Учрашув ўз йўлига, аммо…

Марказий Осиё давлатлари ахборот агентликларининг хабарига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев 6 август куни Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан музокара ўтказди.

Учрашувда республикалараро савдо айланмалари ўсиб, 425 миллион доллардан ортгани, иқтсодиётнинг устивор йўналишлари, хусусан, саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, машинасозлик ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни ишга туширилгани таъкидлнган. Шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, Қамбарота-1 ГЭСини биргаликда қуриш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Хабарда айтилишича, учрашувда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Албатта, буларнинг ҳаммаси яхши. Неча ўн йиллардан буён ўртада совуқчилик тушган икки мамлакат ўртасида бугунгидай алоқаларнинг тикланиши ўта қувончли ҳодиса. Шу билан бирга, энди нафақат бугун, балки Туркистон парчаланиб, турли “истонларга” айлантирилган замонлардан буён ўша “истон”ларга ўзлари истамаган ҳолда боғланиб қолган ўзбеклар масаласи ҳар қачонгидек кун тартибида турибди. Гап шундаки, Қирғизистон Президенти қонли фожеаларни келтириб чиқарган 2010 йилги миллатлараро тўқнашувнинг сабаб ва оқибатларини қайта кўриб чиқишга буйруқ берган эди.

Хўш, бу масалаларда қандай ишлар қилинди, ҳукумат қандай ечимларга келди? Бу саволлар ҳамон жавобсиз. Ҳатто, айрим қирғиз сиёсатчилари 2010 йил фожеаларни қайта кўриб чиқишда яна ўша ўзларининг эски ашулалари – ўзбеклар айирмачилик қилган, деган ўйлаб топилган баҳоналарни рўкач қилишмоқда. Аслида, 2010 йил воқеаларини ҳеч қандай айирмачилик келтириб чиқармаган, чунки бундай ижтимоий ҳаракат бўлмаган. Буни халқаро экспертларнинг хулосалари ҳам тасдиқлаб турибди. Қирғизистон қамоқхоналарида эса бўлиб ўтган воқеаларда айбланиб, ўнлаб бегуноҳ кишилар ўз муддати тугашини кутиб, кун санаб кутиб ётишибди. Юзлаб қочқинлар эса мамлакатдан, оила аъзоларидан узоқда сарсон-саргардон.

Шундай савол туғилади: наҳот, бу масалалар ҳал этилмасдан, уларга ижобий ечим топилмасдан қолиб кетаверади? Наҳот, мамлакатда ўзбекларга тазйиқ, хўрлаш, камситиш давом этаверади? Дунёда бу ишларни суриштирадиган, охирига етадиган бирон ташкилот борми? “БМТ”? Қирғизистон бу масалада мазкур ташкилотнинг биронта ҳам тавсиясини бажармай келгани кўпчиликка аён. Шундай экан, Ўзбекистон раҳбарияти қирғизистонлик миллатдошлари тақдири билан қизиқишга, уларнинг аҳволларини енгиллатиш учун бирон бир тадбир қўллашга ҳаққи борми?

Тўғри, ушбу масалалар Қирғизистоннинг ички иши. Бу гапни бир пайтлар Ўзбекистоннинг биринчи президенти И.Каримов айтган эди. Ана ўшандан буён бу “ички иш”га БМТ ҳам юрак ютиб яқинлашолмаяпти. Қирғизистоннинг сиёсий элитаси эса қўзғолонлардан юрак олдириб қўйган.

Бўлиб ўтган қўзғолонлар аслида халқ кўтарилиши эмас. Улар бир тўп амалпараст кишилар уюштирган “қўғирчоқ”ларнинг чиқишлари, холос. Масала халққа бориб тақаладиган бўлса, қирғизлар – мард, бағрикенг халқ. Бу эл то совет ҳукумати ўрнатилгунга қадар асрлар давомида ўзбек ва бошқа халқлар билан тинч-тотув яшаб келган. Шу боис, ҳамма балони халққа ағдариш – бориб турган диёнатсизликдан бошқа нарса эмас.

Биз нима демоқчимиз? Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳамкорлик, дўстона муносабатлар ўрнатилганига талай йиллар бўлди. Президентлар бир-бири билан тез-тез учрашиб туришибди. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарларга кўра, бу учрашувларда миллий масалалардан бошқа кўп соҳалар муҳокама этиляпти. Албатта, бу яхши. Мамлакатлар келажаги учун имкониятлар беради. Аммо бугун нафақат ўзбек халқи, шунингдек, қирғиз халқи ҳам 2010 йилги воқеларга сиёсий баҳо берилишини, у ҳақида рўйирост, ҳеч нарсани яширмасдан айтилишини, қамоқда бегуноҳ ётган кишиларнинг озодликка чиқишини, турли мамлакатларда сарсон-саргардон юрган қочоқларнинг юртга қайтишини сабрсизлик билан кутмоқда.

Биз сайлаган президентлар ана шу масалаларни ўз учрашувларида очиқ-ойдин муҳокама қилишлари ва бу ҳақда оммага етказишлари жуда муҳим. Ҳа, шундай, учрашув учрашув ўз йўлига, аммо уларда нафақат давлат ишлари, шунингдек, халқнинг дилидаги оғриқлар ҳам қаралиши керак. Имонимиз комил, агар бу масалалар ҳам кўрилиб, уларга сиёсий баҳо берилиб, амнистиялар қўлланса, давлат ишлари ҳам ўз-ўзидан юришиб кетади. Зотан давлат иши дегани, аввало халқ ишидир.

Холис Назар, Оқбура, Тошкент

Сурат интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг