ҚОРАВОЙ ҚОРИ

     Бухоро амири Саид Олимхон ўз вақтида шу минтақадаги ислом таянчи ва кафолати бўлганлиги тарихдан маълум. Амирнинг энг ишончли фатвочиси (йўл-йўриқ берувчиси) Ўшлик Муҳаммад Ражаб қори (Қоравой қори) бўлганлигини кўпчилик билмаса керак.

Ўрта Осиёда таниқли диний уламо, жамоат арбоби, Бухоро амирлигининг бош фатвочиси Муҳаммад Ражаб Ҳусанбой ўғли 1890 йили Ўшнинг Тошлоқ мавзеидаги Увомбуйи маҳалласида дунёга келди. Парвардигори олам берган иқтидор туфайли тўққиз ёшида Қуръони каримни тўлиқ хатм қилди. Ўшда машҳур Жўрабой қори, Ҳамдам қорилар билан бирга мадрасада ўқиди. Уларга Мулла Хамдамохун домла сабоқ берарди. Муҳаммад Ражаб ҳам устози Мулла Хамдамохун билан ҳар пайшанба пешиндан кейин хонақоҳга риёзатга кириб, эртаси жума намозидан кейин чиқарди. Устози раҳми келибми, ё ҳазил-мутойиба қилибми, Муҳаммад Ражабга қараб: «Бола, қорайиб кетдинг-ку, омин, номинг Қоравой қори бўлсин», дея фотиҳа беради. Шу-шу, Муҳаммад Ражаб энди Қоравой қори номи билан машҳур бўлади.

Одатда, қори деб Қуръон ўқувчи, ёдаки қироат қилувчи кишини тушунамиз. Мулла эса Қуръон оятларини тафсир килувчи кишидир. Қоравой қори ҳам мураттаб қори, хам мулла эди. У Қўқон, кейинчалик Бухоро мадрасаларида таҳсил олди. Чуқур билими, ярқ этган истеъдоди, мушоҳада қуввати билан талабалар орасида ажралиб турарди.

Бир замон Бухоро амири Саид Олимхон саройга фатвочи лавозимига танлов эьлон қилди. Шайхулислом ўнлаб ёш уламолар орасидан Муҳаммад Ражабни танлагани бежиз эмас. Чунки Бухоро амирлиги саройида бош фатвочиси Ўшлик Холмирза Охунд аълам хазинабон лавозимига ўтган эди. Шундан сўнг Муҳаммад Ражаб (Қоравой қори) саройда фатво бўлимига қабул қилинади. У Қурьони Карим қироати, тафсири, хадис, фатво илми юзасидан имтиҳонлардан оқсамай ўтди. Амир уламоларининг машваратида Муҳаммад Ражабга амирликнинг бош фатвочиси ёрлиғини топширди.

Афсуски, кўп ўтмай Бухорода олатасир ғавғолар, рус истилоси бошланди. Саид Олимхон Қоратегин орқали Афғонистонга ўтиб кетди. Мухаммад Ражабнинг бошига ҳам қора кунлар соя солди. Она юрти Ўшга ета олмай, Фрунзе изқуварларининг таъқибидан қочиб, саккиз ой Хоразм қамишзорларида яширинди. Бухородан кетишда у талон-торож холда эгасиз ётган хазина олтинлари, дуру гавҳарларидан олмади, хуржунга қимматбаҳо китобларини жойлади. Қамишзор орасида хам мутолаани тўхтатмади. Ниҳоят она юртига қайтиш насиб этди.

Давраларнинг бирида Қоравой қори ака шу воқеаларни ҳикоя килиб берди. Ўтирганларнинг бири, «Э, қори ака-ей, соддасиз-да, эгаси йўқ олтин бўлса, олавермайсизми, барибир ўрис олиб кетибди-ку», деди. Шунда Қори ака ҳадислардан мисол келтирди:

– Ҳалол билан ҳаром ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар буни билмайди. Кимки шубҳали нарсалардан сақланса, динини ҳам, обрусини ҳам пок сақлаган бўлади. Кимки шубҳали нарсаларга чанг солса, ҳаромга ўтиб кетиши мумкин. Баайни, чўпон қўйларини заҳарли ўт атрофида ўтлатиб юрган бўлса, подаси заҳарли ўтдан еб қўйиши мумкин бўлгани каби. Билингки, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхона каби тақиқлаб қўйган нарсалари бўлганидек, Оллоҳнинг ҳам тақиқлаб қўйган харом нарсалари бор. Билингки, инсон жасадида бир гўшт парчаси бор, агар у соғлом бўлса, бутун жасад ҳам соғломдир, агар у бузилса, бутун жасад ҳам бузилади, билгингки у қалбдир…

– Дадам Қоравой қори дини Ислом йўлида шогирдлар чиқаришга кўп вақт сарф қиларди, – деб ҳикоя қилади домланинг ўғли мулла Абдураҳмон ҳожи. – Шаҳарда таниқли Билол қори, Ипак қорилар дадамдан таҳсил олганлар. Андижонда машҳур Аминжон махсум почча ҳам дадамнинг шогирдларидан эди. Шуниси қувончлики, дадамнинг невара шогирдларидан мавқели, билимдон уламолар етишиб чиқди. Аминжон махсум поччанинг ўғиллари Мубин қори ҳозирги кунда Ислом оламига довруғи ёйилган қорасувлик аллома Алоуддин Мансурга устозлик қилган. Дадамга ҳам «аллома » унвонини андижонлик Раҳматулло қори берган экан…

Бундан кўп йиллар муқаддам Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния идорасининг бошлиғи Эшон Бобохон ҳазратлари Ўшга ташриф буюради. «Яккалик» деган жойдаги Турсунбой аканинг уйида махмондорчилик бўлиб, Ўш уламолари жамулжам бўлади. Суҳбат ўртасида Эшон Бобохон ўзи олиб келган «Тафсири қози Бағзавий» китобини қўлга олиб ўқийди. Лекин ҳеч ким унинг мағзини чақа олмайди. Ўйга чўмган Эшон Бобохон Шафоат ҳожи акага тикилади:

– Қоравой қори борми?

– Бор, тақсир, бор.

– Нега таклиф этмадинглар?

Зудлик билан бориб, Қоравой қорини олиб келишади. Эшон Бобохон ёши улуғлигига қарамай, ўрнидан туриб қучоқлашиб кўришади. Меҳмоннинг таклифи билан Қоравой қори «Тафсири қози Бағзавий»ни кўлга олиб, равон ўқиб, тафсир эта бошлабди. «Олдингдан оққан сувнинг қадри йуқ» дегандек, шундай юксак билим соҳиби ўзимизнинг Ўшизда экан-у, қадрига етмабмиз, деган туйғу давра қатнашчиларини маҳзун этган эди.

Пойгаҳроқда соме ўтирган муйсафид савол берди:

– Тақсир, фарзанд тарбияси ота-онаданми, Яратганданми?

Эшон Бобохон Қоравой қорига «Жавоб беринг» дегандай юзланди. У киши қўлидаги «Тафсири қози Бағзавий»ни очмаёқ, бу масала шу китобнинг Нуҳ алайҳиссалом бобида айтилган, деди ва хикояни баён этди. Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли залолатга берилиб, куфр кетгани, тўфон суви халқумига келганидаги тавбасини Оллоҳ қабул қилмагани тўғрисидаги суҳбатдан ўтирганлар беҳад мамнун бўлдилар. Эшон Бобохон зўр ихлос билан Қоравой қоридан дуо сўради.

– Мартабангиз баланд бўлсин десам, ўзи баланд, – деди дуога қўл очиб қори ака, – юзингиз ёруғ бўлсин десам, рухсорингиз ойдай ёруғ. Сиз ҳам Худонинг бир олий мавжудотисиз, мақсадингизни Оллоҳ берсин…

Эшон Бобохон XX асрда Ўшдан етишиб чиққан забардаст муллаларни тилга олиб, Маъдихон хожи, Мулла Холмирза Охунд аълам каби уламоларни Қоравой қорининг устозлари деб алоҳида таъкидлаб ўтди.

Қоравой қори 80 йил умр кўрди. Кексалик чоғида ҳам илм ўрганишдан, мутолаадан бир сония тўхтамади. «Бир соатгина илм ўрганиш бир кечалик ибодатдан яхши, бир кунлик дарс эса уч ой нафл рўзадан афзалдир», дерди. Суҳбат қуришда, латифагуйликда, сухандонликда Қоравой қори акага тенглашадигани йўқ эди.

Бир куни сафар чоғида қори ака сартарошхонага кириб, соқол олдиради. Устара ўтмасроқ эканми, сартарош мижозиниг юзини қонга бўяб ташлайди. Хижолатпазликданми ёки мижозининг эътиборини бошқа ёққа буриш учунми, сартарош гапга солади :

– Отадан неча ўғилсизлар, тақсир?

– Агар сизнинг қўлингиздан соғ-омон чиқиб кетсам, тўрт ўғилмиз, дейди қори ака.

Қоравой қори 1969 йил 26 майда Ўш шаҳрида вафот этган. Жанозасини Қирғизистон қозиси Мулла Мақсуд қози адо этган. Қабри Сулаймон тоғи этагидаги «Маккаи ажам» гўристонида.

 

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг