ЧЎЛОҚҚОРИ

Умар ҳожи ўғли Абдулҳамид қори 1908 йилда Ўшнинг сўлим гўшаларидан бири Шаҳидтепа маҳалласида дунёга келди. Падари бузруквори уста Умар даврининг таниқли кишиларидан бири эди.

Абдулҳамид ёшлигидан ақлли, зийрак ва ўта шўх бола бўлиб улғайди. Қиблагоҳии фарзандининг таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратди. Абдулҳамидни ҳарчанд билимли, зиёли қилишга уринишмасин, бола шўхлигини, ўйинқароқлигини қўймасди.

Хуллас, У ёшлигидаёқ 14 ёшида Қуръони каримни ёд олди. Тахминан олти ёшларида бир нўғой муаллим қўлида «Устоди аввал» ва «Муаллимус соний» дарсликларидани сабоқ олади, шаръий илмларни ҳам ўрганди. Ўша пайтдаги Ўшнинг етук уламоларидан Марғилондарвоза даҳалик Мадумар қоридан таълим олиб, ўспирин давриидаёқ ҳофизи Каломуллоҳ бўлди. Кейинчалик араб, форс тилларини ва табобат илмини мукаммал ўрганиб, етук мулла ва фозил табиб бўлиб етишади.

Кўп йиллар Ўш шаҳридаги «Шаҳидтепа» масжидида имом бўлиб хизмат қилган. Имом хатиблик қилган даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохоннинг таклифи билан Тошкентда ўтказилган диний анжуманлар ва халқаро диний қурултойларда қатнашган.

Дин арбоблари дунёвий илмлардан бехабар ёки юзаки таниш бўлишади, деган чалкаш бир тушунча бор. Аммо Абдуҳамид қори ҳам диний, ҳам дунёвий илмларнинг чуқур билимдони, фан уммонида яйраб суза оладиган аҳли дониш эди. Дин асослари ва тарихини мукаммал эгаллагани ҳолда, араб, форс, қадимий туркий тилларни чуқур билар, Мовароуннаҳр тарихи, маданияти, адабиёти бўйича етук мутахассис ҳам эди.

У киши буғдойранг, қомати ўрта, туғма оқсоқ бўлган (шунинг учун «чўлоққори» деган лақаб олган), хушсурат ва хушовоз инсон бўлиб, овози жарангли, тинглаган кишини ўзига ром этадиган ёқимли эди. Зеҳни, хотираси шу қадар кучли эдики, эшитган нарсаларини ёдлаб олар ва ёдлаганини унутмас эди. Абдулҳамид қорининг суҳбатидан баҳра топган киши беихтиёр яна у киши томон талпиниб қоларди. Шунингдек, у зот илму тақвоси, сабру ҳилми, гўзал ахлоқи билан барчага намуна эди.

Абдулҳамид қори аҳли илм бўлиш билан бирга, жуда ҳам машҳур соатсоз уста бўлган. Соатсозликда устози Олимбек соатсоз бўлади.

Абдулҳамид қори 1950 йилда турмуш қурган. Умр йўлдоши Раҳмонберди қизи Саломатхон ая Ўшнинг Моди қишлоғидан бўлиб, 1930 йилда таваллуд топган. Абдулҳамид қори ва Саломатхон ая уч қиз ва икки ўғилни тарбиялаб вояга етказишган.

Абдулҳамид қори чинакамига Қуръон муҳиби, омили ва ошиғи эди. У киши фарзандлари ва шогирдларини Қуръони каримни астойдил ўрганишга чорларди, улар орасидан Қуръон ҳофизлари, мураттаб қорилар етишиб чиқиши энг олий орзуси эди. Ана шу орзулар рўёбга чиқди, фарзандларидан Тоҳиржон қори Ўшда таниқли қори бўлди. Кўплаб шогирдлардан ҳам анча қорилар етишиб чиқди.

Абдуҳамид қори ўтган асрда яшаб, ҳаёти давомида Қуръони Карим нури билан дилларни мунаввар этган, илму амали, ахлоқу одоби билан каттаю кичикк бирдек манзур бўлган, дин-диёнат йўлида эл‑юртга катта хизмат қилган намояндалардан эди.

Қори аканинг ҳаёт хотимаси ҳам бутун умри давомида кечганидек, ибодат ва Қуръон тиловати билан якун топди. Аллоҳ таоло бундай даражани Ўзини севадиган, Ўзи ҳам севадиган солиҳ бандаларигагина ато этади.

Қуръони каримда “Оллоҳга даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, “Шубҳасиз мен мусулмонларданман!” дейдиган кишидан ҳам чиройлироқ сўзловчи борми?” деган оят бор. Устоз Абдулҳамид қори ана шу илоҳий Каломга мувофиқ ҳаёт кечирди ва элни ҳақ динга даъват қилиш, унга фидойиларча хизмат қилиш ва солиҳ амаллар билан яшаб ўтди.

Абдулҳамид қори 70 йил умр кўрди. Ул зотнинг букилмас эътиқоди, ибодати ва тақвоси, Ислом дини равнақи йўлидаги жонбозлигини тўла ифода этмоқ маҳол. Оллоҳ таолоул зотнинг эзгу амалларини охиратга захира қилиб, ўз раҳматига олган бўлсин!

Умар ҳожи ўғли Абдулҳамид қори 1978 йил май ойида бу фоний дунёдан ўтди. У зоти шариф  «Андижонкўча» қабристонига дафн қилинган. Жанозасини шайх Шомуҳаммад қори домла ўқиган.

 

 

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг