Эртаклар – яхшиликка етаклар: “Қўрқмасбек ва дўстларининг саргузаштлари”
Ўш шаҳридаги Бобур номли давлат академик ўзбек мусиқали драма театри мактаб ўқувчиларини чорламоқда.
Мактаб ўқувчиларининг қишки таътиллари олдидан янги саҳна асари – “Қўрқмасбек ва дўстларининг саргузаштлари” деб номланган мусиқали эртак болаларга тақдим этила бошлади. Кунига қўйилаётган уч сеансда ҳам эртакларни соғиниб қолган болажонларнинг кўзларида қувонч порламоқда. Улар гўёки эртак қаҳрамонларимиз билан бирга сирли дунёга саёҳат қилмоқдалар.
Фарзандлари билан бирга томошага келган ота-оналар, “Жуда ҳам яхши эртак намойиш этдинглар. Гўёки ўзимиз ҳам болаликка қайтгандай бўлдик” каби сўзлар билан ўз миннатдорчилигини изҳор қилмоқдалар.
Бола дунёқарашининг шаклланишида эртакларнинг ўрни беқиёс экани яхши маълум. Мутахассислар кичкинтойлар эртакларнинг сеҳрли оламига сайр қилар эканлар, ўзларининг мурғак қалбларида эзгуликка меҳр ва ёвузликка қарши нафрат ҳиссини туйишларини эътироф этадилар.
Асар драматург, журналист ва таржимон Элмурод Юсуф (Жусупалиев) қаламига мансуб бўлиб, ундаги воқеалар ёшларни меҳр-оқибат, иймон-эътиқод, дўстлик, эл-юртни севиш, меҳнатсеварлик каби қадриятларга ошно бўлишга ундайди.
“Бу асаримда, Қўрқмасбек бир “ботаник” (бугунги кунда яхши ўқийдиган, ақлли, лекин жисмонан нозик бола рамзи. – таҳр.), аълочи мактаб ўқувчиси. У синфдош ўртоқлари билан бобосидан бошқа ҳеч ким кира олмаган эшикка киради. Мен улар орқали ҳеч қандай жангу жадалларсиз, ёвузликларсиз ҳам мақсадга етишса бўлади, деган ҳақиқатни кўрсатиб бермоқчи бўлдим”, – дейди муаллиф Элмурод Жусупалиев.
Театр директори Аъзамжон Абдураззоқовга кўра, бу эртак-мюзиклнинг уч йил олдин саҳнага олиб чиқилган, “Бойбек ботирнинг саргузаштлари“ номли биринчи қисми ҳам Элмурод Юсуфга тегишли. Бундан ташқари муаллифнинг “Эркак тўлғоқ ва жаҳаннам” ва бошқа пъесалари Тошкентдаги театрларда қўйилиб, катта шов-шувга сабаб бўлган эди.
“Бизнинг эртагимизда мактаб ўқувчилари сеҳрли оламга тушиб қоладилар. У ерда баҳайбат дев ва ялмоғизга дуч келадилар. Қўрқмасбек ва дўстлари биллур тошни олишлари учун уларга кичкинагина дев ва баҳайбат қуён ёрдам беради. Кейин эса тошни кўтарган ҳолда осмонга кўтарилаётган Қўрқмасбек пайдо бўлади. Ҳамма ҳайратда қотиб қолади. Қўрқмасбек эса ўрмон ортидаги тоғ чўққиси томон юксалаверади. У тоғ чўққисига етгач, биллур тошни ўз ўрнига ўрнатади. Бир соатлик томошада болалар севимли эртак қаҳрамонлари билан бирга бўлишади, уларнинг қизиқарли саргузаштларини томоша қилиб, қўшиқларини тинглаб, бирга рақсга тушиш орқали қизиқарли маданий тажриба ўтказишларига умид қиламиз”, – дейди спектакль режиссёри Маъмуржон Шокиров.
Эртакдаги куй ва қўшиқларнинг бастакори ҳам бўлган Маъмуржон Шокиров бу гал танго усулида биринчи бор ялмоғиз образига куй басталади. Бу образни саҳнада жонлантирган актрисалар – Қирғизистонда хизмат кўрсатган артистлар Самида Ҳолматова ва Дилорам Соиповалар мухлисларнинг самимий олқишига сазовор бўлдилар.
Ижобий ролларни театр актёрларидан Азизбек Арипов, Сарвар Аҳмедов, Илҳом Исроилов, Саидмухтор Ўктамов, Мардиёна Қурбонова, Дилфуза Каримова, Муродилжон Кенжабоев, Ойбек Юлдашев, Усмон Мамиров ҳамда Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамидилло Матҳолиқов ва Бахтиёр Хурбоевлар ижро этишди.
Салбий образларни эса саҳнада Қирғизистонда хизмат кўрсатган артистлар Дилором Соипова, Самида Ҳолматовалар ва актёрлардан Набижон Абдурасулов, Дилшод Қурчиев, Дилабзо Аҳмаджонова, Саида Соттибоева, Феруза Аҳмедова ва Оматой Хусановалар жонлантиришган.
Бир асрдан ортиқ тарихга эга бўлган кўҳна театр ҳар йили декабрь ойида Ўш шаҳри ҳамда вилоятидаги мактаб ўқувчилари учун турли хил эртакларни саҳналаштириб, тақдим этиб келади. Театрнинг ижодий жамоаси Қирғизистон жанубидаги барча шаҳар ва қишлоқларда истиқомат қилаётган ёш томошабинларни ўз бағрига олишга ҳамиша тайёр. жамоа бўлиб келиш учун талабномалар 0550 758095 (Вотсап) телефон рақами орқали қабул қилинади. Чипталар нарҳи бўлгани 100 сўм.
Оқбура, Умида Аҳмад (Жумабоева), Ўш.
Расмлар муаллифники