ТЎРТ КИТОБНИНГ ТОРТИҒИ ёки Қирғиз қаламкашларининг қутлуғ қадами
Баҳорнинг қалдироқлари, ёмғиру жалалари ўтиб, илиқ-иссиқ кунлар бошланган фараҳбахш бу кунларда Бишкекдан олти қирғиз ижодкори –Миллий ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Имоналиев, Қирғизистон халқ шоири Марқабай Аматов, шоирлар Керимбек Қадирақунов, Абибулла Пазилов, ношир Жумадин Қадиров, ўзбек адиби Бегижон Аҳмедовлар Тошкентга келиб, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига ташриф буюрдилар. Бу олти меҳмоннинг Ўзбекистонга олти кунлик сафари қирғиз адабиётининг Ўзбекистондаги ўзига хос декадасига айланди десак, янглишмаймиз.
Ёзувчилар уюшмасининг Заркентдаги янги ижод уйига қўнган меҳмонлар сафарининг биринчи иш куни Чинггиз Айтматовнинг Тошкентдаги бюсти пойига гул қўйишдан бошланди. Сўнг Абдулла Қодирийнинг музей уйига ташриф буюрилди. Музей раҳбари, адибнинг невараси Хондамир Қодирий қирғиз адибларига бобосининг ижод йўли, тақдири ҳақида ҳикоя қилиб берди. Учрашув қатағон қурбони бўлган ёзувчининг руҳига фотиҳа ўқиш билан якунланди.
Эртаси куни Ўзбекистон Миллий дорилфунунида ташкил этилган Чингиз Айтматов ижодига бағишланган доимий экспозиция материаллари кузатилди. Экспозиция раҳбари, Чинггиз Айтматов академиясининг академиги Аҳмаджон Мелибоев адиб асарларининг Ўзбекистондаги нашрлари билан таништирди.
Шундан сўнг дорилфунун асосий кутубхонасининг катта ўқув залида “Айтматов ва Ўзбекистон” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда Қанибек Имоналиевнинг “Қирғизнома”, Ч.Айтматовнинг синглиси Роза Айтматованинг “Хат келди” асари таржималари тақдим этилди.
Шу куннинг иккинчи ярми эса улуғ ўзбек адиби, туркий романчиликни бошлаб берган Абдулла Қодирий ижоди тарғиботига бағишланди. Тошкентдаги “Турон” кутубхонасининг катта залида Улуғбек Абдусаломов томонидан қирғиз тилига таржима қилинган “Ўткан кунлар” романининг бежирим нашри ушбу кутубхонага, ёзувчинин музей уйига ҳамда адабий жамоатчилик вакилларига тарқатилди.
Шундан сўнг Қирғизистонлик ижодкорлар делегацияси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида қабул қилинди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид икки мамлакат адабий ташкилотлари ўртасида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” шиори негизида ривожлантираётган ҳамкорлик алоқаларининг асосларидан бири ўзбек ва қирғиз адабиётининг энг сара намуналарини ўзаро келишув асосида таржима қилиш эканлигини таъкидлади. Халқлар ўртасида дўстлик, ўзаро ишонч туйғусини мустаҳкамлашда адабиёт ва маданият муҳим аҳамият касб этганини ўзбек-қирғиз адабий алоқаларида яққол кўриш мумкин. Қирғизистон халқ ёзувчиси Аали Тўқамбоев Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонини қирғиз тилига ўгирган таржимонларга бош-қош бўлди. Устоз Миртемир “Манас” эпосини зўр маҳорати билан ўзбекчага ўгирди. Атоқли адиб Чингиз Айтматов ушбу таржимани юксак баҳолаган.
Илёс Муслим, Миртемир, Султон Акбарий, Асил Рашидов, Турсунбой Адашбоев каби устоз таржимонлар қирғиз адабиётини ўзбек ўқувчисига яқинлаштирган бўлса, Суюнбой Эралиев, Шукурбек Бейшеналиев, Туманбой Байзоқов каби қирғиз адиблари ўзбек шоир ва ёзувчилари асарларини таржима қилиб, қирғизистонлик китобхонларга тақдим этганлар. Бугунги кунда ўзбек адабиётини қирғиз ўқувчилари орасида тарғиб қилаётган Самидин Стамбеков, Авлиёхон Эшон, Тўрабой Жўраев, Жилдиз Ақаева, Жақип Акимовларни санаш мумкин.
2022-йилда чоп этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасининг тўққиз жилди қирғиз адабиётига бағишланган бўлиб, унда қардош адабиётнинг мумтоз даври намояндаларидан тортиб, бугунги кунда фаол ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг ижодигача қамраб олинган. 2023 йилда эса Чинггиз Айтмтов таваллудининг 95 йиллигига атаб унинг асарлари ўзбек тилида ўн жилдда босилиб чиқди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари ўртасида бир неча йиллардан бери биргаликда тадбирлар ўтказилиб, адабий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Марказий Осиё ёш ижодкорлари семинари, Туркий тилли мамлакатлар ёш ижодкорлари форуми, “Мумтоз шеърият” фестивали каби тадбирлар шулар жумласидандир.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари вакиллари ҳамкорликда амалга ошириладиган кейинги тадбирларни муҳокама қилишди.
Тадбир давомида икки халқ адабиёти тарғиботига ҳисса қўшиб келаётган қатор ижодкорларнинг хизматлари эътироф этилди. Ўзбек адабиётини қирғиз ўқувчиларига тақдим этиш йўлида меҳнат қилаётган қатор ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига, қирғиз ва ўзбек адабий дўстлиги ривожига ҳисса қўшиб келаётган ўзбек шоир ва ёзувчилари Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо этиб қабул қилинди.
«Чингиз Айтматов – туркий оламнинг умумий ифтихори» халқаро анжумани доирасида Роза Айтматованинг “Хат келди”, Қанибек Имоналиевнинг “Қирғизнома” китоблари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Роза Айтматованинг “Хат келди” китоби Илгиз Айтматовнинг ўсмирлигига бағишлаган. Илгиз Айтматов 15 ёшида фронт ортидаги меҳнатлари учун медаль билан тақдирланган, йиллар ўтиб йирик олим, Қирғизистон Фанлар академияси академиги бўлиб етишган. Бу китоб унинг ўсмирлик йиллари ҳақида маълумот берувчи қимматли манбадир. Оилада тўнғич фарзанд бўлган Чингиз Айтматов Иккинчи жаҳон уруши йилларида овулда кенгаш котиби, укаси Илгиз эса почтачи бўлиб ишлаган, у ҳар куни урушга кетган аскарлардан хат-хабарлар олиб кетган. Лекин хатлар доим ҳам яхшилик олиб келмасди. Баъзида “қора хат” келтиришга тўғри келарди…
Қанибек Имоналиевнинг “Қирғизнома” китоби эса қирғиз халқи менталитетини, характерига оид қисқа ҳаётий ҳикоялардан иборат. Адиб бу асар орқали қирғиз халқи бошидан кечирган тарихий жараёнларни ҳаққоний тасвирлаб, уларга инсоний, руҳий ва фалсафий нуқтаи назардан ёндашган.
Тадбирда сўзга чиққанлар Нурали Қобул томонидан она тилимизга ўгирилиб, Тошкентда чоп эттирган ушбу икки китоб ўзбек адабиётидаги таржима асарлар хазинасини янада бойитишга ишонч билдиришди.
Эртаси куни Қирғизистонлик меҳмонлар Нурали Қобул ва Зуҳриддин Исомиддинов ҳамроҳлигида Зомин туманидаги 8-ўрта мактабда бўлиб, ўқувчилар ва туман қирғиз тилли мактаби ўқитувчилари билан учрашдилар. Бу учрашувда Бишкеклик меҳмон Абибулла Позиловнинг “Шўрабошат – менинг ватаним” китоби таржимаси тақдим этилди. Шу туман вакили бўлган қирғиз шоири, олти шеърий тўплам муаллифи Бердибек Тошбековга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолик билети топширилди.
Кейинги кун Самарқандда, Пушкин номидаги вилоят кутубхонасида “Қирғизнома” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда уюшма аъзолари, шоир-ёзувчилар ва талабалар иштирок этди. Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, шоир Фармон Тошевлар қирғиз адабиёти бизга “Манас” эпоси, Тўхтагул Сотилғанов, Қосимали Боялинов ва Чингиз Айтматов каби адиблари билан таниш эканлиги, “Қирғизнома” каби асарлар эса ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаши ҳақида гапирдилар. Ёзувчи Нурали Қобул ўзи таржима қилган “Қирғизнома” асари ҳамда халқлар ўртасидаги дўстлик ва тотувликнинг моҳиятига тўхталди.
Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Қанибек Имоналиев, шоирлар Абибилла Позилов, Марқабой Аматов ва бошқалар икки халқ ўртасидаги адабий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганидан мамнун эканликларини билдиришди. Амир Темур мақбараси ва Регистон майдонини зиёрат қилган адиблар кун ниҳоясида Жизах вилоятидаги Манас қишлоғи аҳолиси билан учрашиб, бир олам таассурот билан яна Тошкентга қайтишди.
Бу давраларда икки миллий адабиётнинг нодир асарлари тилга олинди, уларни ўзаро таржима қилиш масалалари юзасидан фикрлар билдирилди.
Қирғизистонлик қаламкашларнинг бу ташрифи адабий ҳамкорлигимиз дафтарида янги бир саҳифа очилишига асос бўлади, деб умид қиламиз.
Зуҳриддин Исомиддинов