Икки йил ўтиб: Тошкентда боғча тарбиячиси ўйламай қилган иши учун ҳайдалди

Бунга унинг ўғил болани аёлча кийинтириб, лабларини бўяб, аёлларча рақсга туширгани сабаб бўлган.

Тошкент шаҳридаги бола боғчаларидан бирида 6 ёшли болага ота-онасининг рухсатисиз аёллар кийимини кийдириб, аёлларча пардоз қилдирган ва қизлардек рақсга туширган тарбиячи ишдан олинди. Боланинг отаси бу билан ўғлининг қадр-қиммати камситилган деб ҳисоблаган ва омбудсман идорасига арз қилган.

Ўзбекистон Болалар омбудсмани идорасининг телеграмдаги каналида берилган хабарга кўра, бу ҳақда боланинг дадаси, Юнусобод туманида яшовчи И.К. бола ҳуқуқлари бўйича вакилига мурожаат қилган. Ота 2016 йилда туғилган ўғли Я.К.нинг Миробод туманидаги боғча тарбияланувчиси эканини, боғча тарбиячи ўғлига қизлар кийимини кийдириб, унинг лаб ва юзларини бўягани ҳамда аёллар рақсини ижро эттирганидан шикоят қилган.

Тарбиячи боғчадаги тадбирда қўйилган ушбу саҳна кўриниши ва унда боланинг иштироки ҳақида унинг отасини огоҳлантирмаган ва бунга рухсат олмаган. Боланинг ота-онаси ушбу воқеадан Telegram орқали келган фото ва видеотасвирлардан кейин хабар топишган. Эркак бу билан фарзандининг ўғил бола сифатида шаъни ва қадр-қиммати камситилган деб ҳисоблаган ва боласининг бузилган ҳуқуқлари тикланишида ёрдам сўраган.

Хабар қилинишича, омбудсманнинг сўрови асосида мазкур ҳолат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўрганилган. Текширув натижаларига кўра, Я.К. қатнашган тадбирда саҳна кўринишини ташкил қилган тарбиячининг шахси аниқланиб, унинг чинданам ҳам боланинг бу саҳнадаги иштироки юзасидан отадан рухсат олмагани эътироф этилган.

Меҳнат кодексининг 157-моддаси (Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш) билан тарбиячининг меҳнат шартномаси бекор қилинган. Яъни тарбиячи ишдан бўшатилган.

Расмий хабарда тилга олинган воқеа 2022 йилда содир этилгани айтилади. Лекин Болалар омбудсмани идораси отанинг аризаси қачон ёзилгани ва нима сабабдан вазирликнинг қарори воқеадан икки йил ўтгач қабул қилинганига ойдинлик киритмаган. Шунингдек, тарбиячининг шахси, меҳнат стажи ва тажрибаси ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ. Балки бирор тажрибасиз тарбиячи ёшлик қилиб хатога йўл қўйгандир? Бу ерда боғча раҳбариятининг иштироки қандай бўлган? Ишқилиб, битта хатоси учун ёш мутахассиснинг тақдирига болта урилмаган бўлса бўлди…

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг