўла оқланган.

Қодирийнинг энг машҳур асарлари 1922 йилда нашрдан чиққан «Ўткан кунлар» ва 1929 йили чиққан «Меҳробдан чаён» тарихий романлари бўлиб ҳисобланади. Унинг «Калвак махсумнинг номалари», «Тошпўлат тажанг нима дейди?» каби асарлари ўзбек сатирасининг классик намуналаридан ҳисобланади.

Совет даврида яшаган, унинг темирдай мустаҳкам идеологиясини тушунган одам қатори айтсак, Абдулла Қодирий совет даврида яшаб туриб, отилмай қолиши, жуда бўлмаса, қамалмай қолиши мумкин эмас эди. Чунки у рус аскарларининг ХIХ асрдаги Марказий Осиёга юришларини ўз номи билан “босқинчилик” деб атайди ва “Яратган буюк Улуғбекнинг, Навоийнинг, Бобурнинг ватанига тажовуз қилиб, совуқ қўлларини солганларни эртадир-кечдир жазосини беради…”, деб ёзган эди. “Ўткан кунлар” романининг бош қаҳрамони Отабек ҳозирги Тароз (бугунги Қозоғистон ҳудудида) шаҳри тарафда рус босқинчилари билан бўлган жангларда ҳалок бўлади.

Биз совет даврида “Ўткан кунлар” номли кинони кўргани одамлар худди Ҳиндистон киноларини кўриш учун навбат кутгандай оломон бўлиб келганларини кўрган одамлармиз. Отабек ва Кумуш исмлари ўзбек халқи орасида нега бу қадар қадрли бўлганини ҳам биламиз. Бироқ яқин кунларгача ўша машҳур романни қирғиз тилида ўқий олмаган эдик. Бу роман 1922 йили Тошкентдаги “Инқилоб” журналида қисман босилган бўлса, 1926 йили алоҳида китоб ҳолида нашрдан чиққан. Қодирий ва унинг асарлари ҳақида ленинградлик машҳур рус шарқшуноси, турк ва эрон тиллари тадқиқотчиси Е.Бертельс шундай деб ёзган эди: “Дунёда бешта, яъни француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилик мактаблари бор эди, энди олтинчисини, яъни ўзбек романчилик мактабини Абдулла Қодирий яратиб берди”.

Мана энди узун ва шарафли йўлни босиб ўтган, шу кунгача зўр қизиқиш билан ўқилиб келаётган “Ўткан кунлар” романини она тилимизда ўқиш имкони пайдо бўлди. Бу вазифани қирғиз халқининг турмуш тарзини, табиатини, менталитети ва оддий халқ қўлланадиган тилини чуқур билган, Қирғизистонда туғилиб ўсган Учқун Абдулазизов (моҳир таржимон, ёзувчи ва муҳаррир Улуғбек Абдусаломовнинг тахаллуси. – таҳр.) бажарган. Китоб босилиб чиққач, унинг Бишкекда ўтган тақдимотида Қирғизистон миллий ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Иманалиев бош бўлган қатор таниқли ёзувчи ва шоирлар, ўзбек адабиётининг кучли вакиллари ва ижодкорлар иштирок этишди.

Адабий таржиманинг даражаси, мутаржимнинг меҳнати ҳақида айтадиган бўлсак, таржимани ўқир экансиз, таржимоннинг зўр ижодий салоҳияти, қирғиз тилини нақадар яхши билиши, ёзув қоидаларига пухта риоя қилиши ва жумлаларни тузишдаги маҳорати яққол кўзга ташланади. Унинг қишлоқда яшаб, оддий одамларнинг кундалик ҳаётларида қўлланадиган халқчил тилини яхши билгани ва ундан моҳирона фойдалана билиши ҳам кўриниб туради. “Халқ – тарози, халқ – танқидчи”, деганларидек, бугун (Қирғизистондаги) ижодий муҳитда таржиманинг сифати ҳақида жуда яхши фикрлар билдирилмоқда. Мен бу фикрни мана шу таржиманинг муҳаррири, нашрнинг дунёга келишига хисса қўшган одам сифатида айтяпман.

Нима дердик, Абдулла Қодирий отамизнинг жойлари Жаннатда бўлсин, унинг бунгача дунёнинг бошқа тилларида чиққан асарлари дунё бўйлаб кезишда давом этаверсин. Шунингдек Учқун Абдулазиов каби қирғиз тилини пухта билган ва ардоқлаган, қирғиз-ўзбек адабиёти ўртасида кўприк хизматини ўтаётган ижодкор инсонлар сафи ортаверсин.

 

Самидин СТАМБЕКОВ, шоир ва таржимон.

Мақола қирғиз тилидан ўгирилди (“Ақийқат” газетаси, 2025-йил, 7-июлдаги 27-сони).

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг