УНУТИЛМАС ДЎСТИМ ШАЙЛООБАЙ
Юқори синфларга ўтганимда газеталарга хабарлар ёза бошладим. 50-чи йиллари охирида Бозорқўрғон туманида “Коммунизм учун” деган газета чиқиб турган. Янги мақоламни олиб, муҳаррир Жолборс Тожибоев хонасига кирдим. “Қўшни хонада сиздек ёш йигит бор, мақолангизни унга топширинг”, – деди муҳаррир. Кирсам, ориққина, ўзимдек ёш йигит қарши олди. Танишдик, Шайлообай Мойдинов экан. Тоғли қишлоқдан газетага ишга келибди.
– Отамнинг исмида экансиз, – деди қувониб. Унинг дарров элакишиб кетиши, ширинсўзлиги менга ёқиб қолди. Тураржой излаётган экан.
– Бизникида жой бор, редакцияга ҳам яқин, укам билан учаламиз бир хонада яшайверамиз, – дедим унга.
Шайлообай икки йилдан зиёд бизникида яшади, бирга мақолалар ёза-ёза, қирғиз тилини ҳам анча ўзлаштириб олдим. Дам олиш кунлари унинг ота-онаси яшаган “Правда” қишлоғига борамиз. Отаси Сағиндиқ оға ва онаси очиқкўнгил, меҳмондўст одамлар экан. Тоғда бирга дам олардик. Дўстимнинг Мендибой акаси ҳам туман, вилоят газеталарида ишлаб, қалами чархланиб, ҳикоя ва қиссалар ёзган, китоблари чоп этилган ижодкор эди.
Шайлообайни Ўш вилояти “Ленин жолу” газетасига ишга таклиф қилишди. Таҳририятда адабий ходим бўлиб тажрибаси ошгач, республика “Ленинчил жаш”, “Советтик Кыргызстан” газеталарининг жанубий Қирғизистон бўйича мухбири бўлиб ишлай бошлади. Журналистика бўйича олий партия мактабини битиргач, Ўш вилоятининг “Ленин жолу” газетасида масъул лавозимда ишлай бошлади.
Менинг муаллим ёки журналист бўлиш орзуим эса оилавий шароит туфайли саккиз йилгача ушалмади. Колхозда табелчилик қилдим, савдо билим юртини, Тўқмоқ шаҳрида маданий маориф техникумин тамомладим. Бу касблардан кўнглим тўлмай, яна колхозда ишлай бошладим.
Паришон юрган кунларим Шайлообайни йўқлаб Ўшга бордим. Узоқ суҳбатлашиб, юрак чигалларини ёздим.
– Ўқиб олий маълумотли бўлишингиз керак, дўстим, – деди у, – мен ўзим ёрдам бераман. Ўш пединститутга кирасиз, ҳужжатларни тайёрланг.
– Ўқишга? Ахир қўлим юпқа-ку? – деган жойимда у сўзимни бўлди;
– Сиз ҳеч қанақа порасиз ўқишга ўтасиз, билимингиз яхши, мен ишонаман.
Ҳамма ҳужжат тайёр бўлганда битта камчилик чиқиб қолди: мактабда ишлаяпти, деган йўлланма керак экан.
– Маориф ходимлари туман касаба уюшмалари раиси Музрафхон Абдуллаевга учранг, йўлланмани тайёрлаб қўйган, – деди Шайлообай.
Ўш давлат пединститутининг педагогика ва бошланғич таълим факультети сиртқи рус гуруҳи бўлимига имтиҳон топшириб, барча фанлардан “4” баҳо билан ўтдим. Олий маълумот олишга йўл очилганидан қувончимнинг чеки йўқ эди. Озми-кўпми билимим борлигига ишончим ортди. Институт талабаси бўлиб, мактабда ишлаш билан туман, вилоят ва республика газеталарига ўзбек, қирғиз, рус тилларида мақолалар ёзиб турдим. Бу менинг журналист бўлишимга ташланган қадамлар эди.
1974 йил август ойидан мен ҳам Ўш вилояти “Ленин йўли” газетасида мухбир бўлиб ишлай бошладим. Бу вақтда Шайлообай “Ленин жолу” газетасида муҳаррир ўринбосари лавозимида ишларди. У Тошкент шаҳрига, Олий партия мактабига ўқишга борганда доим алоқада бўлиб турдим. Яшашига оз бўлса ҳам моддий ёрдамимни аямадим. У ўқишдан келгач “Ленин жолу” газетасининг муҳаррири лавозимида ишлай бошлади.
Ўтган асрнинг 90- йиллари юз берган Ўш воқеаларида ҳам Шайлообай билан алоқамиз узилмади. “Мўминлар ўзаро дўстлашишда, раҳму шафқатда ва меҳру оқибатда гўё бир тананинг аъзоларидир. Унинг бирор аъзоси оғриса, бошқа аъзолари ҳам бедорлик ва ҳарорат билан алам чекади”, деган ҳадисга амал қилиб, оғир кунлар ёнига боролмасам ҳам телефонда ҳол-аҳвол сўраб, қўлдан келган ёрдамни кўрсатиб турдим. Жалолобод вилоят мақомини олгач, шаҳарга кўчиб келди ва дастлаб матбуот бошқармасини бошқарди, 1992 йилдан “Акикат жарчысы” вилоят газетасини ташкил этиб, иш бошлади. 1991 йилдан Жалолобод вилоятида “ Жалолобод тонги”газетаси чоп этила бошланди ва мен шу нашрда мухбир бўлиб ишлаб қолдим. Қирғиз тилида ёзган мақолаларим “Акикат жарчысы” газетасида мунтазам чоп этилиб турди. Дўстим билан бир вилоятда ишлаб, янада яқин бўлиб қолдик. Дам олиш кунлари гоҳ бизникида, гоҳ унинг яқинларидан хабар олгани тоғ қишлоғига борардик. Фарзандларимизнинг тўйларида ҳам бирга бўлиб, мушкулларимиз осон бўлишига ҳаракат қилдик. Шайлообай газетада ишлаш билан ижодий ишни ҳам давом эттирди. Вилоят ва республика нашрларида шеърлари, ҳикоялари мунтазам чоп этилиб турарди. 1995 йили “Махабат булбулу” шеър ва ҳикоялардан иборат китоби чоп этилди. Кейин “Олтин ип”, “ Шон-шуҳратга етказар меҳнат” китоби ёруғ кўрди. Бир неча бор вилоят, республика танловларининг ғолиби бўлди.
Шайлообай Мойдинов педагогика институтида ўқиб юрганда Иссиқкўл водийсидан ўқишга келган Айшахон Сансизбаева билан танишиб, турмуш қуришади. Уч ўғил, бир қизли бўлишади.
Афсуски, ҳаёт йўллари инсон ўйлагандек давом этмас экан. 2002 йил аёли вафот этди, уч йил ўтиб 65 ёшни қоралаган Шайлообай ҳам ёруғ дунёни тарк этди. Ўқиб уйли-жойли бўлган фарзандлари ота-оналарини унутганлари йўқ. Икки йил муқаддам Бозорқўрғон шаҳрида 500дан зиёд ота-оналарининг яқинларини, дўстлари ва ҳамкасбларини таклиф қилиб хотира кечасини ўтказдилар.
Қиёматли дўстим Шайлообайнинг, умр йўлдоши Айшахоннинг охиратлари обод бўлсин, Оллоҳнинг суйган бандалари қаторидан жой олсин.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ
журналист.