Қирғизистон парламентида Арслонбоб ўрмонлари тақдиридан ташвиш билдирилди
Ўзининг бетакрор табиати билан қувонадиган мамлакат ушбу неъматидан маҳрум бўлиш хавфи остида қолган.
Қирғизистон парламенти раисининг ўринбосари Нурланбек Азиғалиев таклиф қилган янги қонун лойиҳасига кўра, давлат ёнғоқ ва бошқа мевалар ўсадиган ўрмонларни сақлаш борасида тадбирларни кучайтириши зарур. Лойиҳа парламент сайтида умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган. Ҳужжатга кўра Дашман ва Саричелак табиий қўриқлари ҳудудида дарахт ва бутазорларни кесиш, у ерда турли иншоотларни қуриш давлат томонидан қаттиқ назорат остига олинади.
Дашман табиий боғи Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон тумани ҳудудида, Саричелак қўриғи эса шу вилоятнинг Ахси туманида жойлашган. Дашман ўрмон қўриғи сифатида 1975 йили 79,6 квадрат километр ҳудудда ташкил қилинган. Ҳудуд асосан ўзининг ёнғоғи билан машҳур бўлиб, ёнғоқзорлар майдонининг катталиги бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Турли ривоятларга кўра, ёнғо Грецияга айнан Арслонбобдан, буюк саркарда Искандар Зурқарнайн (Александр Македонский) томонидан олиб кетилиб экилган ва кейинроқ дунёга “грек ёнғоғи” сифатида танилган.
Бу ҳудудда турли мевали ва мевасиз дов-дарахт ва бутасимонларнинг 60 дан ортиқ, кўкат ва майсаларнинг 40дан ортиқ тури ўсади. Айрим маълумотларда ўсимликларнинг 130дан ортиқ тури мавжудлиги айтилади. 2012 йили бу ҳудуд табиий қўриқ сифатида аниқланиб, майдони 8189,6 гектарни ташкил қилади. Унга ҳашак ўриладиган ва мол боқиладиган яйловлар, ўрмонлар, қоялар, даралар ва бошқалар киради. Қўриққа аввалги Арслонбобота ва Қизилунгур ўрмон хўжаликлари киритилган. Янги қўриқни ташкил қилишдан асосий мақсад – ноёб, дунёда тенги йўқ ёнғоқзорларни сақлаб қолиш бўлган.
Аҳолиси асосан ўзбеклардан иборат бўлган Арслонбоб қишлоғи ва унинг атрофидаги ёнғоқзорлар Фарғона ва Чотқол тоғ тизмаларида, денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда жойлашган. Арслонбоб ўрмонлари табиий ҳолда бундан миллион йиллар илгари пайдо бўлгани айтилади. Ўтган давр мобайнида бу ўрмонлар табиий йўл билан янгиланиб, ўзини ўзи сақлаб келган. Ўзининг сўлим табиати ва меҳмондўст эли билан бу ҳудуд йил сайин ўн минглаб меҳмонларни ўзига жалб қилиб туради.
Ўрмонлардан нооқилона, тартибсиз фойдаланиш ва аҳоли сонининг ўсиши оқибатида бутун Қирғизистон ҳудудидаги ўрмонзорлар ҳудуди 1930 йилга нисбатан 30-35 фоизга қисқарган. Бу салбий ҳолат Арслонбоб ўрмонларига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қўймади. Айниқса, 2000-йилларнинг бошида ёнғоқ танасидаги капдан (ёнғоқ танасидаги қаттиқ ўсимта, ўртача оғирлиги 1,5 тоннагача боради) мебель тайёрлашда фойдаланиш урф бўлгач, ёнғоқларга қирон келди. Бир қисми ер устида, бир бўлаги ер остида ўсадиган капни олиш учун 70-80 ёшли ёнғоқлар аёвсиз кесилди. Ноқонуний йўл билан кесилган кап контрабанда йўли билан қўшни давлатларга ва ундан нарига жўнатилиб турган. Бу ваҳший “бизнес”га асосан ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари “ҳомийлик” қилишган.
Ёнғоқ ва бошқа меваларнинг ўрмон хўжаликлари ва аҳоли томонидан биратўла териб олиниши натижасида ўрмонларнинг табиий йўл билан янгиланиб туриш жараёни деярли йўққа чиққан. Тўкилган мевалар уруғидан чиққан ёш ниҳоллар эса ҳашак ўрими пайтида ўрилиб кетади. Бундан ташқари ушбу ҳудудларда минглаб мол-қўйларнинг боқилиши ҳам ўзининг салбий таъсирини бермоқда. Экологлар шу ва бошқа сабаблар туфайли бугунги кунда ўсаётган дарахтлар ёшини яшаб бўлгач, улар қуриб, ўрнида бўм-бўш ялангликлар пайдо бўлишидан ташвиш билдирмоқдалар.
Таклиф қилинган қонун лойиҳаси ўрмонларни сақлаш билан бир қаторда ушбу ҳудудларда экологик туризмни ривожлантиришни ҳам назарда тутади. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин!
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди