Таржимонсиз сўзлаша оладиган туркий халқлар вакилларининг навбатдаги анжумани

Туркий давлатлар ўртасидаги биродарларча ҳамкорлик турли соҳаларда теран томир отиб бормоқда.

Жорий йилнинг 11 ноябрида Тошкент шаҳрида ўтказилган «1-Турк дунёси адабиёти ва санъати форуми-2024» шундай гўзал тадбирлардан бири бўлди. Бундай ажойиб ташаббуслар силсиласида Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасидаги алоқаларнинг тобора мустаҳкамланиб бораётгани тахсинга сазовор.

“Дини, тарихи, ичар суви бир бу икки халқ асрлар давомида қон-қариндош бўлиб яшаб келган икки қардош, қўшни халқ ўртасидаги муносабатларнинг тикланишида шубҳасиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг хизматлари беқиёс. Айниқса, мамлакатингиз раҳбари, муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар, хусусан, Қирғизистон билан олиб бораётган дўстона сиёсати ҳар қанча таҳсинга муносибдир”, – деди тадбирнинг Қирғизистондан келган иштирокчиси Барно Исоқова.

Тадбирга Туркия, Озарбайжон, Қоғозистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган ўзбеклар, ўзбекистонлик ўзбек ва уйғурлар қатнашдилар. Ушбу давлатлардаги миллий марказларнинг фаоллари, адабиётшунослар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар иштирок этиб, ўз чиқишлари билан тадбирга файз бағишладилар. Туркиядаги “Ойдин шоир ва ёзувчилар уюшмаси” фаолияти тўғрисида туркиялик нотиқ Саваш Сариқая маъруза қилди. Унга кўра, Туркияда ҳам адиблар учун қатор тадбирлар мунтазам уюштириб турилади. “Халқаро миқёсда фестивалларга дунё туркийгўйларини чақирамиз. Масалан, икки йил аввал Адана шаҳрида 300 кишидан кўпроқ ёзарларни адабиёт ва санъат фестивалимизга чақирганмиз. Чинакам байрам бўлиб кетган эди ўшанда, бироқ, бугун биринчи марта расмий тарзда турк дунёси адабиёти ва санъати анжуманида қатнашиб турганимдан мамнунман”, – деди Сариқая.

Саваш бей жанобларининг сўзларини маъқуллаб, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистондан келган иштирокчилар ҳам ўз юртларида мана шундай тадбирларни ўтказиб, яна қайта учрашиш лозимлигини таъкидладилар.

“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази қошида ташкил этилган «Оҳу ижодкорлар клуби» ташаббуси билан ўтказилган бу тадбир илк қадам бўлиб, ҳали олдинда қатор режаларимиз бор. [Бундай тадбирларни] нафақат Ўзбекистонда, балки барча туркий давлатларда ўтказамиз, буюрса, – деди клуб раҳбари Зилола Холиқова.

Тадбир доирасида «Умрбоқий мерос» Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази ва Туркиядаги «Ойдин шоир ва ёзувчилар уюшмаси» ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳақида меморандум имзоланди.

“Бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун самарали бўлади, деган умиддамиз, – дейди Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази раҳбари Лутфия Мирзаева. Меморандумнинг асосий мағизи туркий давлатлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган. Ишонч билан айта оламизки, давлатларимиз раҳбарлари ташаббуси билан ҳали жуда кўп хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилади. Иқтисодиёт, санъат, маданият, илм-фан, қўйингки, барча соҳаларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади, қардош, диндош халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари асло завол топмайди, – деб ишонч билдирди Лутфия Мирзаева.

 

“Муҳтарам Шавкат Мирзиёев улуғ Бобуршоҳнинг эзгу ва хайрли ишлари давомчиси десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки у кишининг ташаббуси ва кўмаги билан Ўш шаҳридаги ўзбек миллий академик драма театри биноси янгидан барпо этилди. Бу Ўзбекистон президенти ва халқининг Қирғизистон халқига, театр жамоасига, ҳазрати Бобуршоҳнинг рухига бўлган беқиёс ҳурмати намунасидир. Бунинг учун биз қирғизистонлик зиёлилар, санъаткорлар ўзбек халқидан, Ўзбекистон президентидан беҳад миннатдормиз. Театрнинг ижодий жамоаси ҳам миннатдорчилик сифатида Ўзбекистонга қатор гастроллар уюштирмоқдалар.

Бу йил “Ватандошлар” жамияти ташаббуси билан жуда катта масштабда Наврўз байрами ўтказилди. Республикамизнинг жанубида ҳақиқий байрам бўлди ўша кунлари. Икки халқнинг умумий урф-одатлари, байрамлари ҳам жуда файзлидир. “Чинор” ва “Анор” лойиҳалари асосида қирғизистонлик ватандошларимиз Ўзбекистонда малака ошириш билан бирга сайру-саёҳат қилиб келдилар, – деди Барно Исоқова ва ўзининг мавзуга мос ушбу янги шеърини ўқиб берди.

Анжуманнинг расмий қисми тантанали руҳда якунланиб, бадиий қисмида ўзбек, қозоқ ва уйғур тилларида куй қўшиқ ва рақсларга навбат берилди. Қирғизистондан борган делегатлар Раъно Йўлчиева ва Эътиборхон Ҳакимовалар ҳам тадбир уюштирувчиларига ўз миннатдорчилигини билдирдилар. Юздан ортиқ иштирокчилар тадбирда бири бири билан танишдилар, эсдалик учун расмга тушдилар. Сўнг машҳур Самарқанд зиғир оши марказидаги ош устида ҳам адабиёт ва санъат шинавандалари дилдан суҳбат қурдилар. Адабиёти ва санъати бир бўлган, бор бўлган туркий халқлар ҳамиша дўст бўлишган ва шундай бўлиб қолади, деган ғоя иштирокчиларнинг хурсандчиликларида намоён бўлди.

Оқбура, Тошкент-Бишкек.

Расмлар Барно Исоқованики

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг