БИР САФАР ҲАНГОМАСИ

Зуҳриддин Исомиддинов

       2013 йилнинг эрта ёзида Турсунбой Адашбоев, тележурналист ва режиссёр укамиз Абдукарим Мирзаев ҳамда камина – уч киши бўлиб Қирғизистонга сафар қилдик. Мақсад, халқ дипломатияси тарзида икки эл бирдамлигига баҳолиқудрат ҳисса қўшиш. Гарчи бу кўп холис ва эзгу ният бўлса-да, бирмунча нозик, қалтис қадам эканлигини учовимиз ҳам яхши англаб турардик.

Қалтислиги, Қирғизистон жанубида 2010 йилда бўлиб ўтган қонли воқеаларга ҳали уч йил ҳам тўлмаган, баайни янги яра каби кўнгилларни жазиллатиб турган кез эди. Шу сабабли, бу ташрифимиз қай бир маънода оловда жизғанак бўлган ўрмон оралаб юришга хам ўхшарди: ҳали чўғи ўчмаган чалалар бисёр – билмай оёқ қўйган киши панд еб қолиши тайин. Тасаввур қилинг, ёш келин-куёв арзимас сабаб билан аразлашиб қолса, ўртага тушган одам қанча хижолат билан  қуда томонга юзланади. Бунда эса икки халқ вакиллари орасидаги англашилмовчилик оқибатида қанча талотўплар бўлиб ўтган!

Ана шундай пайтда кимга қийин – ўртага тушганга, улар ичида ҳам оқсоқол одамга эса айниқса. Бундан роса йигирма йил муқаддам Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировлар ҳам худди шундай можарони босди-босди қилишга боришган, икки эл орасига тушиб, оқсоқоллик сўзини айтишган эди. Бу орада шундоқ адиблар раҳматлик бўлиб кетишди, энди  бориб бир нима дейиш, одамни одамга ёвлаштирадиган эмас, эл қиладиган гапларни топиб айтиш Турсунбой оға билан бизларнинг чекимизга тушди. Бир фарқи – биз можаро устига эмас, орадан салкам уч йил ўтганидан сўнг, ҳануз тақатақ ёпиқ турган дарвозаларни очишни, имкони бўлса, дўстона алоқалар ҳақида ҳужжатли бир кинофильм тайёрлашни кўнгилга тугиб йўлга чиққан эдик. Етакчимиз – “икки эл фарзанди” унвони соҳиби Турсунбой ака.

Ўшлик тадбиркор дўстимиз Махсумжон Қутбиддиновнинг саъй-ҳаракати, даъвати билан уч ижодкор Бишкекдаги “Манас” аэропортига етиб келдик. Хабар бериб қўйишган экан, самолётдан тушишимиз биланоқ жамоат арбоби, Бишкекда қирғиз ва ўзбек тилларида чоп этиладиган “Аалам – олам” газетасининг таъсисчиси, Ўзбекистон билан дўстона алоқалар ўрнатиш йўлида елиб-югуриб юрадиган Шамшибек Медетбеков етакчилигидаги қирғиз дўстлар бизни  кутиб олиб, пойтахтга олиб кетишди.

Ана шу пайтда Турсунбой аканинг одамохунлиги, очиқ чеҳраси, ҳазилвонлиги иш берди – ўзаро нотаниш одамлар икки дақиқа ўтиб-ўтмаёқ оғайни каби қадрдонлашиб кетдик. Чунки оқсоқолимиз бу ерлик ижодкорларни, уларнинг асарлари, феъл-атвори, бошидан ўтган ишларгача яхши билар экан, кулгили ҳангомаларни айтиб, ўртадаги бегонасирашни бир замда олиб ташлади.

Ўрисларнинг “с корабля на бал” деган иборасидаги каби, Бишкекка етиб борсак, шаҳар марказидаги майдонларнинг бирида Миллий китоб байрами ўтказилаётган экан, даврага қўшилдик-кетдик. Бу ерда Турсунбой акани танимаган, у билан қадрдон бўлмаган одамнинг ўзи йўқ экан, беш-ўнтадан бўлиб тўпланиб ҳангамалашаётган шоир-ёзувчи, ноширлар даврасининг марказида валломат Адашбоевни кўрар эдик. Меҳмон дея ҳар биримизга сўз беришди, китоб, унинг маърифат элчиси экани, дўстлик алоқаларини кучайтиришдаги ўрни тўғрисида гапирдик, бир маҳал қарасак, шу уч кишининг анжуманга қўшилиши шарофати билан респубика миқёсидаги миллий китоб байрами халқаро анжуманга айланибди-қолибди!

Эртаси тонгдан Қирғизистоннинг собиқ Президенти Роза Ўтунбоева, Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Амангелди Муралиев, Қирғизистон халқи ассамблеяси кенгаши раиси Бектемир Мурзубраимов, яна бошқа арбоблар билан учрашдик.

Тавба, биз икков ёшроқ эканмизми, ё янги сафар, унинг таассуротлари таъсирида бўлганимизданми, бу ташрифимизнинг залворини унча сезмаган эканмиз. Турсунбой ака эса нимагадир дилгир, алланималарни ўйлар, кайфиятида қандайдир безовталик бордек эди. Шу туфайли бўлса керак, собиқ президент Роза Ўтунбоева билан унинг Олаарча махсус зонасидаги ҳашаматли қароргоҳида суҳбатлашаётганимизда ҳам, кейин эса Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Амангелди Муралиев ўзбеклар, Ўзбекистон ҳақида бирмунча илиқ гаплар айтиб бизни сарафроз этаётганида ҳам ҳаяжонларини яшира олмади (етмиш бешларга бориб қолган чоғи ахир), кўз ёшларини тийишга мажоли етмади. Бирмунча асабийроқ тарзда бошланган ва охиригача илимаган давра эса Қирғизистон халқи ассамблеяси кенгаши раиси Бектемир Мурзубраимовнинг қошида бўлди, шоир оға бу пайтда гапга қўшилмай, ерга қараб жим ўтириб олди.

Ана энди, орадан яна бир талай йиллар ўтгач, бу ҳолатнинг баъзи сабабларини сезаётгандекман. Ўзингиз ўйланг, бир умр орзу қилиб тиклаган, бутун кучингизни бериб барпо этган иморатингизни сел йиқиб кетса, ё куйиб кул бўлса, қай аҳволга тушасиз? Хонумонингиз ўртаниб кетмайдими? Турсунбой ака ана шундай ҳолатда бўлган шекилли. Ярим асрдан ортиқ ижодий фаолиятининг тенг ярмини Қирғизистонга, ярмини Ўзбекистонга бағишлаган, ўттизга яқин қирғиз адибининг асарларини ўзбек тилига таржима қилиб (“Манас” достони,  Тўлаган Қосимбековнинг “Синган қилич” романи…), икки элнинг аҳиллиги, иноқлиги йўлида фидойи бир мардум бўлиб курашса-ю, қартайган чоғида кўргани бунинг тескариси бўлиб чиқса, юракка бу қўрғошиндай зил-замбил юк ташламайдими?

Тиббиётда “контраст душ” деган физиотерапия бор. Сизни девор тагига турғизиб қўйиб, шлангдан қайноқ сув билан уриб, обдон қиздиришади. Баданингиз ловуллаб, терингиз куйиб, дод дейишга келган чоғингизда бошқа шлангдан муздек сув отилиб келади. Буниси энди дийдиратади. Тишларингиз такирлай бошлаганда тағин бояги иссиқ сув оқими уфуриб келади.

Эҳтимол, тиббиётда бу яхши усулдир. Аммо ҳаётда хурсандчилик билан хафагарчилик бир вақтнинг ўзида алмашина берса, одамнинг юраги бардош бериши қийин. Айниқса, ёшингиз ўтинқираб қолган бўлса. Шунинг учунми, Турсунбой ака Бишкекнинг ўзидаги уч кунлик сафардан сўнг Тошкентга қайта қолди – Ўшга бориш, жангарилиги билан ном чиқарган шаҳар мэри Мэлис Мирзақматов, яна бошқа арбоблар билан учрашиб суҳбатлашишни биз икковга қолдирди.

Мана энди ўйласам, Бишкек сафари оқсоқол адибимиз учун “контраст душ” каби бўлган экан – қилган шунча хизматининг натижаси ўлароқ қирғиз биродарларининг иззат-икромини ҳам кўрди, айни пайтда икки эл орасида ғаламус каслар чиқарган чир-чатоқликлар аввалги иноқликка кўланка ташлаб тургани учун пайдо бўлган совуқ муносабатларни ҳам юрак-юракдан сезиб  турди, кўнгли эзилди. Чунки бошқа биров эмас, айнан Турсунбой ака бу икки халқ ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни ривожлантиришга энг катта ҳасса қўшган одам эди. Бу эса, албатта, юракка оғир келади.

Қирғиз сўз санъати намуналарини ўзбек китобхонига танитишда ўтган асрнинг ўрталарида Илёс Муслим жонбозлик қилган бўлса, олтмишинчи йиллар охиридан бошлаб бу “эстафета таёқчаси” Турсунбой Адашбоев қўлига ўтди ва ушбу таниқли болалар шоири қирғиз адибларининг ўттиздан ортиқ китобини таржима қилиб, улар билан ўзбек ўқувчиларини ошно қилди.

Биз Ўшда ҳам бир неча одам билан учрашиб, уларнинг сўзларини ёзиб олдик, очиғини айтганда, бирмунча оғир таассуротлар билан, аммо аҳвол яхшиланишига ишонч ҳосил қилган ҳолда, Тошкентга қайтдик…

Ҳаёт давом эта берди. Орадан уч йил ўтиб, Қирғизистонннинг Тошкентдаги аввалги элчиси Ботирили Сиддиқовнинг ўғли Дониёр Сиддиқов, от изини той босибди деганларидай, Тошкентга элчи бўлиб келди.  Унинг отаси билан қалин дўстона алоқада бўлиб келган Турсунбой Адашбоев Дониёр билан бамаслаҳат, уч Қирғизистон халқ шоири – Темирқул Уметалиев, Суйунбой Эралиев ҳамда Совронбой Жусуевларнинг шеърлари таржимасидан иборат тўпламни Тошкентда чоп эттириш ишига шўнғиб кетди. Икковимиз янги таржималарни қўшдик, аввалгиларига қай бир ўзгартишлар киритдик, хуллас, чиройли бир тўплам ҳолига келтирдик.

14 май куни Элчихона олдида учрашиб, Дониёрнинг олдига кирамиз, дея бир кун аввал ваъдалашдик. Эртаси, энди уйдан чиқаман, деб турган пайтимда Анваржон Зулфиқоров деган укамиз телефон қилиб, Турсунбой ака қўққисдан вафот этганини айтиб қолди. Наҳот? Ахир… кеча сопа-соғ эди-ку!

Буни қарангки, бир умр сафарларда юрган, йўл азобини кулиб-кулиб енгиб ўтишга ўрганиб ҳам қолган, ҳамсафарларини асло зериктирмай, йўл танобини тортадиган Турсунбой оғамиз, ё наузанбиллоҳ, йўлда жон берибди – бир киракаш енгил машинага ўтириб, элчихона томонга кетаётган пайтида омонатини топширибди…

Турсунбой Адашбоевдан ҳаётда қандай яшашни ўрганиш керак экан. Бошига тушган ҳамма ғам-ташвишини кулиб-кулиб енгар, ҳеч нарсадан бировга шикоят қилмас, неки иш бўлса, тақдирдан деб яшашга ўзини кўниктирган эди.

Ўзбек болалар адабиётининг атоқли намояндаси, элликка яқин китобни ўзбек тилига қойиллатиб ўгирган моҳир таржимон, биздаги эпиграмма жанрининг саркардаси бўлган Турсунбой оға мўмин одамларга хос бир қаноат ва тамкинлик билан умр кечириб ўтди.

Бунинг исботи шуки, қайсиям йили, “БИЗДА “ЮЛДУЗЧА” ДЕГАН БОЛАЛАР УЧУН МАХСУС НАШРИЁТ ОЧИЛЯПТИ, УНИНГ ИШИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ УЧУН СИЗ ЖУДА КЕРАКСИЗ, ТОШКЕНТГА КЕЛИНГ, ИШ ТАЙЁР, ДАРРОВ КВАРТИРА БЕРАМИЗ”, деб юборилган телеграммага ишониб, Ўшдаги хизматидан бўшаб, хотини Саломатхон опа ва фарзандларини вақтинча Ўшда қолдириб, Тошкентга келди, мақсад – ўзбек болалар адабиёти ривожи учун хизмат қилиш эди. Уй қаёқда, кечаги ваъдалар ҳечкимнинг эсига ҳам келмади. Турсунбой Адашбоев, ўшанда эллик ёшлардаги одам, ўн йилга яқин ҳали Қорақамишда, ҳали Себзорда бировларнинг уйида ижарада яшаб юрди. Ниҳоят уй бериладиган бўлди, тўққиз қаватли уйнинг тўққизинчи қаватидан адибга икки хонали квартира ажратилди. Бироқ… ёлғиз яшайдиган бир шоира ҳе йўқ-бе йўқ, уни эгаллаб олди. Акамиз эса кула-кула, яна эски квартирасига қайта қолди (хайриятки, йиллар ўтиб, ёлғиз ўғли Муроджон ўсиб-улғайди, отасининг қанотига кирди, даставвал икки хонали, сўнг эса тўрт хонали хонадон сотиб олиб, пошшолар борса ҳам хижолат бўлмайдиган қилиб таъмирлатди, отасини кўчириб олиб борди).

Буям майли. Афсуски, хокисор (камтар одам)ни хокистар (куйиб кул бўлган) деб ўйлайдиган, оёқости қилишдан зарра ҳам тортинмайдиган ва буни ўйлаб ҳам ўтирмайдиган одамлар бор. Турсунбой Адашбоев Ёзувчилар уюшмасида болалар адабиёти бўлимини туппа-тузук бошқариб, вилоятларда яшайдиган ўнлаб болалар учун ижод қиладиган сўз усталарини топиб, уларни Уюшма теграсига тортиб, китобларини нашр эттириб, завқ билан ишлаб юрган кунларининг бирида у кишига пенсияга чиқиши даркорлигини айтдилар. Шоир буни ҳам кулиб-кулиб қарши олди, аммо режадаги ишлари кўп бўлганидан, ўзи ишлаб келган хонасига бир уринганроқ столни қўйдиртириб олди-да, текиндан хизмат қила бошлади: ахир бутун Марказий Осиёда унинг бир оғиз далдасига, руҳлантиришига муҳтож шогирдлари бисёр эди-да. Бир неча йил шу йўсинда, сир бой бермай, ҳечкимга ҳасрат дафтарини очмай, беминнат ва бепул ишлади. Аммо уюшманинг ўша пайтдаги раҳбари хаёлига шу одамни олиб қолишимиз керак, деган оддий ва инсоний бир фикр келмади – унга, шеър тўқиш ҳам пайпоқ тўқиш каби бир иш бўлиб туйилса керак.

Невлай, хаёлимга, кишининг кимлиги ўлганидан сўнг яхшироқ билинар экан, деган фикр ўрнашиб қолган. Жуда кўп алп ижодкорлар, асл инсонлар бизнинг шундоқ ёнимизда, яқингинамизда яшаб, бирга гаплашиб, бирга овқатланиб… ўтиб кетишди. Кимликларини эса энди пайқаяпмиз. Одамнинг қадрига етиш учун унинг ўлишини кутиб юриш шартми экан?

Тирик бўлганида, Турсунбой Адашбоев бугун саксон беш ёшга кирган бўларди. Энди табриклар ўрнига дуолар йўллашдан бошқа чорамиз йўқ.

Мақоланинг бошида сафар ҳақида сўз юритган эдим. Умримиз ўзи ҳам бу фоний дунёга бир келиб-кетишга “командировка” – сафар-ку, аслида? Бас шундай экан, яна не деяр эдик: оғамизнинг бундан етти йил аввал бошланган абадий сафар йўллари бехатар бўлсин!

Шу…

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг