ҚАДРИЯТ Навоийхонлик 

НАВОИЙХОНЛИК СУҲБАТЛАРИ

“ЙЎЛУНДА ТУФРОҒ ЎЛДУМ…”

Йўлунда туфроғ ўлдум, эй сабо, ўтсанг ғуборимға,

Қуюн бўл, доғи элтиб садқа қилғил гулузоримға.

 

Гар ўлсам ул малаксиймо пари ҳажринда, айланғай

Пари бирла малак парвонадек шамъи мазоримға.

 

Фироқи тийрборонинки чектим, қушға ўхшатқай,

Ки юлмишлар юнгин, боққан киши жисми фигоримға.

 

Қуёш янглиғ юзунг ҳажринда эрмас ёрумоқ мумкин,

Гар ўлса юз қуёш толиъ қорарған рўзгоримға.

 

Йигитлар ишқини гар ихтиёр этмай десам, қўймас

Йигитлик бирла ошиқшевалиқ ўз ихтиёримға.

 

Жунун водийсида қолур сабо юз дашти пўямдин,

Анга етмон, не илдамсайр экин, чобуксуворимға.

 

Сени, эй муғбача, маҳрумлуқдин асрасун Тенгри,

Агар бир жоми май бирла илож этсанг хуморимға.

 

Фано майхонасининг майфурушиға фидо жоним,

Ки май эҳсон қилур ҳолатда боқмас йўқу боримға.

 

Вафо ўтиға мен куйдум, вале топқай Навоийдек

Муҳаббат риштаси боққан киши ҳар бир шароримға.

 

Луғат: тийрборон – ўқ ёмғири; толиъ (тулу) – нур сочмоқ, ёритмоқ; пўя (пўя урмоқ) – чопмоқ, югурмоқ; етмон – ета олмайман; илож – муолажа, касалликни даволаш, ришта – ип; шарор – аланга учқуни.

Ғазал шарҳи: 

Йўлунда туфроғ ўлдум, эй сабо, ўтсанг ғуборимға,

Қуюн бўл, доғи элтиб садқа қилғил гулузоримға.

(Ёр йўлида тупроқ бўлдим, эй тонг ели, (биз томон) ўтсанг,

(кучайиб) қуюн бўл ва (тупроғимдан) олиб гул юзлимга етказ ва унга садқа айла).

 

Бу – Навоийнинг пароканда ғазалларидан бири. Унинг асосий пафоси ёр жафоси ва ошиқлиқ шевасининг шарҳиҳолидан иборат. Шунинг учун унинг унвони – мурожаат этилаётган шахс ҳам гоҳ сабо, гоҳ ёрнинг ўзи, гоҳ муғбача бўлади. Шоир, ёрнинг йўлида тупроқ – гард бўлганини, энди агар тонг сабоси бу йўлдан эсса, шамол кучайиб, қуюнга айланишини, қуюн тупроқни осмонларга кўтариб, олис ерларгача олиб боргани каби, бу урён танининг лоақал бир қатраси ёрнинг кўйига етиб боришидан умидланади, тонг елидан шундай қилишини ўтиниб сўрайди.

 

Гар ўлсам ул малаксиймо пари ҳажринда, айланғай

Пари бирла малак парвонадек шамъи мазоримға. 

(Агар у малак каби гўзал парининг ҳажрида ўлар бўлсам, парилару    малаклар мозоримга ёқилган шам атрофидаги парвонага айланади).

Башарти у малаксиймо парининг ҳажри азобидан ўлсам, парилар ва малаклар мозорим қошида ёқилган шам теварагида айланиб учадиган парвона бўлишади – мозорим шамининг парвоналарига айланишади, дейди шоир. Қадимда (яқинларгача ҳам) гўрнинг бош томонидаги тупроқни ўйиб токча ясаш ва токча ичига шам ёқиб қўйиш одат эди. Байтдаги муболаға шундаки, чеҳраси малак каби бўлган парининг гўзаллигидан парилар ва малаклар бамисоли шам теграсидаги парвоналарга айланишади, холос.

Фироқи тийрборонинки чектим, қушға ўхшатқай,

Ки юлмишлар юнгин, боққан киши жисми фигоримға.                                

(Унинг камон отишларини соғиниб (шунчалар ғам чекдимки),бу афгор жисмимга боққан кишилар мени юнги юлинган қушга ўхшатади). 

Ёр ошиққа парво қилмайди, илтифот назари билан боқмайди. Унинг бу шўрликка бору йўқ муомаласи – истиғно қилиш, ғамза ўқларини камондек қошлари орасидан киприк найзалар билан отиш. Ошиқ эса шугина эътиборни ҳам марҳамат ўрнида кўради ва ғамза ўқларига ўрганиб қолади, чунки бу ўқлар – ёрдан келади-да. Унинг аъзойи бадани ҳам ёр ғамзасининг сон-саноқсиз камон ўқлари билан қопланишига ўрганиб қолган – бусиз ўзини патлари юлиб ташланган бир қушдай деб билади, афтодаҳол бўлиб қолади. Нафақат ўзи, балки унинг ҳолига ўрганиб қолган кишилар ҳам бу рафтори билан уни юнгсиз қушга ўхшатадилар. Шунинг учун ҳам ошиқ ёрнинг истиғно ўқлари ёмғирдай ёғилишини соғинади, унинг фироқидан ғам чекади.

Ҳозирги замон кишиларига, бу тасвир ҳаддан ортиқ муболаға бўлиб туйилса ажабмас. Бироқ ўтмиш сўз санъатида муболағасиз санъат йўқ, бир шарти – муболаға мантиқий ва гўзал бўлиши лозим. Пати юлинган қуш ўзига болу пат битишини орзу қилиши табиий бўлгани каби, ошиқнинг ёр ғамзаси тийрборонини қўмсаб фироқ чекиши ҳам ўринли, албатта. Чунки бу истиғно ўқлари қанча кўп бўлса, ёрнинг эътибори ҳам шунча ортгани аёндир.

Қуёш янглиғ юзунг ҳажринда эрмас ёрумоқ мумкин,

Гар ўлса юз қуёш толиъ қорарған рўзгоримға. 

(Офтобдай порлоқ юзингнинг ҳижрони рўзгоримни қоп-қоронғу этдики,          агар юз қуёш бу қоронғу рўзгоримга нур сочса ҳам, у ёришмайди). 

Бу байт аввало шеърий санъатлар билан музайян. Биринчи мисрадаги “қуёш + юз” ва иккинчи мисрадаги “юз + қуёш” сўзларининг алмашиниб келиши, биринчи мисрадаги “ёрумоқ” иккинчи мисрадаги “қарорған”га зид қўйилишида “тарди акс” санъати намоён бўлган.

Бу байт ҳам шиддатли муболаға билан зийнат топган: ёрнинг қуёшдай порлоқ юзининг ҳажридан ошиқнинг кўнгли шунчалар қорайиб кетганки, юзта қуёш нури ҳам уни ёрита олишга ожиз.

Шу ўринда, фалакиёт илмларидан анча бохабар бўлган Алишер Навоий ёр деганда Халлоқи оламни назарда тутаётгани аён, аммо юзлаб ва миллиардлаб қуёшларни коинот бағрига жойлаштирган зотнинг жамоли жамики қуёшлардан ҳам порлоқ эканини айтиб, юз (ёр юзи) калимаси келгани учунгина қуёшларнинг сонини ҳам юз деб кўрсатмаётганмикин?..

Йигитлар ишқини гар ихтиёр этмай десам, қўймас

Йигитлик бирла ошиқшевалик ўз ихтиёримға.

Йигитлар ишқини мен ихтиёр этмай, десам-да,                               

 йигитлигим ва ошиқшевалигим ўз ихтиёримга қўймайди.

Алишер Навоийнинг “Хазойинул маоний” куллиёти (“Ғаройибус сиғар”, “Наводируш шабоб”, “Бадоеъул васат” ҳамда “Фавойидул кибар” девонлари)да “йигит” деган сўз юзга яқин ғазалда учрайди, уларнинг ўнга яқинида эса бу калима радиф бўлиб келган – ҳар байтда такрорланади. Демак, Навоий ғазалларида “йигит” сўзи икки юз мартага яқин қўлланган. Бу сўз девонлар дебочасида, қитъа, мухаммас ва соқийномаларда ҳам мавжуд.

Шоир ғазалларидаги “йигит” сўзи талқинида адабиётшунослар ва умуман аҳли таъб орасида бирмунча ғалати муносабат ҳукм суради. Баъзилар айни мавзуни четлаб ўтишга ҳаракат қилади, уни тақиқланган, табу қўйилган масала деб билади, ўзинигина эмас, ўзгаларни ҳам “эҳтиёт қилиш” учун интилади. Шундай қарашлар оқибати бўлса керак, ҳозирги кунда шоирнинг ушбу ғазалига басталанган ашула матни алмаштирилиб… Сафо Очилнинг “раво денглар” деган жўн бир шеъри айтиляпти. Ҳолбуки, Навоийнинг бу ғазалини тўғри талқин этадиган бўлсак, ноўрин қарашларга ўрин қолмайди.

“Йигитлар ишқи”, ҳатто грамматик жиҳатдан олиб қарасак ҳам, йигит кишига хос ишқ-муҳаббат, яъни аёлга бўлган қизиқиш деб тушуниш керак, йигитларга бўлган ишқ, деб эмас. Маълумки, заминий муҳаббат ҳақиқий ошиқни йўлдан оздиради. Бу ўринда хослар ишқи, яъни илоҳий муҳаббатга оддий “йигитлар ишқи” (йигитларга хос ишқ) қарама-қарши қўйиляпти. Шоир йигитлар каби ишқни ихтиёр этмайин десам-да, йигитлигим (йигит ёшида эканлигим) ва феълимдаги ошиқшевалигим (муҳаббатпарастлигим) мени ўз ихтиёримга қўймайди деб, нолиётир. Тасаввуфда, заминий муҳаббат сўфий ошиқни йўлдан оздиради, деб уқтирилади. Бу ўринда хослар ишқи (сўфийлар ишқи)га оддий “йигитлар ишқи” қарама-қарши қўйиляпти. Шоир йигитлар каби ишқни ихтиёр этмайин десам-да, йигитлигим (йигит ёшида эканлигим) ва феълимдаги ошиқшевалигим (муҳаббатпарастлигим) мени ўз ихтиёримга қўймайди, деб нолиётир. Йигитлик ва йигитлик давридаги ишқ – ўткинчи нарса, ошиқшевалик эса жибиллий хислат, у туғма бўлади ва бир умр кишининг тийнатида қолади. Чунончи, “Ўткан кунлар” романи қаҳрамони Отабек гўзал Кумушни кўриб севиб қолиши – йигитлика хос, аммо унинг хизматкори Ҳасанали хожасининг ошиқшева ҳам эканини “Муҳаббат жуда оз йигитларга муяссар бўладиган нозик юрак жавҳаридир”, деган бир калима билан ифшо қилган. Яъни, Отабек кабиларнинг ишқи йигитлик айёми ўтгач тамом бўлмайди, бир умр юрагида қолади. У асл ёр – яратган зотга, ҳаётга, одамларга, эзгуликка… муҳаббатдир. Шунинг учун ҳам бу ғазални Алишер Навоийнинг пок тийнатига асло тўғри келмайдиган тарзда талқин этиш, алалоқибат, йўққа чиқариш мутлақо ножўя. Навоий бу дунёнинг алдоқчи лаззатларидан этагини батамом узгани, покдомон бўлиб, риндона ҳаёт кечиргани, ўта нозиктаъб бўлганини яхши биламиз.

Унда, Навоий сарвиноз қизларнигина эмас, сарвқад йигитларни ҳам мадҳ этиб, уларнинг гўзаллигини куйлаганлигини қандай тушуниш керак, деган бир савол юзага чиқиши табиий. Чунончи:

Англамонким ҳурму эркин, ё малакму ё парий,

Ким башар жинсида андоқ кўрмадук ҳосил йигит.

Янаям ажабланарлиси шуки, “Хазойинул маоний” куллиётида, боя айтганимиздай, “йигит” сўзи бирон икки юз бора келса, унинг муқобили бўлган “қиз” калимаси ниҳоятда оз – ўн мартага ё етади, ё йўқ. Унинг ҳам асосий қисми “раз қизи” – узумдан қилинган қизил шароб, фақат айрим ўринлардагина қиз фарзанд (масалан, Расуллуллоҳ қизи Фотима) деган маънода қўлланган. Бўй етган аёл деган маъно эса “дилбар”, “жоно”, “ёр” сингари кўплаб калималар билан ифодаланган.

Гап шундаки, туркий тиллар динамик тиллардир – тез ўзгаради. Сўз устига сўз пайдо бўлиб, бири иккинчиси билан алмашиб туради, аксар сўзларнинг маънолари янгилана боради ва ўзгариб ҳам кетади. Бизнинг мисолга қайтсак, Навоий замонида “йигит” сўзи ҳозирги ўзбек тилидаги ёш эркак (ва унга алоқадор маънолар)нигина эмас, аввало камолга етган инсонни билдирган. Ушбу сўзнинг этимологияси ҳам буни тасдиқлайди: “йигит” – “етук” (етик – етилган) деган маънони билдирган. Иккинчи бўғин диссимиляцияга учраб, “йи+тик” à “йи+гит” шаклини олган.

Йигит сўзи ҳамма маъноси билан тожик тилидаги “жавон”га уйқаш. Жавон – аввало, ёш йигитдир. Аммо ўзбек ва бошқа туркий тилларда бу икки сўз кейинчалик ўзаро тафриққа учраб, “йигит” – ёш эркакни, “жавон” (жувон) эса ёш аёлни англатадиган бўлиб қолди. Демак, Навоий замонида йигит – вояга етган, баркамол инсон деган маънода қўлланган. Бу – бир.

Иккинчидан, шоир “йигит”га муҳаббатини изҳор этаркан, унинг ҳадафи, кўзда тутилган асл ёр – яратган зот эканини ёдга олсак, бируборни аёл жинсига мансуб қилиб тасвирлашни талаб этиш ноўрин экани аёнлашади. Қуръон оятлари (“Ихлос” сураси) бунинг далилидир; уни ҳамма билади.

Ва ниҳоят учинчидан, аҳли таъбга мафҳум, аммо авомга эса мавҳум бўлиб келаётган бир гап. Нима учун шоирлар ёрни асосан қиз сифатида, ўн саккиз ёшли сарвиноз қиёфасида тасвирлайдилар, деган саволга жавобан айтиш керакки, аҳли шеър азалдан асосан эркаклар бўлган, улар Оллоҳ яратган мавжудотларнинг энг мукаммали инсон, инсонлар орасида энг кўркам ва жозибадори эса бўй етган гўзал қиздир, деган тушунчадан келиб чиқиб, ишқ изҳори бўлган шеърларида ёрни ана шундай беқиёс гўзал қиз қиёфасида тасвир этишган. Эр киши учун энг гўзал хилқат – жозибали аёлдир. Бу қараш умумийлик хоссасига эга.

Бироқ мутафаккир зотлар махлуқотнинг гултожи бўлган инсонларнинг энг мукаммал (қадди-қомати мутаносиб ва бежирим) вакили – эр киши эканини уқтирадилар. Навоийнинг змондоши Леонардо да Винчи (1452-1519) ҳам “Витрувиан одами” расмида буни тасвирлаган. Навоий ҳам, да Винчи ҳам замонасидан анча ўзиб кетган ва бу юксак мақомда туриб, авомнинг содда маломатидан ҳадиксирамайдиган шахслар бўлишган.

“Йигит”, “йигитлар ишқи” каби ифодаларнинг тагига етиш лозим, бир ўқибоқ обивателларча талқин этиш ярамайди. Навоий-ку, бу орқали ўз юксак мақомидан бир бахя ҳам пастга тушмайди, аммо руҳи озор топиб қолиши бор. Шоирнинг ўзи бир байтида бунга ишора қилгандек ҳам:

Мен анга ҳайрону эл минг захм урса бехабар,

Бехабар захм урғучилар доғи ҳайроним менинг.

Яъни, авом менга минг бор озор етказса, бехабарман ва бунга ўзим ҳам лолман, аммо озор бераётганидан ўзлари бехабарлар ҳам мендан ҳайрон…)

*     *     *

Жунун водийсида қолур сабо юз дашти пўямдин,

Анга етмон, не илдамсайр экин, чобуксуворимға.

(Телбалик водийсида шундай югураманки, шамол юз даштда ортимда қолади,

бироқ унга ета олмайман, чобуксуворим нақадар илдам экан-а?) 

Албатта, телбанинг иши гирён бўлиб югуриш. Телбалик одамга шунчалик куч берадики, чопиб бораётган телбанинг ортидан қувиб етиб бўлмайди. Шамолардан ҳам ўзиб кетгудай шиддатга эга бўлади телба ошиқ.

Чобуксувор эса, луғатга кўра, чавандоз дегани. Мумтоз шеъриятда ёр от устида, ошиқ эса пойи-пиёда, ҳақиру фақир қилиб тасвирланади. Байтнинг мазмунига кўра, ошиқ ёрни қидириб, юзлаб даштлар оша шундай югурадики, шамол ҳам унинг ортида қолади. Аммо ёр шу қадар чобуксуворки, илдамликда унга етиш амри маҳол.

Бизнингча, бу ўринда шоир чобуксувор (ёр) деганда Муҳаммад алайҳиссаломни, унинг маърожга чиққанини, бунда Буроқ деган илоҳий уловини миниб чопганини кўзда тутяпти. Буроқ, кўзи етган уфқни бир қадамда босиб ўта олар экан. Уни минган Расулуллоҳнинг чобуксувор бўлиши табиий. Аммо чопиш ва кўзланган манзилга тезда етиб бориш бу ўринда рамзий бир ҳол. Шоир аслида Пайғамбар алайҳиссаломнинг мақоми юксаклигини, унга ғайритабиий хислатларга эга бўлган кишилар ҳам етиша олмаслигини таъкидлаб айтаётир. “Илдамсайр” сўзи ҳам шуни қувватлайди. Чунки меърож ва исро ҳодисаси тасвирида “сайр” калимаси кўп қўлланади.

Бундай ёрга етиб бўлмаслигига иқрор ошиқ майхўрлик ила машғул бўлиш учун майхонага бориб, майхона ходими бўлган муғбачага ёлборади:

Сени, эй муғбача, маҳрумлуқдин асрасун Тенгри,

Агар бир жоми май бирла илож этсанг хуморимға.

(Эй муғбача, агар бир коса май бериб, хуморимни даф қилар бўлсанг,       

сени Худойи таоло (ёрдан) маҳрум бўлишдан асрасин (деб дуо қиламан).

Бас, Оллоҳнинг ҳабибига етишга йўл бўлсин экан, шу етишиш йўлидаги жидду жаҳднинг ўзи висол бўлиб туйила қолсин! Зеро, бахт сари интилишнинг ўзи – бахт, дейдилар. Ошиқнинг энг юксак мартабаси ҳам ишқ ила машғулликдир. Шунинг учун шоир ишқ майини сипқоришни – ошиқлик ила овора бўлиб, хуморни – ёр фироқини бир муддат бўлса ҳам, унутишни орзу қилади. Муғбачага мурожаат қилиб, май беришни ўтинар экан, шу майинг хуморимни ёзса, Тангри сени ёрдан мен каби маҳрум бўлишдан асрасин, деб дуо қиламан, дейди. Аммо бу вақтинчалик ҳолат, ошиқ эса ёрга етишиш учун жон фидо қилишга – фано майидан сипқоришга ҳам тайёр:

Фано майхонасининг майфурушиға фидо жоним,

Ки май эҳсон қилур ҳолатда боқмас йўқу боримға. 

(Бу фано (ўлим) майхонасининг майфурушига жоним фидо бўлсин,

у (шундай ҳимматлики) май эҳсон қилааётган пайтида бой-фақирлигимга қарамайди). 

Ана шундай буюк бир ишқ ила жон бермоқ – саодат. Лирик қаҳрамон энди муғхона ходимига эмас, “фано (ўлим) майхонасининг майфуруши” – Азроилга мадҳ ўқийди: майхона хизматчилари ақча берсанггина май берадилар, аммо бу майфуруш эса бору йўғингга қарамай фано майини тутади. Бу эса, унинг улуғ ҳиматидир. Ушбу мисрада Қуръондаги “Ҳар бир жон эгаси албатта ўлим шарбатини тотқувчидир”, деган оятга ишора бор.

Вафо ўтиға мен куйдум, вале топқай Навоийдек

Муҳаббат риштаси боққан киши ҳар бир шароримға.

(Вафо ўти мени куйдирди, аммо  гулханимга боққан киши,                        

худди Навоий каби, муҳаббат риштасини қўлига киритади).

Навоийнинг ҳар мисраси – маъно кони. Ҳар байтни тадқиқ этароқ, янги мазмунлар топиб ҳузурланасиз. Жумладан, “вафо ўти” деган калимани олинг. Ажабо, вафонинг ўти бўладими, вафо деганлари ўт-олов, оташ-алангами? Ҳеч кўрилмаган ифода. Аммо мулоҳаза қилсангиз, ошиқ – вафоси билан ошиқ. Бу ишқ уни ўт бўлиб куйдиради, танини урён, жисмини бирён, лафзини бийрон қилади. Бевафо, ишқсиз одам эса сокин ва лоқайд тура беради. Ошиқ бўлмаган кимса нимаю бир кесак нима. Ундан ўт чиқмайди…

Ошиқ, одатда, парвонага қиёсланади. Парвона ўзини ўтга уриб куйгани каби, ошиқ вафо ўтида ўртанади. Чунки илтифтосиз ёрга вафо қилган киши жафо чекади, куйиб-ёнади. Бироқ ошиқнинг бу мамоти бехайр кетмайди. Ҳар ким менинг алангамдан отилиб чиққан бирон учқунга боқса ҳам, худди Навоий каби, муҳаббат риштасини топади, яъни ошиқнинг кули ҳам хосиятлидир, дея ишққа мадҳия ўқийди. Оловдан отилган учқун муайян бир чизиқ бўйлаб ўтади, шоирнинг учқур хаёлида бу чизиқ – олов йўли ипга тизилгандай бўлиб кўринади. Бу ришта-ип муҳаббат риштаси (арқони)дир. Бу, гарчи ёрга етишиш насиб бўлмаган бўлса-да, ундан маҳрум ҳам эмаслик белгисидир. Муҳаббат риштаси, гарчи кўзга кўринмас даражада бўлса-да, шундай пойдорки, ошиқни бир умр қўйиб юбормайди.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар