“ИЛҲОМ” АДАБИЙ КЛУБИДА АНТОЛОГИЯ ТАҚДИМОТИ
11 май куни Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театри биносида бўлиб ўтган “Илҳом” адабий клубининг навбатдаги йиғилиши “Қирғизистон ўзбек адабиёти антологияси” китоби тақдим этилди. Бу маросим Қирғизистондаги ўзбек ижодий муҳитининг муҳим маданий воқеаларидан бирига айланди. Бу китобга Қирғизистонлик ўзбек ёзувчи — шоирларининг асарлари жамланган.
Тақдимотни “Илҳом” адабий клуби раҳбари, шоир Абдул ҳақ (Абдулҳақ Абдумаликов) олиб борди.
“Ушбу антология — икки давлат ўртасидаги маънавий кўприк, адабий ҳужжатдир. Қирғизистондаги ўзбек ижодкорлари асрлар давомида шижоат ва меҳр билан ижод қилиб келган. Энди эса уларнинг сўзи китоб кўринишида абадийлашмоқда. Бу фақат биз учун эмас, бу келажак авлодлар учун ҳам катта туҳфадир”, деди у.
Шу билан бирга, “Илҳом” адабий клуби раҳбари антологияни яратишда меҳнат қилган муҳаррирлар, адабиётшунослар ва “Ватандошлар” жамоатчилик фондига миннатдорлик изҳор этди.
Шоирнинг қалбдан чиққан сўзлари тадбир иштирокчиларига кучли таъсир кўрсатди, айниқса ёш ижодкорларга илҳом ва рағбат бағишлади.
Ушбу антология нашрини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги “Ватандошлар” жамоатчилик фонди молиялаштирди. Бу китоб фақатгина адабий тўплам эмас, балки маданий мерос, тарихий ҳужжат сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.
“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов антологиянинг аҳамияти, унинг тарихий ва маънавий юки ҳақида сўз айтди.
“Бу антология — Қирғизистондаги ўзбек адабиётининг жонли тарихи, миллатнинг маънавий юзи. У фақат асарлар тўплами эмас, балки ўзлигини англаган, тили ва адабиётига муҳаббат бағишлаган бир жамиятнинг қалб овозидир. Ушбу китоб келажак авлод учун манба, илҳом ва фахрдир”, – деди Зуҳриддин Исомиддинов.
Зуҳриддин Исомиддинов Қирғизистондаги ўзбек ижодкорларининг адабий фаолиятини илмий асосда ўрганиш, уларнинг меросини сақлаш ва чоп этиш йўлида амалга оширилаётган бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини ҳам алоҳида қайд этди. Унинг нутқ тадбирга илмий руҳ бағишлади ва иштирокчилар томонидан қизиқиш билан тингланди.
Антологияга шеърият, наср ва драматургия йўналишларида ижод қилган етмиш беш нафар ижодкорнинг сара асарлари киритилган. Китобда ҳар бир адиб ҳақида қисқача маълумот, асарларидан намуналар ўрин олган.
Тақдимотда икки мамлакат адабий муҳити вакиллари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ёш ижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Маърузачилар ушбу нашрнинг аҳамияти, унинг ижтимоий, маънавий ва тарихий қиймати ҳақида атрофлича фикр юритишди, ўзбек тили ва адабиётига қизиқиш, миллий ўзликни англаш ва бадиий дунёқарашни бойитиш борасида бу каби тўпламларнинг ўрни беқиёс эканини қайд этишди.
Ушбу антология нафақат Қирғизистондаги ўзбек адабиёти ривожига, балки Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. “Ватандошлар” жамоатчилик фонди томонидан бундай ташаббуслар кўпроқ амалга оширилиши икки давлат ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Қирғизистон ўзбек адабиёти антологияси” китоби адабий меросни ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим ташаббусдир. У Қирғизистондаги ўзбек ёзувчиларининг овозини эшиттиради, ёшлар учун бадиий меросни англаш ва илҳомланиш имконини яратади, қардош халқлар ўртасидаги маънавий боғланишни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Одилжон Дадажонов. Ўш