“САНЪАТ – САОДАТИМДИР” ЖЎРАХОН РАҲМОНОВ

Қирғизистон маданияти ва санъати ривожига катта ҳисса қўшган ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси Жўрахон  Раҳмонов 1917 йилда Ўшнинг Шайхларгузари маҳалласида туғилган. Отаси Қирғизистонда театр ҳаракатининг асосчиси, Ўш ўзбек театрининг асосчиларидан ва биринчи директори, бадиий раҳбари ва режиссёри таниқли арбоб Раҳмонберди Мадазимов бўлган.

Жўрахон 20 ёшга тўлганда, отаси ташкил этган Ўш театрида ижодий фаолиятини бошлади. 1938-йили армияга чақирилди. Фин ва Иккинчи Жаҳон урушиларида ва Ленинград қамалида иштирок этди. 2-Белорус фронтида катта сержант лавозимида хизмат қилган. Россияни, Украина, Беллоруссия, Польшани озод этишда қатнашди. Жўрахон Раҳмоновнинг Иккинчи Жаҳон урушидаги жасоратлари юксак баҳоланиб, 2- даражали «Ватан уруши» ордени (1943) ва кўплаб медаллар билан тақдирланган.

Жўрахоннинг поччаси Иззатулло Султонов Янгийўл туманига кўчиб кетади ва Шўралисой қишлоқ кенгашини тузиб, маъсул котиб, сўнг раис лавозимларида ишлар эди. Уруш тугагач, Шўралисойда театр очиб, унга жияни Жўрахон Раҳмоновни чақиртиради ва у умр йўлдоши Ойимхон билан келади. Жўрахон Раҳмонов шу театрнинг бадиий раҳбари бўлган. Театрда қариндошлари Зулфия, Каромат опалар, поччаси Тошкентбой найчилар ишлашган. Шўралисойдаги театр ижодий фаолияти йўлга қўйилгач, Жўрахон Ўш театрига қайтиб келади.

Ижодий жамоанинг ва Жўрахон Раҳмоновнинг камолотга эришувида Ч.Айтматовнинг „Момо ер“, К.Яшиннинг ва М.Муҳамедовнинг „Дилором“, В.Шекспирнинг „Отелло“ асарларини саҳналаштирилиши алоҳида босқич бўлди. Театр элликинчи-олмишинчи йилларга келиб мустамлака ва қарам мамлакатларда миллий озодлик ҳаракатининг авж олиши, мазлум халқларнинг озодлик, демократия учун кураши мавзуига мурожаат этди. Соҳиб Жамолнинг „Гули сиёҳ“, „Афсонавий шахс“ асарлари асосида ишланган мусиқали драмани томошабинлар мамнуният билан кутиб олдилар.

Ижодий жамоа ва унинг сафида Жўрахон Раҳмонов жаҳон адабиёти асарларига мурожаат қила бошлади. Бирданига уч классик асар: Н.Гоголнинг „Ревизор“ ва „Уйланиш“, Карло Гоццининг „Маликаи Турандот“ комедиялари саҳнага қўйилди, Жўрахон Раҳмонов уларда бош ролларни ижро этди. Кейинроқ Ш.Рашидовнинг „Қудратли тўлқин“, К.Тренёвнинг „Любовь Яровая“, „Қизил галстук“, Ф.Шиллернинг „Макр ва муҳаббат“, К.Голдонининг „Икки бойга бир млай “, А.Островскийнинг „Момақалдироқ“, Н.Бойтемировнинг „Урқия“, „Тўй олдидан тўполон“, „Севги, жаз ва шайтон“ асарларида ҳам Жўрахон Раҳмонов бош ролларни муваффақиятли ўйнади.

Қирғиз тилини аъло даражада билгани учун Ўш шаҳрида қирғиз драма театри тузилгунга қадар (1974) қирғиз ёзувчиларининг классик ва замонавий драмаларини ўзбек театрида саҳналаштиришида қатнашган, пьесалардаги ролларни қирғиз тилида ижро этган. 1957 йили Қирғизистон ССР маданият вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан мукофотланди.

1958 йили Жўрахон Раҳмонов театр жамоаси билан бирга Москвада Қирғизистон санъати ва адабиёти иккинчи декадасида қатнашди. 1967 йили театр сафида Тожикистонда гастролда бўлди. Гастроль муваффақиятли ўтиб, жамоа Тожикистон маданият вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Жўрахон ака 1967 йили Москвада, 1969 йили Ўзбекистонда Қирғизистон адабиёти ва санъати декадасида қатнашди. 1974 йили „Олатоғ баҳори“ 5- фестивалида иштирок этди.

Театр жамоаси 1974 йили яна Тошкентда гастролда бўлди. Бу сафаргиси дастур кўлами жиҳатидан биринчи катта гастрол эди. Тошкентлик саҳна мухлисларига тўрт спектакл — Шароф Рашидовнинг „Қудратли тўлқин“ мусиқали драмаси, Жўра Маҳмудовнинг „Соҳибжамол“ лирик фожиаси, Қосимали Жонтўшевнинг „Мўйловли қиз“ мусиқали комедияси ва Умаржон Исмоиловнинг „Рустам“ мусиқали драмаси ҳамда катта концерт дастури намойиш этилди. Томошабинлар ҳар бир спектакл ва концертни мамнуният билан кутиб олдилар. Театр жамоаси гастролни муваффақиятли ўтказганлиги учун Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг фахрий ёрлиғи билан мукофотланди. Ҳамма ўйнаган бош роллари юксак баҳоланиб, театрнинг етакчи актёри Жўрахон Раҳмоновга „Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист“ фахрий унвони билан тақдирланди.

Жўрахон Раҳмонов театр саҳнасида юздан ошиқ роль ижро этган комик, трагик, лирик ва драматик актёр бўлган. Унинг театрдаги кўплаб комик луқмаларини, ҳазил-мутойибаларини ва аскияларини драматург Абдуғани Абдуғафуров „Муштум“ журналида, 2000 йилда нашр этилган „Ўшнинг оқил фарзандлари“ китобида ёзган. Шу муаллифнинг 2010 йилда нашр этилган „Ўшнинг академик театри“ китобида Жўрахон Раҳмоновнинг Бобур номли Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг фаолият кўрсатишдаги хизматлари акс эттирилган. Жўрахон Раҳмонов Ўш вилояти, Ўш шаҳар, Қорасув тумани кенгашлари депутати бўлиб сайланган.

1977 йил 7 апрел куни Жўрахон Раҳмонов вафот этди. Жўрахон Раҳмонов вафот этгандан сўнг қариндошларини Ўш шаҳар ижроия қўмитаси раиси чақирди ва вафот этган санъаткор хотирасини абадийлаштириш учун у туғилиб ўсган ва яшаган Алебастров кўчасини унинг шарафига номланишини кераклигини айтди. Лекин бу иш ортидан астойдил югурувчи кишилар бўлмагани боис, ташаббус амалга оширилмай қолиб кетди. Бироқ энди тушуниб етяпмизки, Қирғизистон маданияти ва санъатига катта ҳисса қўшган арбоблар хотирасини абадийлаштирибгина, биз ўсиб келаётган авлодда Қирғизистон халқларининг маданиятини ҳурмат қилиш ҳиссини тарбиялай оламиз. Жўрахон Раҳмонов еттита фарзандни тарбиялаган. Унинг пок, маънавий баркамол, ёрқин сиймоси қалбимизда абадий сақланиб қолади.

 

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг