Маънавий илдизларга малҳам: Тошкентда Қирғизистон ўзбек адабиёти антологияси чоп этилди

Тўплам бугунги Қирғизистон ҳудудида туғилиб, ижод қилган ва қилаётган адибларнинг асарлари намуналаридан иборат.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида 3 декабрь куни Қирғизистон ўзбек адабиёти антологиясининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда тўпламга асарларидан намуналар кирган қирғизистонлик шоир ва ёзувчиларнинг бир гуруҳи иштирок этишди. Ушбу тўплам “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг ташаббуси билан тайёрланиб, Ўзбекистоннинг “Ватандошлар” жамоат фонди ҳомийлигида Тошкентда нашрдан чиқди.

Screenshot_1
01
02
03
04
Screenshot_2
previous arrow
next arrow
Screenshot_1
01
02
03
04
Screenshot_2
previous arrow
next arrow

Беш юз бетдан иборат бу адабий тўпламга кирган муаллифларнинг Омоний Арабоний, Алихонтўра Соғуний ва Маҳжурий домла каби энг ёши улуғлари XIX асрнинг биринчи ва иккинчи ярмида туғилган бўлсалар, энг ёши Муҳаммадамин Ҳожикабаров энди 23 баҳорни қаршилаган. адибларнинг айримлари икки – ўзбек ва қирғиз тилларида ижод қилишган ва қилишадики, бу ҳам икки қардош халқ тақдири, маданияти ва маҳнавиятининг ҳамоҳанглиги, якдиллигига яна бир далилдир.

Антологияга кирган муаллифлар асарларини жамлаб, тартибга солган, Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университети тасарруфидаги Ўзбек тактаблари учун дарсликлар тайёрлаш марказининг бош муҳаррири Саидакбар Махсумхонов эътироф этганидек, бугунги Қирғизистон ҳудудида азалдан жуда кўп улуғ инсонлар етишиб чиққан. Улар орасида нафақат туркий халқлар маданияти ва асосчилари бўлган, балки жаҳон маданияти тарихида ҳам бетакрор из қолдирган Маҳмуд Қошғарий ва Юсуф Хос Ҳожиб каби улуғ инсонлар бор.

Совет даври ва унгача бўлган асрларда ҳам бу қадимий заминда ўзбек адабиёти ва санъатига, илм-фаннинг турли соҳаларига дунё миқёсида муносиб хиссаларини қўшиб кетган инсонлар туғилиб, меҳнат қилишган, ўзларидан мислсиз ижодий, маданий ва илмий мерос қолдирганлар. Асрлар мобайнида ягона илмий-маданий, адабий муҳитда яшаб, уни шакллантиришга ҳисса қўшган инсонларнинг бир авлоди ўтиб, кейинги йилларда Ўзбекистон ва қирғизистонлик зиёлилар ўртасидаги алоқалар деярли узилиб қолган эди. Эндиликда қардош Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари раҳбарларининг ташаббус ва сай-ҳаракатлари билан мана шу камчилик бартараф қилина бошлади. Тилга олинган антологиянинг нашр этилиши бунинг ёрқин кўрсаткичи бўлди.

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раҳбари Зуҳриддин Исомидинов дунё ўзбеклари орасида икки нафар маршал бўлганини, уларнинг бири Афғонистондаги Абдурашид Дўстим бўлса, яна бири – бугунги Қирғизистон ҳудудида жойлашган Тўқмоқ шаҳрида туғилиб ўсган машҳур тарихчи ва адиб, жамоат ва давлат арбоби Алихонтўра Соғуний бўлганини эслатди. Биринчи ва ҳозирча ягона ўзбек фазогири бўлган Солижон Шарипов ҳам Қирғизистондан чиққан. Ҳаттоки бугунги Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасининг шаклланишида асли қирғизистонлик бўлган меъмор Абдулла Бобохоновнинг хизматлари катта бўлган.

Ана шу ҳамкорликни давом эттириш, халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий, адабий алоқаларни кучайтириб, мавжуд меросни сақлаш ва янада бойитишдек муҳим вазифани ҳал қилишда “Ватандошлар” жамоат фондининг қўллови яхши бўляпти. Зуҳриддин Исомиддинов бутун дунё ўзбеклари билан фаол иш олиб бораётган ушбу жамоат фонди ва шахсан унинг раҳбари Одилжон Сатторовга Қирғизистон ўзбеклари муаммоларига алоҳида эътибор қаратиб, ҳамкорлик қилаётгани учун миннатдорчилик билдирди.

Ўз навбатида Одилжон Сатторов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан 2021 йилда тузилган “Ватандошлар” фонди қўшни давлатлардаги миллатдош, ватандошлар билан тиғиз ҳамкорлик қилишни йўлга қўйганини айтди. Жумладан фақат 2024 йил давомида 15 минг дона адабиёт асарлари дунё ўзбекларига, аксари қисми қўшни давлатларда истиқомат қилаётган миллатдошларга етказиб берилди. Охирги пайтларда қўшни давлатларда ўқитиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам катта ишлар қилинмоқда. Фонд раҳбарининг эътироф этишича, бугунги кунда ташкилот ҳорижда яшаётган ватандошлар билан бир неча йўналишда ишлар олиб бормоқда. Айниқса адабиёт ва таълим соҳасида кўплаган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Ўйлайманки, бу эзгу ишларимиз бардавом бўлиб, яқин орада биз ушбу ҳамкорликнинг янги-янги қирраларини очиб, янги босқичларга олиб чиқамиз, – деди Одилжон Сатторов.

Тадбирда иштирок этган устоз адиб, “Жаҳон адабиёти” журнали муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев жаҳон адиблари орасида айтилиб юрадиган иборани келтирди. Унга кўра, жаҳон давлатлари раҳбарларининг биринчи вазифаси давлат чегараларини мустаҳкамлаш бўлса, адибларнинг вазифаси – адабиёт ва маънавий алоқаларни кенгайтириш орқали давлатлар, халқлар ўртасидаги ана шундай чегараларни йўқ қилиб, умумий ҳудудларни кенгайтиришдан иборат.

“Албатта, чегаралар керак, лекин биздан кейинги авлод бири-бири билан қандай муносабатда бўлади, ўзаро йиғилишганда нималар ҳақида гаплашади? Бу нарса катта авлодга, сизу-бизга, бизнинг бугунги кунда олиб бораётган ишларимизга боғлиқ. Халқларимиз ўртасидаги дўстона ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ўрни катта”, – деди Мелибоев.

Нотиқ бугун ҳар куни дунё бўйлаб турли хил меморандумларнинг миллионтаси имзоланиши, лекин амалий ишга келганда натижа бўлмаётганини айтиб, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти ва “Ватандошлар” жамоат фонди олиб бораётган ишлар натижали ва таҳсинга сазовор эканини эътироф этди.

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддиновнинг айтишича, яқин кунларда ушбу антология тақдимотини Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида кенг миқёсда ўтказиш режалартирилган. Унга асарлари намуналари ушбу тўпламга киритилган ва бугунги кунда ижодий ишларини давом эттираётган ижодкорларнинг барчаси таклиф қилинади.

Тақдимотдан сўнг тадбир иштирокчилари бугунги кунда ўзбек адабиёти, унинг келажаги ва айрим масалалари борасида ўзаро фикр алмашдилар.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Тошкент.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг