Қирғизистон-Ўзбекистон: Бишкекда қирғиз-ўзбек халқлари дўстлиги тараннум этилди
Кеча, 15 декабрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Тўқтўғул Сатилғанов номидаги Қирғизистон миллий филармониясида қирғиз-ўзбек дўстлигини тараннум этган катта концерт бўлиб ўтди. Махсус концертда Қирғизистон ва Ўзбекистон санъати усталари ўз истеъдодларини намойиш қилдилар.
Маданий тадбир Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековга “Қирғизистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони, Юнус Ражабий номидаги Ўзбекистон Миллий мусиқа санъати институтининг “Мақом анъанавий ижрочилиги” кафедраси катта ўқитувчиси Нуриддин қизи Фарангиз Маҳмудовага “Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони берилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Тўқтағул Сатилғанов номидаги Қирғизистон миллий филармониясининг эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри Омурбаев Нур Санташевичга «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти ҳамда Қирғизистондаги эркин ижодкор, қўмиз созандаси Дуйшенбек уулу Закирбекнинг «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» унвони соҳиби бўлгани муносабати билан ўтказилди.
Аввалроқ, 13 декабрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон маданият вазири, миллионларнинг севимли санъаткори бўлган Озодбек Назарбековни қабул қилган ва унга “Қирғизистон Республикаси халқ артисти” унвонининг фахрий белгиси ва гувоҳномасини шахсан топширган эди.
Президент маданиятнинг икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда муҳим бўғин эканини таъкидлаб: «Ижодий йўлингиз кўпчиликни руҳлантиради. Мусиқий кечамиз умумий маданий ҳамжиҳатлигимизнинг яна бир ёрқин намунаси бўлади», – деган эди.
Президент девонининг матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Садир Жапаров Озодбек Назарбековни “Қирғизистон Республикаси халқ артисти” унвони билан табриклаб, унинг мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқалар ва дўстликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссасини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон маданият вазирининг ушбу унвон билан тақдирлангани ҳақидаги президент фармони сентябрь ойида эълон қилинган эди.
Учрашув чоғида давлат раҳбари маданият Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муштарак тарих, тил, маданият ва анъаналар билан боғлиқ бўлган дўстликни мустаҳкамлашда муҳим бўғин эканлигини таъкидлади.
«Халқларимизни кўп асрлик дўстлик ва қўшничилик ришталари бирлаштириб туради. 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, бу ҳамкорликни мустаҳкамлашда маданият муҳим ўрин тутади», – деди Садир Жапаров.
Президент Жапаров Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги маданият кунлари ўтказилгани, унда қирғиз-ўзбек дўстлигига бағишланган гала-концертлар, кўргазмалар, фильмлар намойиш этилганини тилга олди. Шунингдек Садир Жапаров 2025 йилда Қирғизистонда ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон маданият кунлари икки халқнинг яқинлигини янада мустаҳкамлашда муҳим воқеа бўлишига ишонч билдирди.
Ўз навбатида Озодбек Назарбеков икки мамлакат халқлари ўртасидаги қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаш тарафдори эканини алоҳида таъкидлаб, унинг фаолиятига кўрсатилган ҳурмат ва юксак баҳо учун самимий миннатдорчилик билдирди.
Вазир президент Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида янги саҳифа очганини, халқлар ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик тарихида муҳим воқеа бўлганини таъкидлади.
«Ўзбекистон Республикаси буюк ёзувчи, қирғиз халқининг маданий тимсоли, Ўзбекистоннинг севимли ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбирларни ўтказишга чин дилдан тайёр», – деди Озодбек Назарбеков.
Шунингдек, у Ўзбекистоннинг етакчи театрлари қирғизистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда икки халқнинг ижодий ҳамкорлиги рамзи сифатида қўшма театр яратиш бўйича лойиҳа устида фаол иш олиб бораётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Қирғизистон халқ артисти унвони салкам 30 йил аввал, 1995 йили ўзбекистонлик санъаткорлардан таниқли хонанда, “Ялла” ансамбли асосчиси ва раҳбари Фаррух Зокировга берилган эди. Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировга ҳаммаси бўлиб 7 республикада Халқ артисти унвони берилган. Бундан ташқари Фарруҳ Зокиров 2017 йилда Қирғизистоннинг “Достуқ” ордени билан ҳам тақдирланган.
Сўнгги вақтларда Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон ўртасида иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Икки қардош халқлар дўстлиги йўлида кўплаб ўзаро тадбирлар уюштирилмоқда, янги-янги чегара постлари очилиб, биргаликда фильмлар суратга олиниб, спорт соҳасида ҳам кўплаб ижобий воқеа-ҳодисалар бўлиб турибди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди