КОМИЛЖОН ВОСИЛОВ

Комилжон домла Восилов ҳақида сўз кетаркан, унинг бошқа устозлардан кескин фарқ қилувчи фазилатларини ёдга олиш, эслаш шогирдлар учун ўта мароқли. Домла кўп соҳада хизмат қилган устоз ва раҳбар эди. Одатда, одам қайси соҳани танлаган бўлса, ўша йўлдан юриб, кўзланган чўққиларни забт этади. Лекин Комилжон Восилов ундай бўлмаган.

 

УСТОЗ – МУАЛЛИМ.

Қирғизистон жанубида халқ таълими фидойиси бўлган Комилжон Восилов. 1937 йил Ўшнинг Шаҳидтепа маҳалласида туғилган.

Сталин номли 2- сон тўлиқсиз ўрта мактабида таълим олади. 17 ёшида Тошкентга кетиб, Ўрта Осиё Давлат университети тарих факультетига ўқишга киради. Ўқишни аъло баҳолар билан тамомлайди. Уни Андижон вилоятининг Марҳамат туманига тарих ўқитувчиси қилиб юборишди. Бу ерда бир йил ишлагач, мактаб илмий бўлим мудири этиб тайинланади.

Домла жуда ҳозиржавоб, тил соҳасини мукаммал эгаллаган, турли пародия, аскияларга уста инсон эди. Шу боис, Марҳамат туман газетасига ишга таклиф этишади. 1961-1963 йилларда муҳаррир ўринбосари сифатида, меҳнат фаолиятини давом эттиради. 1963 йилда Ўшга бир айланиб келиш баҳонасида келган Комилжонни шаҳар комсомол ташкилотига бўлим бошлиғи лавозимига таклиф қилишади. Орадан кўп вақт ўтмай Ўш шаҳар партия қўмитасига ишга кўтарилди.

1964 йилда шаҳардаги энг нуфузли бўлган М. Горький номли ўрта мактабига директор этиб тайинланди. Мактабда домла ўн йил ишлади. Мактаб ҳаётида ёрқин уфқлар сари йўл очди.

1975-1984 йилларда “Ленин йўли” вилоят газетасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлади, иқтидорли журналист сифатида тилга тушди. Комилжон Восилов адабий – бадиий муҳитнинг барча қиррасини мукаммал эгаллаган шахс эди. Шу сабабдан ҳам уни Киров номли ўзбек мусиқали драма театрига директорлик учун таклиф қилишади. Домла театрга 1984-1985 йилларда директорлик қилган.

ОТАЛАР СЎЗИ – АҚЛНИНГ КЎЗИ

Устоз ёшларга нисбатан ўта талабчан бўлиш билан бирга ғамҳўр, меҳрибон инсон бўлган. Улардан ёрдамини аямасди. У пайтлар газета ва журналлар учун русча матнлар таржима қилинар, газеталарнинг кундалик саҳифалари учун тезкорлик билан таржима қилинадиган расмий матнлар жуда кўп бўларди. Рус тилини мукаммал билганлиги сабабли иш участкасининг бу оғир қисми кўпинча Комилжон Восиловга топшириларди. Домла ҳарф терувчи опалар ёнида бир ўтиришда саҳифа-саҳифа матнларни усталик билан ўзбек тилига таржима қиларди. Зарурат туғилиб қолганда, ўзбек тилидан рус тилига ҳам маҳорат билан ўгирарди. Янги иш бошлаган журналист ёшлардан таржимонлик бобида сира ёрдамини аямасди, ҳар қанча сўраса, сира малол олмасди.

Устоз 1990 йиллар бошида Марказий Осиёда дастлаб ташкил этилган ЎшТВда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” эшиттиришини олиб бориш учун жалб қилинган. Бу масала хусусида албатта ундаги одамийликнинг ёрқин сифатлари инобатга олинганлиги табиий ҳолдир. Жанубнинг эътиборли муаллимларидан Саидаҳмад Холтўраев ушбу кўрсатув ҳақида сўз юритиб, Комилжон Восиловнинг бу вазифани жуда ўринлатаётганлигини эътироф қилганди. Ҳудди Тошкент телевидениесида бу кўрсатувни олиб борадиган Ориф Алимахсумов каби сўзлаш давомида керакли ўринларга урғулар бериб, томошабинлар диққатини тортиши тўғрисида ғурурланиб сўзлаганди. Кўрсатув матнини ҳам Комилжон Восиловнинг ўзи ёзарди.

Комилжон Восилов ва Бахтиёржон Тўхтаматов бирга ижодий сафарда

МОҲИР ТАРЖИМОН

Саидаҳмад Холтўраев биродари ҳақида мароқ билан сўз юритаркан, Комилжон Восилов моҳир таржимон эканлигига яна бир карра тўхталганди:

– Мен Қирғиз-Ўзбек университети қошида ташкил топган ўзбек мактаблари учун «Дарсликлар тайёрлаш маркази”да ишлаб юрганимда 6-11 синф тарих дарсликларини ўзбек тилига жуда қисқа фурсат ичида таржима қилишга тўғри келиб қолди. Комилжон Восилов биринчи бўлиб таржима китобларни топширганди. Буни қарангки, ҳатто асл нусхада йўл қўйилган илмий хато ва камчиликларни ҳам тузатиб чиққанди…

Устоз “Мезон” газетасида ҳам таржимонлик қилган. Комилжон Восилов ижтимоий ҳаётнинг қайси жабҳаларида ишламасин, ўта билимдонлик, интилувчанлик, ўзига талабчанлик билан вазифасини ҳалол, сидқидилдан бажарган. Атрофдагиларга самимий муносабатда бўлган. Редакцияда ҳар душанба газетанинг ўтган ҳафта сонлари муҳокама этилар, шарҳловчи томонидан саҳифаларнинг ипидан игнасигача таҳлил қилинарди. Ёшларга танбеҳ бериларди, гоҳо камчиликлар бўрттириб тилга олинган дамлар ҳам бўларди. Йиғилишдан кейин домла яхши гаплари, панд-насиҳатлари билан кўнгилларни кўтарарди. Иш жойидаги дилхираликни тезда унутишни маслаҳат берарди. Чеҳраларда табассум учқунлари кўринмагунча кўнгилларни кўтариш учун ҳаракат қиларди.

Қирғиз тилида жуда чиройли сўзларди. Сабаби, қирғизча кўп китоб ўқирди. Ўз устида тинимсиз ишларди. Педагогик фаолияти ҳусусида сўз юритиларкан, унинг табиатан чуқур билим соҳиби, камтарин, кичик кўнгил инсон, сабр-бардошли, қобилиятли эканини ҳамкасблари ёдга олишади. У ҳеч қачон ўз қўлида ишлаган ходимларга, ҳаттоки, ўқувчиларга ҳам қаттиқ гапирмаган. Ўшдаги 23- сон Панфилов номли ўрта мактабда ишлаган вақтларида юқори синфларни ўқитарди. Ўқувчилар тарих дарси бўлишини, домланинг келишини интиқ кутишарди. Сабоқ давомида кулгили иборалар қўллаб, дарсни мароқли ўтар, мавзуни ўқувчилар онгига синдирарди.

Комилжон домла Восилов умрининг охиригача қизғин меҳнат жабҳасида бўлди. Оилада намунали ва ибратли оила бошлиғи эди. Фарзандларининг ҳаммасини ўқитди. Умр йўлдоши Дилбархон ая билан аҳил турмуш қуришган. Устоз Комилжон Восилов 2006 йил Ўшда вафот этган. Қабри Ўшдаги » Қайрима» қабристонида.

 

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг