ЎШДА БУЗИЛАЁТГАН БИНОЛАР НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛГАНМИ?
Қарийб икки ойдирки, Ўш кўчаларида юздан ортиқ турли иншоот бузилиб, йўллар кенгайтирилмоқда. Улар орасида тураржой бинолари, савдо дўконлари, ресторан, кафелар бор. Шаҳар маъмуриятининг таъкидлашича, бош режага мувофиқ (генплан) қизил чизиқдан ташқаридаги ноқонуний иншоотлар бузилмоқда. Бироқ мулк эгалари қўлларида тегишли ҳужжатлар борлигини айтиб, расмийлардан товон пули талаб қилишмоқда.
Шу йил январь ойида Ўшга ҳоким этиб тайинланган Женгишбек Тоқторбаев, илк иш куниданоқ маҳаллий расмийлар билан шаҳар кўчаларини кезиб, ноқонуний қурилишларни кўздан кечиришни бошлаган. Унинг тонг саҳарда анъанага айланган сайри ҳамон давом этмоқда.
Тоқторбаев куни-кеча шаҳар кўчаларидан бирида ўтказган навбатдаги рейдида, Ўшда жойлашган Россия Бош консуллиги биносининг бир қисми «қизил чизиқ»дан чиқиб кетганлиги боис, бузилиши кераклигини айтди. Гап Бобулов кўчасини тўсиб турган бинолар ҳақида кетмоқда.
“Йўлни очиш керак. Нурбек Суюнбоевич, сизга топшириқ: консулликка йўлни очишни сўраб расмий хат юборинг”, – дейди Женгишбек Токторбоев муовинига. – Кўряпсизми, бино “қизил чизиқ”дан чиқиб кетган, шу сабабли йўл ёпилиб қолган”.
Кадастр харитасига кўра, <iframe width=»1280″ height=»721″ src=»https://www.youtube.com/embed/h2YuJ0Iv8AA» title=»ЎШДА БУЗИЛАЁТГАН БИНОЛАР НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛГАНМИ?» frameborder=»0″ allow=»accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share» referrerpolicy=»strict-origin-when-cross-origin» allowfullscreen></iframe>-уйдаги бинолар кўчани тўсибгина қўймай, Aбдиқодиров кўчасига ҳам чўзилган.
Шаҳар расмийларига кўра, мулк хусусий шахсники. Бинода Россиянинг Ўшдаги бош консуллиги жойлашган. Бино эгаси – Қирғизистон парламенти депутати Нодира Норматова. Журналистларга интервьюсида, депутат 2009-йилда кредит олиб, ушбу бинони қурганини айтган.
Ноқонуний тўсиб қўйилган йўлни очиш янги ҳоким Тоқторбоев учун синов бўлиши табиий. Бир тарафдан, шаҳар раҳбари, парламент депутатига тегишли мулкни, иккинчи ёқдан эса хорижий давлат консуллиги жойлашган бинонинг бир қисмини бузишни қанчалик уддалайди – буни вақт кўрсатади.
Бунгача, шаҳарнинг Ленин кўчасида жойлашган “Исломбек”, “Отабек”, “Қут Ордо”, кафелари, “Aнар” ва “Aзия” супермаркети ҳамда ноқонуний ўрнатилган тўсиқлар, айвонларни демонтаж қилиш ишлари олиб борилган. Бундан ташқари, Қурбонжон дотхо ва Масалиев кўчаларида қурилган ноқонуний бинолар ҳам бузилган.
Мэр Женишбек Токторбаевнинг шаҳарни ноқонуний қурилишлардан тозалаш бўйича олиб бораётган ишларини қўллаб-қувватлаётганлар ҳам, ундан норози бўлаётганлар ҳам бор. Айниқса, шу пайтгача “қизил чизиқ” нималигини билмай, мулкининг қонунийлигини тасдиқловчи барча ҳужжатларга эга бўлган уй эгалари қўққисдан ўз ҳовлисининг бир қисми бузилишини истамайди ёки унга яраша товон пули тўланишини хоҳлайди. Лоақал, расмийлар аввал огоҳлантириш бериб, уйларини бузиб олишга вақт беришларини талаб қилишмоқда.
Алишер Навоий кўчасида яшовчиларнинг айтишича, ҳокимият улар билан уйларини бузишни олдиндан айтмаган. Мулк эгалари товон пули беришни ва тегишли шароитга эга жойларга кўчиришни талаб қилмоқдалар.
Ушбу кўчада узоқ йиллардан бери яшаб келаётган Ёрқин Мирбобоев уйининг бир қисми ҳам “қизил чизиқ” важи билан бузилмоқда.
“Уйни бузиб олиш учун аввалдан огоҳлантириш ёки бирон нарса бериш керак-ку! Унга қараб иш қилиш керак. Ҳозир уйимизни ўзимиз бузиб олсак, эртага келиб, сен ўзинг ўзбошимчалик билан бузибсан, сенга товон пули берилмайди деса, нима қиламиз?”, – дейди у.
Унинг қўшниси Улуғбек Сирожидиновнинг ҳам уйи бузилаётган экан.
“Товон пули ёки ер берамиз, деб айтмасдан, келиб уйимиз деворига “Снос” деб ёзиб кетиб, эртаси бу ердан чегара экан, деб чизиб ва учинчи куни эксковатор билан уйимизни бузиб кетишди”, – дейди у хуноб бўлиб.
Роҳила Ҳамидова шаҳар ҳокими олиб бораётган ишларни қўллаб-қувватлашини айтади, аммо унинг ҳам эътирозлари бор:
“Ҳоким бизнинг маҳаллага келибди. Лекин биз уни ҳам, бирга келган одамларини ҳам кўрмадик. Маҳаллага келиб, халқни тўплаб, вазиятни тушунтириб, бузиладиган уйларимиз ўрнига бошқа ердан жой беришни айтса, ҳеч ким унга қарши чиқмайди-ку”, – дейди онахон.
Одина Мўминова ҳам 38 йилдан буён Алишер Навоий кўчасида жойлашган 2 хонали ҳовличада яшайди. Эри ногирон, узоқ йиллар давомида уйини таъмирлаш имкони бўлмаган. Яқинда улғайган ўғли уйни таъмирлаган эди. Шу кунларда маъмурлар келиб, деворга 5 метр бузилиши кераклиги тўғрисида ёзиб кетган. Агар уй бузилса, оила кўчада қолади.
“Менда керакли барча ҳужжатлар мавжуд. Уй қайнотам раҳматли Шўро пайтида қуйган фундамент устига қурилган. Биз ундан ташқари чиқмаганмиз. Мана, катта йўлак, бемалол турибди. Бу уйни қуриш, таъмирлашга қанча пул, меҳнат кетди. Мен энди яхши яшайман деганимда, уйимни бузаётганидан хафаман. Гапимни ҳеч ким эшитмаяпти. Эл дардига қулоқ тутишмаяпти. Туни ухламаймиз, хавотир оламиз, йиғлаймиз, қон босимимиз кўтарилади. Икки хона уйим бўлса, у ҳам бузилса, энди кўчада қоляпман. Нима қилишим керак? Кимга йиғлаб боришим керак?”, – дея термулади ғамгин онахон.
Алишер Навоий кўчасида Мўминованинг уйидан бошқа яна юзга яқин тураржой ва тижорий бинолар бузилмоқда. Уларнинг ичида Раҳматилло Шоҳқосимов уйи ҳам бор. 2 сотихли бу ҳовлида уч оила яшайди. У уйи бузилса қаерга боришни билмайди.
“Бир ҳовлида мен ва икки укам оилаларимиз билан, жами 14 киши яшаймиз. Ҳозир уйимизни 4 метр бузишар экан. Яшашга уйимиз қолмаяпти. Биздаги ҳужжатда “қизил чизиқ” уйимизнинг ташқарисида турибди, расмийлар эса уни уйнинг ичкарисида эканини айтишмоқда. Бу уйлар 1960 йилларда қурилган”, – дейди Шохқосимов.
Зуҳриддин Салоҳиддинов барча ишлар қонун доирасида олиб боришилиши кераклигини айтади:
“Қонун доирасида, дейишади, унга амал қилишсин. Биз давлатимиз ривожланиши тарафдоримиз. Фарзандларимиз яхши шароитда яшасин, деганига қаршимасмиз. Лекин келиб, уйларимизни бузиб ташлашга кимнинг ҳаққи бор?”, – деб жиғибийрон бўлади у.
Ўш шаҳар Қурилиш ва архитектура бошқармасига кўра, Алишер Навоий кўчасининг Сулаймон тоғ ён бағридаги тижорий бинолар қурилиши учун ҳужжатлар мавжуд эмас. Қўриқлаш зонасида ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари олиб борилган, турар-жой биноларига эса ўша пайтда рухсатномалар берилган.
Ўш шаҳрининг бош режаси 2016-йилда ҳукумат қарори билан ишлаб чиқилган. Кейин, 2023-йилда маҳаллий кенгаш томонидан батафсил режалаштириш лойиҳаси қабул қилинган ва ҳозирда ушбу лойиҳа асосида шаҳарда ишлар олиб борилмоқда. Унга кўра, йўл яқинида жойлашган кўплаб бинолар Бош планнинг “қизил чизиғ”идан чиқиб кетгани аниқланган.
Ўш шаҳар Қурилиш ва архитектура бошқармасининг бош мутахасиси Мирлан Омуралиев шундай дейди:
“Бугунги кунда шаҳарнинг Бош планига мувофиқ иш олиб боряпмиз. Алишер Навоий кўчасининг “қизил чизиғи” 80 метрдан иборат. Йўлни 24 метрга кенгайтириш режаланиб, унинг икки тарафидаги ноқонуний қурилишлар бузилмоқда. Аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилган”, – дейди расмий.
Унинг сўзларига кўра, келажакда ҳам 80 метрли қизил чизиқ ичида қурилиш тақиқланади.
Ўш шаҳар вице-мэри Замир Юсуповга кўра, Алишер Навоий кўчасида уйлари бузилаётган одамларга товон пули тўлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
“Бузилаётган уйлар орасида “қизил чизиқ” ичида қурилган уйлар ҳам бор. Ҳозир улар қурилишининг қонунийлигини текшириш бўйича иш олиб борилмоқда. Яқин орада масала ҳал қилинади”, – дейди Юсупов.
Ушбу кўчадаги уй эгалари, маҳаллий ҳокимият аввал товон пули масаласини ҳал қилиб, кейин уйларни бузиш кераклигини айтишмоқда. Улар ҳокимнинг шаҳарни ноқонуний қурилишлардан тозалаш бўйича олиб бораётган ишларини маъқуллашларини, аммо тез муддатда аҳоли учун янги яшаш жой масаласини ҳал қилишлари кераклигини айтади.
“Шаҳар ҳокимига биз яшаётган ерлар керак эканми, олсин, биз қарши эмасмиз. Фақат бизга товон пулларини тўлаб берсин. Ҳозир уйларни бузиб кетса, қолган ерига янги уйни қандай қуради? Иши йўқ, демак пули ҳам йўқ. Кўпчилик нафақага яшайди. Унинг устига, улуш ерларимизни ҳам олиб қўйди”, – дейди Ҳосилжон Обидов.
Aлишер Навоий кўчасининг Сулаймон тоғи этагида жойлашган қисми 2009-йилдан буён ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мерос рўйхатига киритилган ва ҳимояланган.
Масаланинг ҳуқуқий тарафи
“Интербилим” нодавлат ташкилотининг Ўш шаҳридаги раҳбари Гулгаки Мамасалиева узоқ йиллардан бери фуқароларга ҳуқуқий ёрдам бериб келади. Бунгача шаҳарнинг бир нечта кўчаларини кенгайтириш мақсадида уйлари бузилган аҳолига маҳаллий ҳокимиятдан товон пули ундириш ва яшаш учун шаҳарнинг бошқа мавзеидан ер олиб беришга мувоффақ бўлган.
Унинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимият одамларнинг уйини бузишдан уч ой аввал уларга огоҳлантириш бериши керак.
“Уйлари бузилаётган ёки бузилиш арафасида турган яшовчилар архитектура идорасига мурожаат қилиб, бино ҳақиқатан ҳам “қизил чизиқ”да эканлиги ёки йўқлигини аниқлашлари керак. Маҳаллий расмийлар кўчаларни қидириб, бу ерда пиёдалар учун йўлакча бўлиши керак, уйларни бузиш керак дейишмоқда. Балки, у ерда ҳақиқатан ҳам “қизил чизиқ” йўқ бўлиши мумкин. Ҳозир, аслида “қизил чизиқ” қаерда эканини айтиш қийин. Чунки, шаҳарнинг Бош режаси муддати тугади, у 2025 йилгача эди”, – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
“Архитектура идораси одамларнинг уйлари қизил чизиқда жойлашгани ёки йўқлиги тўғрисида маълумотнома (справка) беради, уй ҳақиқатан ҳам “Амалдаги режа лойиҳаси”да (ПДП) бор ёки йўқлигини тасдиқлайди. У шаҳарнинг Бош режасидан мустақил равишда амал қилади. Шунингдек, “Ердан фойдаланиш ва ривожлантириш қоидалари” ҳужжати ҳам мавжуд, у ҳам Бош режадан мустақил. Шу икки норматив-ҳуқуқий ҳужжат бор. Агар бу ҳужжатларда кўрсатилан “қизил чизиқлар”да уйлар жойлашган бўлса, уй эгаларига бу ҳақда маълумотнома (справка) беришлари ва қанчалик “қизил чизиқ”дан чиқиб кетганини аниқлаб, чегараларини чизиб беришлари керак.
Агар уйнинг қизил китоби бўлиб, бино, айтайлик, 1980-йилларда қурилган, лекин “қизил чизиқ” 2000-йилда чизилган бўлса, у ҳолда уй эгаларига етарли товон пули тўланиши керак.
Ҳар бир ҳолатни юристлар билан алоҳида муҳокама қилиш керак. Товон пули тўлаш учун маҳаллий ҳокимият аввал мустақил баҳолаш фирмасини ёллайди. Уй эгаси ҳам алоҳида мулк нархини баҳоловчи мустақил фирма хизматидан фойдаланишга ҳақли. Бу икки хизмат ҳулосалари судга берилади ва ҳакам уларни кўриб чиқиб, бугунги бозор нархининг ўртача ҳисоби бўйича ҳукм чиқаради. Бу амалдаги ер кодексида ёзилган. Агар товон пули етарли эмас ёки тўланмаётган бўлса, уй эгалари судга мурожаат қилишлари мумкин”, – дея тушунтиради Мамасалиева.
Бу каби ҳолат Жалолободда ҳам бўлганини айтган ҳуқуқ ҳимоячиси, ушбу жараёнга сарфланадиган харажат ва вақт ҳам муҳим эканини эслатади.
“Мэрия уй эгасига товон пули эмас, балки тижорий имтиёзлар, дўкон очишга рухсат ва унинг атрофини девор билан тўсиб беришни ваъда қилган эди. Ундан норози икки одам судга мурожаат қилган ва ютиб чиққан. Албатта, уч-тўрт йил вақт кетган. Бу узоқ давом этадиган жараён, аммо одамларда адвокат учун пул йўқ. Шунинг учун кейинги пайтларда одамлар маҳаллий ҳокимият билан келишиб, ўзларига маъқул нарсаларни ундириб олишмоқда”, – дейди тажрибали ҳуқуқ ҳимоячиси Гулгаки Мамасалиева.
Шоҳрух Соипов