Пиёда юриб туришади: Қирғизистон президенти депутатларга машина бермади
Уч йил аввал парламент депутатлари хизмат машиналари ва ҳайдовчилардан маҳрум қилинган эди.
Президент Садир Жапаров Жўғўрқу Кенеш депутатларига хизмат машиналарини қайтариш ҳақидаги таклифни рад этди. Парламентнинг тегишли қўмитасида берилган маълумотга кўра, ўз навбатида қўмита аъзолари парламент депутатлари мақомига оид қонун лойиҳасини қабул қилмадилар.
Садир Жапаров бундан уч йил аввал республика бюжети ҳаражатларини оптималлаштириш ҳақидаги фармонга қўл қўйган. Унга кўра парламент депутатлари ҳаражатлари ҳам жиддий қисқартирилган. Жумладан, бюжет ҳисобидан хизмат машиналарини олиш ва тасарруф қилиш, маъмурий бино ва хизмат хоналарини капитал таъмирлаш тақиқланган. Шунингдек бюжет ҳисобидан чет элга асоссиз хизмат сафарларига боришга ҳам чек қўйилган.
Ўшандан буён парламент депутатлари ўзларининг аввалги имтиёзларини қайтаришга уриниб келишади. Бунинг учун улар “Жўғўрқу Кенеш депутати мақоми” ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида қонун лойиҳасини илгари суришган. Жумладан, лойиҳада депутатларга хизмат автомобилларини қайтариб бериш ва уларни ҳайдовчилар билан таъминлаш бўйича таклифлар бор эди. Давлат раҳбари ушбу қонун лойиҳасини рад этиб, қайта қараб чиқиш учун депутатларга қайтариб юборган.
Қўмита йиғилишида молия вазири ўринбосари Жибек Дуйшеева ушбу қонун лойиҳасини амалга ошириш учун қўшимча машиналар сотиб олиш ва ҳайдовчилар штатини ошириш зарур бўлишини айтди. Республиканинг 2025-2026 йилларга мўлжалланган бюжетида эса бундай ҳаражатлар қаралган эмас. Амалдаги қонунларга кўра, давлат бюжети ҳаражатларини оширадиган қонун лойиҳалари фақат Вазирлар маҳкамаси ана шу ҳаражатларни қоплаш манбаларини аниқлагандан кейингина қабул қилиниши мумкин.
Бир неча йил авваллари парламент депутатларининг ортиқча ҳаражатларга йўл қўйишаётгани қаттиқ танқид остига олиб келинган. Нафақат машина ва эҳтиёт қисмлари, балки оддий қалам-қоғозларга ҳам миллионлаб сўм ҳаражат кетаётгани, депутатлар эса давлат ҳисобидан чет элларга оилавий саёҳатларга бориб келаётгани маълум бўлгач, жамиятда катта норозиликлар пайдо бўлган.
Президент Садир Жапаров ҳокимиятга келгач, 2021 йили парламент, ҳукумат ва президент маъмурияти иш бошқаруви хизматларини бирлаштирган. Эндиликда бу уч олий даражадаги давлат органларининг моддий-техника базасини шакллантириш ва тасарруф қилиш, уларнинг фаолиятини молиявий томондан таъминлашга битта орган – президентнинг иш бошқарув бошқармаси масъул.
Депутатлар хизмат машиналаридан маҳрум қилингач, бизнеси бўлмаган айрим депутатлар ишга жамоатчилик транспортида ёки таксида бориб келадиган бўлишган. Республикадаги энг бой одамларнинг бири бўлган депутат Қамчибек Жолдошбаев “маршрут автобусларида ишга қатнаётган депутат ҳамкасбларини кўриб уялаётганини” айтиб чиққан. Бу гаплари учун ишбилармон депутат масхара қилиниб, қаттиқ танқид остига олинган.
Бир-икки йил ўтгач, бу депутат солиқ тўлашдан қочиш ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбланиб, қамоққа олинган. Турли маълумотларга кўра собиқ депутат ўз ҳаракатлари билан давлат бюжетига миллиардлаб сўм зарар етказган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди