Орзулар ушалармикан? Марказий Осиё давлатлари саммитига умид ортиб…

Яқинда, 6 август куни Туркманистондаги “Аваза” сайёҳлик марказида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари иштирок этдилар. Шунингдек, учрашувда БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман ҳам қатнашди.

КУРОРТ «АВАЗА». Отдых на морском курорте Аваза. Побережье Каспийского моря, Туркменистан

Учрашувда бир қатор долзарб таклифларни билдирган Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёнинг улкан геостратегик ва геоиқтисодий аҳамиятга эга минтақа эканлигига урғу берди. Бу ерда 74 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг тарихи, маданияти, мамлакатларнинг иқтисодиёти ва инфратузилмаси ўзаро боғланиб кетганига эътибор қаратди. Шунингдек, ўзи бир неча бор таъкидланганидек, минтақа давлатлари олдида биргаликда саъй-ҳаракат билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдек улкан мақсад турибди.

Ўзбекистон Президентининг мулоҳазалари бу ерда истиқомат қилаётган халқларнинг асосий орзулари – Марказий Осиё бирлашган парламентини ёки шунга ўхшаш бир сиёсий тузилмани яратиш мумкинлигига ишонч учун изн беради. У, жумладан, “Бу ерда янги сиёсий муҳитни шакллантиришда Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг ўрни беқиёс.

Олий даражадаги мунтазам учрашувларимиз минтақанинг бетакрор салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда”, деб таъкидлади. Шунингдек, минтақада савдо-иқтисодий ҳамкорлик, мамлакатлар тадбиркорлари ва ҳудудлари ўртасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш, Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳиятини самарали ишга солиш, санитария талабларига риоя қилган ҳолда транспорт қатновларини тўлиқ тиклаш муҳим эканини қайд этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё мамлакатларининг Электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашини фаоллаштириш, унинг мандати ва ваколатларини кенгайтириш, мамлакатларнинг кенгашдаги вакиллик даражасини оширишни таклиф қилди. Айниқса, “Мамлакатларимиз тараққиётида минтақа аҳолисининг аксариятини ташкил этаётган ёшлар муҳим ўрин тутишини барчамиз англаб турибмиз. Бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш давом этаётган бугунги кунда Марказий Осиё келажагининг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашимиз кераклиги”ни алоҳида уқтирди.

Бу таклиф ва мулоҳазалардан кўриниб турибдики, Марказий Осиё республикалари раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон томони минтақа давлатлари бошини қовуштириш, қўлни қўлга бериб ҳаракат қилиш ва турмуш кечириш учун бирлашиш йўлига илк қадамларни қўймоқда. Ана шулар ҳақида ўйлар эканмиз, айнан шу мақсадларда 90-йилларнинг бошида бошланган ҳаракатлар ёдга тушади. Ўшанда ҳатто Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегараларни олиб ташлашгача гаплар бўлиб, бу ниятлар карнай-сурнайлар садолари остида кутиб олинган эди.

Аммо орадан бир мунча вақт ўтиб, чегаралар олиб ташлаш ўрнига назорат кучайтирилди. Мамлакатлар раҳбарлари бир-бирларига ола қарай бошладилар. Бир сўз билан айтганда, тантаналар бўлиб ўтган Ғишткўприкда ўзаро биродарлик ҳақидаги ваъдалардан фақат карнай-сурнайларнинг садолари эсда қолган эди, холос. Яна шундай бўлиб қолмасмикан? Туркистон халқларининг бирлашиш борасидаги орзулари ушалармикан? Бу кўп нарсаларга, биринчи навбатда – Марказий Осиёда давлат раҳбарларининг мустаҳкам иродасига боғлиқ.

Холис Назар, Оқбура, Тошкент

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг