ЎЗИМИЗНИ ҲАМ ЎЙЛАЙМИЗМИ?
Чет эл саёҳатидан қайтган танишимдан ҳол-аҳвол сўрагани бордим. Дарвозадан киришим билан нохуш манзара кўзга ташланди. Ҳовли анчадан буён супуриб-сидирилмаган. Ҳаммаёқда хазон, пўчоқ, ахлат. Ошхона айвонида ўтинлар сочилган, идиш-товоқ ҳар жойда. Уй остонасидан қадам қўйиб ичкарига кирар эканман, кўнглим яна ғаш бўлди. Дераза ойналари кир, чанг, уй ичи анчадан буён йиғиштирилмагани шундоқ кўриниб турибди. Илгари ҳам шу хонадонга қадам ранжида қилиб бу ҳолни кўп кўрган эдим.
Танишимнинг ранг-рўйини кўриб ҳайратда қолдим. Кўзлари киртайган, ухламаган бемор одамдек сўзлашга ҳам қурби йўқ эди.
– Саёҳатга ўзинг бордингми?
– Бу сафар хотиним ҳам бирга борди.
– Қаерларни томоша қилдинглар?
– Томоша қаёқда дейсан, савдо-сотиқ қилгани борамиз. Қашқарда атиги 3-4 кун бўлдик. Шу муддатда олиб борган буюмларни сотдик, ўзимизга кераклисини олдик, холос. Хатто бемалол ўтириб овқатлангани ҳам, соч-соқол олгани ҳам вақт етмайди.
Мустақиллик йиллари Мамажон тинч, маоши дуруст ишини ташлаб, тижорат ишига ўтиб кетди. Ҳар ойда икки-уч бор гоҳ Хитойга, гоҳ Туркияга, гоҳ бошқа давлатларга қатнайди. Ғулжа, Урумчи, Қашқар шаҳарлари ўз уйидек бўлиб кетди. Албатта, бу ердан оғир юк билан йўлга чиқиш, уни эҳтиётлаб манзилга етказиш, у ерда эса молларини пуллаш ва ниҳоят ноёб кийим-кечакларни харид қилиб, эсон-омон орқага қайтиш осон эмас.
Донолар йўл азоби-гўр азоби дейишади. Мамажоннинг эгнига қарайман. Ўзимизда тикилган, анчадан буён кийилаётганидан оҳори тўкилган кийимлар
Олдимизга дастурхон ёзилди. Унда тўртта новвой нондан бошқа ҳеч нарса йўқ. Албатта, бунинг учун уни айблай олмайман. Шунисига ҳам шукур. Ўзини ўтга-чўққа ураётган эр-хотин ўтган бир йилда умр бўйи ишлаб топмаган бойликни тўплаганини яхши билардим. Шуни айтсалар керак “Емай-ичма, бўл бахил, бой бўлмасанг мен кафил”, деб. Гапни айлантириб, сафар харажатидан ташқари қанча фойда олаётганини сўрадим. У мақтанибми ё соддадиллигиданми сирини ошкор қилди.
– Олиб келган нарсаларимни сотсам, нақд ярим миллион сўм бўлади, – деди мамнун кайфиятда.
Унинг тижоратчилик ишига бир томондан ҳавасим келса, иккинчи томондан ранг-рўйини, уйининг аҳволини кўриб ачиниб кетдим. Ахир, эллик ёшни қоралаб қолди. Беш ўғил-қизни бирин-кетин уйлаб-жойлаш ташвиши бор. Бола-чақа ғамида минглаб чақирим йўл босиб, гоҳ у, гоҳ бу мамлакатга бориб бозордан нарига ўтмаган, минглаб сўм сарфлаб, ўзга давлатга бориб бир кун яйраб дам олмаган, шаҳарнинг энг гўзал, қадимий жойларини завқланиб томоша қилмаган, аксинча, соғлигини йўқотиб, толиқиб-чарчаб қайтган Мамажонга ачиниб кетдим.
Ўша танишим кичик ўғлига суннат тўйи қилди. Тўйда бугунги қимматчилик асло сезилмади. Дастурхон арзончилик пайтидагидай зиёда ноз-неъматга тўла эди. Бошқасини айтмайин нақд юз кило девзира гуручга ош дамланди. Исрофгарчилик чегарадан чиқиб кетди. Тўй кечаси бироз қизиб олган Мамажон даврага чиққан беш ёшли ўғлига аямай пул қистира бошлади. Тушиб кетган пулларни олишга интилган болаларнинг қий-чувидан осмонга чанг кўтарилди. Дастурхондаги ноз-неъматлар чангга беланди. Унинг бу ишига биров балли деса, бошқаси эса, бели оғримай топганидан кейин ўзи билади-да, нима қилишни, деди.
Бу ҳолни кўриб чуқур ўйга толдим. Шунча азоб-уқубатлар билан тижоратга бориб келган Мамажоннинг чарчоқлари шу билан ёзилдимикин? Ё атрофдаги қанчадан-қанча аранг кун кўраётган бева-бечоралар ва меҳнаткаш одамлар олдида ўзининг кимлигини кўрсатишми бу? Аммо мен унинг бу ишидан ранжидим.
Қимматчилик ҳукм сураётган бир пайтда бозорга кирсанг одам кўплигидан оёқ босгани жой йўқ. Албатта, ҳамма ўзига зарур бўлган нарсани харид қилиш ташвишида юради. Бизнинг айтмоқчи бўлганимиз бошқа нарса. Бозорда олувчидан сотувчи кўп. Қайси давлатники, ким тижоратчи дўкондорлигини ажрата олмайсан. Сотувчиларнинг ҳам, олувчиларнинг ҳам 80-90 фоизи аёллар. Кўринган буюмга ўзини уришади. Айтганига олишади. Ўйлаб қоламан: “Одамларда шунчалик пул кўпми?”. Ҳасад қилмаяпманми ишқилиб, дея ҳадиксирайман. Йўғ-е, дея яна ўзимни юпатаман. “Сенга нима, меҳнат қилибдими, олсин, кийсин, орзу-ҳавас кўрсин”. Олганда ҳам озиқ-овқат эмас, нуқул чет эл буюмларини харид қилишади.
Орзу-ҳавас дегандай, ён қўшнимиз қиз чиқармоқда. Кўрпа қавиш ҳашарига чиқиб келган хотиним кўз ёши қилди:
– Оддий деҳқон битта қизига 15 та ғижим кўрпа қилибди. Якандозу тўшакларнинг ҳисоби йўқ. Мен эса ҳали уларнинг ярмини ҳам қилганим йўқ қизимга. Қандай қилиб қиз чиқараман, деб ўйланиб ўйимнинг тагига ета олмаяпман.
Тўғри, қўшним оддий деҳқон. Меҳнат деса ўзини ҳам, фарзандларини ҳам аямайди. Пахта, пиёз, картошка, сабзи экади. Эр-хотин, олти фарзанд роҳат нималигини билмайди.
Қимматчилик деяпмиз, тўйларда сарф-харажатни камайтирайлик деяпмиз. Афсуски, унга ҳеч кимимиз амал қилмаяпмиз. Ўша арзончилик пайтида юзлаб сўм сарфласак, ҳозир минг-минглаб сўм пул сарфлаб, йигирма-ўттиз сидрадан сарпо қилиш, илгаргидек ўз кўрсатиб тўйлар ўтказиш авж олди. Бойлик, мол-дунё дея ўзимизни ўтга, чўққа уряпмиз. Инсофни, диёнатни, меҳр-оқибатни, ўзаро ҳурматни унутиб қўйдик.
Узун кўчада бир одамни яхши биламан. Қишу ёз далада меҳнат қилса ҳам бири икки бўлмай келди. Битта уйда бола-чақалари билан тиқилиб яшайди. Неча йилки, қураётган уйи битгани йўқ. Чунки топгани қориндан ошмайди. Шу одамнинг бир ўғли Сибирнинг нефть конларида ишлаб мўмай пул топади. У йиққан пулига янги машина сотиб олибди. Ўша одамни увадаси чиққан кийимда кўрдим. Машина буюрсин, деб табрикладим. Афсуски, ҳовли-жойининг, кийимларининг бир аҳволдалиги кишини ўйлантиради. Нега машина олгунча битмаган уйини ўнгламайди, рўзғорини яхшиламайди? Ўғилларини уйлантирмайди. Нима, машина олса мартабаси ошиб кетадими?
Ўзимизни ўйлашимиз, асрашимиз керак деб ўйлайман. Минг йиллар силсиласида синовдан ўтган “Бойликнинг боши – соғлиқ”, “Оч бўл, яланғоч бўл, саломат бўл”, “Саломатлик – туман бойлик” каби мақолларни унутиб қўйдик бойлик кетидан қувиб.
Мусулмон халқи серфарзанд бўлади. Афсуски, ўғил-қизларнинг келажакда ҳар жиҳатдан соглом, баркамол вояга етиши, илиги бақувват, кучли бўлиб улғайиши тўғрисида етарли ғамхўрлик қилмаяпмиз. Улар нимжон, касалманд бўлиб улғайганда афсусланамиз. У пайтдаги пушаймон бефойда. Ахир қимматбаҳо, чиройли кийим-кечаклар аввало соғлом, бақувват, баркамол йигит-қизларга ярашади-да.
Вилоят касалхонаси шифокорларининг рўзнома саҳифасида ёритилган “Ҳаммамиз масъулмиз” деган мақоласида ёш гўдаклар ўлими кўпаяётганлиги, аёлларимиз камқонлилик касалига мубтало бўлаётгани, туғилаётган гўдакларнинг тенг ярми сунъий сут билан боқилаётгани ташвиш билан айтилади. Фарзандлар тўйиб овқатланмаётгани, еб-ичиш ночорлиги, айниқса ёш авлод соғлиги тўғрисида қайғурмаётганимиз оқибати бу.
Бир қадрдонимнинг қирқ беш яшарлик хотини тўсатдан вафот этди. Бу аёл доимо бозорда қатиқ сотиб ўтирарди. Бир умр меҳнат қилди. На курортни билди, на дам олиш уйини. Уй-жой, фарзанд ўстириш ташвишида соғлигини ўйламади. Роҳат кўрмай дунёдан ўтди. Саккиз фарзанди дод-фарёд қилиб қолаверди. Ўлганга қийин экан. Йиллиги ўтгач эри уйланиш тараддудига тушиб қолди. Ҳаётда бу каби воқеаларни кўриб, билиб туриб ҳам ҳулоса чиқармаймиз. Дунёга келиб инсондек яшашга ўрганмаяпмиз.
Ҳозир тўрт одамнинг боши қовушган жойда суҳбат мавзуи фақат нарх-наво, чет эл ашёлари, тижорат дўконлари, эртанинг ташвиши ҳақида боради. Адабиёт ва санъат бобида, рўзномаларда чоп этилаётган қизиқарли мақолалар хусусида сўз очгудек бўлсангиз, “Ҳозир китоб ўқишга вақт борми, ўқиганлар ўқийверсин”, дея жеркиб ташлашади.
Ҳа, бугунги тирикчилик, рўзғор ташвиши ҳаммани шу ҳолатга солиб қўйди. Ҳаёт бизни оғир синовдан ўтказаётир. Истардимки, кун кечириш қанча оғир, машаққатли бўлмасин, ўртамизда меҳр-муҳаббат йўқолмасин, ўзимизни, бир-биримизни асрайлик, суянчиқ бўлайлик. Иншоолло, яхши кунлар, аввалгидек арзончилик, тўкинлик замони келишига ишонаман. Кўзимиз тўқ, ниятимиз пок, аҳил ва иноқ бўлсак, арзончилик кунлар келади, албатта. Соғлик ва азиз жонимиз учун ҳеч нарсани аямаслик керак, азизлар.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ.
