Қияс Молдоқасимов: Қирғизистондаги ижобий ўзгаришлардан Ўзбекистон ҳам мамнун

Тошкентда янгиланаётган Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотлар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Форумда ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султан Раев, Туркийзабон давлатлар парламентлари ассамблеяси бош котиби Меҳмет Сурейя Эр, Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти Ақтоти Раимқулова ва бошқалар қизиқарли маърузалари билан иштирок этдилар.

Анжуманда Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни асраш халқаро кенгашининг миллий қўмитаси (ИКОМОС) эксперти Кристина Иаманди ҳамда Франция шаҳарсозлик университетининг катта эксперти Эрик Хюберт онлайн тарзда иштирок этишди. Меҳмон сифатида Қирғизистондан ташриф буюрган вакиллардан бири “Мерос” жамғармаси раиси, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, тарих фанлари номзоди Қияс Молдоқасимов бўлди. У миллий “Қабар” ахборот агентлигига берган интервюсида

Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари Садир Жапаров билан Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик, дўстлик, миллий манфаатларни ҳурмат қилиш тамойилларига асосланган адолатли сиёсати туфайли азалий қирғиз-ўзбек дўстлиги бугун юксак даражага кўтарилганини эътироф этди.

Молдоқасимовнинг таъкидлашича, унинг тарихчи сифатидаги тақдири қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги тарихий муносабатларни ўрганишдан бошланган. Бу мавзуни унга бундан 35 йил муқаддам таниқли ўзбек олими, тарих фанлари доктори, профессор Ҳамид Зияев таклиф қилиб, ёш тарихчига илмий раҳбарлик қилган эди.

“Илмий раҳбарим қирғиз-ўзбек дўстлиги, муносабатлари ҳақида узоқ ҳикоя қилиб, мени Тошкентдаги Ўзбекистон Марказий давлат архивига олиб келиб, бу архивда икки халқ ўртасидаги муносабатларга оид кўплаб маълумотлар борлигини айтди. Устозим қирғизларни алоҳида ҳурмат қилар эди. Чунки профессор Ҳамид Зияев Иккинчи жаҳон урушида оғир яраланиб қайтганда уни Қорақирғиз мухтор вилояти ревкоми (инқилобий қўмита) бошлиғи Иманали Айдарбековнинг қизи Рафа Айдарбекова даволаб, ўлимдан сақлаб қолган экан. Устозимнинг маслаҳати билан Тошкентдаги архивда уч йилга яқин ишладим, икки халқнинг тарихий алоқалари ҳақида кўплаб маълумотлар тўпладим ва 1994 йилда “XIX-асрнинг 2-ярми ва XX-асрнинг бошларида қирғиз-ўзбек халқларининг тарихий муносабатлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдим. Шу сабабдан икки халқ ўртасидаги тарихий ришталар ва муносабатлар жуда бой эканига тўлиқ аминман”, – деди Молдоқасимов.

Олимнинг таъкидлашича, қирғиз ва ўзбек халқлари алоқалари уларнинг бир минтақада бирга яшаб, бир дарёдан сув ичиб, бир тилда сўзлашиши, дини, тили, бозори, мозори ҳам бир экани, ташқи душманлардан биргаликда ҳимояланиб, озодлик учун курашга бирга чиққанлиги, табиий офатларда бир-бирларига ёрдам беришлари, қувончларини баҳам кўришлари, қиз бериб, қиз олишиб, тўйларини бирга ўтказишиб, ҳамиша аҳил-иноқ бўлиб келишлари билан ажралиб туради.

“Дунёни ларзага солган лашкарбоши Амир Темур даврида, ундан кейин султон Бобур даврида, Жунғор хонлигининг босқинчилик даврида қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги муносабатлар чуқурлашиб, 18-аср бошларида хонликнинг 167-йилларида бир давлатда биргаликда яшаганлиги, қийинчиликлар ва муваффақиятларга қарамай, бирга бўлганликлари тарихдан маълум. Қирғиз саркардаси Алимқул 1865 йилда Тошкент шаҳрини Россия империяси босқинидан қаҳрамонларча ҳимоя қилиб ҳалок бўлиб, жасади Тошкент шаҳрига дафн этилган бўлса, яна бир қирғиз азамат ўғлони Мулла Исҳоқ Пўлатхон Худоёрхон тазйиқидан халқни қутқаришда, рус босқинчиларидан ҳимоя қилиш учун бўлган урушда қаҳрамонликлар кўрсатган. Пўлатхоннинг жасади Марғилонда дафн этилган. Уларни бутун қирғиз, ўзбек халқи қўллаб-қувватлаб, озодлик учун курашда бирга бўлган”, – дейди тарихчи.

Қияс Молдоқасимов қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларнинг шаклланиши ва ривожланишидаги қизиқарли тарихий воқеалар ҳақида гапирди. Биродар халқлар ўртасидаги муносабат икки халқ шоир ва ҳофизларининг яқин муносабатларида ҳам ўз аксини топган. Атоқли қирғиз шоири Тўқтўғул Сатилганов билан ўзбек халқининг атоқли қўшиқчиси Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов ўртасидаги учрашув, бу икки ўртада ўтказилган бадиий беллашув халқ орасида афсонага айланган. Таниқли шоир Барпи Алиқулов эса Фарғона водийсида “Парпи ҳофиз” номи билан улуғланиб, тўй ва базмларнинг кўрки бўлган.

Икки халқ ўртасидаги алоқалар Совет ҳокимияти даврида ҳам мустаҳкамланди. Икки халқ етакчилари Абдиқадир Орозбеков ва Йўлдош Охунбобоев, Усмон Юсупов билан Исҳақ Раззақов ўртасидаги илиқ муносабатлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Қирғизистон давлати миллий етакчиси, Компартия Марказий қўмитасининг биринчи котиби Исҳақ Раззақовни Ўзбекистон тарбиялаб, раҳбар сифатида етиштириб, сўнгра Усмон Юсупов таклифи билан Қирғизистонга юборилганини қирғиз халқи фахр билан эслайди.

1985 йилдаги қайта қуриш даврида Москвада нафақат Ўзбекистон раҳбарияти, балки ўзбек халқини ҳам қоралаш ишлари бошланганда қирғиз халқининг буюк фарзанди, жаҳон миқёсидаги ёзувчи Чингиз Айтматов катта ҳажмли мақоласи билан ўзбек миллатини ҳимоя қилиб чиққанини унутмаслик керак.

Ўзбекистоннинг бугунги раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам қирғиз халқига ўзгача муносабати билан машҳур. У қисқа вақт ичида ўзини ҳақиқий йўлбошчи сифатида кўрсатди, Ўзбекистонни ўзгартиришга дадил киришиб, тараққиётга кенг йўл очиб бера олди. Шу билан бирга, асрлар давомида қўшни бўлиб яшаб келаётган қирғиз халқига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатишини амалда тасдиқлади. Буни қирғиз халқи азиз билган асосий нарсаларга Шавкат Миромоновичнинг муносабатидан яққол кўришимиз мумкин.

Масалан, Ўзбекистон президенти ўзи туғилиб ўсган кичик ватани Жиззах вилоятидаги Манас қишлоғини 45 кун ичида қайта қуриб, ободонлаштириб, бутунлай янги шаҳарчага айлантирди. Бу билан у нафақат қирғизлар истиқомат қиладиган қишлоққа, балки халқимиз муқаддас тутган “Манас”га ҳам ўзгача муносабат ва ҳурматини билдирди. Унинг “Манас” номли қишлоғига муносабати бутун халқимизга бўлган ҳурматидир. Буюк достонимизга ҳурмати.

Шавкат Мирзиёев қирғиз халқи анъаналарига, жумладан, шеъриятга алоҳида муносабатини икки давлат раҳбарларининг 2017-йилда Бишкекда бўлиб ўтган учрашувида яққол намоён этган эди. Ушбу учрашувда у қирғизнинг истеъдодли ўғлони Идрис Айтбаевга дўстликни мадҳ этган қўшиқлари учун замонавий автомобил ва уч хонали квартира совға қилган. Бу билан Шавкат Миромонович, бир томондан, қадимий анъанани сақлаб келаётган тўкма оқинимизга ўз туҳфасини тақдим этса, иккинчидан, қирғизлар муқаддас ҳисоблаган тўкма оқинлик санъатига алоҳида ҳурматини тасдиқлади.

Қирғизларни дунёга тараннум этган истеъдод соҳиби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги Ўзбекистонда ўзгача кайфият ва байрамона кўтаринки руҳда нишонланди. Юбилей йилида Тошкентнинг катта кўчасига Чингиз Айтматов номи берилиб, ҳайкали ўрнатилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон президентининг назорати остида, унинг фармони асосида амалга оширилганини биламиз. У инсон қирғиз халқининг улуғ адибига алоҳида муносабати билан бутун халқимиз ва давлатимизга ҳурмат-эҳтиромини билдирди.

Икки қўшни давлат чегараларини аниқлаштириш, кўп йиллардан буён баҳсли бўлиб келаётган мураккаб ва ҳал қилиб бўлмайдиган муаммони ҳал этишда ҳам Шавкат Миромоновичнинг алоҳида ўрни бор. Айни пайтда чегара масаласи ҳал этилиб, икки давлат ўртасида тинч-тотув ҳаёт ўрнатилди. Илгари ўтиш мумкин бўлмаган чегара йўллари очилиб, муносабатларимиздаги масалалар ҳал қилинди.

“Бу йил Ўзбекистонга иккинчи марта келишим. Сўнгги йилларда Қирғизистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлардан ўзбек қардошларимизнинг ҳам кўнгли тўлаётганини ҳис қилдим. Улар, “Қирғизистонда ҳар куни янги объектлар ишга тушаяпти, авваллари умуман бундай янгилик бўлмас эди, сизлар энди ижод йўлига тушдингиз”, дейишмоқда. Буларнинг барчаси тарихнинг равон йўлларида мураккаб синовлардан ўтиб мустаҳкамланган қирғиз-ўзбек дўстлигининг янги даври бошланганидан далолат беради. Халқимиз бу дўстликка эҳтиёткорона муносабатда бўлиши, уни асраб-авайлаши керак”, – дея сўзини якунлади Қияс Молдоқасимов.

 

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг