ЯНГИ ДАРСЛИКЛАР НАШРДАН ЧИҚДИ
1998 йилда иш бошлаган ва ҳозирги кунда Қирғизистон Миллий фанлар академиясининг академиги Муҳаммаджон Тошалиевич Мамасаидов домла раҳбарлигидаги ўзбек мактаблари учун дарслик тайёрлаш марказида, 25 йилдан ошдики, дарслик ва методик қўлланмалар тайёрлаб келинади.
2004 йилда Марказ ходимларидан бир гуруҳи фан ва техника соҳасида Қирғизистон Давлат мукофотининг соҳиблари бўлишди.
Ўтган давр мобайнида Марказ ўзбек мактаблари учун 1-синфдан 11-синфгача 172 номда 2 миллион нусхадан ортиқ дарслик ва қўлланма тайёрлади. Бу китоблар Бишкекдаги босмахоналарда Давлат бюджети ҳисобига нашр этилиб, ўзбек тилли мактабларга етказилди.
Янги 2025 йил дарслик тайёрлаш маркази ходимлари учун қувончли келди. Январь ойи охирларида улар таржима қилиб тайёрлаган дарсликлар нашрдан чиқди. Қирғиз Таълим академиясининг ходими, тарихчи олима Матлуба Азимова ва унинг ҳамкасблари тузган 7-синф учун “Инсон ва жамият” дарслигини Дилрабо Аббосова, методик қўлланмани эса Д. Аббосова ва М. Болтабоева, шу муаллифларнинг 8-синф учун тузган “Инсон ва жамият” дарслиги ва методик қўлланмасини Г. Ибрагимова ўзбек тилига сифатли таржима қилдилар.
Албатта, дарслик ва методик қўлланмалар тузиш машаққатли, аммо унинг таржимасини тайёрлаш ҳам осон иш эмас. Бу таржималар таҳрир қилинади, муҳокама этилади, тайёр бўлганлиги ҳақида илмий-методик хулоса чиқарилгандан кейингина нашрга юбрилади. Бу китоблар –Қирғизистонда энг кам пенсия ҳақи (6900 сўм)дан сал кўпроқ – 8-9 минг сўмга яқин маош олаётган Марказ ходимларининг машаққатли меҳнати, кўз нури, сабр-тоқати маҳсулидир.
Ушбу дарслик ва методик қўлланмалар 11 йиллик мактаб таълими тизими бўйича нашр қилинган охирги ўқув китоблари бўлиши мумкин. Чунки 2024 йил 30 октябрда “Қирғиз Республикасида 12 йиллик мактаб таълимига ўтиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ҳукумат қарори чиқди. Унда 1-12-синфлар учун янги стандарт асосида ўқув қуроллари – дастурлар, дарсликлар, методик қўлланмалар тайёрлаш вазифаси қўйилган.
Қирғиз-Ўзбек халқаро университети тасарруфидаги дарслик тайёрлаш маркази ходимлари “12 йиллик мактаб таълимига ўтиш”нинг дастлабки босқичи сифатида 1-6-синфлар учун ўқув китобларини давлат ва фан стандартлари асосида дидактик материалларни тўплаб, таржима қилиб, ўқув дарсликлари, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар тайёрлаш устида астойдил меҳнат қилишмоқда.
Уларнинг мақсади ўзбек тилида таълим олаётган ўзбек ўқувчиларининг пухта, сифатли билим олишларига ҳисса қўшишдир.
Саидакбар Махсумхонов,
Қирғиз-Ўзбек халқаро университети қошидаги
Ўзбек мактаблари учун дарслик тайёрлаш маркази
бош муҳаррири, филология фанлари номзоди