“СУВДАЙ СЕРОБ БЎЛИНГ”, ДЕЙИШАДИ. ХЎШ, СУВНИНГ ЎЗИ-ЧИ, У СЕРОБ НАРСАМИ?

Иссиқкўл бўйидаги Бўстери Норин дарёси ҳавзасига киради. Ана шу Норин билан Қорадарё қўшилиб, азим Сирдарё ҳосил бўлади. Неча-неча дарёю сойлар, жумладан, улкан Амударё ва унинг жамики ирмоғу тармоқлари… бари йиғилиб, Орол денгизи ҳавзасини ташкил қилади. Марказий Осиё заминидаги бугунги бешала давлат – Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг барчаси Орол деган улкан сув ҳавзаси ичида. Демак, муаммоларимиз ҳам муштарак. Бугунги кунда бизларни сув, Орол деган бир умумий муаммо бирлаштиради.

Дарҳақиқат, бутун Марказий Осиё давлатларининг энг катта муаммоси – сув. Сув етишмаётгани оқибатида ўлкада экологик вазият издан чиқиш арафасига келиб қолди. Биз буни Тошкент ва Фарғона водийси вилоятлари оралаб, Бўстерига Ўш шаҳри орқали учишни мўлжаллаб машинада кетиб бораётган чоғимизда – йўлнинг икки четидаги минглаб дарахтлар сувсизликдан қовжираб ётганлигига кўз тушганида яққол англадик. Гарчи вазият сокин-осойишта бўлса-да, ҳақиқий аҳвол баайни ўт кетган ўрмонлардаги каби. Биргина фарқи, бу ерларда дарахтлар ёниб кулга айланмаяпти, тик турганича жон беряпти. Унинг зиёни, ўлкамиз кўрган талофат келаси йилларда билинади. Сув ресурсларига талаб ҳаддан зиёд ошиб кетганидан, Ўзбекистон сув захираларини 100 фоиз эмас, балки 169 %, Турманистон 144 % ишлатишга мажбур бўлгани матбуотда эълон қилинди.

Ҳаётимиз бутунлай сув манбаларига боғлиқ. Шунинг учун аксар жой жойларимиз ҳам дарёлар номида – Норин шаҳри, Норин вилояти, Норин тумани, Қорасув, Сирдарё вилояти, Қашқадарё, Сурхондарё…

Марказий Осиёдаги экотизим издан чиқиб бораётганлигига бир далил шуки, бундан ярим асрлар ва ундан олдин юртимизда қор қалин тушар, баҳор пайтларда эса уч-тўрт кунлаб ёмғир ёғар эди. Болалар коньки учар, қорбобо ясар, яхмалакда сирпанар эди. Бугунги вазиятда бу нарса эртак каби бўлиб қолди. Хўш, нега?  Чунки деярли барча сой ва дарёларнинг сувларини ўнлаб ГЭС ва бошқа иншоотларнинг омборларига қамаб, Оролга деярли сув ўтказмай қўйганмиз. Шунга сари, унинг миллионлаб гектар сатҳи кичрая борди – қарийб 70 минг квадрат километрлик ҳавзасидан осмонга булут бўлиб кўтариладиган буғланиш ҳам камайиб кетди ва бизда ёғингарчилик йилдан-йилга, сезилиб-сезилмасдан озайиб боряпти. Барча дарё ва сойлар суви ҳар хил йўлар билан – масалан, сув омборларига тўплаб, қақроқ экин майдонларига оқизиш, юқоридан паст томонга оқиб келаётган сув йўлига қувурлар қўйиб, сал пастда жойлашган бутун қишлоқни суғориш орқали чўл жойлар обод қилинган эди. Аммо табиат эса бунинг зиддига ҳаракат қилди – бутун Марказий Осиё ҳудудида чўллашиш кучайди. Бунинг устига,

Нимага десангиз, 1950 йилларда сатҳи 68 минг кв.км. бўлган Орол, орадан етмиш йил ўтиб, 7 минг кв.км.га яқин майдонда – аввалгисининг ўндан бир қисмида мавжуд, холос. Бунинг ҳисобига нафақат Орол денгизи ҳавзаси ўрнида, балки бошқа жойларда ҳам тақирликлар кўпайган. Аввалги кенг экин майдонларининг чўллашиши оқибатлари ёмон бўлиши мумкин.

Бугун сув камлиги Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон каби “сув олувчи” давлатлардагина  эмас, балки “сув берувчи” бўлган Қирғизистон ва Тожикистоннинг ўзида ҳам сезила бошлаганини мутахассислар эътироф этишди. Чора сифатида, баъзи қатнашчилар, яна Сибирь дарёлари сувини Марказий Осиёга буриш борасида қирқ йил аввалги лойиҳаларни янгилаш ташаббусини ўртага солишди. Аммо бу таклиф, бизнингча, реалликдан анча йироқлиги, башарти амалга оширилган тақдирда ҳам, дарё бошидаги “эга”лари исталган онда (масалан, сиёсий тазйиқ ўтказиш учун) Марказий Осиёга  қараб оқизилаётган сувни яна шимол ёққа кетган эски ўзанга ташлашлари мумкинлиги сабаб, биз бу фикрларга қўшилмадик ва минтақада сув масаласини ҳал қилишнинг энг оқилона йўли бешала давлатда ҳам анъанавий усулда – ҳар бир жўякка бир ариқ очиб, бир неча кунлаб, ёз бўйи саккиз-ўн марталаб мўл сув қўйиб, захлатиб суғоришдан воз кечиб, жуда тез фурсатда худди Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари каби, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш каби илғор, тежамли усулларга ўтишдир, деган фикрни билдирдик.

Буни фақат айрим боғларда ва унча катта бўлмаган экин ерларидагина эмас, ўлкамизнинг барча наботот дунёсига татбиқ қилиш мумкин. Ҳатто баланд тоғ ўрмонларида ўсаётган катта-катта дарахтлару бепоён плантацияларда парваришланаётган узум ниҳолларини ҳам, пахтазор майдонлару қовун-тарвуз пайкалларини ҳам томчилатиб суғориш мумкин, бу эса ҳозир ишлатаётган сувнинг ўндан бирини ҳам сарфламасдан, мўл ҳосил олиш имконини беради. Ошган сув эса янги боғ ва экинзорларга, яйлов ва ўрмонларга обиҳаёт бўлиб етиб боради. Қўлимизда аниқ ҳисоб-китоб бўлмаса-да, бир нарсага аминмиз – томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришга ўтиш орқали биз бугун бизга зарур бўлаётган сувнинг учдан икки қисмини тежаб қолишимиз мумкин.

Дарҳақиқат, ана шу усулларга эртами-кечми ўтамиз, ҳозирнинг ўзида ҳам бир қанча жойларда бу қўлланяпти, аммо шуни тезлаштирмасак, мавжуд сув захиралари тобора камайиб бораверади. Қанча тез, қанча тўлиқ ўтсак, Амударё, Сирдарё, Зарафшон ва бошқа ўнлаб, юзлаб дарё ва сойларнинг сувлари жуда катта миқдорда тежалади ва унинг катта қисмини худди бундан ярим аср аввалгидай яна Орол денгизига оқизиш мумкин. Бунинг шарофати билан яқин йиллар давомида Марказий Осиё экологияси ўзини бирмунча тиклаб олишига имконият яратилган бўлур эди…

Бу гап анжуман иштирокчилари томонидан қизғин маъқулланди. Зеро, Орол қуришидан Марказий Осиёга, ундан ташқари ҳудудларга ҳам катта зиён етаётгани аниқ.

Сув тежашнинг яна бир йўли бор. Марказий Осиёда юзлаб катта-кичик шаҳарларда баҳордан кузгача асфальт кўча, хиёбон ва майдонларга ҳар куни бир неча марта махсус автомашиналарда сув сепилади. Бунинг устига, кўп шаҳарларда сув улкан сувқувур трассаларига уланган гидрантлардан олинади – тозалаб-фильтрланган, аччиқтош ва хлор қўшиб ичимлик сувига айлантирилган обиҳаёт асфальт кўчалар чангини ётқизиш учун сепилади. Бизнингча, эндиликда улар хизматини минимумга келтириш керак.

Бир пайт ўқиган эдик: XIX аср бошида Россияда керосин олиш жараёнида табиий равишда ажралиб чиқадиган бензинни нима қилишни билмай, Тула ўрмонлари ичидаги катта бир яланглик ўртасидаги жарга тўкиб, ёқиб юбориб “қутулишган” экан.

Водопровод қувуридан ичимлик сувини олиб, уни кўчага сепиш бензинни жарга тўкиш каби исрофгарчилик эканини англайдиган вақт етиб келди. Эндиликда олимлар олдида кўча чангимаслигининг янги технологиясини ишлаб чиқиш вазифаси турибди. Эҳтимол, келгусида йўлларга асфальт эмас, бошқача бир тўшама ётқизилар, балки асфальт таркибига яна нимадир қўшилар, аммо сув сепиб кўча чангини босишдай алмисоқдан қолган технологиянинг баҳридан ўтиш, бунинг учун, керак бўлса, йўл қопламасининг таркибини тубдан ўзгартириб, сув сепилмаса ҳам чангимайдиган кўча материалларини топиш керак бўлади. Беш давлатдаги минглаб шаҳарларда сув сепиш, бунинг устига, сув энг танқис бир паллада пойтахтларда “бошқалар кўриб ҳавас қилсин” учуноқ, дунё миқёсида ҳам катта-катта фонтанлар қуриш оқилона ишмикин?

Улкан “водовоз”ларда кўчага сув сепишнинг экологиядан ташқари, иқтисодий ишкаллиги ҳам бор – хонадонларга берилаётган тоза ичимлик сувининг нархи йилдан-йилга ошиб боряпти, негаки, ишлов берилган, баҳоси анча қиммат ичимлик сувини кўчаларга сепиш учун пулни эл тўлаяпти…

Шу билан бирга, анжуманда яна бир таклиф ҳам билдириб ўтдик: Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан бир неча йил илгари Ўш шаҳрида ўрта мактаб қуриб берилди. Бобур номидаги Ўш ўзбек академик драма театри тубдан реконструкция қилиб берилди. Боткен вилоятида ҳар бири 330 ўринли икки мактаб қуриб, ҳадя этмоқчимиз. Бу каби савобли ишлар кўп. Ўзаро ёрдам негизидаги ҳамкорлик кенг кўламда бошланган. Дўстлик алоқалари йўсинида булар жуда яхши, маъқул иш.

Аммо бояги масалага яна қайтсак. Томчилатиб суғориш технологиясини тўлиқ жорий қилиш, асфальт кўчага сув сепмай ҳам чангдан қутулиш сингари лойиҳалар, аёнки, бир-икки йилда битиб қоладиган иш эмас. Хўш, унда тез амалга ошириш мумкин бўлган, Ўзбекистон ёрдамида бунёд этиш мумкин бўлган лойиҳалар борми?

Бор, албатта. Қирғизистондаги Норин вилоятининг маркази бўлган Норин шаҳри Норин дарёсидан сув олади, тозалаб-фильтрлаб, ўшани истеъмол қилади. Аммо ўн йиллардан ошдики, бу шаҳардаги канализация тармоғининг тозалаш иншоотлари ишдан чиққан, умуман ишламайди. Шаҳар оқовақувур давлат корхонасининг директори Гулайша Бақтибаева ижтимоий тармоқлардаги видеомурожаатида ҳар йили Норин шаҳри канализация қувурларидан 8 минг куб метр ахлат сув шаҳар этагида тўппа-тўғри яна Норин дарёсига ташланаётганини айтиб ўтган. Яъни, шу сабаб сўнгги беш йил ичида 40 минг куб метр (қирқ минг тонна!) қаттиқ ва суюқ ахлатдан иборат канализация суви тезоқар Норин дарёси сувига қўшилиб кетган. Норин шаҳридан пастда жойлашган барча аҳоли пунктлари ана ўша сувни яна олиб ишлатишади. Ва албатта, Норин шаҳри канализация тармоғи этагидан тўппа-тўғри тушиб келадиган, йилига 8 минг куб метр  нажасотнинг асосий қисми Ўзбекистон ҳудудига кириб келади. Чунки Нориннинг тезоқарлиги бу ахлатнинг чўкишига, сувнинг тиниб, тозаланишига йўл бермайди.

Бизга, Нориннинг Тўқтағул сув омборига келиб қуйилишини эслатишари мумкин. Тўғри, бу ҳавзада сув тинади, аммо аниқки, нажосатдан поклана олмайди. Қарийб йигирма йилдан бери аҳвол шу. Қирғизистоннинг Норин шаҳридан қуйидаги яна ўнлаб аҳоли пунктлари, улардаги тери ва жун тозалаш корхоналари ҳам сувнинг баттар ифлосланишига бири озроқ, бири кўпроқ даражада ҳисса қўшяпти.

Бизда, “Гилам сотсанг, қўшнингга сот – бир четида ўзинг ўтирасан”, деган мақол бор. Назаримизда, ҳадеб мактаб ва касалхона қуриб ҳадя эта бермай, Қирғизистонга ёрдам доирасини бошқа ўзанга буриш – канализация оқоваларидан ташланган сув Ўзбекистон ҳудудига оқиб келаётган аҳоли пунктларида (биринчи навбатда – Норин шаҳрида) сув фильтрлаш иншоотларини қуриб, ё капитал реконструкция қилиб  бериш орқали дўстлик алоқаларини кучайтириш, айни пайтда – ўз ҳудудига оқиб келадиган сувдай табаррук неъматнинг пок бўлишига эришиш мумкин. Зеро силаи раҳмни ҳам киши аввало ўзига, кейин яқинларига, сўнг ўзгаларга қилиши жоиз дейдилар.

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг